Олий даражотга интилиб

«Инсоннинг ғурури»

1375 Ko'rilgan Олий даражотга интилиб

«Инсоннинг ғурури»

Ҳар – бир иш ва ҳодиса Аллоҳ Хақ Таъолонинг изнисиз рўй бермайди. Одам боласи амал қилишга енг шимарган палладаёқ Иблис унинг ниятини ихлосдан тойилиши учун елиб – югуради. Агар уни ихлосидан қайтара олмаса, амалини росулнинг йўлидан ўзга нопок қолипларда қилдиришга чоғланади. Мободо амал – набийнинг йўлига мос равишда бажарилса, Иблис у амални мақбуллик поғонасига кўтарилишдан тўсишга интилади.

Яъни, амални гўзал тарзда ўтаган кимсанинг ғурурланишига васваса қилади. “ Буни сен қилдинг, атрофинга назар сол!

   Бирорта одам сенинг каби амал қила олган эмас! Бошингни ғоз тутиб юр!” қабилидаги баландпарвоз йўлдан оздирувлар баъзи одамларни ер билан яксон қилади.

   Ваҳоланки, инсон амални қилгач ҳокисорлик билан Яратган Хақ Таъолога илтижо қилиб, мақбул қилишини сўраб, ялиниши лозим эди. Хақ Таъолога қилинган амал эмас, балки амал асносидаги тақво муҳим ҳисобланади.

 

   “Аллоҳ уни (Шайтонни) лаънатлади. У деди: “ Қасамки, бандаларнинг орасидан ўзимга тегишли насибани оламан. Ва уларни йўлдан оздираман, хом хаёлларга мубтало қиламан, буюрсам уларни чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб – бузадилар”. Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса, бас, у очиқдан – очиқ  зиён қилибди”                      

                                             ( Нисо; 118 – 119 оятлар мазмуни)

     

Инсон юрагида ўз амалидан ғурурланиш ҳиссининг вужудга келиши шайтоннинг қуруқ ваъдаси ва одам болаларини хомхаёлларига гирифтор қилиш – тадбири холос. Шайтоннинг ваъдасига ишонмаслик зарур, Яратган Холиқ Зотнигина ваъдаси хақ ва чин ваъдадирки, ўшангагина ишониб, унинг айтганидан қолмаслик керак. Чунки ваъдасига содиқ, ҳамда ростгўй Зот – фақат ва фақат Аллоҳдир!

 

 

  “Шайтон уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир – оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон – сароб бўлиб чиқар. Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам бўлиб, ундан қочиб қутиладиган бирон жой топа олмаслар.

    Иймон келтириб, яхши амалларни қилган зотларни эса остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритажакмиз – улар у ерда абадий яшарлар. Бу Аллоҳнинг хақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!

   Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам аҳли – китобнинг  хомхаёллари ҳам (хақ) эмас – кимки ёмон амал қилса, жазосини олур”.

                                              ( Нисо; 120 – 123 оятлар мазмуни)

 

   Инсоннинг бир тола сочи ёки кўзининг гавҳари бирон ерда ишлаб чикарилмайди ёки сотилмайди. Мабодо сотулгудек бўлса ҳам, сунъий нарса эътибори билан сотилиб, унда ҳақийқий берилган хусусиятлар мужассам бўлмаганлиги маълум бўлади. Инсонга берилган табиий аъзолардан бири эвазига, агар аср оша амал қилса ҳам унинг бадалини тўлашга ожизлик қилади.

   Инсон аъзоларини табиб ва шунга ўхшаш мутахассислар таркиб топтиришга жуда ожиздир. Агар бу иш қўлларидан келганида эди, биронта одамнинг ҳаётини ҳеч бўлмаганда сақлаб қолишга эришган бўларди ёки ўзларини, оила – аъзоларидан бирорта яхши кўрадиган кимсани ҳаёт таҳликасидан муҳофаза қилишар эди.

   Улар инсоннинг аъзоси ишлаб турса, ҳаёт давом этаверади деб, хомтама бўладилар. Аммо ҳаёт бергувчи Аллоҳ инсонга яшашни насиб этмаса, умрига ўзи барокат бермаса ҳеч ким бирон жонни ўлим талвасасидан қутқариб ололмайди.

 

   “Қаерда бўлмангиз, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам ўлим сизларни топиб олур.”

                                                             (Нисо;  78 – оят мазмуни)

 

    Ўтмишдагилар Хақ Таъолодан бошқа кучларга зеб беришиб, улардан нажот кутганидек, ўзиниг мағрурлик тўнига ўралган бахти қаролар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зарур эҳтиёжларни бошқа нарсалар ҳам бера олади деб гумон қилишади. Аммо ҳаёт ичидаги ҳақир бўлган пашшани ҳам инсон ясашга ўзи ҳам, ишонаётган сохта илоҳлари ҳам қодир бўла олмайди.

