Улуғ насиба ворислари » Улуғ насиба ворислари 1

Хасан Басрий

2466 Ko'rilgan Улуғ насиба ворислари 1

Хасан Басрий

Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳо ҳузурига жорияси Хойро кўз ёргани, ўғил фарзанд туққани хушхабари келди. Уммул муъминин ғоят мамнун ва шод бўлдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳо туғилган чақалоқни ва унинг онасини ўзининг олдига олиб келиш учун элчи жўнатишга шошдилар. Ҳатто жориясининг нифосини ҳам ўз уйида чиқаришлигини ҳоҳладилар. Умму Салама онамиз наздларида Хойро эътиборли ва мукаррама аёл сифатида қалбларидан ўрин олган эди. Умму Салама жорияси Хойро туққан гўдакни бетоқатлик ва шавқ билан кўришга ошиқар эди.

Оз фурсат ўтиб, Хойро чақалоғини кўтариб, Умму Салама онамиз ҳузурларига кириб келдилар. Умму Салама розияллоҳу анҳонинг кўзлари чақалоққа тушгач, нафсларини хушчақчақлик ва шодлик эгаллади. Кичкина чақалоқ юзининг хусни гўзал, ташқи кўринишлари кўрувчи одамга чиройли кўринадиган сувратда бўлиб, унга қаровчининг қалбини забт этарди. Жориясига юзланиб, ундан сўради:

  • Эй Хойро! Болангга исм қўйдингми?
  • Йўқ! Эй онажон, ҳали қўйганимча йўқ! Исмлардан ҳоҳлаганингизни қўйсин дея, исм қўйишни тарк этган эдим. Унга исм танлаш ихтиёри­ сизда!

Шунда Умму Салама онамиз айтдилар:

  • Аллоҳнинг барокоти ила уни “Хасан” дея номлаймиз!

Сўнг икки қўлларини кўтардиларда, у учун солих дуо қилдилар.

     Хойро солиҳа оналардан эди. Фарзанд кўргач, гўзал ният ила исм қўйишни пайғамбаримизнинг завжаи мутаҳҳоротларидан бўлган Умму Салама онамизга қолдирдилар. Яхши хонадон аҳлига ҳавас қилиш Хойрода пайдо бўлган рағбат эди. Ўзи чўри бўлсада, фаҳмлаш ишида ҳур кимсалардан фарқ қилмас эди.

     Хасан туғилганига бўлаётган бу хурсандчилик уммул-муъминин Умму Салама розияллоҳу анҳо уйидагина ниҳоя топмади, балки унга Мадина уйларидан бўлган бошқа хонадонда ҳам бу таваллудга шодлик ҳамнафаслиги қўшилган эди. Бу хонадон – Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиби бўлган, улкан саҳобий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу хонадони эди. Чунки чақалоқнинг отаси бўлмиш Ясор Зайд розияллоҳу анҳунинг хизматчиларидан эди. Ясор одамлар ичида Зайдга азиз ва ҳурматлироқ кимсалардан бўлиб, унга суюкли киши эди.

     Хасан ибн Ясор, кейинчалик Хасан Басрий номи билан машҳур бўлган. У Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам хонадонларидан бўлган бир уйда ўсиб, улғайдилар. Умму Салама онамиз уни ўзлари тарбия этдилар.

     Шу ўринда Умму Салама онамиз тавсифлари борасидаги маълумотларга диққатимизни қаратиб ўтамиз. У аёлнинг ўзининг асл номланиши Ҳинд бинту Суҳайлдир. У араб аёллари ичида ақлда, фазилатнинг ортиқлигида ва қатъият, матонатда кучли аёллардан эдилар. Пайғамбар алайҳис-салом завжалари ичида илмда ва хадис ривоят этишда кенг илм эгаси бўлганлар. Пайғамбардан уч юз саксон еттита хадис ривоят қилганлар.

