Олий даражотга интилиб

“Инсоннинг оила тутиши”

1378 Ko'rilgan Олий даражотга интилиб

“Инсоннинг оила тутиши”

Жамики жонивор ва мавжудотлар жуфт бўлиб яшагани янглиғ, одам болалари ҳам жуфт бўлиб, оила – хонадон аталмиш даргоҳда бирга истиқомат қилишади. Бошқа жониворлардан фарқли ўлароқ, инсонлар меҳр ва мухаббат устида бирга яшашлари зарурки, ўша интилишлари илоҳий фармонга мувофиқ тарзда яшамоқлик ҳисобланади.

   (Аллоҳнинг қудратига далолат қиладиган) оят – аломатларидан (бири) – У Зот сизларни тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб (ер юзига) таралишларингиздир. Унинг оятларидан (яна бири) – У Зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратилиши ва ўрталарингизда дўстлик ва меҳр – мухаббат пайдо қилишидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят – ибратлар бордир”.

                                                  (Рум; 20–21 оятлар мазмуни)

 

 Оила бошлиғи – подшоҳи эр киши ҳисобланар экан, у мўъжазгина “мамлакатча”сини оқилона ва одилона бошқармоғи лозимдир. Кўп ўринларда эр кишилар ўзларининг бошлиқликларини зулму – зўравонликка айлантириб юборишади. Баъзилари эса мутлақо ўзларининг бошлиқликларини ё умуман билмайди, ё бошлиқликларини адо этишга уқувсизлик қилишади. Аёллар эса эр томонидан эътибор берилишга лойиқ ҳилқатдир. Уларнинг ҳилқати мураккаб бўлиб, унинг устида эҳтиёткорона иш тутиш лозим бўлади.

   “Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

     “Аёлларга яҳшиликни тавсия қилинглар. Чунки аёллар қовурғадан яралгандир. Қовурғанинг энг эгриси унинг юқоридагисидир. Агар сен уни тўғриламоқчи бўлсанг синдириб қўясан, ташлаб қўйсанг эгрилиги бўйича қолади. Бас, аёлларга яхшилик қилишни ўзингизга лозим тутинглар!”

                                                                (Муттафақун алайҳ)

 

   Имоми Муслим ривоят қилган  хадисда эса Росулуллоҳ алаҳи васаллам айтганлар: “Аёл қовурғадан яралган. Сен учун у текис бўлмайди. Агар фойдалансанг эгрилик ҳолича фойдаланганинг қолади. Уни тўғриласанг синдирасан. Уни синдириш – талоқдир!”

   Демак, аёл ҳилқати ва унинг моҳияти устозимиз Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам орқали гўзал баён ила таъриф этилмоқдаки, аёл эр истаганидек бир ҳолатда тура олмас экан. Мусулмон эр киши ўз жуфтининг аёллик табиатини тўғри риоя қилмоғи, уни Хақ Таъоло қандай яратган бўлса, ўшандай қабул қилиши зарур бўлади.

   Гоҳида аёл жуфти истаганидек ёки ундан бирон нарсани талаб қилган ҳолатидан бошқасини қилади. Ўша паллаларда эр жиғибийрон бўлмай, Аллоҳ номи ила никоҳига олган аёлини сийлаб – қадрламоғи зарур бўлади.

   Росули Акрам соллоллоҳу алайҳи васаллам эркак умматларига хос бўлган хадисларида шундай дейилган:   

    “Аёлларга яхшилик қилинглар! Улар сизларга асирдирлар. Уларга яхшиликдан бошқасини қилманглар! Фақат улар очиқ бузуқлик қилишсалар, уларни тўшакларда четлаштиринглар! Жароҳатламайдиган қилиб уринглар!

   Агар итоат қилсалар, уларга бошқа йўл ахтарманглар! Сизларнинг аёлларингиз устида ва аёлларингизнинг сизларнинг устингизда ҳақлари бордир.

   Уларнинг устидаги сизларнинг ҳақларингиз – сизлар ёмон кўрадиган кимсаларни тўшакларингизга ўтказмасликлари ва сизлар ёмон кўрадиган кимсаларни уйингизларга қўймасликларидир.

   Уларнинг сизларнинг устингиздаги ҳақлари уларга кийим – либослари ва еб – ичиш, таомлари борасида яхшилик қилишинглардир!”   

                                                                  (Термизий ривояти)

 

   Ақл – ҳушли ва кенг фикрловчи мусулмон эр киши аёли олдидаги бурчини шарафли ўтовчи кимса ҳисобланади. У оиласига – айниқса хотинига олиб келган либосми, емакми, ирғитиб – отиб эмас, “мана ол, заҳринга егин”, деб эмас, балки ширин сўз, ширин ахлоқ билан ўша олиб келган нарсаларини унга тутқазмоғи лозим. Тоинки, у аёл ўша нарсалар сабаблигина эмас, ўз эрининг мард – сахий, самимий эканлигидан кўнгли чоғ бўлиши керак.

