Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 7-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1606 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 7-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Рокиъа Сажиданинг уйига бориш режаси кечаси оналари орқали келишилгач, эрта тургандан бошлаб тайёргарлик қила бошлади. Сажиданинг дадаси Фозилжон хуфтонга яқин келиб, Абдулбориъ билан, сўнг қизи билан хайрлашиб сафарига эрта саҳар кетишликни айтиб, уйига жўнаб кетди. Сажида алламаҳалгача дадасини ўйлаб ётиб, уйқуси келмади. Уйидан йироқда юриб, дадаси билан аҳён-аҳёнда кўришаётган бўлсада, бу сафар дадаси узоққа кетаётгани учунми, негадир соғиниш ҳисси уни кўз юмишига имкон бермади. Эрталаб Рокиъа ўзига қаралашмоқчи бўлган дугонасига деди: -Дугонажон, мен Нафиса холам ёқтирадиган ширин пишириқни таёрлаб олай, сен тун қоронғусида уйғонганинг бўйича мижжа қоқмадинг! Пишириқни холажоним жуда яхши кўрадилар. Сен ухлаб тур!

-Вой Рокиъа-ей, ўша пишириғингни бизникига боргандан кейин ҳам пишираверамиз. Бугун онамнинг касалхонада зарур иши бор эди, уни жўнатишга улгуриб қолайлик, ўртоқ!

   -Улгирамиз Сажида, улгурамиз! Мана бир соатда битади, иншааллоҳ.

   -Мен ҳам охиригача сенга қаралашаман! Сени ярим йўлда ташлаб, ухлагани кириб кетмайман уйга, сен ўзинг ҳам ухлаганинг йўқ-ку, менга ўхшаб.

   -Мендан хавотир олма, сизларникига борганда, ухлаб оларман.

   -Бўлмаса, мен ҳам ўшанда ухлайман.

   Уларни кузатиб турган Рокиъанинг онаси уларнинг иноқлигига ич-ичидан ҳаваси келди. Ўзининг ҳам ёшлигида дугоналари бўлган, бироқ тан олиш жоизки Рокиъа ва Сажидачалик бир-бирларига оқибатли бўлолган эмаслар. Айниқса ёшлари улғайгач, юзаки муомалалар билангина мулоқот қилишга ўтганлари ёдида. Булар бўлса, бир-бири билан ҳар-бир ишида елкама-елка туришади. Рокиъанинг мазаси қочиб қолгудек бўлса бутун ишни Сажида қилади, Рокиъани мутлоқо ишга яқин йўлатмайди. Тунги ибодатга ҳам уйғотмай уни эҳтиётлайди. Шунда Рокиъа уйғониб қолиб Сажидадан ўпкалайди. “Сен дуолар ижобат бўладиган, сўраладиган нарсалар бериладиган, кечирим сўралса, мағфират қилинадиган паллада нега мени уйғотмадинг”, дейди. Шунда дугонаси: “Ахир сен бетобсан, фарз бўлган бомдод палласи кирсин, кейин турғазаман”, дейди. У эса яна аччиқ қилиб: “Бекорларни айтибсан, бетоб бўлса жасадим бетоб. Аммо қалбим касал эмас, дугонажон!” деб жавоб қилади.

   Агар Сажида ҳам тоби қочса Рокиъа ҳам уни асраб-авайлайди. Ҳар кунги юмушларда идиш ювишми, кир ювишми нима рўзғор ичидаги амаллар бўлсин, бир-биридан талашиб иш қилишади. Онаси “навбат билан қилсаларинг бўлмайдими”, деса ҳам, талаш давом этгани, этган.

   Ҳозир ҳам Сажидаларникига кетиш олдидан пишириқ ҳозирлашда бу ҳол яққол кўриниб турарди. Рокиъанинг онаси Зайнаб холадек билим ва зукколикка эга бўлмаса ҳам, тўғрисўзлик ва хақ устида туришда собит, барқарор эди. Қизи Рокиъанинг яна тўрт ҳафта уйида бўлмаслигига қалби унамаётган бўлсада, Сажиданинг онаси кеча келиб, қилган илтимосини рад эта олмади. “Куёвим бир ҳафтага мураббийлиги сабаб бир ерга мусобақага кетаётган эди. Рокиъахон дугонаси билан бирга бориб, менга ёрдамлашгач, бизникида туриб туришсин” деб сўраган эди Сажиданинг онаси.

