Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 6

Қайғу ва аламнинг ўзи нима?

1812 Ko'rilgan Хазиналар очқичи 6

Қайғу ва аламнинг ўзи нима?

Воқеъликдаги воқеа-ҳодисалардан қалбнинг ранжиши туфайли пайдо бўладиган оғриқ – қайғудир. Воқеа-ҳодисаларнинг содир бўлиши Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлади. Демак, Аллоҳнинг юбориши туфайли келадиган машаққатларга инсоннинг қайғуга тушиши сабр кўринишига зиддир. Шунинг учун бўлаётган ишларга иккиланмасдан, ранжиб, тушкунликка тушмасдан туриш лозимдир. Қайғу-алам бугунги ҳаётдагина содир бўлаётган янгилик эмас, балки тарихлар давомида барча инсонлардан оралаб ўтиб келаётган ҳодисадир. Бу иш айниқса, анбиёларда жиддий тарзда ўтганлиги биз мусулмонларга аён ҳақиқатдир.

Айюб алайҳиссалом бетоблик қайғусига ўралган бўлса, Мусо алайҳиссалом саркаш Бани Исроилнинг азиятлари ғамига ботган эди. Уларнинг барчаси у ғамларга бардош билан туришни Ҳақ Таъоло таълим берган йўсинда амалга оширишди.

   Сўнгги элчи, анбиёларнинг охиргиси Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўп қайғулар сохиби бўлганлар. У зотнинг кўрмаган ғами, тортмаган ташвиши жуда оз бўлса керак. Отанинг бор эканлигини кўрмаслик, онадан эрта ажраш, қавмдошлари томонидан озорлар топиш, ўз ватанидан маҳрум қилиниш қайғуларига ва бошқа ҳали инсон боласи учратмаган машаққатларга йўлиққанлар.

   Аллоҳ Табарока ва Таъоло ўз росулига ўзи тасалли бериб, оят нозил этган:

 

   “Уларнинг сўзлари сени хафа-махзун қилмасин! Албатта Биз уларнинг нимани сир тутаётганларини ва нимани ошкор этаётганларини биламиз” 

                                      (Ясин; 76-оят мазмунидан)

 

   Аллоҳ бандаларига етакчи қилинган анбиёларга қайғулар олдида махзун бўлиб, тушкунликка тушишни манъ этар экан, иймонли инсонлар ҳаётлари давомидаги ғамлар олдида қадди букилмай туришларига ишора бор деб билишлари лозимдир.

 

САВОЛЛАР:

  1. Қайғу нима?
  2. Бугун пайдо бўлганми қайғу ва ташвишлар ёки кеча ҳам мавжуд эдими?
  3. Аллоҳ пайғамбари Мухаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга қандай тасалли берган?
  4. Анбиёларни тушкунликка туширмасликка буюрган буйруқдан яна қандай ишора бор деб тушунмоқ лозим?

- - -