     Кўпинча Хойро, яъни Умму Хасан уйдан Умму Салама онамизнинг баъзи юмушларини бажариш учун чиқиб кетсалар, эмизикли Хасан очликдан йиғлардилар. Йиғи кучайиб кетса, Умму Салама розияллоҳу анҳо уни хоналарига олиб кириб, кўкракларини у чақалоққа тутардилар ва онасининг йўқлигини билдирмай, овунтириб турардилар. Бу нақадар бахтки, онаси йўқлигида барчамизнинг онамиз бўлмиш Умму Салама онамиз қўлида қолиб, унинг меҳрига ва қаровига сазовор бўлса!

     Умму Салама онамиз уйларига бошқа оналар (пайғамбар алайҳис-салом аёллари) нинг яқинроқ бўлгани учун, Хасан ўша уйларнинг барчасига қатнаб турардилар. Хонадон соҳибаларининг, пайғамбар завжаларининг тарбиялари билан ахлоқланиб, гўзал хулқ эгаси бўлишга эришдилар. Хасан бу хонадонларни ғайратли ҳаракати билан ва шодон ўйини билан тўлдириб турарди. Муъминлар оналарининг уйида ёш болалик табиатига ҳос шўхликлар қилар, уй шифтларига қўлини етказиб, сакраб ўйнар эди. Нубувват хонадонларида эркин нафас олишдек, бахтли онларни бошидан кечирди. Анави жозибали мухит ҳавосидан тўйиб-тўйиб ёшлик кезларини ўтказди.

     Жаннатга биринчи бўлиб киражак кимса - Мухаммад алайҳиссаломдир! Жаннатга аввал кирувчи инсоннинг хонадонларида униб,  улғайиш барчага ҳам насиб бўлаверадиган иш эмаслиги ҳаммамизга аён! Ундан ташқари Хасан Басрий сахобаларнинг киборлари қўлларида шогирдлик қилишга насибадор бўлган, фазилатли инсонлар жумласидандир. У киши Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Абу Мусо ал-Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик ва Жобир ибн Абдуллоҳ сингари сахобалар (розияллоҳу анҳум)лардан тахсил олишга муваффақ бўлганлар. Айниқса Али розияллоҳу анҳуга қаттиқ мухаббат қўйган эдилар. У кишининг диндаги салобатига, ибодатдаги Аллоҳга қаттиқ боғланувига, дунё зийнатлари ва гўзаллигидан зуҳд қилишига жуда ҳам завқ билан қарардилар. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ёғду янглиғ баён этишига, етук-балоғатли ҳикмат ишлатишига, пурмаъноли сўзларига ва қалбларни тебрантирадиган мавъизаларига мафтун бўлардилар. У кишининг тақво ва ибодатидаги ахлоқларига хос хулқландилар. Баён этишликда ва фасохатда у кишининг изидан бордилар.

     Ўн тўрт ёшларида ота-онаси билан бирга Хасан Басрий Басра шахрига кўчиб келдилар ва у ерда оиласи билан қарор топдилар. Мана шу жойга муносиб равишда, Басрий (Басралик) деб юритилдилар. Одамлар орасида ҳам Хасан Басрий дея машҳур бўлиб, танилдилар.

     Ўша вақтларда Басра шаҳри ислом давлатининг илм қалъаларидан бўлган улкан қалъа вазифасини ўтарди. У ерда улуғ бир масжид бўлиб, унга келаётган кибор сахобалар ва тобеъинлар жилоси сабабидан у жой мавжланиб турарди. Илм халқаларидаги турли илм сабоқлари масжид ва намозгоҳни обод этарди.

     Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ масжидни лозим тутдилар ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу халқасидан ўрин олиб, “умматнинг сиёҳи” бўлмиш у сахобадан тафсир, хадис ва қироатдан таълим олдилар. У кишидан бошқалардан ҳам таҳсил олдилар. Фиқҳ, луғат ва адабдан илм ўргандилар. Ҳатто, ишончли ва жамловчи фақиҳ-олим бўлиб етишдилар.

