Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Тортишув”

1428 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Тортишув”

Саодатнинг нурли йўлидан тойдирадиган, нохақ йўллардан бири – низо, тортишувдир. Ўтмишдаги қавмларнинг кўпи айнан низо ва тортишув орқали балоларга гирифтор бўлганлар. Ривожланган халқ ва юртлар тортишув дардига мубтало бўлгач, инқироз сари юз тутишган. “Аллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсаларгина талашиб, тортишурлар”. (Ғофир; 4-оят мазмуни) “Албатта Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон далилсиз тортишадиган кимсалар, аниқки уларнинг дилларида бир кибр (ўзларини сиздан катта олиш) бордирки, улар ўшанга (ўзлари орзу қилган катталикка) етувчи эмасдирлар. Бас сиз Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта Унинг Ўзигина эшитгувчи, кўриб тургувчидир”. (Ғофир; 56-оят мазмуни)

Инсонларнинг барча ҳолатлари Аллоҳга аён. Нафақат инсонлар, балки бутун борлиқ ҳолати, унинг Яратувчиси бўлган Хақ Таъолога маълум. Инсоннинг кибр қилиши талашишга, тортишишга етаклайди. Пайғамбарларга эргашмай, улар билан тортишган кимсалар кибр дардига мубтало бўлганлари боис хаққа етиша олишмади.

     Бу тортишувлари кофир кимсаларнинг бошларига Қиёмат куни кўп ҳасрат ва надоматлар олиб келиши катта жазодир. Бўйинларида кишан билан қайноқ сув томонга судралиб, сўнг дўзах ўтида ёндирилади.

“Аллоҳнинг оятлари ҳақида тортишадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?! Китоб- Қуръонни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни - Китобларни ёлғон деган кимсалар яқинда (қиёмат Кунида динсизликларининг оқибатини) билажаклар. Ўшанда (яъни дўзахга ташланганларида) улар бўйинларида кишан ва занжирлар билан қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар”.                                                                         

(Ғофир; 69-72 оятлар мазмуни)

Тортишиш саодатга интилаётган, жаннатни орзу этаётганларнинг амали эмас. Шунинг учун ўзини иймонли санаётган  ҳар-бир инсон тортишувнинг ҳар қайси кўринишидан ўзини ўтдан сақлагандек эҳтиётлаши муҳим.

   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдиларки, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Қуръон ичида(ги хукмлар) ҳақида тортишув – куфрдир!” деганлар.

                                                                                        (Абу Довуд ва имоми Ахмад ривоятлари)

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилиндики, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Кимки илмни уламолар билан рақобат қилиш учун, эси пастлар билан тортишиш учун ва одамларнинг юзларини ўзига у (илм) сабабли жалб этиш учун талаб қилса, Аллоҳ уни дўзахга киргизади”, деганлар.

                                                                                (Тирмизий ва ибн Можжа ривоятлари)

     Демак, фарз бўлган илмни-да тортишув мақсадида ўрганиш, унда рақобатлашув ва риёни ният қилгандек гуноҳга элтиб, уни талаб этувчи савобга ёки жаннатга эмас, балки хорлик диёри бўлган жаҳаннамга киришдек бахтсизликка юз тутар экан.

    Довуд пайғамбарнинг ўғли Сулаймон алайҳис-салом боласига насиҳат этиб:

“Тортишувни даф қилгин! Албатта унинг нафи оздир. У (тортишув) биродарларнинг орасида адоватни қўзғайди”, деган эканлар.

                                                                                               (Доримий ривояти)

Зиёд ибн Худайр айтганлар:

“Умар мен учун: “Исломни нима қаритишини биласанми?” дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. У: “Уни олимнинг тойилиши, мунофиқнинг китоб борасида тортишуви ва адашган имомларнинг хукм (қилиши) қаритади”, дедилар.

                                                                                                (Доримий ривояти)

    Умар ибн Абдулазиз рохимаҳуллоҳ:

“Кимки тортишувдан, ғазабланишдан ва тамаъдан ҳимояланса – нажот топибди!” деганлар.

   Тортишувдан йироқда бўлиш, уни четлаб ўтиш – саодат йўли, аксинча тортишув – бахт ва нажот кемасидан тушиб ғарқ бўлишдир!

  Авзоъий рохимаҳуллоҳ:

“Аллоҳ бир қавмга ёмонликни ирода этса, тортишувни уларга лозим қилиб қўяди  ва амални уларга ман қилади”, деган эканлар.

       Тортишувчи бўлиш, ҳар бир ишни низо билан ҳал қилиш ёмонлик, бахтиқаролик аломати эканки, ундан саодатга етишни ва яхшиликни мақсад қилган кимсалар хазар қилмоғи зарур.

      Бир киши Саҳл ибн ат –Тустарий рохимаҳуллоҳдан:

“Қачон киши ўзини “аҳли сунна вал жамоадан” эканлигини била олади?”- деб сўраган эди, айтдиларки:

“(Ушбу) хислатларни ўз нафсида билиб-таниса (деб, ўша хислатларни баён этдилар):

Жамоатни тарк этмаса;

Набий алайҳис-саломнинг сахобаларини сўкмаса;

Бу умматга қилич кўтариб чиқмаса;

Тақдирни ёлғонга чиқармаса;

Иймон борасида шубҳаланмаса;

Динда тортишмаса;

Аҳли қибладан бўлган кишининг гуноҳи сабабли вафот топганда жанозасини тарк этмаса;

Махсига масх тортишни тарк этмаса;

Жамоат (жумъа)ни ҳар-бир жабрли ва адолатли волий ортида ўқишни тарк қилмаса (“аҳли сунна вал жамоадан” бўлади), деганлар.

         Тортишув –инсоният ҳалокатигина бўлмай, улар ўртасидаги тотувлик ва иноқликни барҳам топтирадиган улкан жиноятдир. Ота ва она бир – бирлари билан талашиб –тортишар экан,мурғак қалбли ўғил – қиз фарзандлар тарбияси заволга қараб кетади. Ака – ука, опа – сингил ўртасига тортишув сояси тушса, силайи рахм барбод бўлади. Қўшнилар бир - бирлари билан талашиб – тортишар экан, жамият ичи парокандаликка юз тутади. Халқлар ва мамлактлар агар бир – бири билан низолашувга бориб етсалар, қанчалаб бегуноҳ одамлар қони дарё бўлиб оқиши шубҳасиздир. Ҳақ ва тўғрилик дини бўлган Ислом - тортишувнинг томирига муолажа болтасини урган ягона йўлдир. Ҳамма низо оловини ёқиб, ирқчиликка, ерчиликка жар солаётган бўлса ҳам, ислом уни фақат ва фақат ўчиришга тарғиб ва даъват этади. Тортишувнинг олдини олган ҳар  - бир кимсага олий мақом ва беқиёс даражалар сийловини эълон қилади.

         Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар:

“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ёлғонни (ботилни) тарк этса, жаннат атрофидан унга (уй) бино қилинади. Кимки хақ бўла туриб, тортишувни тарк этса у (жаннат)нинг ўртасидан унга (уй) бино қилинади. Кимки хулқини гўзал қилса, у учун у (жаннат)нинг олийроғида (уй) бино қилинади”, деганлар.

                                                                  (Абу Довуд, Тирмизий ва ибн Можжа ривоятлари)     

- - -