Адоватнинг қора излари

Онасиз ўтган чақалоқлик (2)

1759 Ko'rilgan Адоватнинг қора излари

Онасиз ўтган чақалоқлик (2)

Бундан ўн саккиз йиллар олдин ўн ёшларга қадам қўйган Ашраф хонадонида бир қиз синглисидан кейин Аҳрор туғилган эди. Ота-онаси, етти ёшли синглиси Зулфия қатори Ашраф ҳам янги ука туғилганига шодлиги осмонга етди. Орадан кўп ўтмай онасидан жудо бўлишгач, Аҳрорни боқиш кўпроқ Ашрафнинг ташвишига айланди. Отаси эрта-саҳарлаб ишга кетади, кеч қайтиб ёш чақалоққа ичириладиган сунъий сут озуқалари ола келади. Зулфия синглиси чақалоқнинг либосларини чайқаб-ювар, акасига уй ишларида ёрдам берар эди.

Уларнинг Васиқа исмли чақалоғи билан ажрашиб, уйига келиб ўтирган қўшнилари бўлар эди. Бир куни Ашраф укасини Зулфияга ташлаб, дўкондан нон олиб қайтар эди. Ўша Васиқанинг қари онаси уйидан ташқарига чиқиб келди. Ашрафни кўриб, уни ёнига чақирди.

-Кел болам, Ашрафжон сенмисан?

-Ҳа, холажон – мен Ашрафман! Нима хизмат бор холажон?

-Ўргилиб кетай сендан, укаларинг яхшими? Қўшни бўлиб, сизларга ёрдам беролмай доғдаман. Отангни ҳеч кўришни иложи йўқ, тунов куни ишдан қайтаётганида учратиб, ҳол-аҳвол сўраганим бўйи учратолмай қолдим. Чақалоқни кўргим келиб сизларникига чиқмоқчи эдим.

-Юринг холажон, бемалол! Сизни кўрса, қучоғингизда ўтирса укажоним роса суюнса керак!

   Ашраф қўлидаги нон солинган халтачани кўтарганича уйи томонга юрди. Эшикни очиб, холани ичкарига таклиф қилди. Акаси Ашрафни ва қўшни кампирни келганини кўриб Зулфия укасини кўтариб, улар томонга юриб келди. Кампир унинг қўлидан болани энгашиб олди, чақалоқ онасиз ўсаётганига қарамай ўзини жуда тетик тутарди. Ярим очиқ турган кўзи билан ўзини қўлига тутган кампирга қараб жилмайган бўлди.

-Аллоҳим умрини барокотли қилсин, ажойиб чақалоқ бўпти, нима озуқа билан боқаяпсизлар?

-Дадам олиб келаётган сут озуқалари билан.

-Синглинг ҳам анча дастёр бўлиб қолибди.

    Қўшни хола ҳовлига назар ташлади. Ҳовли-жойлар янги келини бор хонадондек тоза-ораста эди. Ҳамма ёқ супурилиб-сидирилган. Кампир хола бу орасталикдан кўнглига яхши туйғулар оралаб келгач, суюнди. Аммо уни хавфга солиб турган ҳолатлар ҳам мавжуд эди.

-Ҳозир ёз, мактаб ҳордиқ берган палла. Куз келгач сен ва синглинг мактабга кетсаларингиз, болани ким қарайди?

-Холажон, мана бу сўрига ўтиринг! Зулфия бор, югур дастурхон олиб кел!

-Йўқ, йўқ овора бўлма қизим! Мен ҳозиргина таомланиб олганман. Кузда қандай қиласизлар болам? – саволини яна қайта берди Ашрафга.

-Қайдам, - елкасини қисди Ашраф.

-Майли болам, Аллоҳим бир йўлни кўрсатар. Сен укаларингни олиб бизникига чиқиб тур. Бизникида ҳам чақалоқ бор, ўйнаб чиқасизлар. Ювиладиган либосларинг бўлса уларни ҳам ола чиқсаларингиз, уйдаги келин-қизларим ювиб беришади.

   Қўшни кампир юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан қўзғолди. Аҳрорни опасига беришдан аввал юз-кўзидан яна бир бор ўпиб қўйди.

- - -