Саодатдан маҳрум бўлганлар

Валид ибн Муғийра

1640 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

Валид ибн Муғийра

Пайғамбар алайҳис-саломнинг, мусулмонларнинг ашаддий хусуматчиларидан бири – Валид ибн Муғийра эди. Аллоҳ у ҳақда алоҳида оятлар туширди ва сифатларини маълум қилди. “(Эй Мухаммад) яна сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилувчи – бахил, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва булардан ташқари бенасаб-ҳароми кимсага итоат этманг! У мол-мулк ва ўғиллар эгаси бўлгани учун (ўзидан кетиб), қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: “Булар аввалгиларнинг афсоналари-ку!” дер. Яқинда Биз уни тумшуғидан тамғалаб қўяжакмиз” (Қалам; 10-16 оятлар мазмуни)

     Бу оятлар малъун кофир Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлгандир. У Қуръон оятларига аввалгилардан қолган афсоналар деб, пайғамбаримизга эса мажнун деб туҳмат қилганида Аллоҳ Таъоло унинг бир эмас, тўққиз иллатини фош қилади. Шунда у мазкур иллатлардан саккизтасини рад эта олмайди, аммо тўққизинчи, бенасаб-ҳароми деган номни кўтара олмай, (чунки то Аллоҳ Таъоло Ўз ояти билан ошкор қилгунча Валид ўзининг ҳароми эканлигидан бехабар эди) бу шармандаликни ўзидан дафъ қилиш учун туққан онасини қистовга олиб сўроққа тутганида онаси ҳақиқатан унинг зинодан бўлган бола эканини тан олади. Саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳу гувоҳлик беришларича, Аллоҳ Таъоло Ўзи ваъда қилганидек, Валид ибн Муғийра Бадр жангида “тумшуғидан тамғаланади”, яъни худди бурнидан қилич еб, ўлгунича одамлар орасида ўша “тамғаси” билан юради.

     Қуръоннинг келажакдаги бўлажак ишлар тўғрисида берган маълумоти, ҳам мўъжиза, ҳам ибратдир. Мўъжизалиги; ислом душманинг дунёда ваъда қилинган жазога йўлиқиши бўлса, ибратлилиги эса; пайғамбар ва Қуръонга душман бўлишлик не оқибатларга олиб боришини билиб, англашдадир.

       “Яна улар: “Бу Қуръон икки қишлоқ (нинг бири) дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди”, дедилар”.                             

 (Зухруф; 31-оят мазмуни)

     Ушбу оятни тушинтирган олимлардан бири айтадики “Икки қишлоқдан” мурод  Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик  бойлардан Валид ибн Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Маъсуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар  ҳам  барча  замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар  каби  улуғликни  мол давлат ва салтанат билан  ўлчар эдилар.  Шунинг учун  улар: “Агар бу  Қуръон ҳақ  китоб бўлганида  Мухаммадга ўхшаган  бир етим ва камбағалга эмас , балки  Валид  ва Урва каби улуғ зотларга  тушган бўлар эди”, дедилар. (Шарх тугади)

     (Эй Мухаммад) Парвардигорингизнинг рахмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни  ўшалар тақсимлайдиларми?!   (Йўқ ,асло ундоқ эмас!) Уларнинг хаёти дунёдаги маишат тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатиш) учун айримларини айримларидан баланд даража мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг рахмати пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол дунё)лардан яхшироқдир. (Бас Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз)”.

                                                                                                                                          (Зухруф; 32-оят мазмуни)

       Валид ибн Муғийра  ва у киши маслагидан борган кимсалар, Аллоҳ томонидан хос бериладиган ’’набийлик’’ нида  ўзларининг  ҳоҳиш,   истагига  мос бўлишини  орзу этишган.

        (Эй  Мухаммад,  иймондан) юз ўгириб кетган ва озгина (мол) бериб, (кейин шарт қилинган молни беришни) тўхтатган кимсани кўрдингизми?!”

   (Ваннажм; 33-34 оятлар мазмуни)

       Бу оятларнинг нозил   бўлишга бир воқеа сабаб бўлган.  Валид ибн Муғийра пайғамбар  алайҳис  салом ҳузурларида ўтириб, у зотнинг насиҳатларини эшитгач, таъсирланиб, Ислом динига кирмоқчи бўлади. Шунда мушриклардан бири унга: “Сен ота  боболарингни йўлдан озган  кимсалар  деб уларнинг (мусулмонларнинг) динига кирмоқчимисан”, деб васваса солади. Иккиланиб қолган Валид: “Ахир мен исломга кирмасам Аллоҳнинг азобига гирифтор бўламанку”, деганида ҳалиги мушрик унга: “Агар сен менга фалон миқдорда мол пул берсанг, сенинг барча гуноҳларингни охиратда ўз бўйнимга  оламан”, дейди. Унинг васвасига учган Валид диндан юз ўгиради ва ўзаро шартлашган молларидан бир қисмини ҳалиги мушрикка беради, аммо қолганини бахиллик қилиб бермай қўяди.             

     Қуръон ва пайғамбар ҳақида туҳмат ва хунук сўз айтувчилар, Валид ибн Муғийра билан якун топгани йўқ. Унга ўхшаш, унинг изидан борувчилар кейинги асрларда ҳам яшаб, ўз жиноятларини давом этказиб келганлари бўлди. Ҳатто йигирманчи аср ўша жиноятчиларнинг маъсияти кенг қулоч ёйган давр бўлди. Улар Қуръонга, пайғамбарга тош отишлик билан бирга ибодатхоналарни вайрон этишди. Баъзиларини отхона, молхона ҳамда ичкилик ичувчи нопок масканларга айлантиришди. Ҳатто Яратувчи Зотни инкор қилишгача бориб етди. Издошлари Валид ибн Муғийра каби ҳаёти-дунёнинг ўзидаёқ шармандаларча инқирозга юз тутганлари бўлди. Сохта ва товлама иш устида эканликлари фош бўлишда эса давом этмоқда.

- - -