Юксаклик сари

Қуръон ва унинг мўъжизалари

4221 Ko'rilgan Юксаклик сари

Қуръон ва унинг мўъжизалари

๏ Қуръонни эшитган жинлар. ๏ Жиндан эмас, Роббдан қўрқиш зарур. ๏ Лой-балчиқнинг хусусиятлари ๏ Қуёш инсонга хизматда. ๏ Фиръавн мурдасининг сақланиб қолиши. ๏ Ғайбий хабарлардан инсон хабардор бўла олмайди. ๏ Қуръон зиё каби ёруғлик таратувчидир. У бутун мавжудотни лол қолдирадиган муъжизадир. Унинг тиловати қалбларни эгалловчи ажиб туйғуларни беради. Уни эшитган ҳар қандай кимса башар сўзи эмаслигини билади. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқиётганларида, уни эшитган жин тоифасига мансуб бир гуруҳи ажабланиб, қавмларига бу ҳолни васф қилиб беришган эди.

 

< قل أوحى إلى أنه استمع نفر من الجن فقالوا إنا سمعنا قرآنا عجبا  يهدى الى الرشد فأمنا به و لن نشرك ربنا أحدا  >

  ( سورة الجنّ )                                 

 (Эй Муҳаммад), айтинг: “Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (менинг Қуръон тиловат қилганимни) эшитишиб, (ўз қавмларига қайтиб боришгач), дедилар: “Дарҳақиқат бизлар Ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган бир ажиб Қуръонни эшитдик ва дарҳол унга иймон келтирдик. Бизлар (энди) Парвардигоримизга ҳаргиз бирон кимсани шерик қилмасмиз”.

                                           (Жин; 1-2 оятлар мазмунидан)

 

   Жин тоифаси, инсонлар каби алоҳида бир тоифа маҳлуқлар сирасидан бўлиб, пайғамбар алайҳиссалом уларга ҳам элчи қилинганлар. Жоҳилият даври тушунчаларига кўра одамлар жин тоифасини ишларни тасодифий бажариб кетаверадиган, анча-мунча иш қўлидан келадиган тоифа деб ўйлашар эди. Улардан қўрқиш, улардан мадад сўраш сингари жуда жирканч эътиқодлар мавжуд эди. Қуръон уларни инсонлар каби икки тоифа эканлигини, яхши ва ёмони борлигини билдирди. Уларни ожиз эканлигини жаҳолат эгалари ўйлаганларидек қўлидан иш келмаслигини, барча иш Аллоҳнинг изни-иродасига боғлиқ эканлигини билдирди. Жинларнинг сўзлаган сўзларини айнан Қуръон оятлари асосида билиб олиш мумкин.

< و أنا منا الصالحون و منا دون ذلك كنا طراءق قددا  و أنا ظننا أن لن نعجزالله في الأرض و لن نعجزه هربا  وأنا لما سمعنا هدى ءامنا به فمن يؤمن بربه فلا يخاف بخسا ولا رهقا  وأنا منا المسلمون و منا القسطون فمن أسلم فؤلآءك تحرو رشدا  و اما القسطون فكنوا لجهنم حطبا> 

   ( سورة الجنّ )                                                       

 

 “Албатта бизларнинг орамизда яхшилар ҳам бордир ва (шунингдек) орамизда ундоқ эмаслар (яъни ёмонлар) ҳам бордир. Бизлар (Қуръонни эшитишдан илгари) бўлак-бўлак йўлларда эдик. Албатта бизлар (Қуръонни эшитганимиздан сўнг) билдикки, ер юзида ҳаргиз Аллоҳни ожиз қила олмасмиз (яъни фақат Аллоҳ ирода қилган ишгина бўлади) ва У зотдан (яъни, Унинг жазосидан) қочиб ҳам қутула олмасмиз. Албатта бизлар қачонки Ҳидоятни – Қуръонни эшитдик, унга иймон келтирдик. Бас, кимки Парвардигорига иймон келтирса демак у (яхшиликларининг) камайиб қолишидан ҳам, (ёмонликларининг)  ҳаддан ортиб кетишидан ҳам қўрқмас (яъни Парвардигори унга ҳаргиз зулм қилмас, балки қилган ҳар бир амали учун муносиб жазо-мукофот ато этур). Албатта бизларнинг орамизда мусулмонлар ҳам бордир ва (шунингдек) орамизда (йўлдан) озганлар ҳам бордир. Бас,кимки мусулмон бўлса, демак ана ўшалар тўғри йўлни мақсад қилиб олибдилар. Энди (йўлдан) озганларга келсак, бас, жаҳаннам учун ўтин бўлган кимсалардир”.

