Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 11-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1801 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 11-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Тайинланган аёл бир соатлардан сўнг, заргарлик дўкони олдига етиб келди. Ниёза ўзи ишлаган дўкон ёнида атрофга олазарак боқиб турарди. Олдига ўзига нотаниш бўлган аёл келиб тўхтади, қўлида қимматбаҳо сумка ушлаган, кийинишидан бадавлат аёллардан эканлиги билиниб турарди. -Сен Ниёзамисан? Бу савол Ниёзани ҳам қўрқувини, ҳам ғашини келтирди. Чунки Ниёза катта ўйин олови ёқилганини қалби сезар, юрак уришлари бежо ҳолатда эди. Лобарнинг тагига сув қуйишдек қалтис ишда иштирок этиши, жонини таҳликага қўйилиши эди. Ғашини келтирганининг боиси эса, нотаниш аёл ҳе-йўқ, бе-йўқ биринчи кўришидаёқ сенсирагани унга ёқмаган эди. -Ўйланма, нега қоққан қозиқдек туриб қолдинг, мен Давлат акангнинг чет элдаги иш юритувчиси – Каромат бўламан! -Ассалому алайкум, Каромат опа, яхши келиб олдингизми, - деб у билан кўришмоқчи бўлган эди Ниёза, Каромат унга хушламайгина қўлининг учини узатиб қўйди. -Менга Гулбарчин опангнинг уйини тушунтириб қўйда, бу ердан тезда туёғингни шиқиллат!

   -Хўп бўлади Каромат опа!

   Ниёза Кароматга манзилни тушунтириб, Лобарникига қайтди. Ўзини жиндек енгил ҳис қилгандек бўлди. Эшитишига қараганда Каромат бу ерларда кам юрадиган аёл. У асосан чет элга жўнатилган “экспорт” аёлларни ишга жойлашишни ва у ерлардан бу ёққа зарур, ҳамда қимматбаҳо буюмларни жўнатишни уддалайдиган аёл. Самандар даврида ҳам пул устидаги назоратчи аёл эди.

   Ниёза уни ҳечам кўрмагани билан таърифи орқали яхши танир эди. У сотувчи бўлиб ишлаган дўконларнинг заргарлик буюмлари, олтин-кумушлари айнан ўша аёлнинг қўли остидан ўтиб келарди. Лобарни йўқотиш иши авжига чиқаётган айнан бу паллада Кароматнинг пайдо бўлиши, унинг Гулбарчиннинг уйига ташриф буюриши Ниёзанинг бошини гарангситиб қўйган эди. Аммо у шуни яхши тушунадики; Давлат акаси жиддий ишга киришганда, кўп ишларни чархпалак қилиб ташлайди. Кўп нарсаларни ўйлаб, шошилмай пайт пойлайди. Бир ўқ билан икки қуённи эмас, балки унданда кўпроғини барбод қилмоқчи бўлади. Бу ҳолни Ниёза ишлаб юриб, синовдан ўтказган ва шунинг учун ҳам кўринишда қувватли бўлган Лобарга эмас, Балки Давлвт акасига ишга ёлланган. Шу билан бирга юраги ҳам хотиржамликда эмас.

   Каромат Гулбарчиннинг уйини топиб боргач, дарвозаси олдида эркак кишининг иш қилаётганини кўрди. Яқинроқ юриб бориб у кишидан сўради:

   -Гулбарчин уйдами?

   -Ҳа уйдалар,бошлари бироз оғриб қолган шекили, бошқа пайт келсангиз яхши бўлар эди.

   -Жуда зарур ишим бор, бошқа сафар келишга фурсатим йўқ. Кейин айтмоқчи Лобархон мени кўришмай кетганимни эшитсалар Гулбарчиндан қаттиқ хафа бўладилар.