 

   “ Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутингиз! – Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса уни ( ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (демак, ўшалардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор – нотовондир”.

                                                             ( Хаж; 73 – оят мазмуни)

 

   Инсоннинг мағрурланиши – шайтонниг алдови ва макри холос. У ўзини Робб Таъоло олдида ҳокисор тутиб, қилаётган энг сара, энг солиҳ амалларини ҳам ҳақир санаб, уни фақат мақбул бўлишини сўраш керак холос. Ўзининг қул эканлигини, қўлидан ҳеч иш келмаслигини тўғри идрок этиши керак. Мана шу ҳол – унинг мағрурланишидан омонда қолишига туртки бўлади.

   Ўлимни ва унинг ҳақиқатини унитиш ҳам инсон мағрурланишига катта йўл очади. Ўзини домий яшайверадиган одам деб ёки ўлим бор – у, унинг келишига ҳали муддат кўп деб, ишониб қолган кимса ғурур унинг вужудини эгаллаб олиб, исён қилишига йўл очиб беради. Ақли – ҳуши жойида бўлган чин мусулмон

“ пайғамбар Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан ўтдилар – ку, мен ким бўлибман,” дея тўғри ечим чиқара олади.

 

   ( Эй Мухаммад), ҳеч шубҳа йўқ – ки, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар. Сўнгра албатта сизлар қиёмат кунида Парвардигорингиз ҳузурида талашиб – тортишурсизлар ( ва сиз ўз зиммангиздаги пайғамбарликни тўла – тўкис етказганингизга ҳужжат келтирурсиз)”.

                                ( Зумар сураси; 30 – 31 оятлар мазмуни)  

 

   “Мухаммад фақат бир пайғамбар холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у вафот этса ёки ўлдирилса, кетингизга кетасизми?! Кимда – ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас. Аллоҳ эса шукр қилгувчи бандаларини муносиб мукофотлайди. Ҳар – бир жон фақат Аллоҳнинг изни билан ва аниқ белгилаб қўйилган ажал – муддатда ўлади”.

                                 (Оли–Имрон;144 – 145 оятлар мазмуни)

   Бир кимса бор эди, димоғдор, бировни менсимайдиган, гаплашишни хуш курмайдиган танбал одам эди. Казо – казолар, амалдорлар ёки шухрат поғонасида кўтарилган кимсалар бўлса, қўлини кўксига қўйиб, иш битиришга астойдил киришиб кетарди. Яхши муомалали, инсоний муомалаларни қилаётган оддий одамларни – одам ўрнида кўрмас, балки уларни жеркиб ташлар, уларга дўқ – пўписа қилиб, дағал муомала қилар эди.

   Кунларнинг бирида унинг атрофида уни кўриб юрадиган кишилардан бирининг айтишича, у  дағалликдан қайтган, оддий одамларга ҳам муомаласи ўзгарган эди. Сабабини сўраб – суриштирса, ўша дағал инсон, “саратон” деб аталмиш дарднинг бошланишига гирифтор бўлганлиги, ташхис (анализ) ларидан сўнг билинибди.

   Қаранг – ки, одамнинг танасига илашган бир дард, унинг эсини йиғиб олишга ва ўлим аталмиш, бошга муқаррар тушиши аниқ бўлган холга ҳозирлик қилишга инсонни йўналтирибди. Аллоҳга хамд бўлсинки, эсни йиғиб олиш ўлимдан олдин бўлган бир мусибат сабаб вужудга келган.

    Ўша эсини йиғиб олган кимса каби, ўлимларнинг шоҳиди бўлиб турган бошқа кимсалар ҳам ўлимдан қочиб қутулолмасликларини билсалар эди, ўзларининг керакли амалларини қилиб, мағрурлик аталмиш шайтоний иллатдан қутулишар эди.

  

“ Айтинг : “Сизлар қочаётган бу ўлим, албатта сизларга йўлиққувчидир. Сўнгра сизлар ғайбу – шаҳодатни билгувчи Зотга қайтарилурсизлар. Бас – У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизни хабарини берур”.

                                                 (Жума; сураси 8 – оят мазмуни)

 

   Инсон ўйлаб кўрса бир ўзи эмас, атрофида бир – қанча одамлар яшаб турган ҳаётларини адо топдириб, ўлимга юзланмоқда. Улардан олдин ҳам қанча – қанча авлодлар ўлим ҳалокатига йўлиқишди. Бу ҳоллар – инсон мағрурлигини синдириши керак.

 

   “Биз улардан илгари ҳам анча авлодни ҳалок қилганмиз. Сиз улардан бирортасини кўрурмисиз ёки овозларини эштурмисиз?!”

                                                    (Мариям; 98 – оят мазмуни)

- - -