   Йиллар ўтибдики Сажиданинг ўзининг уйида юргани боис, унинг онаси кўникиб кетганига энди қойил қолмоқда. “Имроннинг аёли, Марямнинг онасига мағфиратлар бўлсин, ёш ва жажжи қизалоғини, яъни Марямни назр этиб, Закариё алайҳиссалом кафолатига ўйламай, холис Аллоҳ учун бериб юборди-я! Ибодатхонада умрини ўтказиш учун, ўзининг бағрида эмас! Мен эса Рокиъани тўрт ҳафтага дугонасиникига кетиши қалбимни ўртамоқда. Аллоҳим қаноат бер! Барча нарсалар ўзингники, қизгинамга ва дугонажонисига яхшиликлар ато қил”, дея улар иш қилаётган томонга тикилиб, Роббга тилак қилди.

   Орадан бир соатдан сал ортиқроқ вақт ўтиб, икки дугона нарсаларни сумкаларига жойлаб, йўлга туша бошлашди. Рокиъанинг онаси аввал Сажида билан кейин эса қизи билан хайрлашаркан, қандайдир бир ҳис, унинг кўнглини алғов-далғов қилиб юборди. Қизини маҳкам қучганича, пиқиллаб йиғлай бошлади.

   -Онажон нега йиғлайсиз, - Рокиъа ҳам онасини қўйиб юбормай, унинг бағрида туриб, таажжубланиб сўради.

   -Ҳеч ўзим! - қизини бағридан бўшатиб, кўзларини рўмолининг чети билан артди онаси.

   -Сажиданинг онасига қойил, неча йиллар давомида бизникида туришига чидам билан турганига, онажон!

   -Ҳа тўғри айтасан қизим, Сажиданинг онаси қилган қаноатга мана энди тушуняпман қизим. Сени бир кун ҳам узоққа кетганингни кўрмаганим учунми, кўнглим ўрганмаган экан! Майли яхши етиб олинглар, Сажида қизим сен онанга, Рокиъа сен ҳам холанга салом айтинглар! Даданг ҳам ишдан келганда сенга учрайди, камчилигинг бўлса айтасан.

   Улар эшикни ёпиб, чиқиб кетишгач, уй ҳувуллаб қолди. Ичкарида бир ёшга кирган ўғил бешикда ухлаяпти. Рокиъа қизи бирам ажойиб, тилда таъриф этиб бўлмайдиган даражада ахлоқли, билимли қиз бўлди. Қайнонаси Зайнаб хола бечора, бутун кучини ўғли ва неварасига қаратгани бежиз эмас экан. Доим атрофида гирдикапалак қизчасининг кетиши дарров билинди, қолди.

   Рокиъа ва Сажида йўлда кетишаркан ўзлари томонга шошиб келаётган Холдархоннинг келинини учратишди. У ўзини нега келаётганини хабарини айтиб, уларни ўзи билан эргаштириб олиб кетмоқчи бўлган эди, қизлар айтишди:

   -Биз аввал уйга борайлик, нарсаларимизни ташлаб, онамиздан рухсат сўраб, рози бўлсалар, кейин сизларникига ўтиб борамиз.

   -Фақат тезроқ бўлинглар-а, меҳмонлар кутиб қолишмасин!

   Қизлар Сажидаларникига киришиб, томорқа ичида иш қилаётган онанинг олдига юришди. Сажиданинг онаси уларга кўзи тушгач, ишни ташлаб, улар томонга юра бошлади.

   -Келинглар Зайнаб холамнинг овунчоқлари, келинг Рокиъа хуш келибсиз, бизникига!

   -Рахмат холажон, онажоним сизга салом айтдилар!

   -Ойижон, холажоним мендан ҳам салом айтиб юбордилар.

   -Онажонингиз ҳам соғ-саломат бўлсин, хонадонингизга Аллоҳнинг салом ва рахмати бўлсин!

