Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 13-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1869 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 13-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Фозилжон қизи келадиган куни эрталаб, шаҳарга етиб келган эди. У мактаб ёшидаёқ спортга қизиқиб, ўша пайтданоқ кикбоксинг билан шуғулланишга тушган. Ўша йўналишда меҳнат қилиб спорт устаси ва мураббийлик даражасига етган. Уч кунлик йиғиндан сўнг чет элга шогирдлари билан мусобақага жўнаш тараддудига тушишган. Тасодифни қарангки, ўша шаҳарга етиб келишидан сўнг қизи Сажида ва дугонаси Рокиъа ҳам ўша шаҳарга тутқунликка олиб келинди. Сажидаларнинг ўғирланганлигининг хабарини хотини орқали эшитгач, ўзининг ўринбосари бўлган бошқа мураббийга шогирдларни топшириб, Лобар ва унинг йигитларини топишга шошиб қолди. Бироқ шогирдлари “Бугунги машғулотларимиз тугади устоз, эртагача барибир бўшмиз. Сизнинг бошингизга фалокат тушса, биз бу ерда хотиржам юра олмаймиз. Биз ҳам сиз билан бирга бориб, қизларни излашга ҳаракат қиламиз” дейишди. Ўринбосар мураббий ҳам уларнинг гапини тасдиқлаб Фозилжонга эргашишди.

Лобар Самандарни йиқитгач, Нозимни ва Давлатни ёнига чақириб, ўзига тан соқчиликка одам беришни сўраган эди. Нозим тан соқчиликка ўзи кифоя қилишини айтган бўлсада, Лобар ҳам Давлат ҳам бунга рози бўлишмади. Бошқа бировни ёллашга келишишгач, иқтидорли спортчи, кучли, метин юракли кимсани қидиришга тушишди. Кўпчилик шаҳардаги спорт мажмуалари ичидаги энг кучли ва интизомли мажмуа деб, Фозилжонни кўрсатишди. Ўзларининг сафига Давлат айнан иқтидорли спортчи ва мураббий Фозилжонни танланишини яхши бўлади деб, айтди.

   Нозим бошчилигидаги йигитлар Фозилжон машғулот ўтказадиган мажмуага келиб, аввалига ўзларини кўрсатмоқчи бўлишиб жанжал чиқаришди. Иморат ичидаги тўғри келган спортчиларни муштлаб, тепкилаб уриша бошлашди. Спортчилар уларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлишди, аммо Нозимнинг тўдаси кўплиги ва қўққисдан ҳужум бошлашгани эвазига заифлик қилиб қолгандек бўлишди. Ичкаридаги залда газета ўқиб ўтирган Фозилжон шовқин-суронни эшитиб, чиқиб келди. Жанжални босишга ҳаракат қилди. Яхши гапириб кўрди, ялиниб кўрди, бироқ натижа йўқ. Ҳатто бир ўспирин келиб, Фозилжоннинг иягига мушт туширди.

   Фозилжон булар яхши сўзга тўхтамаслигига ақли етгач, устидаги спорт кийимини яқинроғида турган илгичга илди-да, айланиб мушт туширган кимсанинг иягига тепди.Тепки зарбидан ўзини тута олмай қолган ўспирин орқага кетиб йиқилди. Унинг ортида турган шериклари ҳам келиб Фозилжонга ташланмоқчи бўлган эди, бирининг кетидан бошқасини енгил аммо зарбаси кучли бўлган ҳаракатлар билан уриб ва тепиб ерга қулатди.

   Нозим Давлатнинг айтган гапига Фозилжоннинг довюраклигини кўргандагина ишонди ва уни ҳақиқатан Лобарга мос тансоқчи бўлишига рози бўлди. Унинг олдига пешвоз чиқишга шайланиб турган йигитларини тўхтатди. Ўзи юриб келиб Фозилжоннинг олдида тўхтади ва унга қўлини кўришиш учун чўзди. Фозилжон истамайгина қўлини чўзди ва унга буюрди:

-Югурдакларингни олиб бу ердан жўна, бўлмаса буларнинг бошига тушган оқибат сенга ҳам тушмасин!

-Сизнинг кучли спортчи эканлигини айтишган эди. Мен ўзим кўрмагунимча ишонмайдиган одамман. Қойил қолдим ажойиб спортчи экансиз.

 Уни мақтаб, Лобар опасига тан соқчиликка олиб кетишга жазм қилди. Фозилжонни ишга таклиф қилган эди, у кўнмади. Нозим деди:

   -Арзимаган чақаларни деб, умрингизни ўтказасизми?! Опа сизга яхшигина пул тўлайди, кўп ишларингиз битади, еганингиз олдингизда емаганингиз кетингизда дейилгандек...

   -Опажонингни ўзинг ҳимоя қилавер, мен бир одамга боғлангандан кўра, бир неча авлодни тарбиялашим жуда афзалдир. Қолаверса, одамларга зарар беришдек ишлар билан умр ўтказишнинг ўзи гуноҳ!

   -Охирги сўзингизни айтинг, бошқа ишларга аралашишни эса бас қилинг! Нима гуноҳ, нима савоблигини опамизнинг ўзи сўраб оладиган кишилари бор.

