Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Марокаш”

2302 Ko'rilgan Дунё ва мусулмонлар

Дунё ва мусулмонлар “Марокаш”

Африканинг шимолий – ғарбида жойлашган давлат. Арабча Мағриб деб ҳам юритилади. Ғарбий Сахара ва Жазоир билан чегарадош. Европанинг Испания давлати билан Гибралтар бўғози ажратиб туради. Пойтахти Работ шаҳридир. Аҳолиси 30 млн 600 минг киши. Ҳудуди 446 ярим минг км2. 18 та вилоятдан иборат. Расмий тили – араб тили. Давлат рамзида (герб) “Ин тансуруллоҳа янсуркум” ояти битилган. Яъни, “агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсаларингиз У сизларга ёрдам беради”, мазмунидадир. Пул бирлиги – Марокаш дирҳами. Марокаш аҳли 702-711 йиллар мобайнида Араб халифалигига дохил бўлганлар. 788-йили бу юртда биринчи давлат Идрисийлар давлати ташкил топган. 820-йилларга келиб Идрисийлар давлати бир неча майда хонликларга бўлиниб кетди. 13-асрнинг иккинчи ярмида барбарлар сулоласи бўлган Маринийлар қўлига ўтган. 15-асрга келиб бу давлат ҳам бўлиниб кетди. Атлантика соҳили томонини португаллар, Ўрта ер денгизи соҳилларини эса испанлар босиб олишди. 18-аср бошларида марокашликлар Марокашдан уларни бутунлай ҳайдаб чиқаришди.

19-асрнинг 40-йилларидан яна мустамлакачи “қузғунлар” Марокашга бирин-кетин кириб кела бошлашди. 1844-йили Франция, 1859-йили Испания Марокаш ҳудудининг бир қисмини босиб олишди. 1955-йилга келиб Франция, орадан бир йил ўтиб Испания ҳам Марокашга мустақиллик беришга мажбур бўлган.

     Бу давлатда балиқчилик ва паррандачилик ривожланган. Марокашда фосфат хом ашёси заҳираларининг 70% жойлашган. Фосфатнинг бошқа мамлакатларга экспорт қилишда 1-ўринда туради. Ишлаб чиқариш саноатида эса тўқимачилик (текстил), кўнчилик, кимё, нефт кимёси, фармацевтика ва цемент саноати тармоқлари дуруст ривожланган. Гиламдўзлик ҳунармандчилиги ҳам мавжуд. 859-йили (9-аср) Марокашнинг Фас шаҳрида биринчи мусулмонлар университети (жомеъаси) очилгани жуда диққатга сазовордир. Мусулмонларнинг энг машҳур “Ал-Азҳар” университети ҳам 10-асрда очилган (Қоҳира, Миср давлати). Демак, ўша машҳур университетдан ҳам бир аср олдин асос солинган.

- - -