Ҳамкорларимиз

  Осмону – ернинг Яратувчиси, башариятни ҳар-ҳил элат ва қабилалар қилиб, турли ранг ва турли тилларда гаплашадиган қилиб қўйган Оламлар Роббиси Аллоҳга хамду-сано ва ўша халқларнинг барчасига ҳамда жинларга ҳам пайғамбар бўлиб жўнатилган Мухаммад Мустафога соловоту – саломлар бўлсин!

      Аллоҳ Хақ Табарока ва Таъало: “Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир”, дейди.

(Хужурот; 13-оят мазмуни)

     “Ушбу оятда Ислом дининиг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир: Биринчидан барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандларидир. Иккинчидан инсонларнинг турли эл-уруғларга бўлинишлари бир-бирлари билан ер ёки мол-дунё талашиб уруш-жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва биргаликда еру-заминни обод қилишлари учундир. Ниҳоят учунчидан одамларнинг Аллоҳ ҳузуридаги обрў-эътиборли бўлишлари мол-дунё ёки олийнасаб билан эмас, балки Аллоҳдан қўрқиш ва У Зот нозил қилган амр-фармонларга итоат этиш билан бўлади” дейди ушбу оят шарҳига берган баёнида олимлардан бири.

     Демак, турли халқ, ҳар-хил тил эгаси бўлиш Ягона Аллоҳнинг иродаси билан бўлар экан. Биз бандаларнинг иши эса – халқлар орасидаги дўстлик ва иноқликни мустаҳкамлаш, улар билан яқиндан танишиб, меҳр-муҳаббатни кучайтирмоқ экан.

    Яна Хаж ва умра сафарлари давомида ёки бошқа сафарлар асносида турли халқ вакиллари билан учрашишга ва йўлиқишга муваффақ бўлинади. Уларни қайси юрт, қайси макондан эканлиги одамларни қизиқтиради. Ана ўшанда уларга хос бўлган илмдан баҳраманд бўлиш, агар имконияти бўлса уларнинг тиллари ва тарихларини билиш диққатга сазовордир.

     Аллоҳимиз фармони олийсига мувофиқ равишда улар, яъни бошқа халқлар, улар яшаётган мамлакат, уларнинг тиллари, тарихлари билан ушбу китобда, иншааллоҳ танишиб чиқамиз. Бу ишда барча нарсага Қодир Аллоҳдан мадад сўраймиз!

     Рисоламиз силсиласини алифбо тартиби бўйича мамлакатларни таништиришдан бошлаймиз. Мусулмон халқи кўпчиликни ташкил этадиган юртлар ҳақида  сўз юритамиз.

мандарижа