     Хасан Басрийнинг атрофига ҳам одамлар жамлана бошлади. Улар унинг мавъизаларига жим ўтириб, қулоқ солишар, қотган қалблари юмшаб, осийлик кўз ёшлари ёноқларига оқиб тушарди. Унинг юриш-туришидан ўрнак-ибрат олишга интилишарди. Гўёки у миски анбардан-да хушбўйроқ эди, улар учун!

     Хасан Басрий довруғи ва амаллари шаҳар ва юртларга ёйила бошлади, унинг баёни ўзга юртдаги одамлар орасида тилдан-тилга ўта бошлади. Амирлар ва халифалар ундан савол сўрайдиган бўлишди. Унинг берган хабарларига тобеъ бўлиб, эргашадиган бўлишди.

     Холид ибн Сафвон (араб фасохатчиларидан бўлган. Халифа Умар ибн Абдулазиз ва Ҳишом ибн Абдулмаликлар билан бирга бўлган) айтганлар.

      “Маслама ибн Абдулмаликни (етакчи, амир бўлган. Бани Умаййанинг қўрқмас, қаҳрамонларидан ҳисобланиб Қустантинийа яъни ҳозирги Истанбулда жангда қатнашган ва у ерга масжид бино қилганлар) Хийрада йўлиқтириб қолдим. У менга айтди:

  • Эй Холид менга Хасан Басрий ҳақида хабар берчи, дарҳақиқат мен гумон қиламанки, сен унинг ишлари борасида сендан бошқаси билмайдиган нарсаларни ҳам биласан!
  • Аллоҳ амирни ислоҳ этсин! Мен сенга илм билан хабар қиладиган кимсанинг яхшироғиман. Мен у (Хасан Басрий)нинг хонадони қўшниси ҳамда мажлисидаги суҳбатдоши бўламан. Уни аҳли Басра ичида билувчироғидурман.
  • Ўзингда бор (маълумот)ни айтгин!
  • Унинг қалби нияти каби олий бўлган кишидир ва сўзи, феъли, қилаётган иши кабидир. Агар яхшиликка чақирса, уни одамлардан кўра ўзи қилувчироқдир. Агар ёмонликдан қайтарса, уни одамлардан кўра ўзи тарк этувчироқдир. Одамлар қўлида бор нарсалардан зуҳд этиб, беҳожат бўлганини кўрдим. Одамлар эса унинг ҳузурида бор нарсаларни талаб этиб, унга муҳтож бўлганларини кўрдим.

Шунда Маслама:                            

  • Эй Холид, бўлди кифоя! Ичларида анави (Хасан Басрий) янглиғ кимса турса, қавм қандай адашиши мумкин?! дедилар.

     Хажжож ибн Юсуф ас-Сақафий Ироққа волий бўлиб, ўзининг волийлигида туғёнга кетиб, жабр қилувчилардан бўлди. Хасан Басрий унинг туғёндан тўсиб, унинг кирдикорлари ёмонлигини одамлар орасида ошкор этиб, унинг юзига хақ калимасини тўғридан-тўғри айтишга ботина олган киши эдилар.

      Хажжож Басра ва Куфа шаҳарлари орасидаги Восит деган ўринга ўзи учун бино қурдирди. У битгач, одамларга уни сайру-саёҳат этишлари ва у (Хажжожга)га баракот дуоси қилишлари учун чиқишларига жар чақирилди. Хасан Басрий бундай одамлар жамланажак имкониятни қўлдан бой беришликни истамадилар. Одамларга ваъз айтиб, уларга панду-насиҳат қилиб, дунё матоҳларидан юз ўгириб, зуҳд этишларига ва Аллоҳ Азза ва Жалла ҳузуридаги нарсаларга рағбат эттиришга чоғландилар. Битган бино олдига келсалар, одамлар жамланиб, қасрни айланишар, унинг томонларига шайдолик билан боқишар эди. Уларнинг орасида туриб, хитоб қилдилар:

     “Дарҳақиқат биз хунукроқ нарсаларнинг жирканчлироғини бино этилганини кўрдик. Албатта Фиръавн барпо эттирган бинодан кўра юксакроқ нарсани бино эттирганини топдик. Сўнг Аллоҳ Фиръавнни ҳалок этди ва бино қилган, қурдирган нарсасини вайрон бўлишига юз туттирди. Кошки эди, Хажжож само аҳли уни ёмон кўраётганини ва ер аҳли ундан фитналанаётганини билса эди!”

     Шу услубда сўзлайвердилар, хатто Хажжожга нафрат этувчи бўлган эшитувчилардан бири унга:

     “Эй Абу Саъид бўлди, етади!”, деди.

Хасан Басрий эса:

     “Дарҳақиқат Аллоҳ илм аҳлидан одамлар учун (хақни) баёт этиб, уни яширмасликка мийсоқ (аҳду-паймон) олгандир”, дедилар.

     Келгуси куни Хажжож ўзининг мажлисини чақирди, унга ғазабнок ҳолда кирди ва у ерда ўтирганларга деди:

     “Сизларга ҳалокат бўлсин! Басра аҳлидан бўлган қуллардан бир қул ҳоҳлаган нарсасини истаганича гапирса, сизлардан бирортангиз ичидан уни рад этиб, инкор қилувчи топилмадими?! Эй қўрқоқлар жамоаси, Аллоҳга қасамки, мен албатта сизларга унинг қонини ичкизурман!”

     Хажжож қилич ва кундани ҳозирлашликни ва жаллод уни (Хасан Басрийни) ҳузурига тик тургизган ҳолда намоён этишини, миршаблардан баъзисини эса уни олиб келишга амр этди. Бироз ўтгач, Хасан Басрий кириб келдилар. У томонга кўзлар тушгач, кўзлар очилди ва қалблар дуккилай бошлади. У қилични, кундани ва жаллодни кўрди ва лаблари пичирлади. Хажжожга муъминларга хос улуғлик, мусулмонларга хос азизлик ва Аллоҳга чақирувчи доъий виқори билан юзланди. Хажжож уни кўргач қаттиқ ҳайбатланишга тушди ва унга деди:

     “Эй Абу Саъид, мана бу ерга, мана бу ерга!”

     Сўнг Хажжож ўзини кенг тутишда тўхтамади ва:

“Мана бу ерга!”, деб айтарди.

     Одамлар у (Хасан Басрий)га даҳшат ва ҳайратга тушиш билан то таклиф этилган ўриндиққа ўтиргунга қадар қараб туришди. Хасан Басрий ўтиргач, Хажжож унга илтифот кўрсатди ва баъзи дин ишлари ҳақида ундан сўрай бошлади. Хасан Басрий унинг саволларига довюраклик билан жавоб бердилар.

Хажжож унга:

     “Сиз эй Абу Саъид, уламолар саййиди-пешвосидирсиз!”, деди.

     Сўнг хушбўй келтиришга амр этди ва уни Басрий соқолига суртди. У билан хайрлашди. Хасан Басрий унинг ҳузуридан чиққач, Хажжожнинг дарвозабони унга эргашди ва унга деди:

     “Эй Абу Саъид, Хажжож сизни ҳозирги иззат-икромга чақирган эмас эди. Албатта мен сизни кўрдимки, сизни кўзингиз қилич ва кундага тушганда лабингиз пичирлади. Ўша онда нима дедингиз?”

     Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ айтдилар:

     “Дарҳақиқат мен: “Йа валиййа ниъматий ва малаазий ъинда қурбатий, ижъал ниқматаҳу бардав ва саламан алаййа кама жаъалтан-наро бардав ва саламан ъала Иброҳийм”, дедим. Маноси; “Эй неъматим эгаси ва қайғуйим пайтидаги бошпаноҳим у (Хажжож)нинг нафратини менга совуқлик ва омонлик қилгин, гўё Иброҳимга оловни совуқлик ва омонлик қилганинг каби!”

