Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Миср” (Египет)

1916 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Миср” (Египет)

Африка билан Осиё қитъаларининг туташган жойидаги Африка шимолий – шарқида жойлашган. Исроил, Фаластин (Осиё томондан), Судан ва Ливия (Африка томондан) билан чегарадош. Шимолда Ўрта ер денгизи, Шарқда эса Қизил денгиз ва Сувайш канали ўраб туради. Аҳолиси 70 млн киши. Ҳудуди 1 млн 1400 км2. 27 та муҳофазадан иборат. Расмий тили – араб тили. Пул бирлиги – Миср фунти. 639-642 йиллар мобайнида “амирул-муъминин” Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалигида ислом ёйилган. Ислом волийларидан бўлган – Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Мисрнинг биринчи волийси бўлган. 969-йилга келиб Фотимийлар таркибига кирган, ҳамда Фаластин, Шом (Сурия) ва Арабистоннинг ғарби Мисрга тегишли бўлган. 10-асрдаги оламшумул воқеа Қоҳирада “Ал-азҳар” университети (Жомеъаси) очилиши бўлган.

1113-йили Мисрга европа салбчилари бостириб кирди. Фотимийлардан бўлган халифа Адидга Шимолий Сурия ва Ироқдаги салжуқийларнинг ноиби (ўринбосари) Нуриддин Маҳмуд салбчиларга қарши курашда катта ёрдам беради. Бунинг эвазига халифа уни 1169-йили вазир қилиб тайинлаган. Орадан икки йил ўтгач (яъни, 1171-йил) айюбийлар сулоласининг асосчиси бўлган Салоҳиддин Айюбий (Қуддус фотихи) тахтга келган. Уч йилдан сўнг у “султон” номини олди. У киши бошчилигидаги аскарлар салбчиларга қақшатгич зарба бериб, Фаластин ва Сурия ерларини, айниқса барокотли шаҳар Қуддусни улардан озод этди. Қуддуснинг иккинчи фотихи бўлишга эришди. (Биринчи фотихи Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар).

     14-15 асрларда Мисрда мамлуклар ҳукмронлик қилди. 1517-йили султон Салим Мисрни эгаллаб, уни Усмонийлар халифалигига қўшиб олган. 1769-йилга келиб, мамлук бекларидан бўлган Алибей мустақил давлат тузишга эришди. 1798-йили эса француз императори Наполеон армияси эгаллади. 1805-йили ҳокимият Мухаммад Али пошо қўлига ўтди. У Фаластин ва Арабистон ярим оролининг бир қисмини эгаллади. 1869-йилдан европаликларнинг босқинчилик режаларини амалга ошириш учун ҳаракат бошланди. 1882-йили инглиз армияси Мисрни босиб олди. 1922-йилга келиб халқ кураши натижасида Миср мустақил подшоҳлик деб эълон қилинди. 2-жаҳон уруши даврида Миср Италия-Германия ва Англия армиялари ўртасидаги жанг майдонига айланди. Урушдан кейин эса Миср Англия билан тузган 1936-йилги шартномани бекор қилди. Бундан жазаваси тутган Англия Мисрга агрессия уюштирди. 1952-йили 23-июлда Жамол Абдун-Носир бошчилигидаги “Зуббот ал-аҳрор” уюшмаси армияга таяниб инқилоб қилишди. 1953-йили 23-июнда эса Миср “жумҳурият” (республика) деб эълон қилинди. 1956-йили инглиз аскарлари тўла Мисрдан чиқарилди. Шу йили яна инглизлар Франция ва Исроил билан биргаликда Мисрга тажовуз бошлади. Англия ва Франция армияси декабр ойларида, Исроил армияси эса 1957-йили март ойида Миср ерларидан чиқиб кетишга мажбур қилинди.

     1958-йили 1-февралда Сурия ўзаро келишувга кўра Мисрга бирлашди ва “Бирлашган Араб республикасини” туздилар. Бироқ, уч йил ўтгач 28-сентябрда Сурияда бўлган тўнтариш натижасида, Сурия бу иттифоқдан чиқиб кетди. Бу ном Мисрда ўн йилгача сақланиб қолди ва яна Миср деб юритила бошлади.

     1967-йили ёзнинг 5-10 июн кунлари Исроил қўшинлари Мисрга қарашли бўлган Синай ярим оролини босиб олиб, Сувайш каналининг шарқий соҳилига етиб келди. Уруш туфайли Сувайш каналидан кема қатнови 1975-йилгача тўхтаб қолган.

     1970-йили 28-сентябрда Жамол Абдун-Носир вафот этди. Ўша йили 15-октябрда Анвар Садат президент этиб сайланди. 1973-йили октябрда Миср армияси Сувайш каналидан ўтиб, унинг шарқига ўтди. 1979-йили (АҚШ)да тузилган сулҳга биноан Исроил босиб олган ерларни Мисрга қайтариб берди. Бу сулҳга бошқа араб давлатлари қарши чиқди ва Мисрни Араб давлатлари уюшмасидан чиқариб ташлашди.

     1981-йили 6-октябрда президент Анвар Садат ўлдирилди ва ўша йили бир ҳафта ўтгач, 13-октябрда Хусни Муборак призидент этиб сайланди. (Хусни Муборак Совет Иттифоқи мамлакатчилиги бор пайтда, Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида таҳсил олган) 1989-йили яна Миср Араб давлатлари уюшмаси(Робита)га қайта тикланди. 2011-йилнинг январида бошланган халқ намойишлари бир қанча кун давом этиб, Хусни Муборакни призидентликдан четланишига ва давлат тўнтариши бўлишига сабаб бўлди. Хусни Муборак 83-ёшда эди.

     Миср Египет деб ҳам номланади. Мисрда металлургия заводлари мавжуд. Темир рудалари асосида ишлайди. Вагонсозлик, автомобил, велосипед ва телевизор заводлари ҳам бор. Йирик тўқимачилик корхоналари ишлайди. Асвон тўғонига қурилган электр станциялар (Нил дарёсига қурилган) йилига ўртача 525 млрд квт-соатдан ортиқ электр энергия ишлаб чиқаради.

     Экин майдонларидан йилига уч мартагача экин экилиб, ҳосил олинади. Қишда ҳам тин олиш ишлари Миср ерига номаълум. Ингичка толали пахта таёрлаш бўйича дунёда 1-ўринда туради. Қоҳирада йирик музейлар мавжуд. Миллоддан аввал қурилган Пирамида (эҳром)лар ҳам Мисрда қарор топган. Энг баланди Хеопс (баландлиги 146 метр 59см), Хефрен (баландлиги 143 метр 30см), Микерин (баландлиги 62 метр); буларнинг барчаси Гиза шаҳрида жойлашган. Араблар у шаҳарни “Ал-жиза” (миср лаҳжасида эса “ал-Гиза”) дейишади. Миср араблари “жим” калимасини “г” қилиб талаффуз этадилар.

     Мисрдаги Қоҳира шаҳри дунёдаги катта шаҳарлардан бири бўлиб, аҳолиси жиҳатидан Африка қитъасида энг аҳолиси кўп шаҳар ҳисобланади. Нил дарёси эса энг узун дарё бўлиб, 6670 км га чўзилган.

- - -