Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 2

Салама ибн Дийнор

1427 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 2

Салама ибн Дийнор

Ҳижрий тўқсон еттинчи йили мусулмонлар халифаси Сулаймон ибн Абдулмалик Дамашқдан Абул-анбиё бўлмиш Иброҳим алайҳис-салом айтган чақириққа лаббай дея муқаддас шаҳарлар сари йўлга тушди. Сулаймонда Равзаи-мутаҳҳаротда намоз ўқишликка бўлган завқ жуда нафсини эгаллаган эди. Пайғамбарга беражак салом ҳам унинг завқига шавқ қўшар эди. Халифа Сулаймоннинг карвонида қорилар, мухаддислар, фақиҳлар, уламолар, амиру-етакчилар ҳам бор эди. У Мадинаи-Мунавварага етиб келгач, унинг ҳузурига шараф ва хурмат эгалари зиёрат учун келиб, у билан кўришиб, саломлашиб кетишарди. Лекин Мадинанинг қозиси ва унинг илмига эҳтиёж сезиладиган ишончли имом бўлмиш Салама ибн Дийнор кўришгани ва саломлашгани келаётган одамлар ичида йўқ эди.

Сулаймон Ибн Абдулмалик ўзининг олдига келган зиёратчилар билан кўришиб бўлгач, ўтирганлар орасидаги баъзи ҳамсуҳбатларига деди:

  • Албатта нафслар маъданлар занглаб турганидек занглаб туради, агар гоҳ-гоҳида зикр қилиб турувчи ва занггини кетказиб турувчи топилмаса.

Айтишдики:

  • Ҳа, эй амирул-муъминин. Бу ерда Абу Хозим ал-Аърож борлар! (Саламани Абу Хозим деб кунялаш ҳам маъруф эди.)

Сулаймон деди:

  • Ким ўзи Абу Хозим ал-Аърож?

Айтдиларки:

  • Мадинанинг олими ва имоми Салама ибн Дийнордир. У киши бир қанча сахобаи-киромларни кўришга муваффақ бўлган тобеъинларнинг биридир!

Сулаймон деди:

  • Бизга уни чақиринглар, уни чақиришда илтифот қўрсатиб, ширинсуханлик қилинглар! Унинг ҳузурига боринглар ва уни чақириб келинглар!

     У етиб келганда, у билан кўришди ва ўзининг яқинига ўтқазди. Унга итоб этган ҳолда деди:

  • Эй Абу Хозим бу қандай жафо, қандай юз ўгириш?

Салама деди:

  • Эй амирул-муъминин мендан қандай жафо, юз ўгиришни кўрдингиз?

Сулаймон деди:

  • Одамлар мени зиёрат этишди, сиз эса зиёратга келмадингиз?

Салама айтди:

  • Жафо таниб, билувдан сўнг бўлади. Бугунгача сиз мени танимас эдингиз. Мен ҳам сизни кўрган эмасман. Мендан қандай жафо содир бўлиши мумкин?!

Сулаймон ҳамсуҳбатларига деди:

  • Шайх ўзининг узрини тўғри баён этди.

     Халифа эса ўзининг итоб-танбеҳида хато қилди. Сўнг у Абу Хозимга қаради ва иккаласининг ўртасида қуйидаги мулоқот бўлиб ўтди.

