Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий

1881 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий

Хижратнинг ўн тўртинчи йили муъминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу буйруғига биноан сахобалар ва тобеъинлар Басра шаҳрида қоим эдилар. Улар мусулмонлар лашкарларига янги шаҳардан Форс юртига аскарларни жамлашга ният қилган эдилар. Аллоҳ Азза ва Жалланинг йўлига чорлаш учун ва ерда Унинг калимасини олий этишлик учун чоғланган эдилар. Бу мусулмонлар жамланмасига араб ярим оролининг барча маконларидан, Нажддан, Хижоздан ва Ямандан навқирон – янги шаҳарга сафар қилиб келишар эди. Бу келаётганлар ичида Нажддаги Бани Тамим қабиласидан бўлган Омир ибн Абдуллоҳ ҳам бор эди. У ёш йигитча бўлишига қарамасдан, урушдан тушадиган ўлжалар учун ёки соф олтинларга эга бўлиш учун ёки дунёвий ҳожатлардан бўлган эҳтиёж учун эмас, балки Аллоҳнинг ризоси учун енг шимариб келган эди.

Бу вақтда Басрада сахоба Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу волийлик қилиб, ҳар томондан келган мусулмонлар қўшинига етакчи ҳамда имом, уларга устоз ва Аллоҳ йўлига чақирувчи муршид эдилар.

     Омир ибн Абдуллоҳ у кишини тинчлик пайтида ҳам, уруш пайтида ҳам, ҳоли пайтида ҳам, сафар пайтида ҳам лозим тутиб, этагини маҳкам тутардилар.

     Омир ибн Абдуллоҳ Мухаммад алайҳис­-саломнинг оғизларидан қандай тартил билан Қуръон тиловат этилган бўлса, ўшандай ҳолда Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан таълим олиб, ўргандилар. У кишидан яна Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг хадисларидан илм олиб, Аллоҳ Азза ва Жалланинг динидаги етук фақиҳга айланди.

     Басра масжидида одамлар жамланиб, Қуръон ўқиладиган зикр мажлисларида доим ҳозир бўлардилар. Ибодат чоғлари тик турган ҳолда, намоз ўқишда оёқлари толгунга қадар турардилар. Ибодатда лаззат ва ором ҳаловатларидан роҳатланардилар. Жанг майдонларида эса қиличларини яланғочлаб, Аллоҳ йўлида ғозийлик шарафини юқори тутардилар. Хаёти ичида беҳудаликка йўл қўймаган соф инсон эдиларки, у кимсани “Басранинг обиди ва зоҳиди” деб чақирардилар.

     Басра йигитларидан бири Омир ибн Абдуллоҳ билан бўлган воқеани хабарини айтиб берган эканлар:

     “Бир карвонда Омир ибн Абдуллоҳ билан сафар қилган эдим. Кеч киргач сувли чакалакзор ёнида тўхтаб, тунаш учун тушдик. Омир нарсаларини жамлади, отини дарахтга боғлаб, тизгинини узунроқ қилиб қўйди. Отининг олдига хашаклардан ташлади ва ўзи чакалакзорга кириб, узоқлаша бошлади. Мен ўзимга-ўзим дедим: “Аллоҳга қасаки, албатта мен унга эргашиб, тун қоронғусида чакалакзор чуқурликларида у нима қилишини кузатаман!”

     У юриб, кўзларга кўринмайдиган жойда тўхтади. Қиблага юзланди ва тик турган ҳолда намоз ўқий бошлади. Унинг намозидан гўзалроқ намозни, комилроқ ва хушуъга яқин ибодатни кўрмаган эдим. Аллоҳ ҳоҳлаганича намоз ўқиди, уни тамомлагач, дуо қилишга киришди. Аллоҳга муножот этар экан, унга қулоқ тутдим. У дерди: “Илоҳим, мени амринг учун яратдинг, бу дунёдаги Ўзинг ирода этган синов ва имтихон учун мени қойим қилдинг! Илоҳим албатта Сен Ўзинг билурсанки, мен учун агар бу дунё ва ундаги нарсалар меники бўлганда эди, Сенинг розилигинг учун у мендан “бергин!” деб, талаб қилинса, уни талаб қилувчи учун албатта берган бўлардим! Эй Рахмлиларнинг Рахмлироғи нафсимни тутишни насиб этгин! Илоҳим, дарҳақиқат мен Сени мухаббат ила яхши кўраманки, барча мусибатлар менга енгил бўлиб қолади ва ҳар-бир тақдиримдаги қазо менга розилик олиб келади!”

