Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Хотима ўрнида”

1484 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Хотима ўрнида”

Аллоҳнинг мадади ва инояти билан ушбу китобни ниҳоясига етказишга муваффақ бўлинди. Унда биз саодатдан, бахтдан махрум бўлганлар ҳақида, саодат йўлидан тойилишга сабаб бўладиган омиллар хусусида тўхталиб ўтдик. Давом этказсак силсила сингари чўзилиб кетаверадиган тойдирма йўл ва эгри кўринишлар янада мавжуд. Аммо биз айримларигагина эътибор қаратган бўлдик холос. Саодатга интилган инсон ўша саодатдан махрум этажак бошқа омилларни ҳам синчковлик билан, қунт билан мустаҳкам таълим олиб, ўрганаверади ва саодатга тамомий етишмагунча изланишда давом этаверади.

       Ҳар қайси инсоннинг ўз ўлчови бўйича “саодати” бор. Бир-бирига тилакларида, эзгу ниятларида ҳам “саодат”ни раво кўриш одатлари бор. Аммо ўша саодатлар тўла-тугал бахтни бера оладими, йўқми асосий гап ўшанда. Баъзида инсон сиҳат-саломатликни саодат, деб ўйлаб қолади. Албатта сиҳатсиз бирор ишни қилиш мушкул, ҳатто ибодатни ҳам. Лекин сиҳат бўлса-ю, уй рўзғорларида камчилик бўлса ёки бирор ташвишли иш содир бўлиб, хотиржамлик қочган бўлса, бу сиҳатни инсон тугал бахт, деб айта олмайди.

       Энди инсон молу-давлатли бўлишни саодат дея, ўйлаб қолади. Ваҳоланки баъзида ўша бойлик, сиҳати қочган кимсага шифо бўла олмайди. Кўрсатмаган табиби, бормаган шифохоналари, истеъмол қилмаган дори-дармонлари қолмайди. Ҳамён тўла пул, қаср янглиғ уй-бинолар қад кўтариб турса-ю, танада дард айланиб юрса, ким ўша молу дунёни бахт деб айтишга тили боради. Сиҳат ҳам тикланди, маблағ ҳам яна бисёр, аммо умр тугалланишга қараб кетса, кўздан нур, оёқлардан мадор кетса, қарилик шарпалари эшик қоқиб қолса, сиҳат ҳам, мол ҳам асқотиши мумкинми инсонга? Дарҳақиқат, оқил инсонларнинг: “Бу фоний оламда тўла ва мукаммал саодатни акс эттирадиган ҳол йўқдир”, дейишлари шубҳасиздир.

        Бу олам қанчалар саодат деб аталмиш ашёларга тўла бўлсада, барибир ўткинчидир. Ўткинчи бўлган ҳар қандай нарса саодат дейилишга яроқли эмасдир. Шон-шуҳратлар, обрў-мансаблар, тилла-кумушлар, боғу-роғлар ҳаммаси ўткинчи матоҳлардир. Фақатгина охират ҳаётида берилажак оқибатгина абадийлик сари юз тутади. Демак тугал ва тамомий саодат охиратда берилажак мукофотларга етишишдадир. Унинг учун эса борлиқнинг Роббиси-Аллоҳ берган йўлдагина истиқомат қилмоқ лозимдир. Чунки ҳақиқий “саодат” йўли Аллоҳ нозил қилган ислом йўлидир! 

           Аллоҳ барча муъминларни абадий саодат бўлмиш ислом ҳовлисида барқарор қилсин! Саодатдан махрум бўлган кимсалар амалларидан ва улар топган оқибатлардан Ўзи сақласин! Барча мақтов ва хамдлар Аллоҳ учундир!                                                                                                                                                                                      

- - -