Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 7-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1892 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 7-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Валийма белгиланган кун ҳам келди. Солих ака Ханифанинг онаси “тўйни уйимдан-ла кузатганим яхши бўларди”, дейишига ҳам қарамасдан ўзининг уйида тўй ўтказишга қарор қилди. Ханифанинг онаси кўп ишларда шошма-шошарликка йўл қўйгани учун доим хижолат тортиб, ўсал бўлган. Энди қизининг тўйи муносабати билан яна орага совуқчилик туширмай деган ўйда рози бўлишдан бошқа чора топа олмади. Солих ака Ханифани узатишда унинг онасига имконият бермаганининг боиси, қудаларга бирон бир ножўя сўз сўзлаб ёки ножўя муомала қилиб қўймасин деган важҳи бўлган холос. Ханифанинг онаси аввалги ҳолатига қараганда анча ўзгариш томонга силжигандек кўринади. Олдингидек қўни-қўшнилари билан, овсини бўлган Собира ая билан можаро қилишни бас қилган. Эрининг вафотидан сўнг бошқа кимсалардан кўрган яхши оқибат ва муомалалари, айниқса овсини ва унинг эрини

қилган ҳимматлари уни ҳаётга чуқурроқ назар билан қарашга ундади. Ўзининг бировларга етказган зарарлари, қилган ноҳақликлари борасида ўйланиб қолгудек бўлса, афсус ва надоматга ўраладиган бўлди. Аввалгидан кўра камгап, камсуқум инсонга айланди. Кўпроқ сукут сақлайдиган, биров билан тортишмайдиган бўлиб қолди. Аммо бу ўзгарувлар ҳали тўлақонли бўлмаган бўлса керак деб, билган Солих ака тўй ишларига уни аралаштирмади ва Ханифани узатиш жойини ҳам ўзиникига қилиб белгилади.

    Ханифа кузатилгач, Халима ҳам куёви билан уйларига қайтишди. Уларнинг онаси овсини ва Солих акани бир жойда гаплашиб турганини кўриб уларга яқинроқ келди ва:

-Гапларингизни бўлиб юбормадимми? – деб сўради.

-Йўқ, бўлганингиз йўқ! Куёвнинг қадамини Аллоҳнинг ўзи собит қилсин, қизингиз билан яхши яшашсин! – деди Собира ая.

-Илоҳим айтганингизни Аллоҳ насиб этсин! Сиз иккалангизнинг олдингизга келишимдан мурод; бизнинг хонадонга кўп яхшиликлар қилдинглар. Мен нотавон қилган кирдикорларимдан икковингиз ҳам кўп азиятлар чекдингизлар. Лекин машаққатланишни кўрмагандек, менга ва оиламга эзгу ишларингизда давом этдинглар. Собирахон, Солих ака мени кечиринглар, банда эканман билиб, билмай сизларга кўп нохақликлар қилдим! – дея, кўзига ёш олди Ханифанинг онаси.

-Келин сиз бундай қувончли кунда, жияним Ханифанинг валиймаси ўтаётган кунда хафаланиб, йиғлашингиз дуруст эмас! Биз яхшилик қилган бўлсак, гуноҳ эмаску ахир! Собира етакла овсинингни, уйга кириб таомланинглар, меҳмонлар билан овора  бўлиб, тамадди ҳам қилмадинглар. Келин сиз ўзингизни тутинг, биз ҳечам сиздан хафа эмасмиз! – деб, укасининг аёлини юпатишга жазм қилди Солих ака.

-Солих акангиз тўғри айтаяптилар, ҳеч ҳижолат бўлманг овсин! – эрига қўшимча қилди Собира ая.

-Мен хафа бўлиб эмас, сизлардек қариндошларим борлигидан қувониб йиғлаяпман. Шунча вақтлар мобайнида сизларга кек-адоватда юрганимдан, сизларни нотўғри тушунганимдан, уялиб йиғлаяпман – дея, овсинига эргашиб уйга икковлон кириб кетишди.

   Ҳовлининг четроғида Хабиб тўйда ишлатилган баъзи анжомларни у бу ёққа ташир, онаси, амакиси ва келинойиси Собира ая ўрталарида бўлиб ўтган сўзлашувлардан бехабар эди.   Солих ака самога тикилиб, кўзи ой ва юлдузларни синчковлик билан кузатар, ўй-хаёлида эса оилавий кечинмалар, машаққатли кунларнинг ортда қолганини ёдига олди, Аллоҳнинг инояти билан шу ислоҳ кунларига етиб келиб, унга гувоҳ бўлаётгани таъсирида кўзидан кўзёшлари тирқираб оқа бошлади. Хотини Собира аяга бундан бир неча йиллар олдин укасининг аёли ҳақида айтган сўзларини эслаб, йиғлаётган эди.

 “Овсининг масаласига келсак, у – укамнинг жуфтидир! У – жаҳолат  соҳибаси бўлса, сен – маърифат  соҳибасисан. Ҳар қандай жаҳолат тубанликдир, маърифат  эса юксакликдир. Маърифат кишиси жаҳолат эгаси каби тубан бўлишдан сақланмоғи лозим. Демак, сен ўзингни жаҳолат сари пастлатмагин!  Силайи – рахмга қарши  иш кўриш бизга лойиқ эмас! Собира, ўз номингга  монанд тарзда – сабр ва қаноат қилгин! Ўзинг биласанки, сабр билан етишган нарсага, мол ва куч – қувват орқали етишиб бўлмас! Шундай ораста бўлгинки, овсининг сенга чоҳ ковлаб, ўзи чарчаб толиқсин. Сен унга парво қилма, яхшиликни, чиройли муомалангни  унинг ўзигагина эмас, ҳатто болаларига ҳам қилавер! Ажрингни албатта Аллоҳнинг ўзи беради”.