     У шу ҳолатда турганида, мени уйқу элтди. Мен уйқудан кўзимни очганимда, Омир ўз ўрнида намоз ва муножотда турар эди. Ҳатто тонг зоҳир бўлиб қолган эди...

     Бомдод намозини адо қилгач, яна дуога қўл очдилар:

     “Парвардигоро, дарҳақиқат тонг ёришди ва одамлар сенинг фазлингга интилиб, умид қилишликка киришдилар! Уларнинг барчаларини ҳожатлари бордир! Албатта Омирнинг ҳам сенга ҳожати борки, у – Сенинг кечириб, мағфират қилишлигингдир! Эй ҳурматлиларнинг ҳурматлироғи менинг ва уларнинг ҳожатларини раво айлагин!” дедилар...

     Омир ибн Абдуллоҳнинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, мана шу қилган дуолари атрофида баъзи мулоҳазаларга тўхталмоқчи бўлдик. Барча мириқиб, ором билан ухлаётган бўлса, Омир ибн Абдуллоҳ эса бедор бўлиб тоатда собит, қоим бўлдилар. Уни кузатаётган Басралик йигитнинг кўзи ҳам толиқди. Омирнинг кўзигина эмас, қалби ва бутун вужуди Хақ Таъолога бўйсунган, рукуъ, сужуд ва дуоларга шўнғиган эди. Тонг отди, у эса аввало ўзини эмас, балки одамларни эслаб, уларнинг ҳожатлари бор деб, ўзининг ҳожатидан уларнинг ҳожатларини муқаддам қўймоқда! Солиҳ инсоннинг, етук фақиҳ-олимнинг хулқи мана шундай худбинликдан йироқ ва олис бўлади!

     Худбинлик бугунги кунимизнинг энг ёмон иллатларидан биридир. Зиё аҳли худбин сўзининг маъносини шундай тушинтирадилар; “худ” – форсча сўз бўлиб, якка ва ёлғиз деган маъноларни англатади. Демак, “худбин” дегани, фақат “ўзим бўлсам”, “ёлғиз менгагина бўлса” дегани экан. Хаётни қарангки, аксар инсонлар худбинлик дардига мубтало бўлганлиги учун фақат ўзимга бўлса дея, на закотни на ушрни бермай, мискин, бева-бечораларнинг хаққини ўтамай, ўзининг фойдаси учунгина ҳаёт кечирадиган бўлиб қолдилар холос. Оч қўшниси, усти юпун қавму-қариндоши, совуқ кунларда аёзда қолаётган етимлар ғами уларни мутлақо безовта қилмай қўйди. Иссиқ печкалар ёнида, иссиқ ва лаззатли таомларни мазза қилиб танаввул қилиб ўтирадилару, қишлик кийими йўқ, совуқдан баданлари қақшаётган кимсалар билан ҳеч қандай корлари йўқ! Бу нарсаларку дунё матоҳларидир, аммо Омир ибн Абдуллоҳга назар солингки, у ибодатда бедор туриб, тунини ором билан ўтказган ўзга инсонларга дунё матоҳларини эмас балки, Хақ Таъолодан мағфират этишлик ҳожатларини кўндаланг этиб, ҳокисорлик билан уни сўрамоқда! Амалли олимлар ана шундай ўзларини ўйлашдан олдин жамиятни, ўзгаларни ўйлашликка интилган кимсалар бўлганлар! Беамал олим ҳам жоҳил инсонлар ҳам ҳар-бир ишда фақат ва фақат ўзларини ўйлайдилар ҳалос! Аллоҳ худбинликдан Ўз паноҳида асрасин!

