Адоватнинг қора излари

Янги она (3)

1643 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Янги она (3)

Қўшни кампир бўлган Салима холанинг ташрифи – Ашрафлар хонадони учун янги бир ҳодисани олиб келувчи воқеа эди. Кампир хола ўз қизи – Васиқани Ашрафларга янги она қилиб бериш тарддудида эди. Қизи Васиқани бир неча кундан бери бу турмушга ундамоқда, қизи эса ўйланган кўйи ҳали аниқ бир жавоб айтмаган эди. -Васиқа қизгинам, сен чеварга кетганингда мен қўшнимиз уйига чиқиб келдим. Бечора оналарининг ўтганига бир ҳафта ўтгандан бери ҳеч киролмаётган эдим. Ҳовли-жойларини кўрсанг бағри-дилинг очилади. Ёши кичкина бўлишига қарамай уйларини бирам саранжом

ушлашипти, жуда ҳавас қилдим. Энди қизим гапимга қулоқ сол! Бу хонадон бизга синов болам, кичкина чақалоғи онасиз қолди. Ўшанга сени ўша хонадонга она бўлиб киришинг зарур, болам.

-Чақалоқни боқиб катта қилиб беришдан қочмайман онажон. Мен ҳам ажрни тушуниб турибман, аммо сиз турмушга чиқишимни назарда тутаётган бўлсангиз, унга қалбим рози бўлмаса керак!

-Сен фақат кичкина чақалоқнигина ўйлаб гапиряпсан қизим. Ахир чақалоқнинг акаси ва опаси бор, улар ҳали кичкина ўзларни эплаётган бўлсалар ҳам она меҳри уларга керак эмасми ахир. Эртага куз келса уларни мактабга оқ ювиб, оқ тарайдиган она керак бўладику, нега шуларни ўйламайсан, жон қизим?!

-Атрофимизда уларнинг ғамини ейдиган бошқа одам йўқми онажон, фақат сизни куюнганингиз, куюнган!

-Фаҳм билан гапиришни ўргангин қизим, нима деётганингни биляпсанми ўзи? Қачондан бери ажрли амални у қилсин, бу қилсин дейсан! Ажр сенга кўчада қолган иш бўлиб қолдими ҳали?

-Йўқ, нотўғри тушунманг онажон! Мен етимларни қараш ажри ҳақида гапирмадим, турмушга мен эмас бошқаси чиқса бўлмайдими деган маънода гапирдим. Мен учала болани ҳам қарашга кучим ҳам, бардошим ҳам етади иншааллоҳ онажон, фақат эрга тегиш ҳақида гаплашмайлик илтимос!

-Ҳали ҳам менинг муддойим нималигини тушунмапсан, яхшилаб эшит! У етимларнинг отаси ҳам, онаси ҳам бу ерлик эмас, иш юзасидангина бу ерларга келиб қолишган. Қариндош-уруғлари ҳам йўқ ҳисобда. Мен булар билан қўшни бўлиб яшаб, ҳеч ёмонлик кўрмадим. Ҳечам уйларида уруш-жанжал бўлганини эшитган эмасман. Уларнинг ғамини Аллоҳга ишонувчи мен қилмасам ким қилиши керак? Сен ўзингни нобоп, бераҳм эрингнинг зулмларини бошқаларга ҳам нисбат берма қизим. Аввалги турмушингда рўшнолик кўрмаган бўлсанг, умрингни охиригача ўшандай бўлади деб, ўйлаб хомтама бўлма!

-У киши совчи чиқаргани йўқ-ку ахир?!

-Чиқариши шарт ҳам эмас, куёвга ҳам сенга ҳам мен ўзим ўртамчи!

-Ҳеч ким оғиз очмай туриб, сиз ўзингиз талабгор бўлиб бермоқчимисиз?

-Умар розияллоҳу анҳу қизи Хафсага бировни келишини кутмай, ўзи айланиб юриб, Абу Бакр ва Усмон розияллоҳу анҳуларга ўзи қизи ҳақида оғиз очган. Сўнг Хафсага пайғамбар алайҳиссалом уйланганлар. Кибор тобеъинлардан бўлган Саъид ибн Мусаййаб ҳам ўзи оғиз очиб, ҳали турмушга узатилмаган фақиҳ-олима қизини хотини вафот топган шогирдига узатган.

-Акамлар, кеннойимлар нима дейишар экан-а?!

-Бу уйда мен каттаман, ким хайрли ишдан юз ўгириб, ўзгача ўйламоқчи бўлса – у менинг фарзандим эмас! Шариат тақозоси ила иш кўришим бировларга ёқмаса, ранжитса мен у билан ҳисоблашиб ўтирмайман! Мен учун хайр-оқибат ва ажр барча нарсалардан муҳим...

