Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 9-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1847 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 9-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Сажида укаларини ухлатиб, пешин ўқиётган Рокиъа ёнига келиб, у ҳам намоз ўқий бошлади. Намоздан сўнг аввал Рокиъа кейин Сажида бир-бирига Қуръон ўқиб, текшириб туришди. Шу вақт дарвозадан бировнинг чақиргани эшитилди. Сажида дарвоза ёнига келгач, ташқаридан бир аёл деди: -Фозилжоннинг уйи шуми? -Ҳа шу, нима хизмат опажон! -Фозилжон кимингиз бўлади?-деб ичкари кирди ташқаридаги аёл. -Дадам бўлади! -Айбга буюрмайсиз, нохуш хабар бор! Уйда яна кимингиз бор, онангиз қаерда? -Дугонам бор, онам йўқлар! -Дадангиз йўлда автоҳалокатга учрадилар. Ҳозир шаҳар касалхонасидаги моргда эканлар. Машинани ичидагилар барчаси нобуд бўлишган, уларни таниб ажратиб олиши зарур бўляпти. Бирон қариндошингизними, онангизними топиб етиб борилса яхши бўларди.

   -“Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”!

   -Нима дедингиз?

   -Ҳозир дугонамни чақирай, бирга бориб, икки кўча наридаги тоғамни топиб, ўшанга айтамиз!

   Рокиъа қўлида Қуръон билан Сажида томонга, дарвоза томонга келаётган эди. Сажиданинг кўзлари қизарган, лаблари қимирлаётган тарзда кўриб, ҳижолат бўлди. У савол бергунича Сажида йиғламсираб:

   - Дадамдан айрилиб қолибман, Рокиъа!

   -Нохуш сўзларни қўйсангчи дугона, бўлиши мумкин эмас, ким айтди сенга?

   -Ана дарвоза ёнида турган хола айтди.

   Уларни сўзлашувини эшитиб улгурган аёл:

   -Бўлинглар тез, ташқарида машина кутиб турибди, тоғангларникига бориб уни бизга йўлиқтиринглар, вақтимиз оз! – деб шоштирди.

   Рокиъа ишонқирамай Сажиданинг ортидан кириб, ҳозирлик кўра бошлади. Боши карахт ҳолда, йиғлаётган дугонасига қараб:

   -Ботиржонлар нима бўлади?

   -Ухлаб туришади, тоғамга айтиб биз орқага - уйимизга қайтиб, у-ёқ, бу ёқни маййит келишига тайёрлаймиз.

   Улар кўчага кийиниб чиқишганида, терак остида, тиббий ёрдам машинасига ўхшаш машина турар, кўчада бошқа одам кўринмасди. Бояги аёл ҳайдовчи билан гаплашиб турарди. Сажидаларни кўргач, гапдан тўхтади. Ҳайдовчи машинага ўтирди. Ҳалиги аёл эса уларга “мана бу ерга чиқинглар”, деб машинанинг орқа томонидаги икки эшикнинг бирини очиб чиқарди. Улар машинага чиқиши билан аёл ташқаридан эшикни қулфлади. Ичкарида эса иккови қизни бошига қора рангдаги қопни кийгазишиб, типирчилаб дод-вой солишларига қарамай номаълум томонга олиб кетишди. Уларнинг ёнида юзларига ниқоб тақиб олган тўртта аёл киши, уларнинг оғзиларига елимли плёнка ёпиштириб қўйишди...

   Қизлар ўзларига суюқасд уюштирилганини ҳис қилгач, дод-войни бас қилишиб, Аллоҳга истиғфор айтиб Унгагина ёлборишга тушишди.

   Нафиса юмушларини бажариб, уйига қайтди, касалхона ёнидаги дўкондан икки қиз ва икки ўғлига деб музқаймоқ сотиб олди. Уларни хурсанд бўлишини хаёлан дилидан ўтказиб, дарвозасини очиб уйига кирди. Ҳовли тинч, осойишта эди. Дарахтларнинг шабода эсиши орқали эшитилаётган товушигина эшитилиб турарди.

   Нафиса болалар ухлаётган уйга кирди. Ботир ва Баҳодирлар мазза қилиб ухлашар эди. Сажидалар ҳам қўшни хонада дам олишаётгандир деб ўйлаган Нафиса кейинги хонага қадам қўйди. Жавон қия очилган ҳолда турарди. Нафиса жавонга яқин келиб қараган эди, Сажидалар боя келгандаги кийимларини кийиб, эски уй кийимлари қолдирганини кўрди.

