Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 10-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1938 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 10-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Тез ёрдам машинасига ўхшаш машина шаҳар четида жойлашган ҳовли уй томонга бурилди. Мажнунтол ва оқ қайинлар экилган майдоннинг йўлаги охирига келиб тўхтади. Спорт кийимидаги иккита аёл киши ичкаридан чиқди ва машинанинг олди ўриндиғидан тушган аёлга келиб, тикилишди. Улар келиб, машинани аёл берган калит билан очишди. Ичкаридаги ниқоблилар, қизларни туртиб, машинадан пастга тушуришди. Рокиъа ва Сажида боши ўралган қопчиқлардан халос қилинди. Шу пайт Сажиданинг рўмоли қийшайиб, тушишга яқин алфозга келиб қолган эди. Қизларнинг қўли боғлоқлик бўлгани учун рўмолинитўғрилаш имкони йўқ эди. Сажида уларни ушламоқчи бўлган спорт кийимидаги аёлларга деди: -Рўмолимни ўнглаб қўйиш! -Нима дединг, сенсираяпсанми бизни ў тирранча? -Ожиза, мактаб ёшидаги қизчаларни ўғри-қароқчидек зулм билан ушлаб келишсанг, сенларга ҳурмат кўрсатиб сизлашимиз керакми ҳали, Лобарнинг ювиндихўрлари, -деди Рокиъа дугонасини қувватлаб.

   -Сен овозингни ўчир ақлманд, – деб Рокиъанинг юзига тарсаки туширди аёллардан бири.

   -Қўлингни торт дугонамдан, ифлос! - аёллардан яна бири Сажидани ҳам урмоқчи эди, машинада уларни олиб келган аёл уларга ўшқирди:

   -Иккови билан пачакилашмай уларни ертўлага олиб тушинглар! Уларга буйруқ бўлмагунича қўл кўтарманглар, қани марш!

   Улар ертўлага тушиб кетгач, аёл машинага кетишни буюрди, машина ичидаги ниқобли аёл кишилар эса тушиб, Сажидаларни уйидан алдаб олиб чиққан аёлга ичкарига кириши учун йўлни бўшатишди. Бу аёл – Нозимнинг ҳийласида ўлдирилган Самандарнинг жияни бўлган йигитнинг хотини – Мафтуна эди. Мафтуна ичкари кириб, Давлат акасининг хонасига кирди.

   -Қойил, Давлат ака сиз чизиб берган “операция” аъло бажарилди.

   -Жуда соз! Жуда яхши Мафтуна! – айланадиган ўриндиқда айланиб, ташаккур айтган бўлди Давлат. – Мана ниҳоят куёвингизнинг қасосини ҳам Лобардан, ҳам Нозим қора илондан оладиган паллангиз яқинлашмоқда, синглим!

   -Рахмат Давлат ака, сизни  бу қадар нозик иш устаси, режа тузишга уддабурон эканлигингизга ишонмас эдим. Қандай қилиб Лобарга чоҳ қазишга киришдингиз, ака?

   -Лобар, нима қилса ҳам аёл киши. Кўнглингизга келмасину Мафтуна, аёл иши бирданига иши юришса, мендан ортиқроқ кимса йўқ деб, билади. Шундан сўнг эса заифлик қилиб атрофи билан иши бўлмай қўяди. У менга ишониб хато қилганини англамади, – айлана ўриндиқда айланишни тўхтатиб, жиддий гапиришга ўтди Давлат. – Самандар акани ва куёвингизни йўқ қилишгач, уларни ҳам даф қилиш менинг энг олд вазифамга айланган, билдингизми? Мен пинагини бузмаган одам қиёфасида юравердим, Лобарни “катта” дейишдан ҳам бош тортмадим. Бирданига унга ҳамла қилиш, кони зиён бўлиш билан тугарди. Шунинг учун вақт пойлаб, заргарлик дўконида оз-моз пул топадиган қиз бўлар эди, исми Ниёза! Ҳар сафар кетган чет элидан шаҳарга келганда Самандар акага билинтирмай юрарди. Ўша пайтлари келиши сирли бўлган Лобарга ўша Ниёза мен орқали пул-мул етказиб бериб турарди ва охири Лобарнинг ишончига кира олган эди. Самандар акани ва куёвингизни йўқ қилишгач, мен ўша Ниёза деган қизни пул бериб, менга хизмат қилишга кўндирдим. Ўзи сал қўрқоқроқ бўлсада, коримизга яради мана! Бизга Лобар ҳузурида бўлаётган воқеаларнинг хабарини беряпти.

