Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 15-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1667 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 15-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Рокиъа ва Сажида ертўлада ўзларига берилган таом ва сувларни истеъмол қилишмасдан, фақат тоат билан машғул бўлишди. Улар Юсуф сурасидаги Юсуф алайҳиссалом қиссасига алоҳида эътибор беришиб, бир-бири билан ўша сура тафсири давомида Зайнаб хола айтган сўзларни ҳам эслаб ўтишди. Зайнаб холанинг айтишича; анбиё ва солихлар тарих давомида инсон тоифаси кўрмаган кўргуликларни бошидан кечирган забардаст кимсалар ҳисобланар экан. Уларга қилинган зулм ва тазйиқлар уларнинг қаддини бука олмаган. Уларнинг Аллоҳга муқарраблиги янада зиёдалашган. Айниқса Юсуф алайҳиссаломнинг зиндонбанд қилиниши воқеаси поклиги ортидан келган катта синов бўлиб, жуда кўп йиллар сабр ва матонатда тура олган эканлар. Кўп йиллар отаси Яъқуб алайҳиссаломдан йироқда бўлиши Рокиъаларга энди жуда қаттиқ таъсир қилаётган эди. Улар ҳам оталаридан ажралган ҳолда исканжа ичида қабоҳат аҳлидан азият чекмоқда эди. Улар Қуръоний қиссалардан руҳларига ишловлар олишиб, ўзларини йўқотмай барча бўладиган фалокатларга

шай туришар эди. Шу билан бирга машаққатга тушган чоғда пайғамбар Иброҳим ва Мухаммад алайҳиссаломлар Аллоҳга таваккул қилганларидек “Хасбуналлоҳу ва ниъмал вакил”, дея Хақ  Таъолога ишларини топширишар эди.

   Аср намозини ўқишиб, зикр амалига киришаётган чоғда аввал кўринмаган аёллардан иккитаси ертўлага киришиб, чиройли тарзда салом беришди. Уларга яхши муомала қилишиб, қишлоққа – уйларига қайтишларини айтиб, ташқарига бошлашди. Улар ҳайрон ҳолда машинага ўтиришиб, икки аёлнинг бири ҳайдаган машинада қишлоқларидаги анҳор бўйига етиб келишди. Уларнинг уйларига жуда яқин қолган эди.

   Рокиъа ва Сажида машинадан тушишгач, машинанинг олдинги ўриндиғида ўтириб келган аёл ҳам тушиб, қўлидаги иккита сумкачаларга солинган ашёларни дугоналарнинг қўлига тутқазди.

-Сизларни олиб кетишга буйруқ қилган қонхўр Лобардан Давлат исмли яхши кимса сизларни қутқариб, қайтишларингизга имконият яратиб берди. Оналарингизга соғ-омон эканликларингизни айтиб тинчлантиринглар. Хафа бўлманглар, сизларга ёмонлик истаганларни ҳам ёмонлик кутиб тургандир, – дея машинага ўтириб жўнаб кетишди.

   Икки дугона ўзларига берилган сумкачаларни анҳор четидаги жарликка баробар ирғитиб, улоқтиришди. Бир-бирларига қараб кулимсирашди, Хақ Таъолога хамд ва шукрлар айтишиб уйлари томон чопиб кетишди. Сажидаларнинг уйларига етиб келишганида Холдархоннинг келини ва Рокиъанинг онаси Таснима ҳам шу ерда эди. Нафиса ва Таснима қизларини кўришгач, уларга пешвоз чиқишди. Қизларини бағриларига босиб ҳўнг-ҳўнг йиғлашга тушишди.

-Онажон нега йиғлайсизлар, ахир биз соғ-саломатмизку! – дея уларни овутмоқчи бўлди Рокиъа.

-Ҳа биз соғ-омонмиз, олиб кетишларида бошимизга қопчиқ кийгизиб, оғзимизга елим плёнка ёпиштирганларини ҳисобга олмаганда, бизга ҳеч қандай зарар етказишмади, - деб гапга қўшилди Сажида.

-Аллоҳ сизларга сабр берсин Сажида! Оталарингиздан Роббнинг Ўзи айрилишларингизни тақдир қилиб қўйган экан.Мусибатнинг аввалидаёқ ўзларингизни тутиб, қаноат қилсаларингиз яна ажрга эришасизлар! – деб улар билан кўриша бошлади Холдархоннинг келини.

-Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, дадамнинг автоҳалокатда жон берганлари рост эканми, – деб таажжуб ичида сўради Сажида.

 -Дадангиз автоҳалокатда эмас, Лобар ва Давлат деган кишининг югурдаклари қўлида жон таслим қилипти. Нафақат сизнинг дадангиз балки Рокиъанинг ҳам дадаси ўша кушандалар қўлида жон берган. Дадаларингиз сизларни қутқариш учун борган эдилар. Охирги соатлари ўша жойларда экан, энди охиратларини Аллоҳим обод айласин! Лобар ва унинг атрофидаги кўпчилик отишмаларда ҳалок бўлишипти. Бизникига келган аёллар ҳам! Уларнинг бири Гулбарчин дегани эса ўқ тегмаса ҳам машина ичида ўтириб, бўлаётган ишлардан юраги ушлаб вафот топибди. Қайнотам, Фозилжон аканинг яқинлари барчаси ҳозир терговга олиб кетилипти. Икки майитни эртага эрталаб, юборишар экан...

   Холдархоннинг келини айтаётган сўзларни энди на Рокиъанинг ва на Сажиданинг қулоғи эшитмас, уларнинг кўзи ўнгида фақатгина дадалари оппоқ либосда гавдаланар, уларга қўл силтаб, самодаги булутлар томон кетаётгандек туюлар эди. Дадаларидан айрилиқ ҳисси уларнинг қалбини тирнаб, кўзларига ялт- ялт ёшлар келишига сабаб бўлди. Улар бир-бирларини бағрига босишиб, тўлиб-тўлиб, мунгли тарзда товушсиз йиғлайвердилар. Зайнаб холадан қолган икки эмикдош ака-ука бўлган биродарлар, икки дугонанинг падари бузрукворлари бўлган кимсалар шараф ва ор-номуснинг ҳимояси устида қабоҳатга қарши турмоқ йўлида бу оламни тарк этишган эди.  

Тоғ ёнбағрига туташиб кетган сўлим қишлоқ. Анҳорлари зилолликда мусаффо. Сертерак, мажнунтоллари эса рукуъга эгилгандек соя – салқинли, ажойиб маскан. Ҳар куни шодонлик янграб турадиган, аҳли иноқ бўлган бу қишлоқ бугун мусибат домига тушган. Шу кунгача бу маскан ўз аҳли ичида бундай жудоликка, юрак бағирни тирнайдиган айрилиққа ҳали учрамаган эди.

   Тумонат одам жаноза намози ўқиб бўлингач, уйларига тарқамасдан икки тобутни қўлма – қўл қилиб кўтариб қабристон сари олиб боришди. Ҳамма сукунатда, биров чурқ этиб гапиргиси йўқ. Бу қишлоқ аҳли бирданига икки маййитни тенг жанозаси ўқилиб, тенг қабристонга қўйилаётганига энди гувоҳ бўлиши. Икки маййит бўлганда ҳам, ҳаётини ва оиласини исломга йўғрилтира олган, эзгуликка монанд ҳаёт ўтказган кимсалар жасадини тенг қора тупроққа қўйиш – уларнинг ақлини шошириб қўйган эди...

- - -