Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Ўзбекистон”

4621 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Ўзбекистон”

Марказий Осиёнинг ўрта қисмида жойлашган. Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Афғонистон ва Тожикистон билан чегарадош. Пойтахти Тошкент шаҳридир. 1 январь 2016йилги малумотга кўра аҳолиси 31 млн 573 минг 500киши. Ҳудуди 447,4 минг км2. 12 та вилоят ва 1та Қорақалпоғистон Автоном Республикаси бор. Вилоятларнинг номлари: Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё. Расмий давлат тили – ўзбек тили. Пул бирлиги – сўм. Марказий Осиё, хоссатан Ўзбекистон ҳудуди араблар томонидан Мовароуннаҳр деб номланган. Яъни, “дарёнинг орти, нариги томони” деб айтилган. Ислом фотихларининг Мовароуннаҳрга илк бор киришлари 654-йилга тўғри келади. 673-йили халифа Муовия ибн Абу Суфён фармони билан Убайдуллоҳ ибн Зиёд Амударёдан кечиб ўтиб, Бухоро музофотига кирган. Пойканд ва Ромитан шаҳарларини фатх этган. Шундан кейин Мовароуннаҳрнинг бошқа ҳудудларига ҳам фатх ишларини давом этказишган. 705-йили Қутайба ибн Муслим Хуросонга волий қилиб тайинланди ва Мовароуннаҳрдан то Хитой чегараларигача бўлган вилоятларни исломга фатх билан олиб кириш юкланди. Қутайба 715-йилгача бу ишни давом этказган. Ислом келиши Мовароуннаҳр аҳлида илмга бўлган интилишни кучайтирди. Етук олимлар чиқишига сабаб бўлди.

Булардан: Имоми Бухорий

     Абу Абдуллоҳ Мухаммад ибн Исмоил Бухорий 810-йили Бухорода таваллуд топганлар. Ҳижоз, Миср, Ироқ, Хуросон ва бошқа ислом ўлкаларида яшаб 600 мингга яқин ҳадис жамлаганлар. У кишининг тасниф этган китоблари:

  1. Энг машҳури ва Қуръондан кейинги манба сифатида қўлланиладигани “Жомеус-сахих”дир.
  2. “Ал-Адабул Муфрад”
  3. “Китобул-куна”
  4. “Ат-тарихул Кабийр”
  5. “Ат-тарихул Соғийр”
  6. “Китабул Фаваид” ва ҳаказо. Имом Бухорий 870-йили Самарқанддаги Хартанг қишлоғида вафот топган.

Имом Тирмизий

     Тирмизий 824-йили Термиз шаҳрида туғилганлар. Тирмизий ҳам нодир китоблар муаллифи бўлиб, у         кишининг  “Жомеъус-сахих” китоби 6 та ишончли ҳадислар тўпламига киргизилган. Ўзларини эса “Сунан эгаларидан” деб эътироф қиладилар. У киши кўп йиғлаганлари туфайли кўзлари ожиз бўлиб қолган. 892-йили Буғ қишлоғида (ҳозирги Сурхондарё вилоятининг, Шеробод туманида) вафот этганлар.

9-аср олимлар асри деб аталган асрда Мовароуннаҳрни Тоҳирий ва Сомонийлар (халифаликка тобеъ бўлсалар ҳам) ўзлари мустақил равишда идора этишди ва давлат бўлиб шаклландилар. Ислом динини ҳам муваффақият билан ёйдилар. 10-асрга келиб Мовароуннаҳрда ислом олимларининг обрўси ошиб, Бухоро ҳам пойтахт шаҳар ва исломнинг нуфузли марказларидан бирига айланди. Бухорода илк мадрасалардан бири Форжак мадрасаси қад кўтарди. Ўша пайтдаги Сомонийлар ҳукумдори Исмоил Сомоний Афшина аталган қишлоқнинг экин ерлари ва атрофидаги яйловларни Бухоро мадрасасининг талабаларига вақф қилиб берган.