   -Бўпти мен кетдим! Менга юкланган иш битди шекили, яна хизмат бўлса хабарлашармиз, - деди Мафтуна.

   -Бўпти, майли! Бу иш ҳозирча сир бўлиб туради. Баъзи режалар бор ўшандан сўнг ишнинг оқимига қараб, иш юритаверамиз! – дея ўриндиғида айланди Давлат.

   Мафтуна чиқиб кетгач, Давлатнинг хонасига Жавлон исмли кимса кириб келди. У Нозим қора илоннинг поччаси бўлиб, унинг ўгай опаси икки йилларча олдин ажрашиб кетгач, Нозим билан алоқани узган. Гоҳ-гоҳида йўлиқишсагина салом-алик қиладиган бўлиб қолишган холос. Давлат ишни кўзини билишда тажрибаси жуда мўллик қилиб, Жавлон бир қора кунимга ярар қабилида иш кўриб, уни Лобарнинг кўзидан йироқ йигитлари орасида ишлатиб келган эди.

   Ўрмон хўжалигининг қишлоқдаги етакчиси билан Лобарларга тоғ ёнбағридан жой тайёрлатган, Ниёза билан боғланиб, иш қандай кетаётганини, қизларнинг уйлари қаерда эканлигини ўрганган кимса ҳам Жавлон эди. Нозимнинг Лобарга ишончли бўлиб қолиши ва поччасига аввалги пайтлардагидек иши тушмай қўйиши, ҳамда Нозим унга қўрс ва дағал муомала қилишга ўтиши Жавлонда адоват ўтларини алангалатган эди. Ҳатто ўгай опасининг ёнини олиб Нозим бир пайтлар Жавлонга қўл қўтариб дўппослагани ва йигитларига икки кун нон ҳам сув ҳам бермай, оёқ қўлини боғлатиб, ўз ҳолига ташлаб қўйгани жуда алам қилган эди. Хотини Рохат у билан ажрашиши ўшандай совуқчиликларни келтириб чиқарган бўлишига қарамай, Давлат ўз режаларига етиш йўлида Жавлонни Нозим тарафдан четга сурилиши оқибатидан фойдаланиб, ҳеч кимга билдирмай, кўздан нари бўлган ўринга жойлаштирди.

   -Мана Давлат ака, иш хамирдан қил суғиргандек тарзда амалга ошди. Мафтуна у икки қизни ишонтириб олиб чиқди, мен машинада ўтириб улар яшайдиган ерни кўздан кечирдим. Улар чиқиб, биз у қишлоқдан чиққунимизга қадар бирортаси бизни хитламади ака.

   -Жуда соз Жавлон! Нозим сенга ўтказган аламларга нуқта қўяжак фурсатинг яқин ука, бардам бўл!

   -Айтганингиз келсин, рахмат!

   -Қизлар нима дейишяпти?

   -Машинадан тушганда гапирган гапларига қараганда, уларнинг гумони ва тахмини Лобар. Уларнинг ўйлашича бу ишни Лобарнинг одамлари қилди. Уларни ертўлага олиб тушаётган аёлларга “Лобарнинг ювиндихўрлари” деб гапиришди.

