Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ҳавойи-нафсга эргашиш”

1708 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ҳавойи-нафсга эргашиш”

Саодатдан махрум бўлишга етаклайдиган омиллардан бири – ҳавойи нафсга эргашишдир. Ҳавосига тобеъ бўлган кимса саодат йўлига юриши амри маҳолдир. Ҳавойи нафс ҳақида Кафавий айтганлар: “Шариъатнинг чақирувисиз нафсда (пайдо бўладиган) майл-истакнинг лаззатланиши - (нафснинг) ҳавосидир”. Ибн Жавзий айтганлар: “(Инсондаги) табиат истаги маломат қилинадиган нарсага йўналиши – (ҳавойи нафсдир).”. Ҳавойи нафсга эргашиш натижасида инсон молу-дунёга берилади. Ақл ва қалб кўзи тўсилади. Ҳақиқат учун ва хақ йўлида истиқомат этиш унинг ниятига, мақсадига ёт-бегона бўлиб қолади. Қилмоқчи ва қиладиган иши нафснинг ирода-истагига қарам бўлиб қолади.

     Қуръон оятларининг хабарларида Мусо алайҳис-салом давридаги нафс ҳавосига берилган, мол-дунёга ўч бўлган яҳудий олим ҳақида баён келган:

(Эй Мухаммад), уларга (яҳудийларга) бир кимсанинг хабарини тиловат қилинг! У кимсага оятларимизни билдирган эдик. Бас, у ўша оятларимиздан четлангач (яъни уларга амал қилмагач), уни шайтон эргаштириб кетиб, йўлдан озгувчилардан бўлиб қолди. Агар ҳоҳласак уни ўша оятлар сабабли (юқори даражаларга) кўтарган бўлур эдик. Лекин у ерга (яъни молу дунёга) берилди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайдики, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади, ёки (ўз ҳолига) қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверади. Бу Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг мисолидир. Улар тафаккур қилсинлар учун бу қиссаларни сўйланг!”

(Аъроф; 175-176 оятлар мазмуни)

Олим бўла туриб ҳавойи нафсига эргашиш – ўзи эгаллаган илмидан наф топмаслиги ва йўлдан тойилиши демакдир. Ҳавойи нафс инсонни ким бўлишидан қатъий назар, у олимми, обидми албатта ҳалокатга етаклайди. Энди ўрганадиганимиз, келажак оятда эса ҳатто пайғамбар алайҳис-саломга аҳли китобнинг ҳавойи нафсига эргашмаслиги ҳақида ҳукм келган:

“Қасамки, агар сизга келган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам бергувчи бўлмайди”.

(Бақара; 120 - оят мазмуни)                                   

Аллоҳ бандаларига фақат яхшиликни ҳоҳлайди. Бандаларига зарарли ва оқибати дўзах бўладиган амалларни таъқиқ этганки, ҳавойи нафсига қул бўлиш ҳам оқибати дунё ва охиратда жуда хатарлидир.

   “Ва Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Улар Парвардигорларига (ўзгаларни) тенглаштирурлар”.

(Анъом; 150  - оя т мазмуни)                      

Уламолардан бири ҳавойи нафсга эргашиш бу – нафсни ўзига худо қилиб олишдир дея, Қуръондан мисол келтирган. Бу мазмундаги оятлар – қуйидаги оятлардир:

“Ўз ҳавойи нафсларини илоҳ қилиб олганни кўрмадингми?!”

(Фурқон; 43  - оят мазмуни)   

     (Эй Мухаммад), ҳавойи нафсини ўзига “илоҳ” қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?”

(Жосия; 23  - оят мазмуни)

Демак, ҳавойи нафсига эргашадиган инсон – бутга сиғинмаса ҳам, қуёш, ойга сажда этмаса ҳам, хочга чўқинмаса ҳам – у Аллоҳдан ўзгани илоҳ тутган каби бахтиқаро бўлар экан. Аллоҳ бундай исёндан Ўзи сақласин!

“Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!”

(Қасас; 50  - оят мазмуни)  

Ўйига, нафсига нима ёқса, нима маъқул келса, у шариатда борми - йўқми, ҳидоят йўлига зидми – мумкинми фарқига бормай қилавериш – йўлдан озиш ва саодатдан махрум бўлишдир. Хаётга назар соларкансан, турмушда учраётган ишларга қандай муносабат билан ёндошмоқдамиз, деган ўй-фикр бизни ғамга етаклаши зарур. Чунки аксаримиз турмушдаги ишларни ўз ҳавойи нафсимиз чиройли қилиб кўрсатган йўл ва услуб орқали бажармоқдамиз. Бир қанча ишлар шариат андозасидан келиб чиқиб эмас, балки ҳавойи нафс истагидан келиб чиқиб бажарилмоқда холос. Фарзанд туғилса, Аллоҳга хамд айтиб, ўнг қулоғига азон, чапига такбир айтиб, ўғилми-қизми шукр қилиб, чиройли исмлар танлаб, ақиқа қурбонлигини адо этиш – шариат андозаси бўлса, фарзанд туғилгач улфатлар билан уни “ювиб” Аллоҳ харом этган ичимликларни ичиб, бировларга қуйиб бериб, қиз туғилса ғамгин бўлиб, оилада жанжал-сурон кўтариб, кўнглидаги бўлиб қолса, исроф-дабдаба қилиш – ҳавойи нафс истагидаги иш эмасми?!