   Мана шу тарзда қўшни кампирнинг қаттиқ туриб, ишга ёндошиши сабаб бўлиб, Васиқа Ашрафлар хонадонига янги она бўлиб кирди. Унинг қўлида эмизикли, Аҳрордан ой эътибори катта бўлган Аброр ҳам кириб келди.

   Ашраф ўз хонадонларига янги онанинг кириб келишини чиройли тарзда қабул этди. Ҳатто синглиси Зулфияга ҳам Васиқани гўзал тарзда таништириб, она дейишгача келишиб олишди. Ўгай ука бўлмиш Аброрни ҳам қўлма-қўл талашиб кўтаришар, Аҳрорни Ашраф кўтарса, Аброрни Зулфия кўтарар, кейин бир-бири билан алмашиб оқибат билан қарашар эди.

   Васиқа қария онасининг унга берган ўгитларининг ҳикматини энди тушуниб етган эди. Унинг бу хонадонга кириб келиши нафақат Ашрафларга балки ўзига ва ўғли Аброрга ҳам катта ютуқ бўлганини ҳис этарди. Ашрафнинг одоб-хулқи Васиқанинг эсини оғдирадиган даражада гўзал эди. Васиқа баъзида ўзининг боласи – Аброрни ҳам Ашрафдек бўлишини ўйлаб, Аллоҳдан дуо қилиб сўрарди.

    Кунларнинг бирида Васиқа ишдан қайтган эрига таом олиб келиб ўтиргач, Ашраф ҳақида сўз очди.

- Ашрафжон ўғлимизни айтаман, жуда укаларига меҳрибон! Доим уларнинг атрофида гирдикапалак бўлгани-бўлган!

   Эри таомни оҳиста ер, кўзи олисларга қадалгандек маюс эди. Бу киши – Ашрафнинг дадаси эди. У киши аввалги турмуш асносида ҳам мана шундек оғир босиқ кўринишга эга, кўп ишларда маюсликка ўралган ҳолда юрар, кўп ўйлаб, оз гапурувчи инсон эди.

-Аброр билан сизга-чи, меҳрибонми?

-Бизга ҳам, барчамизга жуда-жуда оқкўнгил!

-Мағфират қилингур, бобосига ўхшайди, ҳа бобоси – яъни отамга ўхшайди ва унинг дуосига дохил бўлган.

-Мен бирон юмуш билан банд бўлсам, дам олишга ҳам унамай, ёрдамлашишга чопади. Кир ювишга, сув ташишга яна таом пиширишда нарсаларни тўғраб, арчишда ҳам ҳеч тиним билмайди. Тенгқурлари билан ўйнаб келишга изн берсам ҳам атрофимдан кетмай, “ойижон нима юмуш бор, айтинг”, деб туради.

    Ашрафнинг дадаси мийиғида кулгандек оғир жилмайди-ю, яна маюслигига қайтди. Эшикни тақиллатаётган Зулфияга кириш учун изн берилгач, у дадаси ва “янги” ойиси ўтирган хонага кириб келди.

-Ойижон акам Аброрни ҳам, Аҳрорни ҳам ўзим қарайман деб менга бермаяпти.

-Зулфия қизалоғим, бориб акангга айт, дадам укаларимдан бирини менга бераркансиз де, хўпми қизим?!

-Хўп, дадажон! – суюнганидан ичига сиғмагандек эшик томон чопди Зулфия.

-Давом этинг, Ашраф ҳақида гапираётган эдингиз шекили!

-Ҳа, Ашрафжон тўғрисида айтаётган эдим. Уни тенгқурлари билан ўйнаб келишига ижозат берсам, менга нима деб айтди денг, бирам кўнглим безовта бўладиган гапни айтди.

-Тинчликми сизга оғир сўз айтдими?

-Йўқ, йўқ! Менга ўта меҳрибонлик билан “ойижон, ўртоқларим билан ўйнагани имконият ҳали кўп топилади. Мактаб бошлангач улар билан кўп ўйнайман. Тенгқурларимнинг барчасини оналари бор. Мен эса биттасини йўқотдим, энди иккинчисини, яъни сизни ҳечам йўқотиб қўйишни ҳоҳламайман”, деди.

-Барака топсин, мени ҳам онаси ўтган кунлари роса кўнглимни кўтариб, жонимга оро киритган эди.

-Аброримни ҳам акаси Ашрафжон сингари бизларга ҳамда опа-укасига меҳрибон бўлишини тилайман!

-Айтганларингизни Аллоҳимнинг ўзи ато этсин!

   Васиқа ўрнидан туриб, болалар бор хонага йўл олди. Уларнинг иноқлик ила бошлаган оиласи шу тарзда мазмунли суҳбатлар, яхши тилаклар асосида қурилишга тушди. Аммо бу оила катталаридан бўлган Ашрафнинг дадаси кўп ўтмай тақдирга битилган ҳаёт неъматидан насибаси узилиб, бу фоний оламни  тарк этди.

- - -