Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 6

Бани Абслик киши матонати

1807 Ko'rilgan Хазиналар очқичи 6

Бани Абслик киши матонати

Бани Абсдан бўлган киши адашган туясини излаб чиқиб, уч кун йўқ бўлиб кетди. У бадавлат кишилардан бўлиб, Аллоҳ унга бола-чақа, чорванинг ҳар туридан етарлича ато этган эди. Унинг аҳли-оиласи ҳам, мол-давлати ҳам Бани Абс диёридаги анҳор ёқасидаги кенг-бепоёнликда жойлашган бўлиб, тўки-сочинликда, тинч-хотиржам ҳаёт кечирар эдилар. Уларнинг ҳеч қайсиси бошларига мусибатлар тушишини, ҳодисалар уларни ҳам четлаб ўтмаслигини хаёлларига ҳам келтиришмас эди.

   Барча бойликлар ерда уюлиб ётар. Оила бошлиғи туя излаб кетган бўйича қайтиб келмаган, катта-ю кичик ширин уйқуда эди. Тун охирлаб қолган пайтда Аллоҳ Таъоло уларнинг устига тоғу-тошни тупроқ каби оқузувчи селни юбориб, уларнинг барчасини ҳалок қилди, уларни ичидаги мол-дунёлари билан вайрон қилди. Уларнинг руҳлари сув оқимида таналарини тарк этди, улар гўё аввал бўлмаган каби эдилир, улар тилларда айтилувчи достонларга айланган эдилар холос.

   Уч кундан кейин водийга қайтган ота ерда ҳеч кимни, на бир жилғани, на бир тирик жонни топа олмади. Гўё у жой теп-текис бўлиб қолган эди. Ё, Аллоҳ! Бу қандай фалокат! На аёли, фарзандлари, на мол-давлати, на кийим-кечаги бор! Бу қандай мусибат!

   Бундан ҳам ёмони кейин рўй берди, унинг туясидан бири қочиб кетди, уни тутишга муваффақ бўлиб, думидан ушлаганида туя оёғи билан унинг юзига тепди ва кўзларин кўр қилиб қўйди. У бирор бир киши уни бирор бошпанага етаклаб олиб бориб қўйишини сўраб, саҳрода бир ўзи қичқирар эди. Бир оз вақтдан сўнг бир йўловчи овозини эшитиб, унинг олдига келди ва уни Дамашқ халифаси Валид ибн Абдул Маликнинг ҳузурига олиб бориб, унга бўлган воқеани айтиб берди. Халифа ундан: “Аҳволинг қандай”, - деб сўради. Шунда у: “Аллоҳдан розиман”, - деб жавоб берди.

 

САВОЛЛАР:

  1. Бани Абслик киши нимасини излаб, неча кун йўқ бўлиб кетди?
  2. Унинг аҳли қандай шароитда яшар эди?
  3. У қайтиб келгунига қадар қандай ҳол рўй берди?
  4. У яна қандай мусибатга йўлиқди?
  5. Халифа ҳузурида қандай савол-жавоб бўлиб ўтди?

 

- - -