  • Эй Абу Хозим, дарҳақиқат нафсда аҳамиятли ишлар борки, уни сизга кўндаланг қилишни махбуб санайман.
  • Эй амирул-муъминин уни айтманг, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берувчи, мададкордир!
  • Эй Абу Хозим, нима учун биз ўлимни ёмон кўрамиз?
  • Чунки биз дунёйимизни обод айладик ва лекин охиратимизни хароб – вайрон қилдик. Бас, биз ободликдан харобликка чиқмоқликни ёмон кўрмоқдамиз.
  • Тўғри айтдингиз, эй Абу Хозим, кошкийди сиз биз учун эртага Аллоҳнинг ҳузурида не бўлишини айтсангиз эди !
  • Амалингизни Аллоҳ Азза ва Жалла китобига кўндаланг қилинг, ана ўшандан топасиз.
  • Аллоҳ Таъолонинг китобининг қаеридан топаман?
  • Унинг “Дарҳақиқат аброрлар (яхшилар) неъматлар ичидадир ва албатта фожирлар жахим ичидадир” (Инфитор; 13,14 таржимаси мазмуни) сўзидан топасиз.
  • Ундай бўлса, Аллоҳнинг рахмати қаерда?
  • “Албатта Аллоҳнинг рахмати мухсин (яхшилик қилувчи)ларга яқиндир!” (Аъроф; 56, оят таржимасининг мазмуни)
  • Кошкийди сиз менга айтсангиз, эртанги кун Аллоҳ Азза ва Жаллага қандай боришлик бор!
  • Мухсин кимса худди – ғойиб, йўқ бўлиб кетган кимсанинг аҳлига қайтиб келишига ўхшашдир. Аммо ёмонлик қилувчи кимса эса – қочувчи қул кабидирки, ўз хўжайинига оёғини судраб боради.

     Халифа Сулаймон йиғлади, ҳатто унинг товуши ошкор билинди. Йиғиси қаттиқлашди. Сўнг улар ўртасидаги савол-жавоб яна давом этди.

  • Эй Абу Хозим, биз қандай ислоҳ бўламиз, ўнгланамиз?
  • Ўзларингиздан такаббурликни даф этасизлар ва мурувватга бурканасизлар!
  • Мана бу мол, унинг ишида Аллоҳга тақво этишлик учун қандай йўл бор?
  • Агар ўз хаққи ила олсаларингиз, ўз аҳлларига берсаларингиз, тенглик ила тақсим қилсаларингиз, қўл остингиздагилар ўртасида адолат қила олсаларингиз!
  • Эй Абу Хозим, менга одамларнинг энг афзалроғининг хабарини беринг!
  • (Улар) мурувват ва тақво сохибларидир.
  • Эй Абу Хозим, сўзларнинг адолатлироғи қайси?
  • Кишининг қўрқиб турган кимсасига хақ сўзни айта олишлигидир. Агарки (хақ сўзни айтиш) ундан умид қилинаётган пайтда.
  • Эй Абу Хозим, ижобати тез дуо қайси?
  • Мухсиннинг мухсинлар учун қилган дуоси!
  • Афзал садақа қайси?
  • Моли оз кимсанинг ёмон аҳволга тушган фақирнинг қўлига миннат ва озор эргаштирмасдан берган нарсаси!
  • Эй Абу Хозим, одамларнинг энг зийраги ва ақллиси ким?
  • Аллоҳга тоат этишга эришган, унга амал қила олган, сўнг одамларни у (амалга) далолат этган кимсадир.
  • Одамларнинг фикрида ва ақлида фосидроғи, аҳмоқроғи ким?
  • Шеригининг ҳавойи нафси билан етакланадиган кимсадир. Унинг шериги золимдир. Охиратни дунё эвазига сотади.
  • Эй Абу Хозим биз билан ҳамроҳ бўлмайсизми...
  • Йўқ, эй амирул-муъминин!
  • Нега?
  • Сизларга озгина бўлсада суяниб қолишдан, бас (ўша суяниш эвазига) Аллоҳ менга хаёт ва ўлим ожизлигини тотдириб қўйишидан (яъни дунё машаққати ва охират азобини кўришдан) қўрқаман.
  • Эй Абу Хозим ҳожатингизни бизга кўндаланг қилинг!