                                               (Жин; 11-15 оятлар мазмунидан)

 

   ๏ Маълумки инсонларнинг айримлари жинлардан ҳадиксираб, қўрқувга тушишади. Жин ҳам инсон каби махлуқот эканлигига эътибор қаратишмайди. Жин тоифаси ҳеч бир зарарга ҳам фойдага ҳам эга эмас. Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қайси махлуқоту-мавжудот бировга зиён етказа олмайди. Уларнинг инсон кўзига кўринмаслиги қалбга хавотир солаётганга ўхшайди. Жинлар – одамдан, одам ундан қўрққанидан кўра кўпроқ қўрқади. Агар ўзидан одам қўрқаётганини сезиб қолгудек бўлса, уни васваса қилишга ўтади.

   Унинг васавасидан йироқ бўлиш учун доимо Аллоҳни зикр қилиб юриш лозим. “Икки паноҳ сўровчи” сура деб номланган “Фалақ” ва “Ан-нас” сураларини ўқиб юриш кишини бошқа махлуқотларнинг ҳамласидан эҳтиёт бўлишга сабаб бўлади.

  

   ๏ Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръонда инсоннинг тараққиёти ривожланиши билан топаётган ишларининг баёни келиши мусулмон бўлмаганларнинг ҳам илмий ихтироларида учраши уларнинг бу калом муъжиза эканлигига яна далолат қилмоқда. Мусулмонлар Қуръонда келган барча хабарларга ишониб, уни тасдиқ этишларида ҳеч шубҳа йўқ, мусулмон бўлмаганлар эса ўзлари яшаб, истиқомат қилиб турган ҳаётида учратаётган ҳодисаларнинг айнан Қуръон оятлари асосида келганларини билиб, ҳайрону-лол қолишмоқда. Ўшандай бугунги тараққиёт сабаб очилаётган Қуръоний муъжизаларнинг айримлари баёнини ўрганиб ўтамиз.

< الذي أحسن كل شيء خلقه و بدأ خلق الإنسان من طين  >

  ( سورة السّجدة )                                            

 

 “У (Аллоҳ) инсонни (яъни, Одамни) даставвал лойдан яратди”.

                                                (Сажда; 7-оят мазмунидан)

 

< خلق الإنسان من صلصال كالفخار >

( سورة الرّحمن )                                    

 

 “У зот инсонни сопол каби қуриган қора лойдан яратди”.

                                                 (Раҳмон; 14-оят мазмунидан)

 

   Балчиқ деганда, ҳаммамизнинг кўз ўнгимизга чивин босган, юқумли касалликлар уяси бўлмиш ботқоқликлар келади. “Балчиқдан энг гўзал сопол ашёлар қилинади”, дегувчилар ҳам бор.

   Ҳолбуки, балчиқ бўлмаганда, на электроника илми дунёга келарди, на қитъалараро ва сунъий йўлдошлараро алоқа бўларди. Ҳатто 20-асрнинг улкан кашфиёти бўлмиш билги сайёра (компютер) ҳам ишлаб чиқарилмаган бўларди. Электроник унсурларнинг (диор, транзистор, резистор ва ҳоказозарнинг) асоси бўлган ярим ўтказгичлар балчиқдан бошқа нарса эмасдир. Ўзаро сим алоқаларда янги йўл очган “супер ўтказгичлар” ҳам балчиқнинг бир мевасидир.