      Аллоҳ Субханаҳу ва Таъоло Хасан Басрийга оламшумул воқеани насиб этди. Чунки, Хажжожни олдидан соғ-омон чиқиш жуда ҳам амри маҳол иш эди. У “золим” номи билан донг таратган бошлиқ бўлган. Хажжож Каъбага тош отишга буйруқ берган ношуд инсон эди. Навкарлари Каъбага тош отишдан қўрққанида, унинг ўзи манжаниққа (ўқ отувчи аслаҳага) тош солиб отган. Йирик мухаддис олимлардан бири бўлган Имоми Тирмизий таъкидлашича, Хажжож ўлгунига қадар 120000 одамни ҳибсга олдириб, қаматиб қўйган.

      Хасан Басрийнинг волий ва амирлар билан йўлиққан кезларида Аллоҳнинг инояти ва сақлови билан азиз ҳолатда уларнинг ҳузурларидан чиқар эдилар. Умар ибн Абдулазиз вафот топганларидан кейин халифаликка Язид ибн Абдулмалик ўтирди ва Ироққа Умар ибн Ҳубайратал – Фазорийни волий этиб тайинлади. Унинг халифалигида ери кенгайиб, Хуросонни унга унга қўшиб берди. Язид одамлар ичида ўзининг ўтмишдошлари бўлган солихлар табиатидан ўзга табиатда эди. У Умар ибн Ҳубайрага мактуб жўнатиб, ундаги нарсани ижро этишга, гоҳида жафо этган ҳолда уни бажаришга буюрди.

     Умар ибн Ҳубайра ўз ҳузурига Хасан Басрий ва Омир ибн Шарохийл(Шаъбий деб машҳур бўлган)ни чақиртирди. У иккаласига деди:

     “Албатта Аллоҳ бандаларига амирул-муъминийн Язид ибн Абдулмаликни халифа қилди ва одамларга унга итоат этишни вожиб қилди. Сизлар кўриб турган Ироқ ишида мени волий этиб тайинлади ва менга Форс (Хуросон)ни қўшиб берди. У менга гоҳида мактублар жўнатмоқда, уни ижро этишга буюрмоқда, мен эса унинг адолатига хотиржам бўла олмаяпман. Мен учун унга эргашишим ва буйруқларини ижро этишим учун диндан чиққан ҳукм эканлигини топиб, айтиб бера оласизларми?”

     Шаъбий волий учун жавоб айтди. Хасан Басрий эса жим турардилар. Умар ибн Ҳубайра Хасанга қарадиларда:

     “Эй Абу Саъид, сиз нима дейсиз?” деди.

Хасан Басрий айтдилар:

     “Эй ибн Ҳубайра! Язид борасида Аллоҳдан қўрққин, Аллоҳ ҳақида Язиддан қўрқмагин! Билгинки, Аллоҳ Азза ва Жалла сени Язиддан ҳимоя қила олади ва албатта Язид сени Аллоҳдан ҳимоя қила олмайди! Эй ибн Ҳубайра албатта у сени олдингга қаттиқ қўл, даҳшатли фариштани тезлаштирмоқда. У (фаришта) Аллоҳга амр этган ишда осийлик қилмас! Сени бу мақомингдан сени йўқ қилади ва кенг қасрингдан тор қабрингга элтади. Сен у ўринда Язидни тополмассан, фақатгина Язиднинг Роббисига хилоф этган амалингнигина топурсан! Эй ибн Ҳубайра, дарҳақиқат сен Аллоҳ Таъоло билан бирга бўлсанг ва унинг тоатида (мустаҳкам) турсанг, сенга Язид ибн Абдулмалик етказадиган озорлардан Ўзи кифоя этади (сақлайди) дунёда ҳам, охиратда ҳам! Агар сен Аллоҳ Таъолога маъсият этишда Язид билан бирга бўлсанг, албатта Аллоҳ сени Язидга ташлаб қўяди! Эй ибн Ҳубайра билгинки, борлиқда Холиқ Азза ва Жаллага маъсият қилинадиган ишда махлуқ учун итоат этиш йўқдир!”