Салама ибн Дийнор жим бўлиб, сукут сақлади. Жавоб қилмади. Сулаймон унга саволни яна такрорлади:

  • Эй Абу Хозим ҳожатингизни бизга кўндаланг қилинг, уни сиз учун албатта бажарамиз, не бўлишига қарамасдан!
  • Менинг ҳожатим – мени дўзахдан қутқариб, жаннатга киритишлигингиздир!
  • Эй Абу Хозим, у менинг қўлимдан келмайдиган иш!
  • Эй амирул-муъминин менинг ундан бошқа ҳожатим йўқ!
  • Эй Абу Хозим, менинг хаққимга дуо қилинг!
  • “Аллоҳумма ин кана абдука Сулайману мин авлийаика файассирҳу ила хойройид-дуня вал-ахироти ва ин кана мин аъдаика фа-аслихҳу ваҳдиҳи ила ма тухиббу ва тарзо” (яъни, Парвардигоро агар банданг Сулаймон сенинг дўстларингдан бўлса, уни дунё ва охират яхшилигига муяссар эт ва агар душманларингдан бўлса, бас уни ислох эт ва ўзинг яхши кўрган, ҳамда рози бўлган нарсага ҳидоят қил!)

Ўша ўринда ҳозир бўлганлардан бир киши:

  • Амирул-муъминин олдига кирганингиздан бери бу қадар ёмон сўз айтмаган эдингиз. Мусулмонлар халифасини Аллоҳнинг душманларидан дея, унга озор бериб қўйдингиз.

Абу Хозим айтди:

  • Балки сен ўзинг ёмон сўзни айтдинг! Дарҳақиқат Аллоҳ уламолардан хақ сўзнигина айтишга мийсоқ (яъни, аҳду-паймон) олган. У Зот Таъоло айтган: “Уни одамлар учун баён қилиб берасизлар ва уни яширмайсизлар!” (Оли, Имрон; 187, оят таржимаси мазмунидан)

Сўнг халифага қараб, деди:

  • Эй амирул-муъминин, биздан олдин ўтган умматлар хайрият ва офият ичида бўлишган. Чунки уларнинг бошлиқлари уламоларининг ҳузурида мавжуд бўлган нарсага (яъни, илмга) рағбат қилган ҳолда келишар эди. Сўнг эса одамларнинг эси паст, разилроғларидан бўлган қавм топилдики, улар илм ўргандилар ва бошлиқлари ҳузурига бориб, улар сабабли дунё нарсаларига эришиш учун интилдилар. Бошлиқлар уламолардан беҳожат бўлиб қолишди. Оёқ – ости бўлдилар, ожиз – заиф ҳолда қолиб, Аллоҳ Азза ва Жалланинг ҳимоясидан узоқлашдилар. Агар уламолар бошлиқлар ҳузуридаги нарсалардан зуҳд қилсалар эди, бошлиқлар уларнинг илмларига рағбат қилишар эди. Лекин улар бошлиқлар ҳузуридаги нарсага рағбат қилишди, (бошлиқлар эса) улардаги нарсадан (илмдан) зуҳд қилишди. Уларга (яъни бошлиқларга олимлар) аҳамиятсиз бўлиб қолишди.

Сулаймон деди:

  • Тўғри айтдингиз! Эй Абу Хозим мавъизангизни менга яна зиёда қилинг! Бирортасини сиздек оғзи ҳикматга яқинроқ бўлганини кўрган эмасман!
  • Агар сиз ижобат аҳлидан бўлсангиз, сизга айтган нарсаларим кифоя қилади. Агар сиз ундай аҳлдан бўлмасангиз, мен учун ипи бўлмаган камонда ўқ отишимдан нима фойда бор (яъни сизга бесамара кетадиган сўз айтишимга не ҳожат)!
  • Эй Абу Хозим, сиз менга тавсия этган нарсаларга қасд қилдим!
  • Ҳа, сизга келажакда яна тавсиялардан яна айтарман, қисқароқ – мухтасарроқ қиламан. Роббингизни улуғланг, сизни қайтарган ўринда кўришлигидан, амр этган ўринда топилмай қолишлигингиздан У Зотни пок тутиб (Ундан қўрқинг)!

