Авлодлар қайғуси » Авлодлар қайғуси 2

“Закот”

1862 Ko'rilgan Авлодлар қайғуси 2

“Закот”

Закот сўзини уламолар “поклаш”, яъни молни тозалаб, поклаб олиш деб тушунтирадилар. Киши ҳар йили ўз молини ҳисоб-китоб қилиб, нисобига етган бўлса, хақдорларга бериб бориши Аллоҳнинг ҳукмидир. “Албатта садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошно қилинувчи кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир”. (Тавба; 60-оят мазмуни) Закот берувчи агар тафаккур этса заиф, бечора ҳол кимсаларга кўмак кўрсатиб, жонбозлик кўрсатмоқда у! Аллоҳ ҳоҳласа у бечораҳол, мухтожларни Ўзи ризқлантириб олади. Унинг ҳикматидирки, бой бандаларига амр этиб, маълум тоифаларга эътибор қаратиб, уларга Ўзи ризқ қилиб бераётган нарсалардан садақа қилиб туришини буюриш!

Иймондан бенасиб бўлган кимсалар Аллоҳнинг бечораларга эътиборли бўлиш буйруғини нотўғри талқин этадилар. Ундаги ҳикматни, айниқса у буйруқни Яратган Хожамизнинг амри олийси деб англаб етмайдилар.

     “Қачон уларга: “Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ эхсон қилинглар”, дейилса, кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга (истеҳзо билан): “агар Аллоҳ ҳоҳласа Ўзи таомлантириб оладиган кишиларга бизлар таом берамизми? Сизлар ҳеч шак-шубҳасиз, очиқ залолатдадирсизлар”, дерлар”.

 

   (Йасин; 47-оят мазмуни)

 

     Ғайри динлардан бўлган яҳудийлар бунга оид амрларни ҳар қандай бўлмағур фикрлар билан булғаб, Аллоҳ борасида ўта ёмон сўзларни сўзлашгача бориб етишди.

     “Албатта Аллоҳ: “Аллоҳ камбағал, бизлар боймиз”, деган (яҳудий) кимсаларнинг сўзини эшитади. Уларнинг айтган гапларини ва пайғамбарларни нохақ ўлдирганларни ёзиб қўюрмиз ва (қиёмат куни) уларга: “куйдиргувчи-дўзахнинг азобини тотиб кўрингиз!” деб айтурмиз. Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Аллоҳ (Ўз) қулларига зулм қилгувчи эмасдир”.

   (Оли-Имрон; 181-182- оятлар мазмуни)

 

     Демак, Аллоҳ амр этган садақа, инфоқ-эҳсонларни ҳамиша хақдорларга ўз ўрнида адо этиб бориш зарур. Бу борадаги ҳимматда ҳам инсоннинг тўғри тафаккури, амри олийни англаб, фаҳмлаши жуда керак бўлади. Агар бахиллик қилиб, уни адо этишдан ўзини четга олса, оқибати хатарли воқеаларга дохил бўлади.

     “Аллоҳ фазлу карами билан ато қилган нарсаларнинг (закотини) беришга бахиллик қилган кимсалар ҳаргиз бу қилмишларини ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Йўқ, бу қилмишлари ўзлари учун ёмонликдир. Бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак! (Барча жонли-жонсиз нарсалар кетар ва) осмонлару ер мерос бўлиб Аллоҳнинг ўзига қолур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир”.

 

 (Оли-Имрон; 180-оят мазмуни)

     Закот амалини ўтаётган кимса, чуқур фикр юритиб, мулоҳаза юритса бу дунёда молини поклаб, янада унишига, охиратда янади зиёда бўлишига эришиб олади. Аллоҳ йўлида молларини инфоқ этадиган кимсаларнинг яхшилиги бисёр эттирилиб, ўзига қайтарилади.

     “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ – эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар-бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттити бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда) Аллоҳ истаган кишиларга бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазлу карамли) Кенг, Билгувчидир”.

   (Бақара; 261-оят мазмуни)

 

     Закот амалиётини ўтаётган паллада ёки ўтамоқчи бўлиб турилганда шайтон ўз ҳийласи билан сахийликдан тўсиш учун ҳаракат қилади. Мустаҳкам таъаммул этиб, Аллоҳнинг Улуғлигини, уни Роззоқ эканлигини идрок этиб, иймон келтирган кимса шайтон макрига ҳеч алданмайди. Чунки, у шайтонни саҳий кимсага нисбатан қўрқитувчи, чалғитувчи махлуқ деб баҳолайди. Бу хақиқатни Робб Таъоло Ўзи баён этиб қўйган.

     “Шайтон сизларни (агар инфоқ-эхсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фахш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга Ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карамли) Кенг ва Билгувчидир”.

 

  (Бақара; 268-оят мазмуни)

 

     Аллоҳ Хақ Таъолодан мустаҳкам иймон, закот ибодатини ато этиш ишида собит этишини ҳамда бойликдан сарф этилса, яна покиза бойлик келишини идрок-фаҳм этадиган тафаккур беришини илтижо қиламиз!

 

- - -