     Умар ибн Ҳубайра йиғлади, ҳатто соқоллари кўз ёшлардан ҳўл бўлиб кетди. У Шаъбийдан кўра Хасан Басрийга майл этган бўлди ва уни ҳурмат этиб, иззат-икром кўрсатди. Иккалалари ташқарига чиқишгач, Шаъбий одамларга бўлган иш тафсилотини баён этди. Ўзининг ишини танқид қилган бўлди.

     Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ дунёда ғофил ўтаётган кимсаларга, сергаклик, Аллоҳ ҳузурига боришга таёргарлик кўриши ҳақида мавъизалар қилардилар. Дунё ва охират қийматларини таҳлил этиб, тушинтириб берардилар. Ўшандай тушинтиришларидан бирида шундай деган эдилар:

     “Мендан дунё ва охират хусусида сўраяпсанми?! Албатта дунё ва охират мисоли гўё машриқ ва мағриб мисоли кабидир! Қачон икковидан бирига яқинлашишлигинг ортса, бошқасидан узоқ бўлишинг узаяди. Мен учун бу ҳовлини (яъни дунёни) сифатлаб беринг демоқдасан! Сен учун ҳовлини қандаям сифатлай?! Унинг боши-аввали машаққатдир, унинг охири эса ўткинчиликдир. Унинг ҳалоли хисоб-китобли, унинг хароми эса жазо-иқобдир. Ким унда бой-бадавлат бўлса, фитналанади ва кимки фақир-камбағал бўлса, махзун-хафа бўлади”.

     Бошқаси эса ўзининг ва одамларнинг аҳволлари ҳақида сўраганларида, шундай деган эканлар:

     “Ҳолимизга вой бўлсин, нафсларимизга нималар қилиб қўйдик-а! Динимиз ориқлаб-озди, дунёйимиз эса семирди. Ҳулқларимиз бузилди, аммо кўрпа-тўшакларимизу, кийимларимиз тузатилмоқда, янги бўлмоқда! Бировимиз чап томонга ёнбошлаб, ўзганинг молини емоқда! Унинг таоми зўравонликдандир! Унинг хизмати қаҳр қилишдир! Нордондан сўнг ширинни, совуқдан сўнг иссиқни, қуриган (мева)дан сўнг ҳўл бўлишини истайди, ҳатто таомдан қорни тўйгач, ялтоқланиб кекиради ва дейди: “Эй бола, эй хизматчи! Ошқозонга таомни хазм эттирадиганни олиб кел!”

     Эй ахмоқча, Аллоҳга қасамки (таом) ҳаргиз ҳазм бўлмас, магар дининг барбод бўлса! Муҳтож қўшнинг қаерда қолди?! Қавмингнинг оч етими қаерда қолди?! Сенга қараб қолган мискин қани?! Аллоҳ Азза ва Жалла сенга буюрган нарса қани?! Кошкийди сен саноқ ичида эканлигингни билсанг эди?! Сендан қуёш ғойиб бўлиб, (ботган) кунда сенинг саноғингдан бир нарса йўқотувга тушади! Унинг баъзиси сен билан бирга ўтади”.

     Хасан Басрий рохимаҳуллоҳ ҳижрий бир юз ўнинчи йили, ражаб ойининг аввалида, жумъага ўтар кечаси вафот этдилар. Ҳаётининг кўп қисми ўтган жомеъ масжидда жумъадан кейин жанозаси ўқилди.

- - -