     10-асрнинг ўрталарида Мовароуннаҳрда Қорахонийлар давлати вужудга келган. 992-йили Қорахоннинг набираси Ҳорун Буғрохон бошлиқ қабилалар Бухорони ишғол қилганлар. Сомонийларнинг марказий ҳокимияти ички зиддиятлар туфайли кучсизланиб қолган эди. Орадан икки йил ўтгач амир Нуҳ ибн Мансур (Бухоро амири) Қашқарга қайтаётган Буғрохон тахтини Ғазни ҳукмдори Сабкутегин ёрдамида қайтариб олади. 999-йили Қорахонийлар бошлиғи Наср ибн Али Бухорони эгаллади ва 1001-йилги шартномага мувофиқ Амударё шимолидаги ерлар Қорахонийлар тасарруфига ўтган. Шундай қилиб Сомонийлар ўрнида икки давлат Қорахонийлар ва Ғазнавийлар барпо бўлди. 1008-йилларда Қорахонийлар Ғазнавийларга қарши 2 марта қўшин тортди ва улардан Балх, Тус ва Нишопур (ҳозирги Эрон ҳудудидаги катта шаҳар)ни тортиб олади. Орадан уч йил ўтгач Ғазнавийлар султони Махмуд сулҳ тузиб Хуросон ерларини сақлаб қолишга эришади. 1030-йилларга келиб Ғазнавийларга Салжуқийлар кураш бошлагач, Қорахонийлар ҳукмдори Иброҳим кўп ерларни эгаллашга муваффақ бўлади. Натижада Қорахонийлар ва Мовароуннаҳр Қорахонийлар давлатига ажрайди. Ғазнавийларни енгган Салжуқийлар кучайиб бориб, бир аср ўтгач 1130-йили Қорахонийларни енгади. (Ўша вақтда Қорахонийлар ҳукмдори Санжар эди).

     1153-йили Алоуддин Отсиз Хоразмни тобеъликдан қутқазиш учун Салжуқийларга қарши курашиб, уларнинг ҳокимиятига қарши ҳаракат бошлади. Хуросонда ҳам қўзғолон кўтарилиб Салжуқийлар таназзулга юз тутди. 1187-93 йиллари Хоразм давлати кенгайишга тушди. Хоразм ҳукмдори Такош ҳатто 1194-йили Эронни ғарбигача, халифалик ерлари Ироққача кириб борди. Ундан сўнг унинг ўғли Мухаммад Хоразмшоҳ ҳам кўп вилоятларни, 1212-йили эса Қорахонийларнинг сўнгги вакилларидан ҳам тортиб олди.

     1215-йили Чингизхон қўшини Шимолий Хитойни босиб олгач, Хоразимшоҳлар давлатига кўз тика бошлади. 1218-йили Чингизхон карвони чегара шаҳар Ўтрорда (ҳозирги Қозоғистондаги Шимкент атрофида) ушлаб қолинди. Шаҳар хокими Инолчиқ ўзбошимчалик билан савдогар ва элчиларни қириб ташлайди. Фақат бир нафар туякашгина омон қолиб, Чингизхон қароргоҳига базўр етиб боради ва карвоннинг даҳшатлик қисматидан хабар беради.

     Чингизхон ибн Кафраж, Буғро (элчи) исмли кимса билан икки мулозим кузатувчиларни Хоразмшоҳ ҳузурига жўнатди. Бундан мурод, айбдорларни жазолашни ва Ўтрор ҳокими Инолчиқни тутиб, Чингизхонга топширишни талаб қилган. Ҳоразмшоҳ эса Чингизхоннинг элчисини ўлдиртириб, икки мулозимини соқол-мўйловини қирқиб, шарманда қилиб қайтариб юборди. Бу ҳол икки давлат ўртасидаги можарога ва Чингизхоннинг босқинчилик урушига туртки бўлди.

     1219-йили кузда Чингизхон ўғиллари Жўжи, Чиғатой ва Ўқтой билан бирга Хоразимшоҳ давлатига юриш бошлаган. 1220 йили феврал ойларида Бухоро эгалланган. Март ойида эса Самарқандни забт этди. Шу ёзда шахсан Чингизхон ўзи киришиб Насафни (ҳозирги Қаршини), Термизни босиб олади. 1221-йили Хоразм давлатига Жалолиддин Мангуберди султон бўлиб ўтиради. У фитна уюштирилгани сабабидан Хуросонга кетади ва Нисо жангида ҳамда Парвон жангида мўғулларни мағлуб этади. Фақатгина шу йилнинг кузида енгилади. Бироқ Жалолиддин ўз оиласини мўғуллар қўлига тушиб тахқирланишини истамай хотинлари, болалари ва онасини дарёга ғарқ қилишга ижозат беради. Ҳеч кимга қойил қолмаган Чингизхон фидойи йигит Жалолиддин Мангуберди жасорати олдида ожиз қолган.

