Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ер юзидаги илк жиноят ёхуд саодатдан илк махрум бўлгувчи”

1746 Ko'rilgan Саодатдан маҳрум бўлганлар

“Ер юзидаги илк жиноят ёхуд саодатдан илк махрум бўлгувчи”

Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло Одам алайҳис-саломга жаннатдан чиқиб, ерга тушганда зурриёт неъмати билан ризқлантирди. Зурриётининг ичида Қобил ва Ҳобил ўртасидаги вақеа, илк жиноят содир бўлишининг қиссаси бўлиб, у Қуръони Карим орқали инсониятга маълум ва равшан қилинган.

(Эй Мухаммад), уларга Одамнинг икки ўғли ҳақидаги хабарни ҳаққирост тиловат қилинг. Ўшанда у иккови қурбонлик қилганларида (қурбонликлари)бировларидан қабул қилинган, иккинчиларидан қабул қилинмаган эди. Шунда у “қасамки сени ўлдираман”, деганида, биродари айтди: “Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур”.

(Моида; 27-оят мазмуни)

     Юқоридаги хабардан маълумки, илк жиноят – “одам ўлдириш” маъсияти, хасад ўтининг ёнишидан, бировдаги имкониятни кўролмасликдан келиб чиққанига ҳам эътибор бермоғимиз лозим бўлади. Ўз инисининг қурбонлиги мақбул бўлиши Қобилни хасадга етаклади. Хасад эса қотиллик сари алангалатди. Саодат сари одим қадам ташлаган кимса, қотилликка ҳам, хасадга ҳам йўл қўймай, Аллоҳга тақво қилган ҳолда мустаҳкам туради. Буни Ҳобил мисолида кўришимиз, англаб-идрок этишимиз мумкин.

     “Қасамки, агар сен мени ўлдириш учун қўл чўзсанг, мен сени ўлдириш учун қўл чўзувчи эмасман. Чунки мен бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқаман. Мен сени менинг гуноҳим ҳамда ўзингнинг гуноҳинг билан қайтиб, дўзах эгаларидан бўлиб қолишингни истайман. Золимларнинг жазоси шудир”

(Моида; 28-29 оятлар мазмуни)

     Гуноҳга шайланиб турган, қалби хасаду-кекка тўлган кимса, ўзига қилинаётган бебаҳо насиҳатга қулоғи кар бўлиб қолар экан. Қобил укаси томонидан айтилаётган сўзлардан етарли хулоса чиқармаган ва ўзи қилаётган жиноят шайтоннинг макри эканлигини-да идрок этолмаган.

     “Бас, нафси унга ўз биродарини ўлдиришни чиройли қилиб кўрсатиб (Қобил) уни ўлдирди ва зиён кўргувчилардан бўлиб қолди. Сўнгра Аллоҳ унга биродарининг мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер титадиган бир қарға юборди. У “менга ўлим бўлсин, мана шу қарғачалик бўла олмадимми биродаримнинг мурдасини ўзим кўма олмадимми?!” деб надомат қилгувчилардан бўлиб қолди. Ана ўша (фожиа) сабабли бани Исроил зиммасига (шундай фармонни) ёзиб қўйдик: кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда буғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса (яъни ўлдиришдан бош тортса), демак, гўё барча одамларга ҳаёт берибди. Уларга (бани Исроилга) пайғамбарларимиз мана шундай хужжатлар келтирдилар. Шундан кейин ҳам улардан кўплари ер юзида  (қон тўкиш билан) ҳаддан ошиб юргувчидирлар.

(Моида; 30-32 оятлар мазмуни)

     Илк жиноят “баёни” маълум бўлди. У – “қотиллик – одам ўлдириш” жинояти эканлиги, уни содир қилган кимса, зиён кўргувчилардан бўлиб, бутун инсониятни қатл этганлик маъсиятига эга бўлганлиги очиқ-равшан бўлди.

     Қотиллик жинояти ҳозирда энг ривож чўққисига чиққан жиноятлардан биридир. Арзимаган сўзни талашиб туриб, кичкина бир ашёни тортиб олишга интилиб туриб – одам ўлдириш гуноҳи содир этилмоқда.

     Жонни ато қилувчи Аллоҳ, уни жасаддан чиқишида ҳам Ўзигина уни олишга фармон қилишга Хақли эди. Аммо, қотиллар, ноҳақдан бировга суиқасд уюштирар экан, жуда оғир юкни кўтаришга жазм қилаётган бўлади экан. Табиий инсоний фитрат ҳатто бир махлуқ (яратилган) кимсанинг мулкида турган нарсани тортиб олишни – мазаммат қилинган ишлар қаторида санашга кўниккан. Одам ва ундаги жон Аллоҳ берган умр туфайли яшайди. У иккиси Аллоҳнинг омонатидир. Демак; кимки уни қатл этса, зулм қилган бўлиб, зулмига яраша жазоланишга мустаҳиқ бўлиб қолади. Шунинг учун бу жиноят ва унинг кирдикорларидан паноҳ беришини Яратган Зотдан сўраб, ундан четда юрмоқ зарур.

- - -