   Гулбарчиннинг эри Лобарнинг исми тилга олингач, иш муҳимлигини тушуниб етгандек бўлди ва қўлидаги ашёларни бир четга қўйиб уйига кириб кетди. Бироздан кейин бошига рўмолини калта қилиб ўраган Гулбарчиннинг ўзи чиқди ва Кароматга бошдан-оёқ тикилиб, хушламайгина кўришди. Бироқ Лобарни таниши, бирор маросим баҳона ўшанга таклиф қилгани келган бўлса керак деб, кўчадан-ла кузатиб юбормоқчи бўлди, аммо у сўроқ оҳангида, чимирилиб Гулбарчинга дағдаға билан гапиришни бошлади:

   -Ҳа отин опа, Лобархонни ёмон аҳволга солиб қўйиб, шундай оғир лаҳзаларда кўнглини кўтариб ёнида туриш ўрнига, уйингизга келиб, ётиб олганингизни қаранг, тавба!

   -Сиз кимсиз, Лобархонга қанақа алоқангиз бор?

   -Аввал меҳмонга уйга кир деб айтилади, кейин эса муддао.

   Гулбарчин шоҳона кийинган, кўринишидан давландмандлиги сезилиб турган бу аёлнинг гапларига ва ўзини кибр билан тутишига ҳайрон бўлиб, уйига бошлади. Гулбарчиннинг эри ичкаридаги томорқадан улар кириб келаётганда ташқарига чиқаётиб келган аёлнинг олдида хотинини тезлаб, юзлари бир аҳволда кираётганини кўриб хурсанд бўлди.Чунки у аёли оғриганга ўхшаб ётиб олгач, хавотирга тушган эди. Бирон нарса ичгани ҳозирлашни сўраганида эса, жеркиб ташлаб “мени ҳоли қўйинг, бошқа ишларингиз йўқми” деб ўшқирган эди.

   -Мана мени танимасангиз таниб олинг, отин ойи, мен Кароматхон бўламан! Эшитганмисиз? – уйга кириб ўтиришгач, Гулбарчинга савол оҳанги билан қаради. --Кароматхон, ҳа, ҳа эшитганман, келинг айланай, бошим оғриб тургани учун сиз билан яхши кўриша олмаган эдим, келинг меҳмон, бизникига хуш келибсиз! – деб қайта кўришмоқчи бўлган эди, Каромат қўлининг учини хушламайгина унга чўздида, мақсадга ўта бошлади.

   -Ўтиринг, ўтираверинг ҳечқиси йўқ! Қани Холдархон берган тақинчоқларни кўрайчи, ўзингизда турибдими?!

   Гулбарчиннинг оёқ-қўли музлашга тушди. Боягина берилган тақинчоқлар ҳақида бу қадар тафсилотга эга бўлган бу аёл олдида ўзини йўқотмай иложи йўқ эди.

   -Нега анграйиб турибсиз, боринг тезроқ олиб чиқинг!

   Бу берилган буйруқдан кейин ўзи шундоқ ҳам аянчли ҳолатга тушиб турган Гулбарчин беихтиёр тақинчоқлар сақланадиган хона томонга жўнай бошлади.

   -Хўп бўлади, Кароматхон мана ҳозир, ҳозир олиб чиқаман!

   У икки тақинчоқни олиб чиққач, Каромат уни олиб бирини ўзига тақди, иккинчисини эса унга узатиб, гапира бошлади.

   -Буниси сизга аталган отин ойи, мана буниси эса Лобарга шундайми?

   -Ҳа, ҳа шундай! – деди Гулбарчин ва Кароматнинг “Лобар” деб ҳурматсизлик билан исм айтганига ҳайрон бўлди.

   -Нега буни Лобарга бермадингиз?

   -Улгурмадим.

   -Ахир бошингиз ўша ердан оғриб қайтди шекили-а?

   -Йўғ-ей, Лобархонникидан нега бошим оғриб қайтар экан Кароматхон.

   -Унда нега оғриб қолди бошингиз?

   -Шунчаки оилавий мажаролар бўлиб турадику, ўшанга бўлса керак!

   -Оилада ким билан можаро қилган бўлишингиз мумкин?

   -Шу десангиз эрим, қаерларда юрипсан деб дағдаға қилгандек бўлувди, озгина ҳижолат чекиб, оғриб қолдим.

   -Мушукданам беозор эрингиз қандай қилиб сизга дағдаға қилиши мумкин отин ойи. Ахир сиз қачондан бери қаерда юрганингизнинг ҳисобини берадиган бўлиб қолгансиз?

   -Ҳа энди...