     1224-йили Чингизхон забт этилган ерларни ўғиллари ва набираларига тақсимлаб берган. Мовароуннаҳр ерлари унинг иккинчи ўғли Чиғатойга теккан. Чингизхон 1227-йили вафот этган. Мўғуллар ҳукмдорлиги бир асрдан кўпроқ вақтга чўзилди. 1370-йили баҳорда Амир Темур яхши қуролланган қўшини билан Кешдан чиқиб Балхни эгаллаган. Мовароуннаҳр ҳукмдори Амир Хусайн қатл этилган. Ўша йили Балхда қўшин бошлиқларининг қурултойида Амир Темурнинг ҳукмронлиги расман қарор топади. Унинг пири Саййид барака дуо бергач, Мовароуннаҳрнинг ҳукмдори бўлган. У Самарқандга келиб, шаҳарни мустаҳкамлаб, тартиб-қоидалар жорий этган. Хоразмга 5 марта юриш қилиб, уни 1388-йили эгаллашга муваффақ бўлди. У Ҳиротни (ҳозирги Афғонистондаги ер) сўнг эса Эронни ҳам эгаллади.

     Унинг “етти йиллик”, “беш йиллик”, “уч йиллик” деб номланган юришлари натижасида Озарбайжон, Ироқ ва Шом ҳамда Грузия ҳудудлари, Туркиянинг Ван кўли атрофидаги ерлари ҳам эгалланган. Балхаш кўлидан (ҳозирги Қозоғистондаги кўл) Днепр дарёсигача (ҳозирги Украинада) бўлган ерлар, Уралдан (Россиядаги тоғ) Қора денгизгача бўлган жойлар Олтин Ўрда дейилган. Уралдан шарқдаги ерлар эса Оқ Ўрда деб номланган. 1395-йили Олтин Ўрда ва Оқ Ўрда устида турган Тўхтамишга қарши бўлган Кавказдаги Терек дарёси водийсида Амир Темур ғалаба қозонган.

     Амир Темур қочиб кетган Тўхтамишни таъқиб этиб Рус ерларига ҳам боради. Қайтишда Москвага яқин бўлган Рязан князлиги еридан ўтиб келаётиб Хожитархон (ҳозирги Астрахан) шаҳарларини ҳам эгаллайди. Рус тарихчилари Греков ва Якубовскийларнинг ёзишича; Тўхтамиш устидан қозонилган Амир Темур ғалабаси Шарқий Европа (Полша, Чехия, Руминия, Болгария каби давлатлар) ва Рус князликлари учун ҳам катта манфаат олиб келган.

     Шундан сўнг Амир Темур Ҳиндистонгача забт этиш юришларини давом этказган. 1398-йили Деҳлига яқинлашиб, ўн беш минг аскар билан 1399-йили уни эгаллайди. 1400-йили Байрутни (ҳозирги Ливан пойтахти), 1401-йили бир ойлик қамалдан сўнг Дамашқ шаҳарларини эгаллаган. Орадан бир йил ўтгач Анқарани (ҳозирги Туркия пойтахти ) қамал қилди ва Анқара ёнида Султон Боязид Йилдиримнинг қўшинини енгиб, Боязидни, унинг аёли (серб маликаси) Оливера ва ўғиллари Мусо ва Исо Чалабийларни ҳам асирга олади. Шундан сўнг Измир шаҳрига етиб бориб, уни эгаллайди. Салбчиларнинг охирги қароргоҳларини тугатади ва Хиос, Лесбос оролларидаги Генуя ҳукмдорларини ҳам таслим этади. Миср подшоҳлари ҳам ўз итоатларини изҳор қилишади. 1404-йили баҳорда Самарқандга қайтиб, қаҳратон қиш келгач 200 минглик қўшини билан Хитой юришига жўнайди. Бироқ йўлда хасталаниб, 1405-йили февралда Ўтрор шаҳрида вафот этади ва жасади Самарқандга олиб келиниб, дафн этилади.

     Амир Темурнинг васиятига мувофиқ Пирмухаммад тахтга ўтиргач, темурийлар ўртасида тожу-тахт талашуви бошланган. Бу ғалаёнлар натижасида Пирмухаммад ва Амир Темурнинг Ўртанчи ўғли Мироншаҳ ғалаён қурбони бўлишади.

     Давлат парчаланиб, турли ҳукмронлик пайдо бўлди. 1409-йилдан Амир Темурнинг ўғли Шохрух Мовароуннаҳрга эътиборини қаратди ва Хуросондан Амударёни кечиб ўтди. Шу йили 15 ёшли ўғли Улуғбекни Мовароуннаҳрга ҳоким қилиб тайинлади. 1420-йилга келиб Шохрух отаси Амир Темур давлатининг Сурия ва Миср ерларидан бошқа асосий қисмини ўз таркибида сақлаб қолди. Улуғбек 1425-йили отасининг рухсати билан Мўғулларга қарши юриш қилди ва зафар қучди. Ўша пайтдаги зафар (ғалаба) ёзуви Улуғбек томонидан қоятошга (ҳозирги Жиззах яқинидаги Илонўтти дарасида) битилган ва ҳозирги кунгача сақланиб қолган.

