Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 3

“Оиша”

1864 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 3

“Оиша”

Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг жуфтларидан бири бўлган Оиша розияллоҳу анҳо ҳам чидам ва бардошда машҳур бўлган солиҳалардандир. Аллоҳ Табарока ва Таъоло бандаларига турли синов – имтихонларни бериб қўйган. Уларнинг фақат солиҳ-солиҳаларигина бу имтихонга сабр ва сабот билан бардош берганлар. Оиша онамиз ҳаётида бундай синовлар йўлиқиб турсада, мустаҳкам иймони ила у машаққатларни чиройли енгиб ўтганлар. Ҳижратнинг олтинчи йили Мурайсий ғазотидан қайтаётганларида “туҳмат” аталинмиш воқеа содир бўлди. Бу ҳодисада Оиша розияллоҳу анҳо ҳожат учун туя устида туражак маофадан тушган эдилар. Қайтиб келганларида карвон қўзғолиб, Мадинаги жўнаб кетди. Карвон ортида қолган ашёларни йиғиб, олиб кетадиган Савбон исмли саҳоба одатига кўра келадилар ва Оиша розияллоҳу анҳога туяни чўктириб, минишига қулай қилиб берадилар. Савбон розияллоҳу анҳу пиёда ҳолда туяни етаклаб, йўлга тушадилар.

Бу воқеа мунофиқлар учун пайғамбар ва пайғамбар хонадонига туҳмат уюштириш учун қўл келади. Улар Оиша ҳақида “миш-мишлар” тарқатиб, уни бадном қилишмоқчи бўлишади. Оиша онамиз ўзлари ҳақида туҳмат уюштирилиб, ён-атрофга тарқаётган паллада Аллоҳга таваккул этиб, Юсуф алайҳис-саломнинг оталари Яъқуб алайҳис-салом айтган “гўзал сабр” билан кифояланадилар.

     Саҳобалар жамоасига ҳам жуда қаттиқ зарба етган эди. Уларнинг рахбари ҳамда суюкли сафдошлари бўлмиш Мухаммад алайҳис-салом ва Абу Бакр розияллоҳу анҳуга бўҳтон тошлари отилаётган эди. Улар ҳам бир сўз дейишга ожиз эдилар.

     Ниҳоят, Билгувчи ва Хабардор Зот Аллоҳ томонидан ваҳий тушиб, бу воқеа тафсилоти батамом муолажа этилди.

     “Шак – шубҳасиз, бу бўҳтонни (вужудга) келтирган кимсалар ўзларингиздан бўлган бир тўдадир. Уни сизлар ўзларингиз учун ёмонлик деб ўйламанглар, балки у сизлар учун яхшиликдир. Улардан (яъни, бўҳтончилардан) ҳар бир киши учун ўзи касб қилган гуноҳ (га яраша жазо) бордир. Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир”

(Нур; 11-оят мазмуни)

     Бутун муъминлар учун синов вазифасини ўтаган бу “туҳмат” воқеаси айнан Оиша онамиз бошида имтихон этилди. Мусулмонлар бу солиҳа аёл ҳаётида содир бўлган бу иш асосида ўзларининг ашаддий душманлари бўлган мунофиқларни сараланишини билиб олдилар.

     Аллоҳ Хақ Таъоло у туҳматларни фош қила туриб, “ўзларингиздан бўлган бир тўдадир” дея марҳамат этди. Инсон ана ўшандай бошига қора булут ёпирилиб келганда, анча хақиқатни илғаб, кўриб олишига имконияти бўлади.

     Аллоҳ Табарока ва Таъоло бу воқеа орқали мўъминларга ҳам танбеҳ берди ва бундай “туҳматлар” чоғида ўзларини қандай тутишлари, нима иш қилишлари кераклигини уқтирди.

     “(Эй мўъминлар), сизларга (бу бўҳтонни) эшитган пайтингизда муъмин ва муъминалар бир-бирлари ҳақида яхшиликни ўйлаб: “бу очиқ бўҳтонку!” десалар бўлмасмиди?! Улар (яъни, Оишани бадном қилмоқчи бўлганлар ўз даъволарига) тўртта гувоҳ келтирсалар бўлмасмиди?! Бас, агар гувоҳ келтира олмасалар, у ҳолда Аллоҳ наздида улар ёлғончидирлар”.

