Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

Мухаммад ибн Сийрин

1781 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

Мухаммад ибн Сийрин

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Сийринни қулликдан озод қилгач, Сийрин уйланиб, турмуш қуришни ният қилди. Унинг ўз касбидан файзли фойда, кўп яхшиликлар келди. У моҳир мисчи бўлиб, қозон идишлари ясарди. Унинг ихтиёри Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг чўриси бўлган Сафиййага тушган, уни никоҳига олишни истарди. Сафиййа – зиё юзли, закий қалбли; ажойиб ҳислатларни ўзига жам этган қиз эди. Мадина аёлларидан кимки уни таниса, уни жуда яхши кўрарди. Уни ҳаттоки пайғамбарнинг завжалари ҳам қаттиқ яхши кўрардилар. Айниқса, уммул-муъминин Оиша розияллоҳу анҳо мухаббатлари зиёда эди.

Сийрин Абу Бакр Сиддиқнинг ҳузурларига келиб, жорияси Сафиййани никоҳлаб беришларини сўрарди. Анас розияллоҳу анҳу ҳам:

  • “Эй муъминлар пешвоси уни никоҳлаб, завжа қилиб беринг! Машаққат бўлишидан у (Сафиййа)га қўрқманг. Мен у (Сийрин)ни хулқи рози бўлинган, сахих дин эгасидан, деб биламан...” дедилар.

     Абу Бакр Сиддиқ рози бўлдилар ва Сафиййани Сийринга бердилар. Гўёки шафқатли ота суюкли қизига эътибор бергандек, яхшиликни қасд этдилар ва чиройли қилиб тўй-валиймани ўтказдилар. Бу валиймага кибор саҳобалар ҳам шоҳид бўлдилар. Уларнинг ичида мартабали бўлган ўн саккиз нафар “Бадр қатнашчилари” ҳам бор эди. Ҳатто, ваҳий котиби бўлган Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ҳам келган эди. У кишининг қилган дуоларига ҳозир бўлганлар “амийн” деб туришди. Пайғамбарнинг уч нафар завжалари келинчак Сафиййани ясантириб, зийнатладилар. Мана шундай баракотли жуфтлар оиласида биз сўз юритаётган – Мухаммад ибн Сийрин таваллуд топдилар.

    Бечораҳол ва мискин оилаларни сийлаш, уларга яқиндан мурувват кўрсатиш - сахобаларнинг энг кўркам ҳислатларидан бўлган. Ўрганган юқоридаги сатрлардан аён бўлдики, сахобалар қийналган хонадонларга кўмак тарзида валима қилиб бердилар ва ўзлари бош-қош бўлдилар. Бизларда эса фақир инсонларни қўлловга олиш нарида турсин, ҳатто уларнинг одми дастурхонига ташриф буюриш, улар билан бирга ўтириш ва борди-келди қилиш ҳам унут бўладиган мақом томонга кетиб бормоқда! Аллоҳнинг Ўзи бу оқибатсиз кўринишдан сақласин!  

     Мухаммад ёш кезларидаёқ тақво ва миск сингари анқиган ислом муҳитида улғайдилар. Сахобаларнинг баъзиларини кўришга, улар билан сухбат қуришга муяссар бўлдилар. Булардан: Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Имрон ибн Хусайн, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум. Тўлиқ имконият, ажойиб зеҳн билан у сахобалардан ҳикмат ва илм орқали Аллоҳнинг Китобини, фиқҳни, хадисни таълим олдилар. Сўнг оилалари билан Басрага жўнадилар ва ўша ерни маскан тутдилар. Ўша кезлари Басра янги ва навқирон шаҳар эди. Умар Форуқ халифалигининг охирларида мусулмонлар истиқомат этардилар. Басра – таълим ва динга Ироқ ва Форс аҳллари киришга интилаётган шаҳар ҳисобланарди.

     Мухаммад ибн Сийрин Басрадаги ҳаётини икки важҳга тақсим этдилар. Бири – илм ва ибодатга, иккинчиси эса – касб ва тижоратга ажратган эдилар. Субх бўлиб, дунё олами ёришаётган вақтда Басра масжидида ўзи таълим олар ва илм тарқатар эдилар. Кундузи эса бозорга бориб олди- сотди қилар эди.