   -Бўлди бас қилинг! Отин ойи деса бир йўла осмонга чиқиб олманг, синглим! Ёлғонни ҳам қойиллатиб ташларкансиз, жуда қойил! Аммо бизни алдашни, сўзимиздан бўйин товлашни асло ўйлай кўрманг! Сиз энди Лобар учун бир тийинга қимматсиз. Шуни яхши билинг, бизни ҳимоямизга ўтмасангиз, ҳаётингиз хавф остида, билдингизми? Сизнинг ҳар-бир қадамингиз биздан ёпиқ эмас, шунинг учун ҳоҳланг менга қулоқ солинг, ҳоҳланг жарга ўзингизни ташлайверинг!

   -Нима қил дейсиз, Лобархонга ялиниб, ёлбор десангиз, ҳозироқ бориб оёғига йиқиламан. Бу иккала тақинчоқни ва уйимда турган бошқа зийнатларни ҳам унга бериб, ўртамизни ўнгламоқчиман,-деди ранги дока каби оқариб кетган Гулбарчин.

   -Сиз мени Лобарнинг югурдакларидан деб ўйлаяпсиз шекили-а! Лобарингизни четдаги ишларини гуллатиб, Лобарни Лобархон қилиб турган мен эканлигимни билмайсизми?!

   -Нима қилишим керак, нима қил дейсиз?

   -Лобар энди ҳеч ким эмас, унга ялтоқланишни бас қилинг, унинг куни охирлаб қолди, билдингизми.

   -Касали оғирми?

   -Касал-пасалини билмайман, аммо у Самандар акага қазиган гўрига йиқилиш навбати ўзига келди. Мен Самандар акани касалхонада вафот топди дейишганида ишонган эканман. Ваҳолангки у – Лобарнинг лайчаси Нозим орқали гумдон қилинган экан. Лобар Давлат акани мажбурлаб, унинг ўрнига “вақтинча шоҳ” қилгану, ўзи давру-даврон сурмоқчи бўлган. Пандавақи Нозимга ишониб, чўққиларда ва унданда юксак бўлган булутлар устида бемалол учишни орзу қилган. Сиз эса отин ойи унинг елпиғичига айлангансиз, қолгансиз.

   -Қўйинг ундай гапларни...

   -Ҳозиргина барча тақинчоқларини бериб бўлса ҳам, оёқларига йиқилиб бўлса ҳам Лобарни ўйлаётган ким эди? Мен Лобар деб атасам ҳайрону-лол бўлиб қараётган ким эди?

   Гулбарчиннинг юраги устма-уст тушаётган бундай оғирликларни бугунгичалик ҳеч кўтармаган эди. Лобарнинг яқин опаси бўлишга эришган кезлари; “Энди рўшноликка тўла эришдим, Лобархоннинг ўзидан-ки сийловлар, яхши сўзлар эшитяпман-ку, бошқалар энда менга фақат қуллуқ қилиб, ҳурматимни жойига қўяди”, деб ҳаволаниб, щзидан кетган эди. Бугун эса тонгни хушламай қарши олган, Лобарнинг қишлоққа тушиб чиқишга қилган буйруғини ўзига оғир олган ҳолда эди. У ердан қайтгач, Лобардан эшитган сўзлари, унинг ҳузуридан ҳақоратланган тарзда ҳайдалиши унинг мувозанатини чизиғидан чиқариб ташлаган эди.

   Энди эса Кароматнинг тергашлари ва устма-уст бераётган саволлари унинг тинкасини қуритаётган эди. Айниқса Лобарни ёмонлаши, уни довдиратиб қўйган эди. Кароматни Лобар жўнатган бўлса керак, ёки у ўзи келиб, мендан атайлаб фикримни билмоқчи деб тушунган эди. Самандарнинг ҳалокати ҳақидаги сўз айтилгач, Кароматнинг аламзадаликда турган тоифадагилардан эканлигига ишона бошлади. Аммо Лобар ҳали тирик, уни ҳали ҳеч ким черта олгани йўқ! Нега энди унинг гўрига ғишт қалашга Каромат ҳадди сиғди экан-а!

   -Нега талқон ютган кимсадек жим бўлиб қолдингиз? Гапиринг!

-Нимани гапирай?

