Солиҳ зурриёт сари

Фарзандлар турмуш қуриш вақтидаги ота-она аҳамияти

1987 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Фарзандлар турмуш қуриш вақтидаги ота-она аҳамияти

Фарзандлар турмуш қуриш палласига ёши етса, уларни муносиб ўринлардаги жуфтларига никоҳлаб қўйиш ниҳоятда зарурдир. “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини нкоҳлаб қўйинг!” (Нур сураси, 32- оят мазмуни) Ушбу оятдаги “никоҳсиз” деб мазмун берилган ибора, аслида “аййим” сўзидан “айама” деб оятда келтирилган. Бу хотини йўқ эркак ёки эри йўқ аёлни билдиради. Улар аввал оила қурганларми, қурмаганларми фарқи йўқ, дейдилар муфассир уламолар. Бу оят тафсирида яна уламолар қуйидаги сўзларни ҳам битиб қўйганлар; “Мусулмон жамияти аъзолари ўз ораларида никоҳсиз кишиларни қолдирмасликка ҳаракат қилишлари лозим бўлади. Ҳаттоки қул ва чўриларнинг агар хожалари уларда аҳли солиҳлик сифатини топса, уйли-жойли бўлишларига ёрдам бермоғи лозим. Шунинг учун ҳам

ҳозиргача мусулмонлар орасида балоғатга етган ёшларни тезроқ уйлаш, бирор сабаб билан оиласиз қолган эру-хотинларни никоҳли бўлишга ундаш кучли. Мазкур ишлар ушбу ояти каримага ҳамда пайғамбаримизнинг (с.а.в): “Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас”, деган ва бошқа кўпгина шунга ўхшаш ҳадисларига амал қилиш билан бажарилади.”

     Ота-она фарзандларнинг турмуш қуришини айрим важҳлар билан кечиктирмасликлари керак. Уларнинг тўйига сеп йиғишлар, алмойи-анжойи нарсалар олмасдан туриб тўй қилишга эрта деб никоҳни кечга суришлар жамият бузилишига сабаб бўлади. Никоҳи кечиккан ёшларнинг туриш-турмиши бузилаётганини ҳар қадамда учратиш мумкин. Аксар жамият катталари жамият бузилишидан кўра кўпроқ, одамлар ўзлари ўйлаб топган “маросимлар”, “орзу-ҳаваслар”нинг ташвишини ўйлайдиган бўлиб қолганлар. Ўша одамлар қўйган “мезон”ни жуда зўр қадрлайдилар, уни бузишни, унга зид иш қилишни “ўзларига эп кўрмайдилар”, ҳатто “қўрқадилар”. Аммо Аллоҳнинг юқоридаги оят каримасида келган буйруғини ё уқиб, ўрганмайдилар ё одамлар ҳайбати Аллоҳнинг улуғлигини унутдириб қўяди, росулуллоҳ (с.а.в)дек суюкли пайғамбарнинг суннатлари ҳам рағбат қилинмай четга сурилади.

     Абдуллоҳ ибн Умар (р.а) ривоят қиладилар: “Ҳафса... тул қолган кезларда ҳазрати Умар ал-Хаттоб бундай дедилар: “Мен Усмон ибн Аффоннинг ҳузурига бориб, Ҳафсани унга (хотинликка)таклиф қилдим. У менга: “Бироз ўйлаб кўрай”, - деди. Мен бир неча кун кутдим, кейин у менга учраб: “Шу кунларда уйлана олмайдиган кўринаман”, - деди. Кейин, мен Абу Бакр ас-Сиддиқни учратиб, у кишига: “Агар истасангиз, (қизим) Ҳафсани сизга никоҳлаб қўяман”, - дедим. У киши менга ҳеч нарса демадилар, мен Усмондан кўра у кишидан кўпроқ хафа бўлдим. Бир неча кеча кутдим. Сўнг, қизим Ҳафсани Жаноб Росулуллоҳ (с.а.в) ўзларига сўраттириб, никоҳларига олдилар. Кейинчалик, Абу Бакр ас-Сиддиқ мени учратиб: “Ҳафсани менга таклиф қилганингда ҳеч нарса демаганим учун мендан хафа бўлган бўлсанг керак”, -дедилар. Мен: “ҳа” – дедим.

     Абу Бакр ас-Сиддиқ: “сен менга таклиф қилган нарса хусусида жавоб беришимга Жаноб Росулуллоҳ (с.а.в)нинг ўз суҳбатларида Ҳафса ҳақида гапириб ўтганларидан хабардор бўлганимгина монеълик қилган эди, мен у зотнинг сирларини ошкор қила олмас эдим, агар Жаноб Росулуллох (с.а.в) уни олмаганларида, мен олган бўлар эдим”,- дедилар.

                                                                               (Имом Бухорий ривояти)

     Росулуллоҳнинг мактабини, тахсилини олган сахобийлар никоҳ ишига жиддий ёндошганлари Ҳафса (р.а) ҳақидаги хадисда ҳам ёрқин далил сифатида билиниб турибди.

     Турмуш қурувчи фарзандлар ичидаги йигитлар ота-оналари зиммасида эмаслар. Чунки пайғамбар (с.а.в): “Эй йигитлар жамоаси сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, бас уйлансин. Албатта у (уйланиш) кўзни пасайтиради, авратни қўрғонлайди. Кимки қодир бўлмаса у рўза тутсин...!”

                                                                                 (Аз-завваж китобидан)

     Хадиси шарифда йигит фарзандлар учун қодир калимаси ишлатилган. Демак ота-онанинг имконияти билан эмас, йигит ўз имконияти, қодирлиги билан турмуш қурмоқлиги лозим. Бу уламолар томонидан ҳам эътироф этилган масаладир.

     Қиз фарзанд масаласи эса жиддий масаладир. Уларни тарбиялаб, вояга етказиш билан бир қаторда, уни салоҳиятли, тақво аҳлидан бўлган муносиб жойларга узатиш масаласи ҳам бор. Йирик имомларимиздан имоми Ғаззолий рахимаҳуллоҳ шундай деганлар: “У (қизлар)нинг ҳаққида эҳтиёт (бўлмоқ) аҳамиятлироқдир. Чунки унинг никоҳда (бўлиши) нозикдир, у учун ундан қутулиш имконияти йўқдир. Эр эса ҳар-бир ҳолда талоққа қодирдир. Кимки ўз қизини золимга, фосиққа, бидъатчига ёки ичкилик (маст қилувчи)ни ичувчига турмушга берса, силаи-рахмни узиб, ёмонликни ихтиёр қилганлиги сабабли динига қарши жиноят қилипти, Аллоҳга гуноҳни кўндаланг қилипти”.

    Фарзандлар турмушга тайёр дегани, бу кўрпа-тўшакги, кийим-кечаги битди, уй-жойи расо бўлди дегани эмас. Балки турмушларидан сўнг иноқ-иттифоқ яшаб кета оладиларми, бир-бирларининг хақ-ҳуқуқларини биладиларми, оила масаласи Қуръон ва суннат масаласи эканлигига ақлу-илмлари етадими шуни улар англаб етсалар, турмуш қуришга тайёр деганидир.

- - -