Олий даражотга интилиб

“Ожиз инсон”

1305 Ko'rilgan Олий даражотга интилиб

“Ожиз инсон”

Махлуқотлар ичида ҳаммасидан мукаррами инсон эканлигида шубҳа йўқ. Жамики мавжудотни Хақ Таъоло унинг итоати тучун бўйсундириб қўйди. Ейишидан тортиб, ичиши, кийиниши ва миниб фойдаланиши зарур бўлган барча ашёлар унга муҳайё қилинган. Аммо унинг рўбарўсида,улардан фойдалангач – унинг жавоби бўлган – Аллоҳга шукр ва тоат қилиш бор. Ўша шукр этиш билан тоат қилиш жараёни – аксар инсонларни ожиз қолдирадиган жиҳат бўлиб, Яратган Зотнинг неъматларидан фойдаланиб, унга яраша жавоб бера олмай нонкўрлик йўлини тутишига йўл очади.

“Бас, энди инсон қачон Парвардигори уни имтиҳон қилиб, азиз қилиб қўйса ва унга неъмат ато этса дарҳол : “Парвардигорим мени азиз қилиб қўйган,” дер. Энди қачон уни имтиҳон қилиб, ризқини танг қилиб қўйса, дарҳол: “Парвардигорим мени хор қилди” дер.”

(Вал-Фажр; 15-16 оятлар мазмуни)

  

Неъмат бисёр келганда талтайиш, босар – тусарини англамай қолиш, барча яхшилик ўзининг мавқеъидан келмоқда деб тасаввур қилиш – янглишиш белгисидир. Чунки, инсонга ва барча мавжудотга Аллоҳ ризқ берса, уни ўзи хифзу – ҳимоясида асраса, ҳовлиқишнинг нима кераги бор ўзи?!

   Иззат – ҳурматли қилиб қўйса, уни ҳам инсон ўзининг азизлигидан деб керилади, унинг акси бўлган тор – тангликка солиб қўйса, тушкунликка тушиб хор бўлдим, деб  дод – фарёд уради. Ўзи ожиз бўла туриб, қўлидан – имкониятидан Аллоҳнинг изнисиз бирон нарса қила олмаган инсон – ўзини йўқотиб қўйиб, кибрланиши, Аллоҳни улуғламай, унга тоат қилишдан бош тортиши – жуда ажабланарли ҳолдир.

 

   “Аллоҳ (буюрган Шариат билан) сизлардан (юкингизни) енгиллатишни истайди. ( Зотан ), инсон ожиз қилиб яратилгандир”.        

 ( Нисо ;28 – оят мазмуни)

 

 Аллоҳ Хақ Таъоло буюрган тоатлар Ислом шариати асосида белгилиаб қўйилган амаллар сирасидирки, у инсон учун ҳеч қачон оғирлик эмас, балки енгиллик холос. Лекин, шайтон ҳийласига алданиб қолганлар, ундан бош тортиб, шайтоннинг ўзига талпинишда давом этишади. Хақ туриб, ноҳақлик – ботилни касб қилишади. Тўғрилик қолиб, эгриликни ўзларига раво кўришади.

   Инсонни ожиз, заиф қилиб яратган Робб Таъоло банда бажаришда қийналиб, сабрсизлик ва тоқатсизлик кўрсатмаслик учун унинг ҳоли – тоқатига яраша осон ва енгил шаръий ҳукмларни жорий қилган. Ҳикмати ва қудрати улуғ Аллоҳ Табарока ва Таъоло барча одамларга ислом билан яшашларини белгилаб берди. Унинг тоқати шунга ярашадир, ўзини – ўзи қийнашга ҳожат йўқдир. Бу ҳолатларни инсонни ўзидан кўра, унинг яратувчиси Аллоҳ Билгувчидир.

   Яшаётган ҳаётимизга ақлан назар соларканмиз, ожиз инсон қаёқларга бурилиб кетмоқда?! Ўзининг шахсий, оилавий, ижтимоий ва барча соҳаларида фақат ва фақат машаққат сари одим ташламоқда холос.  Ислом айтгани бўйича эмас, ўз ҳоҳиши ва бузғунчи – нафс бандалари кўр – кўрона бошлаётган, илҳомлантираётган томонга қараб кетмоқда.

   Ваҳоланки, у эгри чорлов – инсонни охират ҳовлисидагина эмас, бугунги имтиҳон ҳовлисида ҳам ночорлик ва хорлик сари етакламоқда. Одамларда хотиржамлик, сокинлик сингари ажойиб ҳиссиётлар ғойиб бўлиб, унинг ўрнини ваҳима, ҳижолатчилик, бор неъматларга қониқмасдан ношукрлик қилиш ҳиссиётлари қора булутлар каби қалбларини ва вужудларини эгаллаб келмоқда.

   Аллоҳ Хақ Таъоло бизларга фақат яхшиликни ҳоҳлашини ҳамиша ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. У Зот бизга энг яқинларимиздан – да  Меҳрибон ва Рахимлироқдир. Унинг айтганларига хос яшашимиз – ўзимизнинг ютуғимиз ва нажот топишимиздир. Бўлмаса биз инсонларда ожизлик – нотовонлик бор, адашиб – улоқиб ўзимизни бу оламда ҳам, кейинги мангу охират оламида ҳам қийинчиликка солиб қўйишимиз мумкин.

 

   “Аллоҳ Сизларга тушунтиришни, олдингиларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул этишни истайди. Аллоҳ Билгувчи ва Ҳикматлидир. Аллоҳ сизларни кечиришни истайди, шаҳватига қул бўлганлар эса бутунлай йўлдан уришни ҳоҳлашади”.

                                                 ( Нисо ; 26 – 27 оятлар мазмуни)

 

   Аллоҳ бизларни фақат тўғри йўлдан юриб, кулфат – балоларни бошимизга ёғмаслигини ҳоҳлайди холос. Инсонларнинг иши эса  У  Зотни ягона эканлигига ишониб,  У Зот юборган пайғамбарга итоат қилиши лозим бўлади.

 

“ Қай бир пайғамбарни юборган бўлсак,  Аллоҳ изни билан унга итоат қилинсин, деб юборганмиз”.

                                                             ( Нисо; 64 – оят мазмуни)

- - -