Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Исрофгарчилик”

1614 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Исрофгарчилик”

Саодат йўлидан оздирадиган ёмон ва қабих ишлардан бири – исрофгарчиликдир! Қуръони Карим ояти мазмунида: “Исрофгарчиликка йўл қўйманг”, дейилган. (Исро; 26 - оят мазмуни) Қуртубий имоми Шофеъдан нақл қилиб: “Исроф қилиш – молни ўз хаққидан бошқа (ўрин)га сарф этишдир!” деганлар. Имоми Моликдан эса: “Исроф қилиш – ўз хаққидан топиб, хаққи бўлмаган (жой)га қўйишдир”, деган сўзлари нақл этилган. Қуръон оятларининг яна бирида шундай марҳамат этилган:

“Албатта, исроф қилгувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир”.

(Исро; 27 оят мазмуни)

Одам боласига етиб келаётган ризқ, мол ва давлат барчаси Аллоҳ Таъолонинг ҳузуридандир. Аллоҳ бандага берса-ю, банда уни номаъқул ўринларга сарф этса, шайтон макрига алданган бўлади. Ким ўзини иймонли деб билса, қўлида турган имкониятини фойдали, оқибати хайрли ишларга сарф этади. Аммо шайтон сўзига кириб, уни дўст тутса, кўнгли тусаган, исроф бўлувчи эгри йўлларга, оқибати надомат ва афсус билан тугайдиган ишларга сарф этади. Исроф қилгувчи ноинсоф инсонларни эса Ҳақ Таъоло яхши кўрмайди.

         “У (сўритокларга) кўтарилувчи ва кўтарилмайдиган боғларни, хурмозорлар ва меваларни, хилма-хил бўлган экинларни (барглари) бир-бирига ўхшаган ва (мевалари эса) ўхшамаган зайтун ва анорларни яратган зотдир. Мевалаганда мевасидан енглар, ўрим терим кунида (бечора –мискинларга) хаққини беринглар ва исроф қилманглар! Албатта У исроф қилгувчиларни севмас”.

(Анъом; 141-оят мазмуни)

   Еб-ичиш билан биргаликда одам боласи кийинишга бўлган эҳтиёжи ҳам бор. Гўзал кийиниш, ораста юриш ажойиб хислат ва неъматни қадрлашдир. Аммо ҳаддан ошиб, исроф кўчасига кириб кетиш, инсонни тойилишга сабаб бўлиб қолиши мумкин.

“Эй одам болалари, ҳар бир сажда чоғида зийнатланингиз (яъни тоза либосда бўлингиз) ҳам (ҳоҳлаганингизча) еб-ичаверингиз, фақат исроф қилманглар. Зотан, У исроф қилгувчи кимсаларни севмас”.

(Аъроф; 31-оят мазмуни)

Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу садақотлар борасидаги сўзларида:

“...Сенинг риё (биров кўрсин учун) ва сумъа (биров эшитсин учун) инфоқ қилишинг – анашу шайтоннинг насибаси, улушидир”,деганлар.

  Ато Абдуллоҳ ибн Аббосдан нақл қилиб айтганлар:

“Ботил (нохақ ишга) инфоқ қилмагин! Албатта исрофчи – у бефойда ўринга сарф қилгувчидир”. (Тобарий ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Масъуддан исроф қилгувчилар ҳақида сўралганда:

“Улар – нохақ инфоқ, сарф қилгувчилардир”, деган эканлар.

Яна ўша сахоба розияллоҳу анҳу:

“Биз Мухаммаднинг сахобалари исроф қилиш ҳақида – бефойда, нохақ (ўрин)га сарф этишдир, дея гаплашардик”, деганлар.

Қатода:

“Исроф қилиш – Аллоҳ Таъолога гуноҳ бўладиган (иш)га ва фасодга нохақ сарф этишдир”, деган эканлар.

Мужоҳид рохимаҳуллоҳ эса:

“Агар инсон молининг ҳаммасини хаққа сарф этса – у исроф қилгувчи бўлмайди. Агар у (бир) мудни (бўлса ҳам) нохақ сарф этса – исроф қилгувчи бўлади”, деганлар.

  Демак, ноўрин молни сарф этишлик – Аллоҳ яхши кўрмайдиган сифатга дохил қилар экан. Инсон яшаётган умрига агар диққат ва синчковлик билан қараб, назар солса – кўп сарфлари хақ йўлида эмаслигига амин бўлади. Меҳнат қилиб, пешона тери билан топилган ризқу-рўзимиз, мол ва дунёларимиз нохақ йўлларга сарф этилиб, оқибат шайтонга дўст бўлсак, бундан оғир хорлик борми ўзи?! Аллоҳ Ўзи асрасин! Бундай нопок сарфдан эҳтиёт бўлиш учун, Яратганга илтижолар қилиб, сарфимизнинг бир сўмини бўлса ҳам эзгу ва солих ишларга сарф этишга тиришмоғимиз ниҳоятда зарур!

    “Қачон инсон зотига бирон зиён етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга илтижо қилур. Энди қачонки ундан мусибатини кеткизсак, гўё (ҳеч қачон) ўзига етган балодан Бизга илтижо қилмагандек (юз ўгириб) кетур. Ҳаддан ошгувчи кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб қўйилди”.

(Юнус; 12-оят мазмуни)

- - -