(Нур; 12-13 оятлар мазмуни)

     Мўъминларга ибрат ва танбеҳ бўлган бу воқеа синовидан Оиша розияллоҳу анҳо матонат билан ўтдилар. Аксар аёлларнинг гувоҳи бўламиз, айнан ёмон ишларни ўзлари содир этиб, ўзларини жонларига ўзлари қасд этадилар. Хаёт борасида учрайдиган, кунлар ёки ҳафта давомида ўтиб кетадиган машаққатларга ҳам чидамай ўзини-ўзи осадилар, пичоқ олиб, биқинига санчадилар, устидан ёқилғи қуйиб ёқадилар, ўзларини дарё ва денгизга ташлайдилар.

     Инсонда чидам ва Аллоҳ ҳақида тўғри тааммул бўлмаса, ари чақса ҳам нолишдан, вайсашдан тили бўшамайдиган бўлиб қолади. Ойиша онамиз эса сабр ва чидам билан туриши ўзигагина эмас, балки бутун умматга фойдаи-кон ишлардан бўлди.

      “Агар сизларга дунё ва охиратда Аллоҳнинг фазлу-марҳамати бўлмаса эди, албатта сизларни тинмай сўзлаган нарса-бўҳтонларингиз сабабли улуғ азоб ушлаган бўлур эди. Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки, у Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир). Уни эшитган пайтингизда: “бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй Пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!” десангизлар бўлмасмиди?! Агар муьмин бўлсангизлар ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур”

(Нур;14-17 оятлар мазмуни)

     Юқоридаги оятлар диққат билан тадаббур қилинса, бирор-бир оятда Оиша розияллоҳу анҳога танбеҳ йўқ. Балки, муъминлар жамиятига, туҳматдан йироқ бўлишга ва туҳмат уюштириб, гувоҳ келтира олмаганларга қаратилган иршодларгагина тўладир.

     Демак, Оиша розияллоҳу анҳо сафарда танҳо қолиб кетишлари, кейин Савбон розияллоҳу анҳу уни Мадинага элтганларидан сўнг, турли “миш-мишлар” тарқашидаги ишда у аёлнинг синовдан ўтганлиги яққол билиниб турибди.

     Оиша онамизнинг яна бир ажойиб хислатларидан бири, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни жуда қаттиқ эҳтиром қилар эдилар. Ёшлик кезларидаёқ, пайғамбар алайҳис-саломга бўлган эьтиборлари диққатга сазовордир. “Тобақатул - кубро”да ёзилишича Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигига тўрт сана бўлганда Оиша розияллоҳу анҳо таваллуд топган эканлар.

     Энди, диққат қилсак; пайғамбарлик қирқ ёшда бошланган, уни тўртинчи йили Оиша онамиз туғилган бўлса, демак ўзидан қирқ тўрт ёш катта бўлган пайғамбар алайҳис-саломга турмушга чиққанлар. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдек – “бутун оламларга рахмат” бўлиб келган кимсага жуфт бўлиш шарафини идрок этиш – ҳаммага ҳам насиб бўлавермайди.

     Бирга яшаб, турмуш қуриш билан бирга у зотнинг илмларидан баҳраманд бўлиш неъматига ҳам сазовор бўлганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эркак саҳобадан сўнг, пайғамбаримиздан энг кўп хадис ривоят қилган аёл ҳисобланадилар.

     Ҳеч бир аёл Оиша онамизчалик росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини батафсил баён қилолмаганлар. Сув топилмаган ўринда “таяммум” ибодатини бажариш мумкинлиги ҳақидаги ҳукмлар ҳам Оиша онамиз сафарда тақинчоқларини йўқотган паллада нозил этилган.

      Жиянлари бўлмиш Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу таърифлагандек Оиша онамиз ниҳоятда “саҳий” ҳам бўлганлар. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтганлар: “Муовия Оиша онамизга юз минг дирҳам ҳадя жўнатган эканлар. Ўша куни Оиша розияллоҳу анҳо рўза тутган эканлар. Берилган ҳадянинг барчасини зарур ўринларга бериб юбордилар. Ифторликка ҳозирлик қилаётган ходимаси “берилган ҳадядан гўшт харид қилгани олиб қолмапмизда” деган сўзларига, “ўша чоғда эслатмапсанда, уйимизда гўшт йўқлигини”, деб айтган эканлар.