     Омир ибн Абдуллоҳ рохимаҳуллоҳ уч нарсадан қаттиқ эҳтиёт бўлиб, Робб Таъолодан ўша уч нарсадан паноҳ сўраган эканлар.

  1. Аёллардан. Чунки аёл фитнаси ва макри ҳар қандай тўғон ва қалқонларни парчаловчидир. Зеро суюкли пайғамбаримиз ўзидан сўнг “энг зарарлироқ фитна” деб, айнан аёлларни зикр этганлар.
  2. Ибодат ва тоат чоғида ухламасликни. Ибодатни ялқовлик, дангасалик қанчалик тўсса, уйқу ҳам унданда қаттиқроқ тўсиб қўяди. “Мушкотул-масобих”да келтирилган хадисда: “Уйқу ўлимнинг биродаридир...” дея баён этилган. Уйқу ўз вақтида бўлиши зарурдир, лекин амалда, айниқса Хақ Таъолога ибодат пайтида асло мумкин эмас!
  3. Аллоҳнинг ўзидан бошқа ҳеч кимдан қўрқмасликни. Омир: “Османда-ю, ерда У Зотдан бошқа ҳеч нарса мени қўрқита олмайди”, дея Аллоҳга қасам ичганлар.

    Омир ибн Абдуллоҳ жуда камтар ва сахий кимса ҳам бўлганлар. Бунга сиз қуйидаги воқеадан ҳам амин бўласиз!

     “Бир сафар чоғи Омир одамлар орасида уларга шундай дея, мурожаат қилди:

  • Сиз менга уч нарса имкониятини берсаларингиз, мен сизларга ҳамроҳ бўламан! Агар унамасангизлар йўқ!
  • Нима экан, ўша уч нарса, дейишди.
  • Биринчиси; сизларга ходим-хизматчи бўлай, бирортаси хизматимни қўлимдан олиш учун талашмасин!

 Иккинчиси; муаззин бўлай, намозга азон айтишда бирортаси мен билан талашмасин!

 Учинчиси; тоқатим етганича сизларга инфоқлар қилай!

  • Ҳа, унга қўшиламиз, дея жавоб қилишди”.

    Омир ибн Абдуллоҳ жанггоҳларда жуда шижоатли ва жасур эдилар. Жанг оғирлашиб, талофатлар кўпайса ҳам у кишининг қалбида хавф ва чекиниш бўлмас эди. Ўлжалар тақсим этилаётган вақтда эса, оз нарса берилса ҳам рози бўлиб, ҳеч нарсага тамаъ қилмас эдилар. Тақсим пайтида ўлжага иффатли туришликда бирортаси Омир ибн Абдуллоҳдек иффат эгаси бўла олмас эди.

     Қуйидаги воқеадан у кишининг ҳаё ва иффат эгаси эканлигига, дунё матоҳлари, жанггоҳ ўлжаларидан нафси поклигини ўқиб, кўзингиз намланиб, ажойиб туйғуни сезасиз деган умиддамиз!

     “Бу воқеа Ироқдаги Қодисия деган жангда, форслар мағлуб бўлгач, ўлжалар жамланган вақтда содир бўлган. Сахобалардан етакчи бўлган, қўмондон Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Кисронинг саройига тушдилар. Бу сарой Эрон мамлакатининг йирик саройи эди. Қўмондон Амр ибн Муқоррин деган кимсага ўлжаларни жамлашни ва уни ҳисоблаб бешдан бир қисмини мусулмонларнинг Байтул-молига жўнатишни амр этди. Қолганини эса жанг иштирокчиларига тақсим этишни буюрди.

