Солиҳ зурриёт сари

Сиз кутаётган меҳмон дунёга келди!

3994 Ko'rilgan Солиҳ зурриёд сари

Сиз кутаётган меҳмон дунёга келди!

Аллоҳга тасбеҳ айтиш баробарида бўлган чақалоқнинг жажжи чинқириғи, янги меҳмоннинг ташрифидан далолатдир. Бизга мавҳум (тушунарсиз) оламдан ташриф буюрган меҳмоннинг қандай жинсдалиги доялар орқали маълум қилинаркан, ўғил кутаётган хонадон “қиз” калимасини, қиз кутаётган хонадон “ўғил” калимасини эшитишни ҳазм қила олмай қоладиганлар ҳам учраб туради. Фарзанд бўлиш, бўлмаслиги Аллоҳнинг ҳоҳиши иродасига қараб бўлганидек, фарзандни у ёки бу жинсда бўлиши ҳам у Улуғ Зотни амри биландир. Бунга иймони комил бўлган ҳар-бир мусулмон иккиланма, шубхаланмай иқрор бўлади.

(Эй Мухаммад) Имроннинг аёли: “Парвардигорим, мен қорнимдаги нарсани (ҳомилани дунё ишларидан) озод этиб, Сенга назр қилдим.  

     Бас (бу назримни Ўз даргоҳингда) қабул айла! Албатта сен эшитгувчи, билгувчисан” деганини эсланг! Кўзи ёргач эса бундай деди:                  

“Парвардигор, мен қиз туғдим” Ҳолбуки, Аллоҳ унинг нима туққанини билгувчидир ва ҳар қандай ўғил бу қиз каби (Бу қизнинг ўрнини босувчи) эмасдир. “Ва мен унга Марям деб исм қўйдим. Мен бу қизга ва унинг зурриётига даргоҳингдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан илтижо қиламан”.               (Оли Имрон сураси 35-36 оятлар мазмуни)

     Кутилаётган меҳмон бизнинг сафимизга қўшилар экан, у ҳоҳ қиз бўлсин ҳоҳ ўғил бўлсин, Аллоҳга шукрлар билан қарши олиниши даркор. Унга гўзал исмлардан бирини қўйиш, етти, ўн тўрт, йигирма бир кунлигида бу неъматни ато этгани шарафига жонлиқ сўйиб ақиқа қилиниши керак. Бу саналарда қудрати етмаган хонадонлар бу ақиқа қурбонлигини имкон топган пайтда амалга оширадилар.

     Баъзи кишилар қодир бўлиши имкониятида туриб ҳам Аллоҳ фарзанд ато этган шукронасига қилинадиган бу маросимни айрим баҳона, сабабларни рўкач қилиб ортга сурадилар. Баъзилар эса бу маросимни мутлақо тарк этадилар.

     Ёш чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш амалиёти бажарилади. Бу амалиёт чақалоқнинг илк қадамлари Аллоҳни Улуғ зот эканлигини билишдан, У Зотдан бошқа илоҳ йўқ эканлигига гувоҳлик бериш далолати билан бошланади.

     Чақалоқ соҳибаси бўлган она ҳалимлик ва меҳрибонлик ила гўдак парваришига киришмоғи лозим. У очиққандан ёки бетоблигидан безовта бўлиб, инграган пайтда она бу ҳолатни малол олмасдан, жажжи меҳмончага дўқ ва далдалар қилмасдан кўкрак тутиши ва мулойим муомала қилиши керак. Она ўз фарзандини комил икки йил эмизиши бола соғлигига ва баркамол униб ўсишига туртки бўлади.

“Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар”

                                                            (Бақара сураси 233-оят мазмуни)

     Кўкракдан сут эмизиш имконияти бўла туриб, сунъий сутлар беришдан сақланиш лозим. Аёл соғлиги болани тўла эмизишга имкон бермаса, бошқа эмизувчи энага топишга ҳаракат қилиш керак. Эмизувчи энага солиҳа, покдамон, тўғрисўз, омонатдор бўлиши шарт. Мободо бундай энага топилмаса ёки оилавий шароит имконияти кўтармаса эр-хотин келишуви асосида тоза аралашмали сут маҳсулотларини истеъмол қилдиришлари мумкин.

     Бола ухлатилаётганда, эркалатилаётганда чиройли сўзлардан фойдаланиш ниҳоятда муҳим. Аждодларимиз бола теварагида Аллоҳга ҳамд, тасбеҳ, истиғфор айтиш калималарини кўп такрор этганлар. Бола устида тадқиқот ўтказувчилар бола ҳомилада эканлигида онасига вақти-вақти билан айнан бир шеърни эшиттирганлар. Бола туғилиб, оқ-қорани таний бошлагач, унга ҳомилада турган пайтдаги шеърни ўқиб берганлар. Бола бу шеърни қачонлардир эшитганини, бу шеърда келаётган калималар унга бегона эмаслигини айтиб берган.

     Бир боғбон бунга яққол мисол бўладиган ҳолатни гувоҳи бўлган. Янги ўсиб келаётган олма шоҳига сим боғлаган, йиллар ўтиб сим турган шоҳ жароҳат еган кимса каби камтиклик билан улғайган. Бола парваришида шундай нозик қирраларга ҳам этибор бериш фарзанд истиқболини кутаётган ҳар-бир ота-онанинг бурчидир.                                                                                                                                                                                                                                                                          

- - -