     Сахийликка қалби тўлиб – тошган Оиша онамиз, ҳатто ўз уйларида йўқ бўлган ашёни бошқаларни ўйлашлик жараёнида билмай қолган эканлар. Ходимаси эслатган палладагина, уйида гўшт мавжуд эмаслигини англабдилар.

     Шу ўринда, музлатгичлари тўла, емиш-ичмиш ашёлари бисёр тургани ҳолда, шикоятдан; “унум кам”, “буним кам” деб нолиётган инсонларга ажабланмай иложимиз йўқ. Ваҳолангки, ҳозирги уммат ризқининг тўкин-сочинлигида, дастурхонларда нарса қўйгани жой камёб бўлаётган “шохона” ҳаёт ичида туриб ҳам, етимлар, мискинлар ҳоли аянчли аҳволда, зиёрат этилмай, ҳолидан хабар олинмай қолмоқда.

    Оиша розияллоҳу анҳо ўзлари ривоят қилиб: “Бир куни янги кийим кийдим. Унга қарай бошладим ва у мени ажаблантирди. Шунда (отам) Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди:

  • Нимага қараяпсан? Аллоҳ сенга назар солмайди!
  • Нега ундай?
  • Агар бандага дунё зийнати сабабидан ажабланиш кирса, Роббиси Азза ва Жалла ана шу зийнатдан ажралмагунча ёмон кўришини билмайсанми?

Оиша онамиз айтадиларки: “(Шунда) у (кийим)ни ечдим ва садақа қилиб юбордим”

     Дунё нарсасига ажабланиш мумкин эмаслиги эшитгани заҳоти, уни ечиб бировга садақа қилиб юборган Оиша онамиз охиратга бўлган ишончларини, амалий тарзда қилиб, кўрсатганлар. Дунё матоҳларидан албатта зарурли, эҳтиёжли ўринларда фойдаланиш жоиз. Аммо унда ажабланиш, унга суқи кетиб қолиш – Аллоҳ ёмон кўрадиган ҳол экан.

     Оиша розияллоҳу анҳо оталарининг “ажабланган нарсадан ажрамагунича” Аллоҳ ёмон кўради, деган сўзлари қалбидаги иймонига таъсир этди ва ўзини ажаблантирган либосни ўзгага бериб юбордилар. Ҳозирги вақтда нафақат ажаблантирадиган, балки риё бўлаётган, ибодатлардан чалғитаётган ашёлардан ҳам эҳтиёт бўлинмай қолинмоқда. Қалбдаги иймоннинг заифлиги ёки мутлақо йўқлиги дунё матоҳларига  одамлар худди зулук этга ёпишгандек ёпишмоқдалар .

Кийгани олган либосини садақа қилиш у ёқда турсин, қатлам-қатлам турган ашёларидан бир дона бировга бериш бахиллиги юракларни забт этган. Борига ҳам шукр қилмасдан, яна янгиси, ажаб- товури, бировларнинг диққат-эьтибори қаратиладигани бўлиши зарур, деган важҳлар билан кийим- кечак саноғини кўпайтиришга ошиқмоқдалар.

“Эй инсонлар албатта Аллоҳнинг (қайта тирилиш ва бу дунёда қилиб ўтган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси хақ (ваъдадир). Бас ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин!”

 (Фотир; 5-оят мазмуни)

      Нубувват хонадони вакиласи бўлган Оиша розияллоҳу анҳо дунёдан парҳез қилиш ишларида жуда мустаҳкам бўлганлари кейинги умматга, айниқса аёлларга ўрнак-намуна бўлмоғи лозим. Кунларнинг бирида Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга Қуръон оятларидан баъзиси нозил бўлди ва пайғамбар Оиша онамизга уни ўқиб бердилар.  Бу оят ҳукмлари асносида Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизнинг ихтиёрларини сўраб, билмоқчи бўлдилар. Бу оятлар шу мазмунда эди:

     “Эй пайғамбар (алайҳис-салом), жуфтларингизга айтинг;  “агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу-зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажрашайлик). Агар сизлар Аллоҳни, унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот-жаннатни таёрлаб қўйгандир”

(Ахзоб;28-29 оятлар мазмуни)

     Бу оятларни  тинглаган Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:  “Албатта мен Аллоҳни,  унинг росулини ва охират  ҳовлисини ихтиёр қиламан. Ва сиздан сўранаманки, мен сўзлаганни бирортасига хабар қилмасангиз”, деган эканлар.