   -Бизнинг хизматимизга ўтишингиз керак! Агар бош тортсангиз, биз эмас айнан Лобарнинг қонга ботган қўлида жон таслим қиласиз!

   -Нега айнан Лобархоннинг...

   -Қишлоққа учрашгани ва гаплашгани борган қизлар ўғирлаб, шу ерга келтирилган. Мен қўнғироқ қилсам ярим соатлардан кейин у икки қиз сизнинг ҳовлингизга келтирилади. Ўша қизларнинг ота-оналари, таниш билишлари Лобарингизни дабдала қилиш учун шаҳарга йўл олишган. Сиз ўйлагандек Лобар бардош бера олмайди; биринчидан Нозимдан бошқа тўдаси  унга содиқ тура олмайди; иккинчидан улардан Лобар устун келган тақдирда қизларни у ўғирлатган эмас. Сизни айбдор деб топишиб, қизларнинг яқинлари олдида Лобарнинг ўзи сизни дабдала қилади.Телефонда қўнғироқ қилайми, қизларни олиб келишсинми?

   -Йўқ, йўқ мен айтган ишларингизнинг барчисига розиман, - дея Кароматнинг оёғига йиқилди.

   -Бу бошқа гап отин ойи, энди мана бу тақинчоқларни олиб, сумкачангизга солиб қўйинг ва телефонни олиб Холдархонингизга қўнғироқ қилинг!

   -Нима дейман унга, - деди ҳуши бошидан учаёзган Гулбарчин. Бу Каромат деганлари ҳақиқатан ҳар-бир изимдан хабардор бўлган шекили, деб гумон қилди. Чунки Холдархоннинг исмини айтиши, уни таниши ваҳимасини кучайтирди. У Давлат қилаётган ва ўйлаётган ишлардан, ҳамда Кароматни ҳам дам олгани келган еридан чақиртириб келиб ишга солганидан буткул бехабар эди.

    -Лобарнинг олдига қайтиб келганингизни, у сизни ҳайдаб солганини бошқачароқ тарзда, ўзингизга мослаштириб гапирасиз. Сизнинг тақинчоқларингизни ирғитиб юборди деб тушунтирасиз ва биз шаҳарга келиб-келмай қизларни Лобар одамларини жўнатиб ўғирлатибди, деб айюҳаннос кўтарасиз.

   -Ахир, ахир...

   -Ахир-пахири йўқ, агар сиз қўнғироқ қилмасангиз ва уларга мен ўргатгандек айтмасангиз, улар келиб ҳақиқатни билмоқчи бўлса, Лобар барибир оқ бўлиб чиқади, сиз эса айбдор. Чунки сиз ва Ниёзадан бошқа у қишлоққа бориб, улардан хабардор бўлган яна ким бор, айтингчи?

   Ниёзанинг исмини эшитиб, Гулбарчин яна бир қалқиб тушди. Каромат Ниёза исмини ҳам таниб-билиши уни эсанкиратиб қўйди. Эрталаб машинага чиққандаёқ ўзи бу Ниёзани ёқтирмаган эди-я.

   -Ниёзадан шубҳаланяпсизми?! Хотиржам бўлинг, отин ойи! Эрталаб сизларни машинада олиб борган йигитча борку, ўша йигит сизларни тезроқ Лобарнинг олдига қайтишинглар зарурлигини айтдими, дарвозадан чақириб?

   -Ҳа, ҳа ўша айтди.

   -Радио эшитиб кетаётган ўша йигитчага биз ўшандоқ қилишини тайинлаган эдик. У ўз ишини бажарди, сизлар унга ишониб келдиларинг, аммо Лобар сизларни чақиртирмаган эди. У йигитча бечорани Лобар кеча роса вовиллатиб, хор қилган экан. Мана бугун у кучук-йигит бизга хизмат ўташни бошлади.

   Гулбарчин Кароматнинг “биз-бизлаб” гапиришининг орқасида катта куч бор эканлигига иқрор бўла бошлади. Чунки ўзи кўрмаган, аммо эшитган нарсаларини Кароматдан тинглаши шундай бўлишига етаклаётган эди. Беихтиёр қўлига телефонни олиб Холдархоннинг рақамини топиб, кўк тугмачани босди. Каромат ўргатганига қўшиб-чатиб, борини тўкиб солди. Гаплашиб бўлгунча қора терга ботди. У гаплашиб бўлгач:

   -Ҳа отин ойи, нима деяпти қишлоқлик мухлисангиз, - деди Каромат.