     Ишчилар бу ўлжаларни ҳисоб-китоб қилиб турганларида одамларнинг нигоҳи сочлари пахмайиб кетган, чанг-ғуборга бурканган кимсага тушди. У икки қўли билан оғир вазндаги юкни кўтариб келаётган эди. У киши олиб келгандек юкни бирортаси олиб келган эмас эди. Агар бутун жамланган нарсани солиштириб кўрилса, у киши олиб келган нарса мисолидек нарса улар ичида мавжуд эмас эди. У олиб кирган нарса дур ва жавоҳирларга тўла энг яхши нарсалар эди.

     Одамлар ундан суриштира бошлашди:

  • Бу қимматбаҳо хазинани қаердан қўлга киритдинг?
  • Жанггоҳнинг фалон еридан ўлжа қилиб олдим.
  • Ундан бирон нарса олдингми?
  • Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин! Аллоҳга қасамки, албатта мана бу ҳақ ва Форсларнинг барча мулки менинг наздимда тирноқчалик қадри-қиймати йўқдир! Агар мусулмонларнинг Байтул-молининг ҳаққи бўлмаганида эди уни ердан қўзғотиб, кўтармаган ва сизларнинг олдингизга уни олиб келмаган бўлардим. (Яъни, менга бу ўлжани кераги йўқ, ундан ўз улушимни олиш учун ҳам олиб келмадим!)
  • Сени Аллоҳ иззат-икром қилсин! Кимсан ўзинг?
  • Аллоҳга қасамки, сизларга хабар бериб, ўзимни таништирмайман! Чунки мени мақтаб, олқишлайсизлар. Сизлардан бошқага ҳам хабар бермайман! Лекин мен Аллоҳ Таъолони мақтаб, хамд айтаман ва унинг савобига умид қиламан!

     Сўнг у киши нарсаларни ташлаб, ўзи кўздан ғойиб бўлди. Бир кишига унга эргашиб, ким эканлигини аниқлаб келишга буюрдилар. Тайинланган киши уни излаб, топиб унинг ортидан тушди. Уни сўраб-суриштирди ва ниҳоят у кишининг танишларидан у ҳақида сўраганда, улар:

  • Уни танимайсанми?! Албатта у – Басранинг зоҳидидур! Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамиймийдир! дейишди.”

     Омир ибн Абдуллоҳ рохимаҳуллоҳ ўзи хавфсираб юрадиган бир нарсанинг ҳақиқатини айтиб ўтган эдилар. У киши: “Албатта мен пушаймонлик фойда бермайдиган пушаймонлик-надоматдан қўрқаман”, деган эдилар.

     Яна Омир ибн Абдуллоҳ айтардиларки: “Агар нажот топсам, у Аллоҳнинг рахматидандир! Агар дўзахга кирсам, у менинг нуқсон-камчилигимдандир!”

     Алқама деган кимса Омир ибн Абдуллоҳ ҳақида шундай деган эканлар:

     “Зуҳд қилиш саккиз кимсада ниҳоясига етган. Уларнинг аввалида Омир ибн Абдуллоҳ ат-Тамимий туради”. Алқама ўзи яшаган вақтдан келиб чиқиб, Омирни энг зуҳд қилувчи эканлигига далолат қилган бўлса ажаб эмас!

     Озор кўришда ҳам, бировларга кўмак беришда ҳам Омир ибн Абдуллоҳ илғор кишилардан эди. Кунлардан бир куни Басра миршабларидан бири аҳли зиммадан бўлган бир кишини бўйнидан судраб кетарди. Зиммий эса одамлардан ёрдам сўраб:

  • Мени қутқаринглар, Аллоҳ сизларни қутқаради! Набийларингиз зиммасидаги кимсани қутқаринг, эй мусулмонлар жамоаси, деб қичқирарди.

Омир унга юзланиб, деди:

  • Жизянгни адо қиласанми?
  • Ҳа, адо қиламан! деди зиммий.

Омир унинг бўйнидан тутган кишига бурилиб:

  • Ундан нима истайсан? деди.
  • У мен билан бирга боради ва Миршаб боғини тозалайди, деди.
  • Нафсинг бу амални яхши кўряптими? дея зиммийдан сўради Омир. У эса:
  • Йўқ, ана бу иш ҳолимдан тойдиради ва оиламга тирикчилик қилишимдан тўсади, деди.