   Давлат ўриндиғида айланиб “хо-холаб” кулди, унга Жавлон ҳам қўшилди. Улар бироз гапирмай кулишди. Давлат кўзидан қалқиб чиққан қувонч кўзёшларини рўмолчаси билан артди. Сўнг жиддий кўриниш ҳосил қилиб, Жавлонга деди:

   -Сен аёлларга кўз-қулоқ бўл! Улар қизларга эҳтиёткорлик билан қарасин! Биласан улар ҳани-ҳуни оила фарзандлари эмас, ор-номусга бурканган оила фарзандлари бўлади. Биз учун улар соғ-саломат бўлиши шарт. Бу ишни фақат Лобар қилганига одамларни ишонтириш учун қилдик. Қизларнинг оталари учун уларнинг номусларини муҳофаза қилиш юксак даражадаги амал ҳисобланади. Улар сенинг ва Мафтунанинг душмани бўлган Нозимни, ҳамда опаси Лобарни дабдала қилишга ҳаракат қилишади. Биз бу ўйинда ғолиб бўламиз. Ғанимларимизни бошқаларнинг қўли билан эзғилаб ташлаймиз.

   -Жуда ажойиб услуб ўйлагансиз Давлат ака.

   -Лекин бу ишнинг пачаваси чиқмаслиги учун Ниёзани эҳтиёт қилишимиз жуда-жуда зарур эшитдингми Жавлон! Агар ўша қиз бирон нарсани уларга билдиргудек бўлса, сен калланг билан жавоб берасан, эшитдингми ука?!

   -Бўлди ака тушунарли!

   -Бўлмаса ишингни мустаҳкам ушла, бу операция батамом бўлгунича, барча юмушларга сен жавобгарсан. Сен бўшсан, боравер!

   Жавлон чиқиб кетгач, курсисини айланишини тўхтатиб, узоқ ўйга чўмди. Лобар ва Нозимнинг ҳолати уни қизиқтирар, бояроқда Ниёза телефонда Гулбарчиннинг ҳолатини баён этиши уни янада жонлантириб, яна янги қўшимча режалар устида бош қотиришга ундади.

   Давлат ҳозир ҳеч кимга ишонмайди. У Жавлон, Мафтуналардан фақат восита сифатида фойдаланаётганига амин. Дўппи тор келса улардан тониб, уларнинг душманчиликларини рўкач қилиб қўйишини ҳам хаёлидан ўтказган. Шунинг учун аламзада бўлган кишиларни тутиб қолган ва улардан фойдаланган. Лобар эса Самандарни йиқитгач, калтафаҳмлилик қилиб, ўзига қайта атрофидан душман чиқишини сира ўйламаган эди. Нозим эса фақат унинг измида, мустақил бир режа қилишга ожиз кимса эди.

   -Ниёза, алло эшитяпсанми, олдингда ҳеч ким йўқми, алло! – дея қўл телефонида гаплашишга тушди Давлат.

   -Ҳа эшитяпман, Давлат ака! Олдимда ҳеч ким йўқ, ҳозиргина Жавлон ака билан гаплашиб, қизлар келдими деб сўраб турган эдим.

   -Сенинг қизлар билан ишинг бўлмасин, Ниёза! Жавлон аканга ҳам менинг рухсатимсиз чиқа кўрма! Тилингга жуда эҳтиёт бўл синглим, ҳаётинг тилингга жуда-жуда боғлиқ эканлигини унутма! Ҳозир сенинг қиладиган ишинг – олдинга бир аёл боради. Исми Каромат! Уни кўрмаган бўлсанг ҳам у ҳақида эшитган бўлишинг мумкин. Ўша аёлга Гулбарчиннинг манзилини тушунтириб қўясан, хўпми! Кейин зудлик билан ҳеч нарса кўрмагандек ва ҳеч нарса эшитмагандек Лобар опангнинг олдига бориб тур! Мен ҳам ўша ерга етиб бораман.