     Кеч киргач уйининг мехробига ўтириб, Қуръон жузъларига ўрганиш учун киришиб, уни тиловат этар, Рохмандан хавф қилганидан қалб ва кўзи ила йиғлаб ўтирардилар. Аҳли хонадони ва яқин қўшниларидан унинг ўкинчли йиғисини эшитганларнинг қалбларида унга нисбатан меҳр-шафқат уйғонарди.

     Бозорда юрган кезларида одамларга охиратни эслатардилар. Аллоҳга муқарраб этажак амалларга иршод этардилар. Мажоро ва талашувга тушиб қолган кимсаларнинг ораларини ислоҳ қилардилар. Аллоҳ Азза ва Жалла у кишига хойр аҳлининг ҳайбатини берган эди. Одамлар ибн Сийринни бозорда кўриб қолсалар, ғофиллари анча танбеҳлар олиб, ғафлатдан уйғонарди ва Аллоҳни зикр этиб таҳлил ва такбир айтиб юборишарди.

     Амалий сийратида одамлар учун яхши кўзгу эдилар. Тижоратида икки иш рўбарў бўлиб қолса, динига мос ва ишончлисини олардилар. Гарчи танлаган иши дунёсига зарар ва касод олиб келса ҳам.

     Дин сирларининг нозикликларини теран фаҳмлаганликлари ва назарий эътиборининг кучлилигидан одамлар кўз ўнгида ғаройиб ҳисобланмиш амал устида бўлар эдилар. Бир куни бир киши ёлғон даъво билан икки дирҳамни зиммасига қарз эканлигини баён этди. Аммо Мухаммад ибн Сийрин икки дирҳамни беришдан бош тортдилар. Шунда ёлғон даъво қилувчи:

  • “Қасам ичасизми (ўша икки дирҳамни олмаганинггизга)?” деди. У Мухаммадни икки дирҳам учун қасам ичади деб ўйламаган экан.
  • “Ҳа, қасам ичаман у (у дирҳамни олмаганим)га!” дедилар.

     Даъвогар айтдики:

  • “Эй Абу Бакр (кунясини эътибор қилган) икки дирҳам учун қасам ичасизми? Сиз кечаги куни шубҳаланган қирқ минг дирҳамни тарк этган эдингиз, аммо сиз шубҳа этган иш бирортасини шубҳалантирган эмасди”
  • “Ҳа, қасам ичавераман (олмаганимга), чунки мен уни-икки дирҳамни харом қилиб олишни истамайман ва биламанки у (ни сендан олиб қайтармасдан юришим) харомдир!” дедилар.

     Мухаммад ибн Сийрин рохимаҳуллоҳ мажлислари хайрли гўзал, хикматли ва таъсирли эди. Агар бир одамни ҳузурларида ёмонлиги зикр қилиниб қолса, унинг яхши қилган ишларини эслашга шошилар эдилар.

     Бир куни бир кимса Хажжожни вафот этгандан сўнг сўкди. Ибн Сийрин унга юзланиб:

  • “Унингни ўчир! Эй биродаримнинг ўғли! Албатта Хажжож Роббисининг ҳузурига кетди! Сен дунёда ҳақир санаб, қилган кичик гуноҳ – Хажжож ножўя қилган улуғ гуноҳдан қаттиқроқ ҳолда топасан! Икковингизнинг, ҳар – бирингизнинг у Кунда машғул қилиб қоладиган иш бордир!

Эй биродаримнинг ўғли билгинки, албатта Аллоҳ Азза ва Жалла Хажжождан қилган зулмларига жазо бергани каби Хажжожга зулм этганларни ҳам жазолагай! Сен ўз нафсингни бугундан кейин бировни сўкиш билан машғул қилма!” деган эдилар.

     Тижорат учун сафарга кетаётган кимса хайрлашгани келса, унга насиҳат қилиб, айтар эканлар:

  • “Эй биродаримнинг ўғли, Аллоҳ Азза ва Жалладан қўрққин! Сенга тақдир қилинган нарсани фақат ҳалол йўл билангина излагин! Билгинки, агар сен ҳалол бўлмаган йўлдан ризқ изласанг, сенга тақдир этилгандан ортиғига барибир эришолмайсан!”

Аллоҳ Мухаммад ибн Сийриннинг охиратларини обод айласин!

- - -