Омир кишига қараб:

  • Уни қўйиб юбор! деди.
  • Қўйиб юбормайман, деди миршаб.

Омир ибн Абдуллоҳ зиммийнинг ридосидан тутиб туриб, деди:

  • Аллоҳга қасамки Мухаммад (алайҳис-салом)нинг зиммийлар устидаги аҳдни то тирик эканман буздириб қўймайман!

     Сўнг одамлар жамланиб, Омирга ёрдам бердилар ва зиммийни халос этдилар.

     Бу воқеадан сўнг миршабнинг ёрдамчилари Омир ибн Абдуллоҳга туҳмат қилишиб, уни тоатдан четланиб, аҳли сунна вал-жамоъани тарк этган дейишди. Улар даъво қилдиларки:

“У аёлларга уйланмайди, хайвонлар гўштини емайди, амалдорлар мажлисида бўлишдан ўзини олий тутади”. Юқоридаги даъво ҳатто амирал-муъминин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ҳам етказилди. Халифа Басра волийсига Омирни чақиришликни ва унга тақалаётган даъволарни суриштириб, билишни амр этди. Басра волийси Омир ибн Абдуллоҳни чақиртирди ва деди:

  • Албатта амирул-муъминин менга тайинлаб, сизга тақалаётган даъволарни сўраб чиқишимни буюрган эди.
  • Амирул-муъминин сизга буюрган нарсани сўрайверинг!
  • Нега сиз Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатидан воз кечиб, уйланишликдан бош тортмоқдасиз?
  • Мен Набий алайҳис-солоту вас-салам суннатидан воз кечиб, уйланишни тарк этганим йўқ. Дарҳақиқат мен гувоҳлик бераманки, раҳбонийлик (аёлга уйланишни ман этиш қоидаси) исломда йўқдир! Фақатгина мен аёл нафсимга ғолиб келиб, Аллоҳ йўлидан ва Аллоҳга бўладиган мухаббатдан чалғитиб қўярмикин деган хавфдаман холос.
  • Нега гўшт истеъмол қилмайсиз?
  • Унга иштаҳам бўлса ва уни топа олсам ейман-да! Агар иштаҳам бўлмаса ва уни тополмасам, уни емайман!
  • Нега пишлоқ емайсиз?
  • Пишлоқ таёрланадиган минтақа мажусий (ўтпараст)ларникидир. У қавм сўйилган ва ўлаксани ажрата олмайдилар. Мен пишлоққа сўйилмаган ўлаксанинг моддасидан қўшиб қўйилишлигидан қўрқаман. Агар мусулмонлардан бўлган икки гувоҳ сўйилинган (шаръий) ҳайвондан пишлоқ таёрланади, деб гувоҳлик беришса, уни истеъмол қилавераман!
  • Нега сиз амалдорлар мажлисида ҳозир бўлмайсиз?
  • Сизларнинг эшикларингиз остонасида кўплаб ҳожат талаб этувчилар туради. Ана ўшаларни ўз ҳузурларингизга чорлайверинглар! Уларнинг ҳожатларини ўтайверинглар! Сизларга эҳтиёжи йўқ кимсани эса, тарк этинглар!

     Омир ибн Абдуллоҳнинг сўзлари амирул муъминин Усмон ибн Аффонга етказилгач, у киши тоатдан ва аҳли сунна вал-жамоъадан чиқмаганлиги тасдиқ этилди. Лекин у кишига бўлган ёмонлик олови ўчмади. У кишининг атрофида ҳар-ҳил миш-миш ва иғво гаплар айлана бошлади. Фитна фасодлаша бошлади. Усмон розияллоҳу анҳу Омир ибн Абдуллоҳни Шом ўлкасига кетишга амр этдилар ва ўша жойни қароргоҳ тутиб яшашга буюрдилар. Шом волийси Муовия ибн Абу Суфёнга эса Омир ибн Абдуллоҳни яхши кутиб олишни ва ҳурматини жойига қўйишни тайинладилар.