   Улар кўришишгач, она дастурхон сари кетаётган эди, Сажида деди:

   -Ойижон, бизни Холдар опа зарур иш юзасидан чақиртирган экан, уларникига чиқиб келсак майлими, ҳозир уйга киришимиздан аввал келини айтди.

   Сажиданинг онаси ювган қўлини сочиққа артар экан, турган ерида ўйланиб қолди. Қизлар эса онасига тикилганича туришар эди. Сажидага қараб онаси деди:

   -Нима иш юзасидан экан, аниқ айтмадими?

   -Айтди, шаҳардан икки аёл келган экан, иши бор эмиш!

   -Тўхтанглар, мен ҳам кийиниб олай, кейин бирга чиқамиз!

   Қизлар бироз кутиб туришгач, у чиқиб келди. Учалалари биргаликда Холдархонларникига боришди. Улар етиб келган паллада Гулбарчин ва Ниёза шаҳарга тез отланиб кетишган эди. Лобарнинг чақиртируви уларни зудлик билан кетишига сабаб бўлган эди. Сажиданинг онаси уйига қайтмоқчи бўлаётган қизлардан ортроғда қолиб, Холдархон қўшнисидан, секин пичирлаб сўради:

   -Қўшни, у меҳмонларни сиз танир экансиз, бизга улар маълум эмас! Не сабабдан келганларини айтишган бўлса керак сизга?!

   -Ҳа айтгандай бўлди, қизлар менинг билишимча Лобархонни хафа қилишганга ўхшайди. Шунга унинг яқин Гулбарчин опаси насиҳат қилгани келган шекили.

   -Насиҳат қилганими ёки дўқ-пўписа қилганими, у шумқадамларингиз яхши ниятда келмагандир-ов!

   -Билмадим, агар сиз айтгандек бўлганида, улар қуруқ қайтишмаса керак эди, деб ўйлайман. Сиз хижолат бўлманг қўшни, агар қизлардан айб ўтган бўлса мана мен улардан кечирим сўраб, камчиликларини кечиришини сўрайман.

   -Аммо, уларнинг хатоси нимада, бирорта машинасига тош отибдими ёки ойнасини синдирибдими?

   -Сиз уйга боргач сўраб кўринг, агар улар келишса мен ҳам сўраб-суриштириб кўрай, ҳозир менга ҳамма нарса қоронғу.

   Қизлар ташқарига чиқишиб, Сажиданинг онасини бироз кутиб қолишди. Сажиданинг онаси кўриниши танг аҳволда ичкаридан чиқиб келди. Қизлар ҳайрон ҳолда бир-бирига боқишди. Бирон сўз гапиришмай уйларигача келишди. Дарвозадан ичкарига киришар экан, Сажидани онаси сўроққа тутди:

   -Шаҳарлик танноз билан ораларингизда нима гап ўтди?

   -Қайси танноз, қайси шаҳарлик?

   -Лобар ҳақида гапиряпман, кечқурун Рокиъаларникида онаси бўлиб гаплашган Лобарни айтяпман!

   -Биз арчалар олдида ўтирган эдик, бир аёл келиб, бизни шаҳардан келганлар даврасига таклиф қилди, лекин биз бормадик. Уйга қайтиб, сиз келишингиздан олдин, онам бизни анҳор бўйига сувга жўнатган эди, ўша ерда яна бир аёлни учратдик, - дея дугонаси ўрнига жавоб қилди Рокиъа.

   -Анҳор бўйидаги аёл бизга дағдаға қилган эди, биз шошиб турганимизни айтиб, олдидан ўтиб кетдик холос. Бор бўлган иш шу, ойижон. Бошқа яна нима қилибмиз?!

   -Бу Лобар деганлари, шаҳардаги кирдикорлари қолиб, энди биз томонга чанг солмоқчи шекили-да, югурдакларини жўнатибди. Доим айтгани бўлиб юрган таннозга сизларнинг муомалаларингиз оғир келибди шекили. Ҳеч ташвиш қилманглар, ишларингизни қилаверинглар! Иншааллоҳ ёмонлар ноҳақликларининг дарёсида ўзлари ғарқ бўлишади.

   Рокиъа ва Сажида уйга кириб, пиширган ширинликларини олиб, онаси ҳузурига қайта чиқишди. Сажида онасига деди:

   -Ойижон Рокиъа сизга туҳфа олиб келган эди, еб олмайсизми?!

