Хазиналар очқичи » Хазиналар очқичи 6

Ҳимоя маъносидаги рахмат

1564 Ko'rilgan Хазиналар очқичи 6

Ҳимоя маъносидаги рахмат

Аллоҳ иймонлиларга етаётган озор ва машаққатлардан ҳимоя қилиб сақлашни насиб этгувчи зотдир. Агар Аллоҳ муъминни ўзи асрамаса душман – ёвлар унга кўп азиятлар етказиб нобуд этиши ёки бутунлай йўқ қилишга ҳаракат қилиши мумкин. Мухаммад алайҳиссаломга Қуръон нозил бўла бошлаган кезларда мушрикларнинг у кишига нисбатан душманликлари ортиб, азиятлар етказишда жиддийлашган пайт бўлган эди. Аммо Аллоҳ Таъоло улардан набаййини ўз хифзи-ҳимояси билан асраб, сақлаган.

    “ (Эй Мухаммад), қачон сиз Қуръон қироат қилганингизда, Биз сиз билан охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас парда қилиб қўюрмиз”.

                                           (Исро; 45-оят мазмунидан)

 

    Мусо алайҳиссаломнинг биродари Ҳорун алайҳиссалом иккаласига Бани Исроил томонидан душманлик кучайиб, асоратга тушган кезларида улар Ягона Аллоҳдан паноҳ сўраб, хифзу-ҳимоясига олишини сўраган.

 

   (Ҳорун) деди: “Эй онамнинг боласи – биродарим”, бу қавм мени хўрлаб, ўлдиришларига оз қолди, энди сен ҳам бу душманларни менинг устимдан кулдирмагин ва мени бу золим қавм билан бирга деб билмагин”. (Мусо) деди: “Парвардигорим, мени ва биродаримни Ўзинг мағфират қилгайсан ва бизни Ўз рахматингга дохил қилгайсан. Ўзинг раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғисан”.

                                      ( Аъроф; 150-151 оятлар мазмунидан)

 

   Демак, инсонларнинг сараси бўлган анбиё-росуллар ҳимояни фақат Аллоҳдан сўрашган экан. Уларни унутган, уларнинг шарафли ислом йўлидан ўзга йўлларга тушиб олганлар Аллоҳдан ўзгадан ҳимоя тилаб юрадилар. Ўзларининг куч-қувватларига, таниш-билишларига, мансабларидан ҳимоя кутишади. Ваҳоланки у ишлар – ҳам гуноҳ содир бўлишига, ҳам ҳимоя келмаслигига сабаб бўлади.

 

САВОЛЛАР:

  1. Муъминни агар Аллоҳ асрамаса не кўйларга тушиши мумкин?
  2. Аллоҳ Мухаммад алайҳиссаломга қандай ҳимоя ваъда қилган?
  3. Ҳорун ва Мусо алайҳиссаломлар кимдан азият кўришганда Аллоҳга нола қилишди?

- - -