      Саҳобалардан бири айтадики: “Мен у (пайғамбар)нинг ҳузурига келдим ва: “ё Росулуллоҳ! Одамларнинг қайсиниси сизга суюклироқ?” дедим. “Оиша”, дедилар. “кишилардан(чи)”,  дейилганди, “унинг отаси”,  дедилар”.

 (Бухорий, Муслим ва Тирмизий ривоят қилганлар)

    Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга энг суюкли инсон бўлиш, нақадар катта шараф! Оиша онамизнинг ахлоқлари, тақво ва солиҳаликлари ана шундай суювга элтганлигида шубҳа йўқ. Бу кўринишлар Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг мухаббатларига дохил этган бўлса ажабмас!

     “Эй пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўлолмас). Бас, сизлар агар тақводор бўлсангизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тама қилиб қолур. Яхши - тўғри сўзни сўзланглар! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар(яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, агар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври) даги ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар,закотни (хақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этинглар!”

(Ахзоб; 32-33 оятлар мазмуни)

           Итоатга чорланган юқоридаги оятларга сидқидилдан ёндошган, амал қилган пайғамбар аёллари, айнан Оиша онамиз кўчага уйларидан бесабаб чиқмаганлар. Бугунги аёлларнинг аксарлари эса фақат иши йўқ бўлиб қолса, кўчадаги юмушларидан чарчаб, толиқсагина уйи эсига келмоқда холос. Бозор-ўчар, ўтириш баҳона кўчада “мажнундек” санқиб юришдан номус қилмай, муслималикни даъво қиладиганлар ҳам қўзиқорин каби “ер ёриб” чиқмоқдалар.

     Итоат билан эрни эҳтиром қилишлик билан тоатда мустаҳкам бўлган Оиша онамизга ҳатто бош фаришта бўлган Жибрийл алайҳиссалом ҳам салом айтган эканлар.

     Абу Салама Оишадан ривоят қилганлар: “ Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша! Бу Жибрийл сенга салом айтмоқда”, дедилар. (Оиша) дедилар: “Унга ҳам Аллоҳнинг саломи ва рахмати бўлсин! Бизлар кўрмайдиган нарсани кўрасиз-а йа росулаллоҳ!”

(Бухорий ривояти)

     Оиша онамиз розияллоҳу анҳо фаришта Жибрийлдан салом қабул қилиши оламшумул воқеа, ҳайратланарли ҳодиса силсиласидандир. Ваҳоланки, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло Жибрийлни “Росулун Карийм” (ишончли элчи) деб номлагандир.

(Таквир; 21-оят мазмунида)

     У онамизнинг фазли бу билангина чекланиб қолмасдан балки хаж асносида умра қилишини минглаган саҳобалар кутиб тургани билан ҳам изоҳласа бўлади. Имоми Муслим ривоятларида ворид бўлишича,(укалари) Абдуррохман билан бирга хаж амалларидан сўнг Оиша онамиз умра қилгани росулуллоҳнинг изнлари билан кетган эканлар. Оиша онамиз умра амалидан фориғ бўлгунга қадар, бир қанча (етмиш минглаган) саҳобалар, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга интизор бўлиб кутганлар.

      Ўша кундан то қиёматга қадар, мусулмонлар Оиша онамиз амали эътибори билан умрага ният қилган макондан, хаж қилиб олганларидан сўнг, умрани бажаришга киришганлар ва хаждан кейинги умра амали барпо бўлган.

     Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг яхши таом пиширувчи қўшнилари бўлар экан. Таом қилиб у зотни чақиргани келипти. (Пайғамбар алайҳис-салом): “ Бу (чақириқ) Оиша учун (ҳам)ми?” дептилар.

  • Йўқ, депти қўшни.

     Росулулоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам боргани “йўқ” деп жавоб қиптилар. Қўшни келиб яна чақирипти. “Бу (Оиша)га ҳамми? дептилар. “Йўқ” дейилгач яна таклифга “йўқ” деб жавоб қиптилар. Учинчи бор чақиргани келганида, пайғамбарга (“ҳа”, дейилгач) учинчисида “ҳа”, дедилар. Иккаласи ўринларидан қўзғолдилар ва у (қўшни)нинг уйига жўнадилар”.

(Имоми Ахмад ва Муслим ривояти)

     Ўз навбатида Оиша онамиз ҳам росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга аччиқланган пайтда ҳам гўзал муомала қилар эдилар.

         Муттафақун алайҳ бўлган хадисда: Оиша розияллоҳу анҳо айтадиларки: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам аёлининг ўзига ғазаби келишини илғаб олишларини айтганларида

-Ана ўшани қандай билиб оласиз, дедим 

Айтдиларки:

-Агар мендан рози ҳолатда бўлсанг, “Мухаммаднинг Роббисига қасам” дейсан. Агар мендан аччиқлансанг “Иброҳимнинг Роббисига қасам” дейсан.

Мен айтдимки:

  • Ҳа, фақат сизнинг исмингиздагина ҳижрон қиламан (аразлайман, аччиқ қиламан).

     Иноқлик устига қурилган пайғамбар хонадони муҳаббатига разм соларкансан, эр-хотин орасида учраб турадиган айрим низолар, аччиқланишлар сўз ичидагина бўлиши - биз ибрат оладиган ҳолдир.

     Ғазаби келганда завжига кўз олайтирган эмас эканлар. Ёки юк-тақини олиб, “орқамдан ялиниб борарсан” қабилида иш қилган эмас эканлар. Бировларга, ёт - бегоналарга ҳасрат-шикоят этиб оила ишларини “кўчага дастурхон” қилган эмас эканлар. Балки, сўз ичида, анча – мунча одам илғай олмайдиган даражада ғазабланишларини Оиша онамиз жуфтларига ошкор этган эканлар холос.

     Аввалги сатрларда Оиша онамизни пайғамбардан юксак даражада илм ўрганишга эришган деб ўтган эдик. Энди ўша илм фазилатига тўхталсак, у онамиз ҳақида олимлар нима деган эканлар.

     Абуз Зуҳо Масруқдан ривоят қилиб, айтадиларки: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг сахобалари ичидан таълим берадиган устоз борасида (Оишани) кўрдим. Ундан (саҳобалар) фароиз (мерос илми) ҳақида сўрардилар”.

     Ато ибн Абу Рабоҳ: “Оиша одамларнинг фақиҳроғи, одамларнинг яхшироғи бўлган эди”, деганлар.

     Ҳишом ибн Урва оталаридан нақл қилиб айтган эканлар: “Фиқҳда, тибда ва шеър борасида Оишадан билгувчироқ бирортасини кўрган эмасман”.

     Зуҳрий: “Агарки набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг барча завжаларининг ва барча аёлларнинг илми жамъ этилса, Оишанинг илми афзалроқ бўлган бўларди”, деган эканлар.   

     Абу салама ибн Абдур-Рохман:

     “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, унга эҳтиёж тушганда фикр ва раъйда фақиҳроқ, нозил бўлган оятларни билувчироқ ва фароиз (мерос илми)ни англаб-тушунтирадиганроқ Оишадан бошқа бирортасини кўрмаганман”, деганлар.

     Ато айтганлар: “Муовия Оиша розияллоҳу анхога олтиндан бўлган идишда қиймати юз минг бўлган жавоҳир  жўнатганлар у(Оиша) набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг  аёллари (яъни, кундошлари) орасида уни тақсимлаб бердилар”

     Бу ҳолат ҳам жуда ибратли бир ҳол!

     Оиша онамиз ана шунча зийнатни, қимматбаҳо мулкни тақсимлаб юбордилар. Тақсимлаганда ҳам - кундошларига бўлиб бердилар. Кундошлари орасида саҳий бўлиш-ўзига олиб қолмай барчасини улашиб бериш амали – тақво ва сабот мужассам бўлган аёлгагина хосдир.