   -Ҳа холажон келинг, атайлаб сизга ҳозирлаган эдик!

   -Вой қиз қурмагурлар-ей, мени тамадди қилсин дея, пишириқ олиб келибсизларда-а, меҳнат қилган қўлларингиз дард кўрмасин!

   Улар бирга ўтиришиб, тамадди қилишди. Онанинг олдидаги нарсалардан суйиб олиши икки дугонани ниҳоятда шод қилар эди. Бир-бирига қараб, суюниб жилмаяр эдилар.

   Сажида дастурхон йиғиштирилгандан сўнг, онасига деди:

   -Ойижон сиз энди дам олинг, сизнинг ишингизни ўзим қилиб қўяман!

   -Сажида сен билан бирга мен ҳам ёрдамлашаман, иш эртароқ битади. Сиз холажон безовта бўлишингизга ҳожат йўқ.

   Икковлон томорқадаги ишларни чақ-чақлашиб бажара бошлашди. Сажиданинг онаси сўрида турган китобни мутолаъа қиларкан, ёнбошлаб ётмоқчи бўлди. Кўзларига уйқу келмади. Холдархоннинг келинини ташрифи, Лобар шаҳардан икки одамни жўнатгани, қизлар устидаги пайдо бўлган “қора булут” бўлиб, унинг ҳаловатини бузган эди. Эри Фозилжон узоққа кетган ва қизлар уникида меҳмонда эканлигида шу ташвишнинг вужудга келиши унинг таъбини хира қилган эди. Қизлар фақат рост гапириши унга сир эмас. Уларга аниқ ишонади, нега энди Лобар уларга қузғундек ташланмоқда?! Аллоҳга қалби билан боғланиб, қўлларини дуога очди. Робб Таъолодан қизларга, хонадонига офият сўради ва Аллоҳга ишларини таваккул қилди.

   Қалби ва вужудига илиқлик оралагач, қизлар томонга қаради. У иккиси томорқадаги ишдан бўшаб, ҳовлини ораста қилишга киришишган эди. Рокиъанинг онаси каби Сажиданинг онаси бундай иноқ дугоналикни асло кўрган эмасди. Уларнинг бол томиб гаплашишлари ва бир-бирига доим ёрдамга шошиши кишини ажаблантирар эди.

   Зайнаб хола вафот топишидан бир ҳафта олдин Сажиданинг онаси уларникига зиёратга ҳамда Сажидани кўргани борган эди. Икки дугона ҳали мактабдан қайтишмаган, Зайнаб хола эса Мусхафни очиб, кўзойнак билан ўқиб ўтирар эди.

   -Ассаламу алайкум ойижон, яхшимисиз, ҳовлида бир ўзингиз ўтирибсизку, қолганлар қани?

   -Ва алайкумус-салам келинг Нафисахон, ўзингиз яхшимисиз қизим! Келиним Таснимахоннинг бир қариндош холаси бетоб экан, ўша ерга бетоб кўргани кетувди, қизларим эса ҳозир мактабдан келиб қолишса керак, иншааллоҳ!

   Охирги пайтларда силжиши қийинлашиб қолган Зайнаб хола Нафиса билан ўтирган ўрнида кўришган бўлди. Нафиса кўришиб бўлгач, хонтахта устидаги Мусхафга қараб, холадан сўради:

   -Қани энди, ойижон биз ҳам сиз каби ёшга етиб, Аллоҳнинг Каломини қироат қилиб ўтирсак, тунов куни қизингиз Сажида олиб борган китобда бир хадис ўқиган эдим, унинг маъноси “(кишиларнинг) яхшиси умри узун бўлиб, амали яхши бўлганлари”, деб айтилган экан!

   -Жуда тўғри Нафиса қизим! Тирмизий ва имоми Ахмад исмли мухаддис уламолар ривоят қилган хадисда ўшандай дейилган. Мени Нафиса қизим жуда шод қилдингиз. Сажидани “қизингиз” деб менга хослашлигингиз мени хурсанд қилди. Ахир уни сиз туққан бўлсангиз, оқ сут бериб, туну-кун атрофида гирди капалак бўлиб улғайтирган бўлсангиз!

