Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 6

Қайғуни гўзал енгган Урва ибн Зубайр

1650 Ko'rilgan Хазиналар очқичи 6

Қайғуни гўзал енгган Урва ибн Зубайр

Мусулмонлар халифаси Валид ибн Абдулмалик Урвани Дамашққа таклиф қилди. Урва ўзининг катта ўғлини олиб Мадинадан халифа ҳузурига жўнади. Халифа уларни ниҳоятда гўзал суратда, эҳтиром ва тавозеъ билан қарши олди. Аллоҳ кемалар ҳоҳламасада шамол-бўронларни уларнинг зиддига эстиргани каби, Урва ибн Зубайрга тақдирнинг бўронли кунларини эстира бошлаган эди. Урванинг бирга келган ўғли Валиднинг отхонасига отларни томоша қилгани кирган эди. Баногоҳ уни от тепди ва бу тепки Урванинг ўғли вафотига сабаб бўлиб, у қазо топди. Урва бу фожеадан ўзини йўқотганлари йўқ. Ўғлининг қабрига ўз қўллари билан тупроқ тортди.

Бу воқеадан сўнг унга яна бир синов рўбарў бўлди, яъни оёқларининг бирига дард етди. Унинг болдири шиша бошлади. Шишган ўрни қаттиқ оғриқ ва ўзни йўқотишни келтириб чиқара бошлади. Халифа ҳар томондан меҳмони Урвани даволатиш учун табибларни чақиртирди. Улар барча муолажа ва василаларни қилиб кўришди. Сўнг Урвани болдиридан кесиб ташлашдан бошқа илож йўқлигига иттифоқ қилишди. Агар болдиридан кесилмаса шиши бутун аъзога ўтиб, ҳатто ўлим билан якунланишидан хавотир билдиришди.

     Жаррох етиб келгач, оёқнинг болдир қисмидан гўштни ёриш учун мибзоъ (ёриш асбоби)ни ҳозирлай туриб, Урвага деди:

  • Сизга оғриқни сезмаслигингиз учун маст қиладиган нарсани ичиришимиз керак.
  • Даф бўлсин, мен харомдан ёрдам бўлишини ва офият келишини истамайман!
  • Ундай бўлса, сизга ухлатадиган ашё ичирамиз!
  • Аъзоларимдан бўлган бир аъзони, оғриғини мен сезмаган ҳолда тортиб, узиб олинишини ҳоҳламайман. Мен у сабабидан Аллоҳнинг ризосини қасд қилганман!

     Жарроҳ болдирини кесишга киришаётган паллада бир тўда кишилар Урва томонга кела бошлади.

  • Анави кишилар ким, деб сўради Урва
  • Сизни ушлаб туриш учун келганлар. Оғриқ кучайса оёғингизни тортиб олиб, ўзингизга зарар етказиб қўясиз.
  • Уларни қайтаринглар! Мен учун уларга ҳожат йўқ! Мен умид қиламанки, анавилардан кўра зикр ва тасбих кифоя қилади!

     Жаррох (гўштни ёрувчи) мибзоъни ишга солиб, гўштни ёрди ва суякни синдириб кеса бошлади. Урва ибн Зубайр эса:

  • Ла илаҳа иллаллоҳу, валлоҳу акбар! деб турарди.

- - -