     Урва (опасининг ўғли) айтганлар: “Тонг отгач Оиша розияллоҳу анҳо уйини (зиёрат этишдан) бошлардим, унга (холамга) салом берардим. Бир куни эрталаб борган эдим, ўтирган ҳолда тасбеҳ айтарди ва “Аллоҳ бизга миннат этди ва Самум азобидан сақлади” (оят мазмуни)ни ўқирди. Дуо қиларди ва йиғларди, уни такрор қиларди. Мен туриб қолдим, ҳатто туриш менга малол келди. Ҳожатим учун бозорга бордим. Сўнг қайтиб келсам, у (ҳолам Оиша) тик турган ҳолда намоз ўқирди ва йиғларди”.

     Тоатда қоим бўлиб, қалби юмшаб, йиғлаш – Аллоҳга бандалик билан муқарраб бўлишликдир. Кўзга ёш келишини ҳам турли йўллари бор. Аммо Аллоҳ учун йиғлашгина – ажрга элтадиган, азобдан сақланишга қалқон бўладиган – томчидир.

     Ҳозирда ҳам кўздан яноқларигача оқиб тушаётган қатра томчилар бор. Лекин у – кўз ёшлар Аллоҳни эслаб ёки оятлар тиловат қилинаётганда эмас, дунё матоҳларига етишмоққа чираниб, баъзи машаққатларни кўтара олмай, чидамсизлик қилинаётган паллаларда оқмоқда. Ёки баъзи Аллоҳ буюрмаган йўллар билан интилиш асносида тўкилмоқда.

     Тўй – ҳашамат ўтказаман деган илинж билан судхўрлик эвазига мол – пул олаётган, уни тўлашда қийналиб, уйини, бор мол – мулкини сотиб бераётган лаҳзаларда ҳатто йиғлайверганидан кўздаги ёшлари ҳам тугаб қоляпти.

     Аллоҳ Хақ Таъоло доимо ўзидан қўрқиб, оятлари таъсиридан қалблар ларзага тушиб йиғлашни насиб этсин, амин!

     Ҳаё ва ибо борасида ҳам аёллар ичида Оиша онамизга тенг кела оладиган аёл бўлмаса керак, валлоҳу аълам! У онамиз ўзи айтганлар: “Қачон уйимга кирсам, у жойга Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва отам дафн қилинганлар кўйлагимни (бемалол) ечиб қўярдим ва айтардимки: “бу эрим ва бу отамдир!” Энди қачонки Умар дафн этилгач, Аллоҳга қасамки устимга либос ёпинган ҳолда кирардим Умардан ҳаё қилган ҳолатимда”, деганлар.

     Маълумки, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот топган кезларда Оиша онамизнинг уйларида бўлганлар. Пайғамбарларга суннат шулки, улар қаерда вафот топсалар, ўша жой уларга қабр бўлиши керак. Демак, пайғамбар алайҳис-салом вафот этгач, Оиша онамизнинг уйига дафн қилиндилар. Орадан икки йил ўтгач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам вафот этдилар. У кишини ҳам сахобалар пайғамбарнинг ёнига дафн этишди.

     Шу тариқа Оиша онамиз ҳовлиларида эрлари Мухаммад алайҳис-салом ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу қабрлари вужудга келди. Ўша ҳолатдан келиб чиқиб, Оиша онамиз ҳар қачон уйига кирсалар, маҳрамларим бор дея, ҳаё қилмай, иш тутарканлар. Энди Умар розияллоҳу анҳу учинчи бўлиб дафн этилгач, уйларига ўраниб кирадиган бўлган эканлар.

     Тақво устига қурилган бу ҳаё ўта ҳайратланарли ва таажубга бойдир. Чунки, қабр ичида ётган, ўлик тана – инсондан ҳаё қилиб, ўзини эҳтиёт қилиш ҳозирги кунда жуда амри – маҳол ишдир.

     Тирик юрган, номаҳрам бўлган эркаклардан мутлақо ҳаё қилмай, ўзини кўчага солиб юрган аёллар қандай қилиб Оиша онамиз орзу этган ва амал қилган жаннатга интиладилар, тушуниш жуда қийин. Маҳрамсиз сафарга кетаётган, ишлаб пул топгани жўнаётган аёллардаги ҳаё ва шарм қани?! Ҳаттоки улуғ сафар бўлмиш ҳаж ва умра сафарларига ҳам маҳрамсиз кетаётганлар агар савоб умидида бўлсалар, аввал маҳрам топиш ишини қойиллатсалар бўлмасмиди?!

