Содиқ чавондоз » Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 19-қисм

1521 Ko'rilgan Содиқ чавондоз 2

“СОДИҚ ЧАВАНДОЗ” 19-қисм

Тоҳир оға Аминга изн берганидан кейин, бошқа шериклари билан йўл босиб борар экан, овулга борганда Усмон оға билан гаплашган гаплари ёдига тушди. Аминнинг муҳаббати Усмон оға қалбига жойлашиб, ўрин олганини Тоҳир оға ҳам тамомий ҳис қилишга ўтган эди. Амин шунча йил Тоҳирбек оға атрофида юраркан, бирон марта унинг маслаҳат ва иршодларини йўқ демай бажарганини кўнглидан ўтказди. Аминнинг ҳозир бу ерда йўқлиги нафақат Тоҳир оғани балки, унинг шерикларини ҳам ҳувиллатиб қўйган эди. -Амин овулига эсон-омон кетяптимикан-а, оғалар? – деб сўради, Илёс. -Иншшааллоҳ етган бўлиши керак, агар Усмон оға Ниёзали билан бирга отланиб сафарга чиққан бўлса, улар йўлда йўлиқишади, агар чиқмаган бўлса, овулга аҳлини ташлагани боргач, зиёрат қилиб, Ийсонинг хабарини етказади – дея жавоб берди Тоҳир оға.

-Отамнинг аҳволига таъсир қилмасмикан у етказган хабар?

-Йўқ, унинг ўзи менга пойтахтдан кетиш олдидан, “нима хабар бўлса, менга етказинглар” деб, тайинлаган. Бирорта ишни – ҳатто Амин қатл қилинса ҳам айтишни таъкидлаган эдилар.

-Агар ўшандай тайинловлари бўлса яхши, албатта Аминнинг муҳаббати отам қалбида жуда муҳим ўринни эгаллаган. Уни соғ-саломат ва шод кўриш отамнигина эмас, балки мени ҳам оналаримнинг барчасини ҳам хурсанд этади, биласизларми нима учун шундай?

    От устида юравериб, мазмунли ҳамсуҳбатнинг суҳбати ҳаммага маъқул келиши табиий, айниқса ҳаммалари бир ҳафта ўтмаёқ соғинишга тушган – Амин ҳақида эшитиш барчага ёқарди.

-Нима учун? – деб, биринчи сўрашга улгурди Қосим оға.

-Уни отам уйи куйган кеча олиб келган пайт, у жуда чиройли, кўрган одамнинг суқи келадиган ажойиб кичкинтой эди. Отам билан ҳамма уни талашиб қолди, уйдагилардан ташқари ҳатто қавмдагилар ҳам. Аммо Аллоҳ Табарока ва Таъоло уни отамга насиб этган экан, уни парваришлаб ўстира бошлади. У кичкина бўлишига қарамай тез орада барчамизга ўрганиб кетди. Янги тили чиққан Амин ҳамманинг эътиборини ўзига тортган эди. Ким саҳар ўрнидан турса, намоз ўқиб бўлгач-ла “Амин қани, ўрнидан турдими”, деб сўрар, уни бирортамиз кўрмасимиздан олдин на нонушта қилардик, на бирон юмушга кетардик. Амин – барчанинг овунчоғига айланиб улгурган эди.

   Поччаларимиз ҳам опаларимизга “Аминни олиб келинглар, уни соғиндик”, десалар ҳам отажоним унамасдилар ва: “Ким Аминни кўрмоқчи бўлса, ўзи келсин”, дер эди. Бир куни ҳамма йиғилган куни отам ҳаммани тинчлантириб, Аминни қучоғига ўтқазиб деди: “Амин – мен учун худди Яъқуб алайҳиссаломга Юсуф қандай бўлса шундай мақомдадир!” – деди. Ҳаммамиз шод бўлдик, ичимиздаги катта акам Идрис айтдилар ўшанда: “Отажон агар Амин сизга Юсуф бўлса, биз унинг қабиҳ ниятли акалари каби бўлмаймиз. Унга хасад ҳам гина ҳам қилмаймиз, чунки бизнинг ҳам уни яхши кўришимиз сиздан кам эмас”.

    Мен онамдан бир куни: “Онажон нега биз Аминни яхши кўрамиз”,  десам, у: “Аминнинг энг суюкли инсонларини Аллоҳнинг ўзи олди, уни эса йўқотган нарсалари эвазига бировлар яхши кўришини насиб этди. Яъни бизнинг қалбимизга унинг муҳаббатини солган Яратган Аллоҳимиздир!” Ҳақиқатан уни шу қадар яхши кўрардик-ки, у асло бизникини тарк этмаса дердик. Ниёзали тоғаси Марвдан қайтиб келмаса, деб умид қилардик. У келиб отамдан уни олиб кетган куни, Ийсо иккаламиз туни билан у ётадиган ўриндиқнинг олдида эрталабгача йиғлаб чиққанмиз.

   Отам уни пойтахтга жўнатган куни эса, Ийсо у кетганига чидамай, уч кун беҳол ётган эди. Ўшанда отам учинчи куни унга танбеҳ бериб: “Киши бир кун, барибир суйган кишисидан ҳам, суйган нарсасидан ҳам ажрайди. Менга ҳам оғир бўлаяпти, Ийсойим! Мени ҳам, ўзингни ҳам қийнама, ахир уни ўзи истаган мартабага етиши учун юбордим-ку, сабр қилган болам", деган эди.

   Агар эътибор берган бўлсанглар, Ийсо Нисо шаҳрига кетиш олдидан Аминни маҳкам қучди, худди охирги кўришини ҳис этаётгандек. У ўша куннинг эртаси Аминнинг уйига бормоқчи эди. Сабабини йўлда кетаётиб менга айтди, “Биласизми Илёс ака, Аминни ҳозир ҳам яхши кўрамиз, аммо кичкинтойлигида жудаям ажойиб эди. Аминнинг айтишича ўғли худди ўзига ўхшармиш, мен кичкина Аминимни кўришни ҳоҳлаган эдим, мана шу билан иккинчи гал уни кўриш насиб этмади”, деган эди, бечора Ийсо уни бу оламда энди кўра олмайдиган манзилга кетди, укагинам!”

   От устидаги паҳлавон-Илёс укасининг айрилиқ ҳиссидан кўзи намланди, гапиришдан тўхтади, сабаби гапиришга мажоли ҳам қолмаган эди. Қалби ўртаниб, тили нутқ қилишга ожиз бўлиб қолган эди. Унинг атрофидаги оғалар ҳам юқоридаги Амин ва Ийсолар ҳақидаги хабарларни тинглаб, Илёснинг охирги айтган ўксик тўла сўзлари ва Ийсонинг якуни ҳақида ўйлашиб, уларнинг ҳам қалблари денгиз мавжларидек тўлишга тушди. 

- - -