     Басра шаҳридан жўнаб кетадиган куни Омир ибн Абдуллоҳнинг биродарлари, шогирдлари ва кўп одамлар у билан видолашгани чиқдилар. У кишини кузатиб, шаҳар чеккасига қадар бордилар. Ана шу жойда Омир:

  • Мен дуо қиламан, сизлар менинг дуойимга “омийн” деб туринглар, деди. Одамлар у кишини кўриш учун бўйинларини чўзардилар, ҳаракатларини секинлатиб, унга кўзларини қадардилар. Омир ибн Абдуллоҳ икки қўлларини дуога очиб, илтижо қила бошладилар:
  • Парвардигоро! Ким менга туҳмат қилиб, менга ёлғон тўқиган бўлса, мени шаҳримдан чиқаришга ва мен билан дўсту-ёронларим ўртасини ажратишга сабаб бўлган бўлса, ўша кимсани эй Аллоҳим, мен кечирдим, сен ҳам авф этгин! У кимсага динида ва дунёсида офият бергин! Мени, у кимсани ва жамики мусулмонларни Ўз рахматинг ва авфинг ҳамда эҳсонинг ила ўрагин, эй Рахимлиларнинг Рахимлироғи!

     Дуо қилиб бўлгач, уловини Шом тарафга йўналтириб, жўнаб кетдилар.

     Нақадар ажойиб хислат эгалари бўлган, бу уламо ва фузало аҳли!!!

     Омир ибн Абдуллоҳ ўша гўзал хулқ сохиблари бўлмиш уламо ва фузалодан биридир. Ўзига озорларни раво кўрган, тухмат-бўхтонларни ёғдирган, туғилиб ўсган диёридан чиқишга, дўсту-яқинларидан ажрашга сабаб бўлган бетавфиқ инсонга Хақ Таъолодан кечирув ва офият сўраш – нақадар юксак аҳлоқдан далолатдир! Чуқур илм ва унга амал қилишдек шарафга эга бўлган кимсагина бундай сифатга эга бўла олади! Уламо ва фузало аҳлидан бўлган Омир ибн Абдуллоҳнинг Басрани тарк этишидаги ҳол, иймон насибасига мустаҳиқ бўлган кимсада, албатта қалбига шарафли инсонлардан таъсирланишни ва кўзига эса намлик келишни тақозо этади!

     Омир ибн Абдуллоҳ қолган умрларини Шом юртида ўтказдилар. У Байтул-Мақдис, яъни Масжидул – Ақсони ихтиёр этиб, ўша ерда истиқомат қилдилар. Шом амири Муовиядан кўп яхшилик ва ҳурматга сазовор бўлдилар. Омир ибн Абдуллоҳга ўлими олдидан касаллик етганида, унинг ҳузурига биродарлари келишди ва уни йиғлаган ҳолда топишди.

  • Нега йиғлайсиз? Сиз шундай ҳолдасизки, дея унинг тақвоси ва салоҳиятига ишора этишди.
  • Аллоҳга қасамки, мен дунёга қизиққаним ва ўлимдан қўрқаётганим йўқ! Сафар узоқлиги (тайёрланган) зод озлигидан йиғлаяпман! Дарҳақиқат мен тепаликлар ва чуқурликлар орасида бўлдим. Ё жаннатга бориш бор, ё дўзахга! Мен икковидан қайсинисига киришимни билмайман!

     У киши тилини ва нафсини Аллоҳнинг зикрига бурдилар. Икки қибладан бири бўлиб турган, уч харамдан бири ва пайғамбар Исро кечаси сафар этган ўринда Омир ибн Абдуллоҳ бу дунё билан видолашдилар. Аллоҳ у кишини ва барча ислом фидойиларини мунаввар этсин, абадий жаннатларда юзини ёрлақасин, амийн!!!

- - -