   Балчиққа хос хусусиятлар ҳали тугамади. Балчиқ яхши бир катализатордир. Нефтни қайта ишлашда тезлаштирувчи вазифасини бажаради. Заҳарни эмади. Заҳарли моддаларнинг заҳрини ютиб, уларни зарарсизлантиради. Яна бир муҳим хусусияти – у кучли бир радиактив сўрувчидир. Радиактив унсурларнинг нурларини сўриб, атроф муҳитга зарарини кесади.

 

<إنا خلقنهم من طين لازب >

 ( سورة الصّافات )                  

 

  “Зотан, Биз (инсонларнинг асли-аввали бўлмиш Одам алайҳиссаломни) ёпишқоқ бир лойдан яратгандирмиз”.

                                             (Вас-соффат; 11-оят мазмунидан)

 

   Доктор Лейл М. Койне: “Сокин ва турғун бўлиб кўринган балчиқ, аслида, ичи ҳаракатга тўла сирли бир дунёдир. Балчиқнинг бир бўлагига болға билан урдим. Лабораторияда бир ой давомида ултравиол қувват вужудга келтирганини кашф қилдим. Балчиқнинг юксак бир қувват манбаи эканини кўриб, ҳайратга тушдим”, дейди.

   Балчиқни олдиндан эътибор қилмай, бепарво келаётган тадқиқотчилар Қуръондаги у ҳақидаги оятларни ўрганишгач, инсонни лойдан яралганини иқрори бўлмасдан иложи йўқлигини билишмоқда.

 

 ๏ Энди навбатда эса Аллоҳнинг маҳлуқотларидан бири бўлган, доим инсон яшови учун зарур қилиб яратилган қуёш хусусида тўхталиб ўтамиз.  

   Қуёш ҳар дақиқа Ер юзидан бир миллиард тонна сувни буғлатади. Буғ осмонда булутга айланиб яна ерга қайтади. Ҳар дақиқада сув буғи Ер атмосферасига шунчалик катта миқдорда энергия узатадики, бунча энергияни ҳар бир миллион киловат қувватли 400 миллионта электр станцияси ишлаб чиқариши мумкин. Бу энергия юз миллиардлаб тонна сувни булутларга кўтариб, водийларга ёмғир сифатида ташувчи кучдир. Мана шу энергия ҳисобидан шамоллар, бўронлар, довул ва цунамилар ҳосил бўлади. Битта кучли бўроннинг қуввати 30 мингта атом бомбаси қувватига тенгдир.

   Қуёшимиз бир секундда 20 км (1 соатда 72 минг км) тезликда Herkul ва Lyra юлдуз тўпламлари орасида бўлган Bera юлдузига томон ҳаракат қилади. Бу демакки, биз фарқида бўлмай бир кунда 2 млн.км.га яқин йўл юрмоқдамиз!

   Қуёш бир секундда 20 км. тезликда айланар экан.

   Қуёшнинг учинчи ҳаракати эса, яна система билан биргаликда галактика ичкарисидаги ҳаракатидир. Бу ҳаракати охирги пайтларда энг нозик ҳисоблар билан юзага чиқарилди. Яъни, қуёш ўз системаси билан биргаликда галактикамиз атрофида секундига 250 км. тезликда айланади ва 200 млн. йилда айланиб бўлади.

 

<والشمس تجري لمستقر لها ذلك تقدير العزيز العليم >

( سورة يس )                                                  

 

 “Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу қудратли ва билгувчи зотнинг тақдири – ўлчовидир".

                                                   (Ясин; 38-оят мазмунидан)

 

  Қуйидаги оятлар ҳам бу жиҳатдан диққатни тортади:

 

< الشمس و القمر بحسبان >

( سورة الرحمن )                          

 

“Қуёш ҳам, ой ҳам (аниқ) ҳисоб-ўлчов билан (жорий бўлур)”.

                                                    (Раҳмон; 5-оят мазмунидан)

 

< لا الشمس ينبغى لهآ أن تدرك القمر و لا اليل سابق النهار و كل فى فلك يسبحون >

( سورة  يس )                                 

 

 “На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур”.

