Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 12-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1813 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 12-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Давлат Лобар муолажа олаётган хонага Нозим ва Кароматга Гулбарчиннинг манзилини тушунтириб келишга улгурган Ниёза билан кириб келди. Кўзининг қири билан кўрпага ўраниб ётган ҳолича Давлатга қараб, пичирлаб гапирди: -Келинг Давлат ака, менга шу кўргулик ҳам бор экан! Кеча дам олишга борганда ўзимни яхши ҳис қилаётган эдим! Қайтишга яқин қандайдир томоғим бўғилганга ўхшаб ўзимни нохуш сездим. Уйқум ҳам алғов-далғов! -Ҳечқиси йўқ, тузалиб кетасиз, бироқ Нозим мен сизга неча марта айтганман Лобархоннинг кўз-қулоғи бўлинг деб, сиз бўлса опангизни хатарга қўйгансиз! Ҳамма Давлатга қаради. Айниқса Нозим Давлат билан онда-сонда учрашиб ҳечам танбеҳ эшитмаганиданми ёки доим Лобарга жонфидо бўлиб туриб ҳам “хатарга қўйгансиз” деган калима оғир келганиданми, ялт этиб Давлатга бурилди, аммо чурқ демади.

   -Лобархон кеча бориб, тоғ ёнбағрида ичган шарбатингиз заҳарланган экан, ҳозир у лабараторияда яна қайта текширувдан ўтказиляпти.

   -Нима, - ўрнидан сапчиб туриб кетмоқчи бўлди Лобар.

   -Ким заҳарлайди, қайси аблаҳ унга қўл урди, - дея кўзлари чақнади Нозимнинг. Булар ичида турган Ниёза тошдек қотди. У ўзини йўқотаёзди, чунки  идишни заҳарлаган у эди. Наҳотки Давлат ака ҳамма нарсани очиб-сочиб, ҳаммамизни ва ўзини тутиб берадими деб, ларзага келди. Аммо Давлат бамайлихотир туриб деди:

   -Бу Каромат, Жавлон, Мафтунанинг биргаликдаги суюқасдидир. Унинг ижрочиси Гулбарчин бўлади! Эшитяпсизларми Каромат Самандарнинг қасдида Гулбарчин билан бирга унинг уйида ҳозир кейинги найрангларини муҳокама қилишяпти.

   Давлат агар бу ерда Ниёза бўлмаганида унинг ҳам иштирокини тилга олиши мумкин эди. Лекин у бу ернинг ўзида мавжудлиги бунга ҳалал берди. Давлат у ҳақида ҳеч нарса демади. Лобар ётган жойида михланиб қолди, у Кароматларнинг жонланганини ақли илғамас эди .

   Анча-мунча ишга аралашмай фақат Лобарнинг буйруқларини бажарадиган Нозим Давлатга ўқрайиб қаради. Унинг бу қарашидан “Бўлмаса Самандарга уюштирилган ишни Каромат ва Мафтуна қаердан ва кимдан эшитиши мумкин” деган сўров бор эди. Давлат ўзини оғир тутиб, уй ичида қўлини орқага қилиб юра бошлади.

   -Худоҳоҳласа Лобархон ўрнингиздан туриб соғайиб кетасиз, ғанимларингизни албатта бошлари кундага қўйилажак. Нозимжон сизнинг менга сира  норози ҳолда қарашингизга ҳожат йўқ балки, чуқур ўйлаб кўришингизга тўғри келади. Каромат ва Мафтуна бу нозик ва сирли ишдан хабар топишига ким сабаб бўлганига ажабланаяпсиз, тўғрими?! Поччангиз Жавлон опангиз билан ажрашгач, опангиз Рохат ва сиз унга жуда қаттиқ ёмонлик қилгансизлар. У топган-тутганидан маҳрум бўлиб, кўчада қолган. Мафтуна у билан танишиб қолгач, поччангиз унинг ишончига ва бойлигига эришиш учун сиздан эшитган ўша “сир”ни унга ошкор этган.

   -Аблаҳ, мараз Жавлон! Ўшанда у маразни оёқ-қўлини боғлагандан кўра, жарликка улоқтириб ҳалок қилсам бўларкан! – ғазаб отига мина бошлади Нозим.

   Давлат нишонга олган ишлар ўз қолипига тушаётганидан ич-ичидан қувонди. Аммо уни билдирмай, салобатини тўкмай, уйда айланишда давом этаверди. Унинг ўзи Мафтунага айтган ишни Жавлон айтди дея, собиқ почча билан Нозимнинг ўртасидаги алангани янада кучайтирди. Лобарнинг кўзлари шифтга қадалган ҳолда жим ётаверди.

   Давлат унга бир қараб қўйиб, юришда давом этаркан, тайёрада Лобар билан бўлиб ўтган мулоқотини эслади. Лобар ўшанда даб-дурустдан ўзига қулоқ солишни, ўзини эса Лобархон деб атаб, жуда катта кетган эди. Ўшанда Давлат бир оз паст келмаса, довул остида қолажак кемага ўхшаб қолган эди. Самандарга суяниб қолиб, узоққа умид боғлаб, бу ишлардан четда қолиб кетган эди. Лобар бу шаҳардан ҳайдаладиган бўлиб турган кезда, уни қийналмасин дея, кўплаб пуллар бериб, четга яширинча олиб чиқиб, ўша ёққа жойлашиб кетишига ёрдам берган эди. Ўзининг юртига келмоқчи бўлса яна ёрдамини аямай, Самандарга билдирмай яхшилик қиларди. Бироқ ўз қўйнида ваҳший ҳайвон боққандек бўлди қолди. Ўзининг ёрдамига олган Лобар ўша ёқларда юрган пайтларида ҳам ва қайтган кезларида ҳам Нозимнинг атрофига одам жамлаб, Самандарга қарши исён бошлаган экан. У ғолиб бўлгач, Давлатни ҳам ўзига мутеъ қилди. Аммо Давлат Лобарнинг бу ишларини ўзига сингдира олмаган эди. Мана ниҳоят ўзининг рақиби ҳисобланган Лобар беморлик тўшагида ётибди, заҳарланганини эшитибоқ, ранг-рўйи ўзгариб, тушкунликка тушди. Атрофидаги гап-сўзлар унинг қулоғига кирмас эди.

   Нозим эса Лобарсиз мевасиз қуруқ дарахтдир, холос. Унинг шовқини, тўполонларини ҳисобга олмаса, қўлидан арзигулик иш топилиши қийин. Айниқса режа қилиш, тадбир билан иш кўриш деган нарсаларни билмайди, деб ишонади Давлат. Шунинг учун Лобарнинг ётиб қолиши унга қўл келгандек бўлди.

- - -