   Солих ака шу алфозда турар экан, дарвозаси олдига машина келиб тўхтади. Унинг ичидан Низомиддин ака тушиб, эшигини ёпди. Солих ака кўзёшларини аранг артишга улгуриб, дўсти томонга юрди. Низомиддин ака унга разм солиб, кўзлари синиққанини сезди.

-Оғайни, нега хомушсиз? Янада қадрдон бўлган бу кунимизда қувонсак арзийдику?! Сизни Шокиржонларникида бўлиб, зиёрат қила олмаган эдим. Кеч бўлса ҳам кўришиб, ҳол-аҳвол сўраб кетай дегандим.

-Жуда соз, Низомиддин! Аллоҳ ажрингизни берсин, бугун мен ҳам жумага бирга бора олмадик-а деб ўйлаб, қачон кўришишимизни фикримдан ўтказган эдим. Хомуш эмасман, Низомиддин. Аллоҳнинг бизга бераётган инъомларига лол қолиб, кўнглим бўшаган холос. Юринг ичкарига!

   Улар ичкарида эркакларга ажратиб тузалган хонага киришди. Низомиддин Солих аканинг кўзларига яқинроқдан яхшироқ разм солган бўлди.

-Албатта Аллоҳнинг қудрати чексиз! Қайси инъом сизнинг кўнглингизни бўшаганини агар сир бўлмаса айтсангиз, оғайни.

-Юсуф алайҳис-салом қиссасини яхши биласиз, Низомиддин! У киши акаларидан қанчадан қанча ёмонликлар кўрдилар. Оталарининг дийдоридан, ўзининг юртидан узоқларда саргардонликларда, қулликда, зиндонбандликда ва туҳматларга йўлиқиш машаққатларининг ичида бўлди. Аммо акаларини ўзи вазир бўлган ҳолда топгач, уларга ёмонлик қилиш ўрнига сабр ила муомала қилди. Биттасини ҳисобламасак ҳамма акалари бетамизлик билан Юсуф алайҳис-саломга муомала қилишган эди. Аммо Аллоҳ Таъоло Юсуф алайҳис-саломга акаларининг пушаймонликларини, кечирим сўрашишларини кўришни насиб этган. Мен ўша Қуръон қиссаларини ўқиган кезларим, акалар ҳам укага шу қадар тошбағир бўлишганми, деб ҳайрон бўлардим. Ҳаётнинг сўқмоқлари шу қадар паст-баландликлардан иборат экан-ки, инсонда агар иймон бўлмаса синовлардан тойилиб, ерга қоришиб кетиши ҳеч гап эмас экан Низомиддин!

-Ҳа, хақ гапларни айтмоқдасиз, оғайни!

-Энди мақсадга кўчадиган бўлсам, ўзингиз билиб укамнинг оиласи билан орамиз келинимиз сабаб бузилиб турарди. Собирахон ҳам улардан кўп қийинчиликлар кўрди. Ўзимни ва уни доим ва доим сабрга чақирдим. Аллоҳгагина умид боғладик. Ўртамиз ислоҳини Ягона Яратувчимиздангина сўрайвердик. Кунлар, унинг ортидан ҳафталар, ҳафталар ортидан эса ой ва йиллар ўтди. Муомалалар илиганга ўхшар, лекин тажангликлар такрорланаверар эди. Мен уларга ёмонликни асло раво кўрмадим. Укам вафотига икки ой қолганда мени бағрига босиб, роса тўлиб йиғлаган ва кечирим сўраган эди. Тўшакка ётиб қолган кунлари ҳам, қўлимдан маҳкам ушлар “акажоним, бадбахт укангизни, унинг сизга ўтказган жабру-ситамларини кечиринг, Роббимни олдига сизни норизо қилиб қандай бораман, мени кечиринг”, деб ҳўнг-ҳўнг йиғларди. Мен аллақачон кечириб бўлганимни айтсам ҳам шунда тарзда беш кун ётди бу – фоний дунё билан хайрлашди. Қизи Ханифа, ўғли Хабиб ҳам ўзгарди. “Амаки, амакижон” деб қадрлайдиган, мени излайдиган, борди-келди қилишадиган бўлди. Фақат келинимизгина адовати, гиналаридан тўла халос бўла олмай юрган эди. Аллоҳга хамдлар бўлсинки, бугунги хурсандчиликка қўша Аллоҳим келинни овсини ва оиламиз билан муомаласи ўзгаришини насиб этди, - дея кўзидан яноқларига дув-дув қуйилаётган қувонч кўзёшларини рўмолчаси билан артди Солих ака.

-Аллоҳнинг қудрати улуғ, бандаларига меҳрибон Роббим, марҳаматинг нақадар буюк, қиёмат куни ҳам ўзингнинг рахматингга биз ожиз бандаларингни дохил қилгин, - дерди Низомиддин аканинг ҳам кўнгли тўлиб.

   Икки дўст даврасига Хабиб келиб қўшилди ва уларнинг мароқли суҳбатларига диққат билан қулоқ солиб ўтирди. Низомиддин ака дўсти билан хайрлашиб кетгач, Хабибнинг онаси ҳам ўғли билан кетишга изн сўради. Халима онасининг уйида эмас, амакисиникида қолиб, Собира ая ва унинг қизлари билан ҳамсуҳбат бўлиб, эртага боришини режалаштирган эди. Ҳаммалари ўзгача шукуҳ ва хурсандчилик ичида эдилар.

- - -