                                                      (Ясин; 40-оят мазмунидан)

< و هو الذي خلق اليل و النهار و الشمس و القمر كل فى فلك يسبحون >

(سورة الأنبياء )                                              

 

 “(Аллоҳ) кеча кундузни, қуёш ва ойни яратган зотдир. (Буларнинг) барчаси ўз фалак-фазосида сузурлар”.

                                                       (Анбиё; 33-оят мазмунидан

 

   ๏ Қуръонда ўтган қавмлар ичида золим ва кофирлиги билан ном қозониб, танилган Фиръавн баёни келган. Айниқса унинг ҳалок қилиниши ояти бугунги исёнчи, туғён эгаларига ибрат бўлиб қолганлиги катта муъжизадир.

   “Юнус” сурасининг 90-оятида бу ҳодиса қуйидагича баён этилган:

< و جوزْنا ببني~ إسرءيل البحر فأتْبعهم فرعون و جنوده بغياً وعدْوًا ، حتّى إذا أدركه الغرق قال ءامنت أنّه لآ إله الّا الّذى ءامنتْ به بنوا إسرءيل وأنا من المسلمينََ >

( سورة يونس )                                                               

                                                    

“Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму-зўравонлик қилиш учун Фиръавн унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш пайти етганида эса, у деди: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот – Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман – Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман”.

   Лекин Ҳақ Таъоло шу пайтгача ўзини “Худо” деб даъво қилиб келган Фиръавннинг бу иймонини, тавба-тазаррусини қабул қилмайди.

   Кейинги ояти каримада шундай дейилади:

< ءآلئن و قد عصيت قبل و كنت من المفسدينن >                          

(سورة يونس)                                                                                   

 

 “Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!” Ва сувга ғарқ қилиб юборилади.

   Шу суранинг 92-оятида эса воқеанинг давоми бундай баён этилади. Яъни, сувга ғарқ бўлган Фиръавнга Аллоҳ Таъоло:

< فاليوم ننجيك ببدنك لتكون لمن خلقك ءآية و إن كثيرا من الناس عن ءآيتنا لغفلون >

(سورة يونس)                                                                                

 

 “Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни,улар ибрат ололмайдилар)”, деб ҳитоб қилади.

   Ҳа, Қуръон ҲАҚдир ва ҲАҚИҚАТдир. Ва ундаги бирорта ҳукм ҳозиргача ўз кучини йўқотмаган. Оятларда ғоят аниқ баён этилган Фиръавн ҳодисаси бунга яққол мисол ва кишини лол қолдирадиган исботдир. Чунки орадан неча асрлар ўтгач, ўхшаши йўқ бу жасадни – бир неча минг йиллик бир мўъжизани Аллоҳ Таъоло ибрат сифатида бизга кўрсатиб, асримиз соҳилларига (92-оятда кўрсатилганидек) чиқариб қўйибди!

   Жасад топилган жой ҳам кишини ниҳоятда ҳайратда қолдирадиган муъжизанинг буткул исботига етарли далилдир. Гап шундаки, жасад ҳодиса бўлиб ўтган Қизил денгиз соҳилидаги Жабалаин деган ердан топилган. Ва инглиз тадқиқотчилари уни қизиган қумлар орасидан чиқариб олиб, ўз ўлкаларига олиб кетганлар.

   Жасаднинг ёшини аниқлаш учун олиб борилган тадқиқотлар натижасида бу жасад  бир неча минг йиллик тарихга эга эканлиги аниқланди. Бу эса, у одам Мусо алайҳиссалом даврларида яшаб ўтганини кўрсатади.

 

  ๏ Энди кейинги муъжизалардан бири Қуръондаги ғайбий хабарларки, келажакда бўлажак ишлар ва ҳодисаларни фақат Ягона Аллоҳгина билиши, ҳамда уни баён қилишидир.  Ғайбни билиш, келажакни аввалдан айтиш инсон зотини ҳамиша қизиқтириб келган. Баъзилар бу ишга шўнғиб кетиб, умрларини елга совурганлар. Бироқ, ояти каримада айтилганидек:

< و لله غيب السموت و الأَرض >

( سورة النحل )                               

“Осмонлар ва ердаги ғайб – сирларни (билиш) Аллоҳга хосдир”

                                                       (Нахл; 77-оят мазмунидан)

 

   Ва яна:

< و عنده مفاتح الغيب لا يعلمها إلّا هو >

( سورة الأنعام )                       

“Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур”.