   Давлат телефонни қўйиб, енгил тортди. У шу икки кун ичида йилларга татигулик иш қилаётганидан хурсанд эди. У ўрнидан турди, ташқарига чиқиб, қўлларини кўтариб керишди. Бояги юзига ниқоб таққан аёллар, ниқобини ечиб гаплашиб ўтиришган эди. Улардан биттасига, бир аёлни чақиришни буюрди. У аёл келгач, йўлак четидаги машинага ўтириб, у аёлга нималарнидир обдон тушунтирди. Аёл Давлатнинг сўзларини қунт билан тинглар, баъзи-баъзида бошини ирғаб, маъқуллик белгисини билдириб қўяр эди.

   Давлат тайинлайдиган ишни тайинлагач, аёл машинадан тушди. Давлат рул томондан тушиб, ёндаги ўриндиққа ўтиб жойлашар экан, дарвозанинг ташқарисида турган кимсани олдига чорлади.

   -Машинани ҳайда! Кетдик!

   -Қаерга хўжайин?

   -Лобарникига ҳайда, бўл тез!

   -Хўп бўлади.

   Давлат қиладиган ишларини хаёлидан ўтказиб бораркан, ҳайдовчига зимдан қараб қўярди. Лобарнинг ҳолидан хабар оладиган истаги бўлмасада, иши ва режаси бузилмаслиги шуни тақозо қилиб турарди. У ҳайдовчига қараб сўради:

   -Жавлон билан Мафтуна биз буюраётган ишлардан бошқа ўринда учрашишмаяптими?

   -Йўқ, хўжайин! Улар бориб қишлоқдан қайтгунича бошқа мавзуда гаплашмаптилар! Суриштириб, билиб қўйдим хўжайин!

   -Қизлар ҳақида тайинланган аёллар нима деяпти?

   -Қизлар ертўлага кирганларидан сўнг таҳорат қилишгани сув сўрашипти, кейин Қуръон китоби сўрашган экан, китоб топиб бера олишмабди.

   -Йиғи-пиғи, ялиниб-ёлвориш деган нарсалар йўқми уларда?

   -Тақдирга тан берадиган қизлар шекили, хўжайин! Мен кўп одамларни ушлашда қатнашганман. Кимнинг бошига қоп кийгазилса, оёқ-қўли ишламай капалаги учиб кетар, қалт-қалт титрар эди. Эшитишимча, у иккисида бундай ҳол бўлмапти, тўртала курашда ғолиб бўлган аёлларни тор машина ичида силтаб, юз-кўзига ва тўғри келган жойига мушт туширишибди. Сиз буюрган кўрсатмага биноан фақатгина авайлаш эвазига зўрға қўлларини орқага қилиб боғлашибди ва оғзиларини елим плёнка билан боғлаб қўйишибди.

   -Ҳа улар, рухларига ишлов берилган жуда маънавий паҳловон одамлардир, билиб қўй! Биз ўзимизни кучда, молу-дунёда бақувват деб биламиз, аммо гап кучда ҳам эмас! Улар руҳан кучли бўлганлари учун, сенинг ботирлигинг ва ваҳшиёналигинг уларга чақачалик қиймати йўқ!

   -Жуда ажойиб сўзларни гапирасизда хўжайин!

   -Ҳар-бир ишниниг пухта билишнинг фойдаси катта. Ўзим диндор бўлмасамда, дин ва ҳақиқий диндорларнинг қиёфа ва ботинини яхши ўзлаштирганман, билдингми?

   Ҳайдовчи унинг гапларига лолу-ҳайрон маҳлиё бўлгани учун бошини маъқуллик ишораси билан чайқаб қўйди. Улар Лобарнинг уйига етиб келишган эди. Давлат кириб кетгач, ҳайдовчи ўриндиқни орқага суриб ётқазди ва икки қўлини бошининг орқасига қилиб, ухлашга тушди.

- - -