   Нафисанинг юраги увишиб, пиқиллаб йиғлаб юборди. Боши гангиб бориб, хона эшигига суяниб ўтириб қолди. “Эрталаб Лобарнинг шарпасини билиб туриб, касалхонага бормай турмабман”, деб бошини чангаллади. Кейин ўзининг ҳолатидан нафратланиб: “Аллоҳгагина суянаман, унинг тақдирига розиман. Унинг тақдирига шубҳа билан қарамайман. Бўлар иш бўлибди, ҳозир иккиланишнинг вақти эмас”, деб ўзига-ўзи далда берди. Ўрнидан туриб, уст-бошини ўнглади. Шу вақт ўғли Ботир қўшни хонадан кўзини ишқалаб чиқиб келди. Онажонисини кўриб, югургилаб ўзини бағрига отди.

   -Ойижоним, ойижоним келдилар!

   -Уканг ҳам турдими?

   -Йўқ у ҳали ҳам ухлаяпти!

   -Бўпти майли, ухлайверсин. Сен Ботиржонгинам, укангнинг олдида уни уйғотиб юбормай, ўйнаб тургин ўғлим, бўптими, мана ол бу ўйинчоқ бино ғиштчалари. Уни оҳиста териб, уй қуриб тургин. Келганимдан сўнг музқаймоқ бераман, ейсизлар хўпми? Мен анави қўшнимиз Холдархон холангнинг уйига чиқиб келай, бўптими?

   -Бўпти майли, ойижон! Мен ўйнаб, жим ўтириб тураман! Опамлар қани, Рокиъа опамларникига кетишдими, яна?

   -Йўқ болам, бироздан кейин келиб қолишади.

   Ўзи ҳам гапирган сўзига ишонмай Холдархонларнинг уйи томонга жўнади. Бошида ғужғон ўй-фикрлар айланар, ҳар-хил шубҳалар ичини кемирарди.

   -Холдархон опа, ҳов Холдархон опа!

   -Ҳа, мана кетяпман, мана ҳозир!

   Холдархон эшикни очди. Эшик ёнида кўринишидан ҳоли яхши эмаслиги билиниб турган Нафиса турарди.

   -Келинг Нафисахон, ичкарига киринг қўшни, тинчликми ўзи?

   -Тинчлик эмас Холдархон опа, мен касалхонага кетганимда, қизлар йўқолди. Мабодо сизлар чақириб бермадингларми яна! Ана шу Лобар деганларингиз бошимизга бир бало бўлади шекили опа!

   -Вой нималар деяпсиз қўшни. Қизлар йўқ бўлса, кўча-кўйга дугона-пугонасиникига чиққандир.

   -Менинг қизим кўчага менинг изнимсиз ёки отасининг изнисиз чиқиб кетмайди опа!

   -Бўлмаса, нега Лобархоннинг олдига кетиб қолиши мумкин! Балким Зайнаб холанинг келинини Таснимахонларникига кетгандир Нафисахон!

   -Жон опа, улар ўзи бугун Таснимахонларникидан келган бўлса, укаларини ёлғиз ташлаб кетишмайди ҳеч қаёққа Холдархон опа! Менинг дилим сезиб турибди, уларни аниқ Лобар деганингиз олиб қочган деб, биламан. Қизларим у таннозга кеча ёқмаган сўзларни гапирган, у ўшанга аччиқ қилиб, бу қишлоққа келгани юраги бетламай, эрталабки икки малайи сингари яна янги одамларини жўнатган бўлиши мумкин.

   -Бўлиши мумкин эмас, ахир улар ҳали ёш бўлса, эр йигит бўлмаса Лобархон улардан қасд олгани бунчалик пасткашликка боради деб ўйламайман, синглим!

   -Сиз шаҳарга телефон қилиб кўринг опа, қизларимга зиён етмасин жон опа! Ўзингиз айтгандек улар ҳали ёш бўлса. Эр йигит бўлмаса, жўжабирдай қизчаларни ўсал топадими?!

   -Ҳозир, ҳозир мен эрталаб келган Гулбарчин опага қўнғироқ қиламан. Улар ундай қилмасликлари керак, - дея қайта-қайта жавраб уйига кириб кетди Холдархон.

- - -