   -Қандай ишга аралашиш ёки аралашмаслик менинг шахсий ихтиёримдир. Аллоҳ мени ҳур-озод қилиб яратган, қул қилиб эмас! Сен мени нимага аралашишимга тўсиқ бўла олмайсан. Мен фақат Аллоҳга бандаман, У Зотгина қайси йўлга юриш ва юрмасликни белгилашга хақли! Сен эса мана бу лайчаларингни эргаштириб, бу ердан туёғингни шиқиллат!

   Нозим бу сўзлардан тепа сочи тикка бўлиб, яна жанжал чиқармоқчи бўлди. Бироқ ўзининг Фозилжонга уқуви етмаслигига кўзи етиб турганидан ва ташқаридан етиб кирган Давлат бунга йўл қўймагани жанжалга сабаб бўлмади.

   -Нозимжон ука, сизнинг рўбарангиздаги одам – Фозилжон бир неча бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган, эҳтиромли инсон. Бошқа ўлкаларда ҳам нуфузи баланд киши. Бир-бирларингиз билан жанжаллашсаларингиз яхшилик чиқмайди.

   Давлат Нозимни ва унинг тўдасини олиб мажмуадан чиқиб кетди. Ўша бўйи Фозилжон Нозимни кўрмади, аммо Давлат уни баъзи тадбирларга таклиф қилиб турди. Фозилжон эса “қозонга яқин юриш” қоралик билан тугашига амин бўлгани учун яқин бўлмади. Бу ишни қишлоққа қатнаб тураркан, ҳамқишлоғи ва эмикдош биродари Абдулбориъга ҳам айтган эди, “Тўғри қилибсиз. Ёмонларни ё қайтариш керак қабиҳликдан ё улар билан бирга бўлмаслик керак”, деб жавоб айтди.

   Қизи йўқолганидан хабар топгач, Нозимнинг қилган макрларидан бири бўлса керак деб ўйлаган эди, лекин шаҳардаги бозор олдида қишлоқдан етиб келган Абдулбориъ билан йўлиқишганида эса кечаги қишлоғида бўлиб ўтган воқеалар тафсилотини эшитди.

   Абдулбориъ ҳам бу ишдан энсаси қотган, ғазабдан муштлари тугилган аҳволда эди. Қизларни қаердан бошлаб излаш кераклигига бошлари қотган эди. Абдулбориъ билан бирга Холдархоннинг эри бирга келган эди. Холдархоннинг эри бу ишга аралашиб юрганига минг пушаймон эди. Қаердан ҳам Гулбарчинлар уларникига борди, қаердан ҳам хотини қизларни ҳимоялаш кафолатини олди, унинг боши қотган эди. Чунки Лобарга мутеъ бўлган кимсадек – бу инсон Лобарга қаршилик қила олмаслиги аниқ!

   Фозилжон Абдулбориъдан тафсилотларни эшитиб бўлгач, Холдархоннинг эрига деди:

   -Демак, сизнинг хотинингиз буларга ҳамтовоқ эканда-а, ака! Бундай қабеҳлик ичида юришига нега изн бердингиз аёлингизга?

   -Ўйланиб гапиринг Фозилжон, аёлим улар билан ҳамтовоқ эмас! Фақат икки аёлни бизникига меҳмон бўлиб бориши бизни хавотирга солди. Уларни бундай разил иш қилади деб, ким ўйлабди дейсиз?

   -Келинингизга қўнғироқ қилинг ака, улар нима дейишганларини бизга аниқ-равшан айтсин! Ҳеч нарсани яширмасин, бўлинг тез!

   Холдархоннинг эри келинига қўнғироқ қилди ва Гулбарчинлар борганда нима иш ва нима сўзлар бўлганини қайта-қайта сўрайверди. Келини барча кўрган, билганларини айта туриб, сўзининг охирида жумладан шундай деди:

   -Бизникига келган аёлни ҳайдовчи чақираётган пайтда, аёлларнинг ёши кичиги мен билан ташқарига чиққан эди. Мен юмушимга ўтиб кетдим, меҳмонга қараб қўяй деб келсам, деворимиз остидаги супада ўтириб: “Давлат ака, Давлат ака” деётганини ҳам эшитгандим. У мени кўриб телефонни зудлик билан ўчирди ва сўзлашган кишисини гўёки куёви эканини билдиргандек “Куёвим билан гаплашаётган эдим”,  деган эди. Мен ҳам оилавий ишлари бордир деб ўйладим. Балки Давлат исмли кишида ҳам иш бордир! - деб қайнотасига сўзини тугатди.

   -Иш бундай энди, -дея гап бошлади Абдулбориъ, – Сиз Фозилжон бир-иккита йигит билан Нозимни топинг, унга қизларни яхшиликча бер деб айтинг, бўлмаса тоқатимиз етганича ҳаракат қиламиз. Биз эса қўшнингиз билан Гулбарчин деган аёлникига бориб, воқеани яхшироқ билишга ҳаракат қиламиз. Фақат Давлат деган исмни унутиб қўйманг, ўша кимсада ҳам бирон бир сир бўлиши мумкин!

   Холдархоннинг куёвининг ҳоли бадтар ёмонлашди. Чунки у Давлатни танир, унинг Лобарга алоқаси бор киши эканлигини билар, лекин ўзи алоҳида бу ишни уюштирганига ақли етмас эди.

- - -