     Шохрух 1447-йили баҳорда Рай вилоятида, ўғли Улуғбек эса ундан икки йил ўтгач кузда фожиали тарзда ўлган. Яна тожу-тахт учун курашлар бошланиб, янги ҳукмдорлар вужудга келди. 1500-йили эса Дашти Қипчоқдаги хон Шайбонихон Самарқандни эгаллагани келиб Бобур қўшини билан тўқнашади. Шаҳар қамал қилиниб, 4 ой давом этади. Шаҳар Шайбонихонга ўтади ва пойтахт бўлиб қолди. Шайбонихонлар сулоласи Пирмухаммад ll гача (1601-йилгача) давом этган.

     Кейин хонликлар ва амрликлар вужудга кела бошлаган. 1601-йилдан Бухорога Аштархонийлар сулоласидан бўлган Боқи Мухаммадхондан бошланган ҳукмдорлик Амир Шерғозигача 1756-йилга қадар бошқарган бўлса, 1756-йилдан Мухаммад Рахим ҳукмдорлиги натижасида Манғитлар сулоласи хокимият тепасига келиб, то 1920-йили Амир Олимхон тахтдан кетгунча давом этган. Яна бир вужудга келган давлат Хива хонлиги бўлиб у ҳам 1910-йили Феруз номи билан аталган Мухаммад Рахимхон ll гача давом этган. Учинчи давлат бўлмиш Қўқон хонлиги эса 1709-йилга келиб вужудга келган. Шохрубий хонлиги пайтдан бошланган Минг сулоласи 1875-йили Худоёрхон ва сўнгги 1876-йилгача эса Насриддинбек хонлиги билан якун топган.

     19-асрнинг охири чор Россиянинг босқини натижасида Бутун Ўрта Осиё босиб олинди. Черняев, Кауфман ва Скобелев сингари ҳарбий бошчилар бу ишларда иштирок этишган. 1917-йилги октябр инқилобидан (Петербургдаги Қишки сарой революциядан) сўнг, Ўрта Осиёда Туркистон АССР тузилган (1918-йилда)

     1925-йили 13-17 февралда Бухородаги қурултойда Ўзбекистон ССР ташкил этилди ва Файзулла Хўжаев Халқ Коммисарлари раиси, Йўлдош Охунбобоев эса Президиум раиси бўлиб тайинланди. 1936-йили Қорақалпоғистон 5-декабрда АССР бўлиб, Ўзбекистонга киритилди.

     1937-йилдан Ўзбекистон Марказий Комитети биринчи котиби бўлиб Усмон Юсупов тайинланган. (1950-йилгача). Уруш йиллари эса Ўзбекистон СССРнинг озиқ-овқат ҳудудига ва кўчирилган халқлар, қаровсиз қолган болаларни қабул қилувчи Республикасига айланди. Завод ва фабрикалар немис оккупациясидан қўрқиб Ўзбекистонга олиб келинган.

     Ўзбекистон Марказий Комитетининг 1-котиблигига 1959-йили Шароф Рашидов тайинланган. Тошкент метроси ишга туширилган. (1966-йили зилзиладан сўнг).

     1983-йили Ш. Рашидов вафотидан сўнг Усмонхўжаев рахбарликка ўтирди. Ундан сўнг 1988-йили Нишонов, 1989-йилдан эса И. Каримов Ўзбекистон раҳбаридир. 1991-йили 1-сентябрдан мустақил давлатга айланган.

     Саноатида самолёт, автобус, тракторлар, автомобил ишлаб чиқариши мавжуд бўлиб, қишлоқ хўжалигида пахта етиштириш соҳасида 5-ўринда, пахта толаси экспорти бўйича (АҚШ) дан сўнг 2-ўринда туради. Аҳолисининг 63,7 %и  қишлоқ жойларда, қолгани эса шаҳарларда истиқомат қилади.

     Спорт борасида ривожланиш босқичига кўтарилган. 1994-йилги Осиё ўйинларидаги  футбол мусобақасида, финалда Хитой терма жамоасини мағлуб этиб, мусобақа ғолиби бўлган.

- - -