                                                        (Анъом; 59-оят мазмунидан)

 

  Бу ояти карима бутун махлуқотни ўз ичига олади. Шунга қарамай, баъзи кишилар жинлар ғайбни билади, деб ишонадилар. Шу сабабдан бўлса керак, Парвардигор ўз сўзларининг уларга ҳам тааллуқли эканини билдириш учун Сулаймон алайҳиссаломнинг вафотларига доир ушбу оятни туширади:

< فلمّا قضينا عليه الموتَ ما دلّهم على موته إلّا دابّة الْأرض تأكل منسأته ، فلمّا خرّ تبيّنتِ الجنّ أن لو كانوا يعلمون الغيب ما لبيثوا فى العذاب المُهين >

(سورة السبأ )                                             

 “Энди қачонки Биз (Сулаймонга) ўлимни ҳукм қилгач, унинг ўлимига фақат асосини еяётган (ёғоч) кемирувчи қуртгина далолат қилди. Бас, қачонки у қулаб тушгач, жинларга аниқ бўлдики, агар улар ғайбни билгувчи бўлганларида (эди), бу хор қилгувчи азобда – меҳнатда қолмаган бўлур эдилар”

                                                            (Сабаъ; 14-оят мазмунидан)

 

   Шундай экан, Аллоҳ Таъоло ғайбни бир қулга билдириши мумкинми?

< علم الْغيب فلا يظهر على غيبه أحدًا ً الّا من ارتضى من رسول...>

( سورة الجنّ )                                                  

  (У зот) ғайбни билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас. Фақат Ўзи рози бўлган пайғамбарнигина (ғайбининг айримларидан огоҳ этар)”.

                                                             (Жин; 26-27 оятлар мазмунидан)

 

   Лекин инсоният тарихида ҳар-ҳар замонда шундай одамлар пайдо бўлганки, улар ўзларини камида пайғамбарлардек тутиб, ғайбни биламан, дея даъво қилганлар. Европалик Нострадамус ўшандай тоифадаги кишилардандир. У 16-асрда яшаб ўтган бир мунажжимдир. Башоратчи сифатида танилган. “Фолбин” десак ҳам бўлади.

   Келажак ҳақида чинакамига башорат қилган инсонлар ҳам яшаб ўтишган. Аммо улар пайғамбарлар эдилар. Пайғамбарлар муъжизавий равишда истиқболдан хабар берганлар ва ҳамиша ҳақ чиққанлар. Чунки манбалари ваҳий, яъни, илоҳий илмдир. Аллоҳ Таъоло ўз элчиларини тасдиқлаш учун уларга келажак билан боғлиқ баъзи ҳодисаларни билдирган.

   Коҳинлар эса бу ишни ўзларига касб қилиб олганлар. Ҳолбуки, ваҳийга суянмаган кишиларнинг келажакни билиш имконлари йўқдир. Бироқ баъзи кимсалар омманинг соддалигидан фойдаланиб, шу йўл билан шуҳрат ва бойлик орттирганлар.

   Асримизнинг инсони моддиюнчиликнинг зулматидан қутулиш йўлларини қидирар экан, мезонсиз ва эътиқодсиз бўлгани туфайли айрим ёлғонларнинг қурбонига айланмоқда. Астрологияга қизиқиш сабаби ҳам шундадир. Машҳур олим П.Уитмор:

 “Астрология ўтмишда ҳам, ҳозирги кунимизда ҳам ботил ишончларнинг энг бақувватига соҳиб чиққан соҳалардан”, деган эди.

    Аксари мусулмон бўлмаган юртларда ҳар тўрт кишидан биттасининг астрологияга қизиқиши шу нарсага бориб тақалади. Нострадамус каби сохта ва каззоб “башоратчи”ларнинг ҳалигача диққатни жалб қилаётганининг боиси ҳам шунда.

- - -