     Салама ибн Дийнор хайрлашиб, жўнаб кетди. Унга халифа:

  • Сизни Аллоҳ яхшилик ила, насийҳатгўй олимдан қилиб мукофот берсин, дея кузатиб қолди.

     Абу Хозим уйга етай деб қолганда, амирул-муъминин унга бир ҳамёнда тўлдир дийнорлар жўнатиб, унга қўша мактуб йўллаган эди.

     “Уни инфоқ қилинг! Сиз учун унинг мисолидақа (дийнорлар) менда қўпдир!” дея, ёзилган эди. Салама ибн Дийнор уни қайтариб юборди ва у ҳам унга қўша мактуб йўллади. “Эй амирул-муъминин, менга берган саволингизни ҳазил бўлмоқлигидан ва сизга раддимни ботил ҳолда бўлишлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман! Аллоҳга қасамки, эй амирул-муъминин ана у нарса учун (яъни дийнорлар учун) сиздан рози бўлмайман! Менинг нафсим унга қандай рози бўлсин?! Эй амирул-муъминин, агар бу дийнорлар сизга сўзлаган сўзларим учун берилган бўлса, бас ўлимтик ва чўчқа гўшти музтар ҳолда ундан кўра мумкинроқдир! Агар менга мусулмонларнинг байтул- молидан берилган бўлса, бу ҳақ устида мени ва барча одамлар орасини тенг кўриб, тақсимладингизми?!” дея, у мактубда битилган эди.

     Салама ибн Дийнорнинг манзилгоҳи илм талаб қилувчилар учун ширин сув оқиб турувчи булоқ янглиғ маскан ҳисобланар эди. Ҳатто салоҳиятли қизиқувчилар учун ҳам. Бу ишда биродарлари ва шогирдлари орасида фарқ йўқ эди.

     Бир куни унинг олдига Абдуррохман ибн Жарир ўғли билан бирга кирди. Унинг ҳузурида ўтириб, иккови салом беришди ва унга дунё ва охират яхшиликларини сўраб дуо қилишди. Салама ҳам уларга чиройли салом қайтарди ва кўришди. Сўнг улар орасида сўзлашув бўлиб ўтди.

  • Эй Абу Хозим, қалбни уйғотишга қандай насиба берамиз?
  • Виждонларни тўғрилаш асносида гуноҳи кабиралар мағфират қилинади. Агар банда гуноҳларни тарк этишга ният қилса, қалб уйғонади, у фатх этилади. Эй Абдуррохман, дунёнинг келиши бизни кўп охиратдан машғул қилиб қўйишини унутма! Ҳар – бир Аллоҳга яқин бўлишликка элтмайдиган неъмат у – офат, балодир!

Абдуррохманнинг ўғли деди:

  • Шайхларимиз кўпдир, уларнинг қаси бирига иқтидо қиламиз?
  • Эй ўғилчам, ғойбда турганда ҳам ўзи ёлғизликда Аллоҳдан қўрқадиган ва айбга бурканиб олишдан иффат қиладиган кимсага иқтидо қилгин! Ўз нафсингни ёшлик кезлариданоқ салоҳиятда тута билиб, ундан қарилик чоғида ҳам умидини узмаганга эргашгин! Эй ўғилчам, қуёш чиқадиган кунда (яъни, ҳар куни) толиби илмга ҳавойи нафси ва илм йўлиқади. Сўнг у иккови (нафс ва илм) унинг кўксида хусуматлашиб, олишишади. Агар унинг илми ҳавойи-нафсини енга олса, унинг (ўша) куни унга ўлжа бўлади. Агар ҳавойи-нафси илмини енгса, унинг (ўша) куни унга ҳасрат ва надомат бўлади!