      Фарзандни илму-урфонли, ҳунар-касбли қилиб, одоб ва гўзал хулқ билан тарбия этиб, Аллоҳни суядиган, росулга эргашадиган уммат қилиш – шариат андозаси бўлса, фарзандни дунёга қул қилиб, беодоблигига рози бўлиб, ғанимат ёшлик даврини савдога, мол-қўй боқишга, пул топишгагина тикиб қўйиб, оми-саводсиз қилиб, уни гумроҳ этиш – ҳавойи нафс балчиғидан сизиб чиққан “лойқа” эмасми?!

    Мол-дунё, пул-даромад топилса у садақотларга, етим-мискинларга инфоқ қилишга, масжид-мадрасаларга, элу-юртга наф берадиган ўринларга сарф этилиши – шариат андозаси бўлса, молни риёга, дабдаба-исрофга, бировлар устидан зулму-зўравонликлар қилишга, фахш ишларга ва кибрга сарф этилиши – ҳавойи нафсга қуллик белгиси эмасми?! 

    Али розияллоҳу анҳу:

 “Албатта сизларнинг устингизда икки нарсадан қўрқинчлироқ хавфим йўқдир; орзунинг узунлиги ва ҳавойи нафсга эргашиш. Орзунинг узунлиги охиратни унутдиради. Ҳавойи нафсга эргашиш эса хақдан тўсади. Огоҳ бўлингки,  дарҳақиқат дунё юз ўгирувчидир ва охират йўлиқувчидир. У иккисининг фарзандлари бордир. Бас, сизлар охират фарзандлари бўлинглар! Дунё фарзандлари бўлманглар! Албатта бугун амал (қилиш учун имконият) бор, хисоб эса йўқдир. Эртага (бу дунёдан вафот топиб кетгач) хисоб бор лекин амал (қилиб қолиш учун имконият) йўқдир”, деганлар.

                                                                                                                                  (Имоми Ахмад)

    Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

“Аллоҳ Азза ва Жалла ҳаво(йи нафс)ни Китоб (Қуръон)даги ўринда фақат ёмонлаган (холос)”, деган эканлар.

      Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ:

“Қалбда аралашадиган дарднинг ёмонроғи – ҳаво (йи нафс)дир”, деган.

Яна ўша киши айтдиларки:

“Ҳавойи нафс эгалари билан бирга ўтирманглар, улар билан тортишманглар ва улардан (сўз) тингламанглар!”

Яна Хасан Басрий айтдилар:

“Жиҳоднинг афзалроғи – ҳавойи нафсга (қарши) жиҳоддир”.

Иброҳим ан Нахаъий:

“Ҳавойи нафс аҳллари билан ўтирманглар! Албатта улар билан бирга ўтириш қалблардан иймон нурини кетказади, кўриниш гўзалликларини тортиб олади ва муъминлар қалбида ёмон кўришликни мерос қолдиради”, деганлар.

    Шаъбий айтганлар:

“(У) ҳаво деб номландики, у ўз эгасини ҳаволантириб ташлайди”.

   Юнус ибн Убайд рохимаҳуллоҳ:

“Сизларга уч нарсада васият қиламан! Ҳавойи нафс эгасидан сўз тинглашга имконият қўйма! Сенга махрам бўлмаган аёл билан ҳоли қолма, агарки унга Қуръон ўқиб берсанг ҳам! Саййидга (бошлиққа) кирманглар, агарки унга насиҳат қилмоқчи бўлсанглар ҳам!” деган эканлар.

    Имоми Шофеъ рохимаҳуллоҳ эса:

“Банда Аллоҳга ширкдан ҳоли бўлган ҳолда барча гуноҳлар билан йўлиқиши – ҳавойи нафсдан (бўлган) нарса билан йўлиқишидан унга яхшидир”, деганлар.

Имоми Молик рохимаҳуллоҳ:

“Қавмларнинг ёмонроғи – анави ҳавойи нафс аҳлларидир...” деган эканлар.

  Зуннун ал Мисрий рохимаҳуллоҳ:

“Халққа фасод олтита нарсадан киради:

Биринчи; охират амалига заиф ният қилиш.

Иккинчи; баданлари шаҳватлари учун ҳозир ҳолда туриши.

Учинчи; (яшаш) муддатлари қисқа бўлгани ҳолда, узун орзулар уларга ғолиб бўлиши.

Тўртинчи; Аллоҳнинг розилигидан кўра махлуқларнинг розилигини устун қўйишлари.

Бешинчи; ҳавойи нафсларига эргашиб, набийлари алайҳис-саломнинг суннатларини бузишлари.

Олтинчи; ўтганларнинг тойилишларини ўз нафсларига ҳужжат қилишлари ва кўп фазилатларини кўмиб юборишлари (фасодларга етаклайди)”, деганлар.

    “Адабуд дунйа вад дийн” китобида ёзилишича:

“Ақл – узилган дўст, ҳавойи нафс эса эргашиб юргувчи душмандир”.

- - -