   -Ўзи ҳам энди қўнғироқ қилмоқчи экан. Қизларнинг бирини онаси саросимага тушиб Холдархонникида экан. Уларнинг гумони ҳам Лобар экан.

   Каромат ўзида йўқ хурсанд бўлди ва ғам-ташвиш ичида турган Гулбарчинга қараб:

   -Энди мен кетаверсам ҳам бўлади, - деди.

   -Тўхтанг, дастурхон ёзай, - деди мадори қуриган мезбон.

   -Дастурхон ёзгандан ҳам катта иш қилдингиз, мен кечки рейсда учиб кетишим керак. Бориб тайёргарлик қилай.

   Гулбарчин истамайгина меҳмоннинг орқасидан эргашди. Эри ҳали ҳам дарвозанинг ташқарисидаги темир тўсиқларни омбур билан ўнгларди. Сал нарироқдаги машина юриб келди, эрининг олдидан ўтиб тўхтади. Ҳайдовчи йигит – эрталаб Ниёза билан Гулбарчинни олиб қишлоққа кетган, кеча кучук бўлиб вовиллаган – йигит эди. Каромат машинанинг орқа ўриндиғига хонзодалардек керилиб ўтирди, Гулбарчин ва унинг эрига бир ўқрайиб қарадида эшикни ёпди.

   Гулбарчин ўзини масхара қилинган кимсадек ҳис қилиб, ичида ўксинди ва оёғи тагида турган эрининг рўзғор жиҳозлари солинган қутини тепиб юборди. Кўзи чақчайиб, ғазабга минди.

   -Ўҳўй, парихон ундай эмас-да, қутимда не айб, нега тепасиз хоним?!

   -Оёқни тагидан олинг қути-путиларингизни! Меҳмон келса, фақат уятга қўйганингиз қўйган.

   -Нега уятга қўяман?

   -Аҳволингизга қаранг, рўдапў кийимларни кийиб юришингизни қаранг! Кимсан Гулбарчиннинг эри бўлганингиздан кейин сал-пал уст-бошингизга қаранг, гадойларга ўхшамасдан! Мардикор кимсаларга ўхшаб қути-путиларни кўтариб, омбур ушлаб нега меҳмоннинг олдида мени изза қилиб, ивирсиб юрибсиз?!

   -Ўзингиз тайинлаган ишни қилиб қўяй девдимда, хоним!

  -Ў калласи йўқ, мен тайинлаган иш бўлса ҳам ҳозиргидек нозик ва сердавлат одамлар келганда, ўшалар олдида қиласизми, лапашанг! Одамни номусга ўлдирадиган бўлдингиз, эй - садқайи сар! - эшикни даранглатиб тепиб, ичкарига кириб кетди.

   Каромат билан ўтирган уйга кирди, кўнглига ҳеч нарса сиғмади.Тақинчоқларни олиб деворга отди. Ўзи эса бошини хонтахтага суяб, исканжада қолди. Бир пайтлар Зайнаб холага тўқнаш келганини кўз ўнгига келтирди. Бу иш ҳам Холдархоннинг ҳовлисида бўлган эди. Холдархоннинг қайнонаси оламдан ўтиб, ўшанга борган эди. У кириб ўтирган хонада кўзойнак тақиб, қишлоқликларга уйнинг тўрида китоб ўқиб бераётган Зайнаб хола ўтирган эди. У ўзига ажратилган жойда бироз сукут сақлаб, одоб билан ўтиргандек бўлди, аммо ҳамманинг диққати Зайнаб холага қаратилгани учун қийнала бошлади. Чунки унинг наздида барча даврадаги тўрилар уники бўлиши ва ҳамма ўтирганларнинг нигоҳи, эътибори унгагина қадалиши керак эди.

   -Нега энди, уйнинг эътиборли инсони бўлган қайнонага мусибат уч кун экан холажон, - деб давра ичидагиларни ўзига қаратмоқчи бўлган эди, ўшанда Гулбарчин. Зайнаб хола эса унинг берган жоҳилона саволига мийиғида кулиб, шошмасдан кўзидаги кўзойнакни қўлига оҳиста олиб жавоб қилган эди.