Абдуррохман ибн Жарир деди:

  • Эй Абу Хозим, бизни шукрга қизиқтириб, тарғиб этасиз, шукрнинг ҳақиқати нима ўзи?
  • Аъзоларимизнинг ҳар-бири учун бизнинг устида шукр қилиш учун хақ бор!
  • Икки кўзнинг шукри нима?
  • Икки кўз билан агар яхшиликни кўрсанг, уни ошкор этишинг, агар у иккиси билан ёмонликни кўрсанг уни пардалаб, беркитишингдир!
  • Икки қулоқнинг шукри нима?
  • Агар иккиси билан яхшиликни эшитсанг ёдда тутишлигинг ва агар иккиси билан ёмонни эшитсанг уни дафн этиб, кўмишингдир!
  • Икки қўлнинг шукри нима?
  • Сеники бўлмаган нарсани у иккови билан олмаслигинг – ушламаслигинг ва Аллоҳнинг хақларидан бўлган хақни у иккови билан манъ қилмаслигингдир! Эй Абу Абдуррохман, кимки тилидаги шукрни аъзолари ва қалби билан бирлаштириб қилмаслиги, гўёки кийими бор-у , лекин уни киймаган кишига ўхшайди. Ўша кийими билан на иссиқдан сақлана олади ва на совуқдан ўзини эҳтиёт қила олади!

     Бир йили Салама ибн Дийнор Рум мамлакатига уюштирилган фатхга қатнашиш учун мусулмонлар лашкари билан бирга сафарга отланди. Сафар асносида улар бир жойда тўхтадилар. Душманга йўлиқишдан олдин нафас ростлаб, дам олишни ихтиёр қилишди. Қўшинлар ичида Уммавийларнинг амирларидан бўлган бир етакчи бор эди. У Абу Хозимга элчи жўнатди, элчи келиб унга деди:

  • Дарҳақиқат сизни амир ҳузурига чорлаяпти. Сиз унга хадис ва фиқҳдан гапириб берар эмишсиз.

     Салама амирга мактуб битди. Унга шундай деб ёзилган эди: “Эй амир, мен аҳли илмни идрок этганманки, улар динни дунё аҳлига кўтариб бормаслар. Мени ўша ишни биринчи қилувчи (яъни амирлар ҳузурига ялтоқланиб борувчи) бўлишимни ҳоҳламайсан деб ўйлайман! Агар сени бизга ҳожатинг бўлса, бас ўзинг бизнинг олдимизга кел! Сенга ва сен билан бирга бўлганларга салом!”

     Амир унинг макубини ўқигач, унинг ўзи Саламанинг олдига келди, у билан саломлашиб, уни юқори ўринга ўтқазди.

  • Эй Абу Хозим, биз учун ёзган нарсага бир розимиз. Сизнинг ҳурмат ва иззатингиз бизнинг ҳузуримизда янада ортди. Бизга панду-насиҳат қилиб, ваъз айтингки, биз сиз учун яхшилик мукофотини сўраймиз!

     Абу Хозим унга ваъз қилиб, насиҳат қилишни бошлади. Жумладан у шундай деди: “Охиратда сен билан бирга бўлишликни яхши кўрган нарсага қара! Унга дунёда харис бўл! Ана у жойда (яъни, охиратда) бирга бўлишни ёмон кўрган нарсага қара! Ундан бу ерда (яъни, ҳаёти дунёда) зуҳд қилгин! Эй амир билгинки, сенинг ҳузурингда ботил ёйилса ва ботил ишдаги нарсаларга рағбат қилинса, сенга мунофиқлар йўлиқади ҳамда атрофингни ўраб олишади. Агар сенинг ҳузурингда хақ ёйилса ва хақ ишдаги нарсаларга рағбат қилинса, яхшилик аҳли сенинг атрофингни ўрайди ва сенга кўмак беришади. Ўз нафсинг ҳоҳлаганини энди танлаш – сенинг ихтиёриндадир”.

     Салама ибн Дийнор амалли ва бошқаларга панд-насиҳатли гўзал умр кечириб ўтдилар. Ўлим шарпаси келганда ҳам қуйидаги оятни такрор ва такрор ўқиб, жон берган эканлар:

     “Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга Рохман мухаббатни (барқарор) қилади”(Марям; 96, оят таржима мазмунидан)

- - -