   Гўзал ахлоқли эр – аёлнинг қалбидан жой олувчи ёр бўлибгина қолмай, мусулмон умматининг энг яхшиси мақомини олишга ҳам эришади. Чунки Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам кўп бор аёлларга яхшилик қилишни насиҳат қилганлар, ҳатто у зот аёлига яхши муносабатда бўлган кишини – умматининг энг яхшиси деб баҳолаганлар.

   “Муъминларнинг иймони мукаммалроғи – хулқи гўзалидир. Сизларнинг энг яхшиларингиз – аёлларига яхшиларингиздир!”

                                                                     (Термизий ривояти)

 

 Бу иршод ва ўгитлар пайғамбар алайҳиссаломга умматликка интилган йигит ва эр кишилар учунки, ҳеч қачон ўз аёлини ўзининг нотўғри ишларидан ва ёмон кирдикорларидан ўзгаларга шикоят – арзлар қилишига йўл қўймасликлари керак. Чунки, Набий алайҳиссалом ўз хонадонига эрлари устидан шикоят қилиб келган аёлларнинг эрларини яхши одам эмасликларини айтган эдилар.

   “Мухаммад оиласига кўп аёллар эрларидан шикоят қилиб келадиларки.  Ундай эрлар – сизларнинг яхшингиз эмасдир!”

                   (Абу Довуд, Насаий ва ибн Можжа ривоятлари.)

  

 

 

Ўзининг пайғамбар алайҳиссалом томонидан айтилган “яхши эмас” қаторига тушишликдан ҳайиққан уммат, аёлларини ўзлари устидан шикоят қиладиган даражада норози қилмасликлари зарур.

   “Улар (аёлларингиз)билан хуш муомала бўлиб, тинч – тотув яшанглар. Агар уларни ёмон кўрсангизлар ҳам (сабр қилиб иноқ ҳолда яшайверинглар). Зеро, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ кўп яхшиликларни қилиб қўйган бўлиши мумкин”.

                                                         (Нисо; 19 – оят мазмуни)

 

   Ислом таълимоти мана шундай тинч – тотув турмушга ва вафо, садоқатга буюради. Ҳилқати нозик яратилган аёлни асраб – авайлашни ўргатади. Ҳеч қайси йўл турмуш йўлдошига нисбатан ғам хўрликни – исломчалик муҳим санаган эмас. Аёлнинг қадри, ҳурмат – иззати фақат исломда ўз ифодасини топган. Унинг эрига, ёстиқдошига Қуръондек улуғ Калом ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдек муборак кимсанинг хадислари зарур кўрсатмаларни, насиҳату – иршодларни бериб, фақат аҳил бўлиб истиқомат қилишга чақирган.

   Муъмин учун Қуръондан улуғ сўз борми?! Муъмин учун Аллоҳнинг фармонидан олий фармон борми ўзи?!  Муъмин учун пайғамбар Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан суюклироқ кимса борми?! Муъмин учун пайғамбар алайҳис салом айтиб кетган насиҳатдан кўра фойдалироқ бирон кимса сўз айта оладими?! Муъмин учун у икки иш – Қуръон ва хадисга – мувофиқ яшашидан кўра гўзалроқ ҳаёт борми ўзи?!

   Эр киши учун оиласининг мустаҳкам бўлиши йўлида, керакли ва зарур ишларни қилиб бориши лозим. Унинг оиласи салом орқали барокот ва яхшиликларга тўлади.

   “Бас, қачон уйларга кирсангизлар бир – бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар. Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур”

                                                           (Нур;61 – оят мазмуни)

  

Суюкли пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам сахоба Анас ибн Молик розияллоху анҳуга бундай деб, марҳамат қилганлар.

   “Эй ўғлим, уйингга кирганингда салом бергин! Сенга ҳам, аҳли оилангга ҳам барокот бўлади”.

                                                                 (Термизий ривояти)

 

    Салом орқали эр киши ўз уйига барокот, яхшиликлар киришига сабаб бўлади. Уй аҳллари, айниқса жуфти бу илиқликдан ва илоҳий таълимот асосидаги саломдан қалбига ёруғлик, юзига эса чиройли кайфият таъсир ўтказади. Емоқ – ичмоқ, кийинишга либос кўтариб келганда аёл сурурга тўлиши муқаррарлигини биласиз! Нега энди илоҳий таълимотлар асносида таълим берилган салом орқали, оила – хонадонингизга хурсандчилик ва барокот киришига иккиланишингиз мумкин?!

 

  юклаб олиш