   -Барокаллоҳ шаҳарлик келиним, барокаллоҳ! Жуда муҳим муаммони айтдингиз, бу оламдаги ҳар-бир инсон Яратган Зот белгилаб қўйган муддатдагина ажали етади. Биз мусулмонлар Яратган Эгамнинг яхши ва ёмон тақдирига иймон келтирганмиз. Демак, инсоннинг ажали етар экан сабр билан уни ерга қўямиз ва ўша инсоннинг эҳтироми ва бизга қариндош эканлиги эътибори билан уч кун мотам қиламиз. Аммо маййит аёл кишининг эри бўлсагина ўшанга тўрт ойу ўн кун идда сақламоғлиги зарур бўлади.

   -Агар аёл ҳоҳласа икки ойда, уч ойда тегиб кетса бўлавермайдими. Ўша пайтдаги совчи кейин чиқмасачи? Ўлган эри қайтиб келармиди, гўридан қайта тирилиб...  

-Сиз келиним, Аксихон эмасмисиз мабодо?! Уч кунлик мотамни оз санасангиз, тўрт ойу ўн кунлик иддани узоқ санасангиз! Бу фақат шариъатга акс ва хилоф бўлган гапларку қизим! Тавба денг, ақл билан эмас, илм билан иш кўрмоқ зарур, болам!

  -Мени туққан онамгина болам дейишга ҳақли! Ҳали келиним дейсиз, мендек шаҳардаги казо-казоларнинг издиҳом ва маросимларида ўтириб барчага насиҳат айтадиган аёлни ҳали илмсиз демоқчимисиз. Агар сизда илм бўлганда эди, бу таппи ёпиладиган қишлоқдаги содда қулоқларга муаллим бўлмас эдингиз.

   Давра ичи шовқин-суронга тўла бошлади, барча ўрнида туриб Гулбарчинни мажлисдан чиқариб ташламоқчи бўлган эди, Зайнаб хола уларни тинчланишини илтимос қилди. Вазминлик ва виқор билан гапира бошлади.

   -Қадрдонларим ўзингизни босиб олинглар, бу келинимиз нима бўлса ҳам бизнинг қишлоққа меҳмон! Меҳмонни сийлаш биз учун муҳим! Бу келинимиз айтгандек биз шаҳарларга, катта-катта издиҳомларга насиб бўлмасак ҳам, ўша таппи ёпиладиган қишлоқда ожизона тоатимизни қилиб юрибмиз.

   Гап тугамасидан олдин Гулбарчин шошиб ўрнидан турди ва аёллар унга йўл бўшатмасидан олдин уларнинг олдидан тез-тез юриб, ташқарига чиқиб кетди. У машинага ўтириб жўнашга ҳаракат қилаётганида Холдархон унга алланима солинган тугунни кўтариб шошиб чиқди. Унга уни бериб хайрлашаётган паллада, Зайнаб хола оҳиста юриб машина олдига чиқди.

   -Қизим, биздан ўтган бўлса узр, аммо сиз атрофингиздаги казо-казоларингизга бино қўйиб, бекор қиляпсиз. Уларингиз молу-дунё деб яқинларидан, оқибатдан ва иймонидан воз кечган инсонлардир. Сиз хақни ва амали қасд қилинган илмни танлаб, ўзингизга бино қўйишни бас қилсангиз бўларди. Бўлмаса афсус ва надоматлар ичида қоласиз қизим!

   Гулбарчин эзгулик ниятида айтилган Зайнаб холанинг  насиҳатларини эшитишни ҳоҳламади. Инсонларнинг охирги инсофи деб аталмиш оқибатни ҳам кўрсата олмади. Машина эшигини дўқ аралаш зарб билан ёпиб, шаҳар тарафга жўнаб кетди.

   Ўша вақтлар кечагидек хаёлидан ўтган Гулбарчиннинг ичи тирналар, казо-казолардан кўраётган бир кунлик бугунги кўргуликлар унинг белини букиб қўйган эди. Ҳали олдинда Лобарга қилинган туҳматларга оқиб келажак “тўфонлар”ни ўйлаб, бошини чангаллаб олди.

- - -