     Оиша онамизнинг ҳаётларига хотима ясарканмиз солиҳа аёллик даражасидаги баъзи жиҳатларини эслаб ўтишга жазм қилдик. Инсон боласида яхшилик ишига интилмоқ учун харакат қилишга киришса айрим нарсалар унга тўсиқ бўлади. Шу тўсиқларни аввали “нафсни суювдир”.

     Нафсни суйиш мумкин, қачон? Ўша нафс инсонга шариат ишларида малолланмай, амаллар қилишга собит турса!

     Нафс тўсқинликдир, қачон? Ўша нафс инсонга шариат ишларини бажаришда ялқовланса, сустлашса ва амалларни ўзига оғир оладиган бўлса. Ўша ҳолатга тушган инсон, нафсини уйғотиб, амал учун уни тетиклаштирса-ю яхши. Аммо ўша ялқов, ишёқмас нафсни ардоқлаб, яна тўйдириб, унинг ҳоҳишидаги нарсаларни бажо келтираверса, у суюв инсонни ҳалокатга етаклайди ва уни барбод – вайрон қилади.

     Тўсиқлардан иккинчиси “ҳаётни суювдир”. Ҳаётни суйиш мумкин, қачон? Ўша ҳаёт инсонга манфатланиб, охират ғамини ейишга, амаллар қилишга асқотса!

     Ҳаёт тўсиқликдир, қачон? Ўша ҳаёт фақат роҳат устига бино қилинса. Қолажак ҳаёт учун маъишат ва шаҳвониятларга берилиб кетиш асосида бўлса ва ўша ҳаёт севилса, унинг давом этишини истаб, маъсиятлар янада ортиғроғи билан бажарилишлиги ирода этилса!

     Учинчи тўсиқлардан бири “мол-мулкни суювдир”. Мол-мулкни суйиш мумкин, қачон? Ўша мол-мулк закотга берилса, қурбонликларга ишлатилса, етим-мискинлар ҳолидан хабар олинса ва инсоннинг ўзи ундан ўзига ҳам меъёр даражасида – риёга кетмай, кибр қилмай, ҳаддидан ошмай – ишлата билса, ўшанда суйиш мумкиндир!

     Аммо у мол-мулк исрофга, бемаъни ишларга, дабдаба ва кераксиз лағв ишларга сарф этилса, инсонни тоатдан чалғитиб, ўз домига тортса, ана ўша мол-мулк суюви инсон ҳаётига хатар ҳамда, тўсиқликдир!

     Тўртинчи тўсиқ бу “хусни-жамол”. Инсоннинг жисми ва кўриниши гўзал бўлиши – яхши! Аёллар эса ўша гўзалликни маҳрамига бағишлагани, жуфтига намойиш этгани махбубдир. Аммо у жамол номаҳрамларнинг эътиборини тортмоқ учун ва қаратмоқ учун бўлса, у хусни-жамол аёл киши учун амал дарвозасига тўсиқ бўлади холос!

     Бешинчи тўсиқ “зийнатни суйишдир”. Аёллар зийнатдан оқилона фойдаланишларида, исломда ҳеч торлик йўқ. Аммо ўша зийнат аёлни ибодатлардан чалғитса, ўша зийнат учун “ким ўзар” ўйналса, ўша зийнат учун ёлғон-яшиқлар ишлатилса, хонадон аъзолари изтиробга солинса – у тўсиқ вазифасини ўтайди ва инсонни жарликка қулатади.

     Олтинчи тўсиқ “аҳлини суйишдир”. Аҳл – ислом маърифатига йўғирилган, адолат мезони ила иш кўрадиган, фарзандлари илм ва одоб эгалари бўлиши жуда маҳбубли кўринишдир. Бироқ харом ишлардан тап тортмайдиган, илм ва одобдан йироқ бўлган аҳлни суйиш – тўсқинлик аломатидир. Уларни суйув эмас, балки тарбиялаб, ислоҳ этув керак холос!

     Аллоҳ аёлларимизга юқоридаги тўсиқларга дуч келишларидан Ўзи паноҳ берсин ва солиҳалик даражасига Ўзи етказсин, амийн!

- - -