   -Албатта сизнинг қизингиз бўлади-да ойижон! Мен уни туққан бўлсам ҳам, уни таълими, тарбиясини сиз бердингиз ойижон, туғиб, боқиб қўйиш билангина иш битганида эди, барча болалар тарбияли бўлган бўлишар эди. Минг афсуслар бўлсинки, ҳамма иш таълим ва тарбияда экан. Мана сиз каби онажонимиз қизчаларимизни тарбиялаб, таълим бериш билан бирга, ўзингиз мутолаъадан бўшамайсиз. Шунинг учун ҳалиги хадисга биноан сизни яхши инсон деб биламан ойижон, яна ҳам узоқ умр кўринг!

   -Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларида чин ҳақиқат бор албатта, аммо мен ўзимни сиз айтгандек тоифага дохилманми, дохил эмасманми билмайман қизим! Кишига Роббимнинг ўзи ҳузурида ҳисоб-китоб қилиб, амалларимизни қабул айлаб, рахматига олмагунича хотиржам бўлишимизга ўрин йўқ болам!

   -Сажида бебошлик қилиб, сизларни безовталикка қўймаяптими?

   -Аксинча ибодатларимга ҳамроҳ, қийналган ишларимда кўмак бўляпти Сажидам! Доим дугонаси Рокиъа билан иш талашгани, талашган. Аллоҳим уларга шундай муҳаббатни бир-бирига ато этибдики, ишларини кўриб ёқа ушлайсан киши. Кеча ярим кечаси безовта бўлиб, уйғониб, секин кўзимни очсам, ён хонада чироқ ёниб турибди. Синчиклаб қарасам Сажида дугонаси Рокиъанинг кийимларини билдирмай тикиб, дазмоллаётган экан. Ўзимни билмаганга олиб ётдим, ишдан бўшагач, узоқ дуо қилди. Эрталаб нимага дуо қилганини сўраб-суриштирдим. Мулзам бўлиб ерга қаради. Билдимки махфий қиламан деган иши менга ошкор бўлган эди. Мен унга Аллоҳ менга билдиришни ҳоҳлабди, уйғониб кетиб, сенга гувоҳ бўлдим, дуойингни айт, деб қистаган эдим. Рокиъага кўпроқ дуо қилганини айтди. “Мен ғойибона унга дуо қилсам, менга юборилган фаришта менинг ҳаққимга ҳам дуо қилар экан-ку”,-деди.

   -Рокиъа ҳам унга шундай қилишида шубҳам йўқ ойижон!

   -Албатта, албатта! Лекин мен уларнинг бир-бирига қилаётган ишларини батафсил айтиб беролмайман қизим. Ҳозир ҳам Сажидамнинг ишларини тилим сўйлагани билан қалбим уларни шу ўсмир ёшда эзгуликлар ичида истиқомат қилишаётганига ларзага тушмоқда.

   Нафиса Зайнаб холанинг ўша пайтда айтган сўзларини хотирлаб, касалхонага жўнаши зарур бўлган юмуши ёдига келди. Тайёргарлик қилиб, кетиш олдидан Сажидага тайёрлади.

   -Холанг укаларингни опкелиб ташлаб кетади. Ҳозир улар йўлда келаётган бўлишса керак.

   -Майли ойижон, сиз хижолат бўлмай кетаверинг! Укаларимни жуда соғиндим, уларни кўриш нақадар қувончли!

   Нафиса кетгач, ярим соатлар ичида Сажиданинг холаси укаларини ташлаб, дастурхонга таклиф қилинса ҳам унамасдан, кўчада куёви кутиб турганини айтиб, шошиб чиқиб кетди. Сажида холасини дарвозахонага яқин ергача кузатиб қўйиб, укалари ёнига қайтди. Бу йил биринчи синфни битирган укаси Ботир билан тўрт ёшларга кираётган Баҳодирнинг яна қайта бағрига босиб қучди.

   -Рокиъа кел бу ёққа, қара укаларим келишди!

   Рокиъа томорқа томондан Сажидаларнинг олдига кела бошлади. Ботир ва Баҳодир уни кўриши билан, унга томон чопишди. Худди Сажидани яхши кўрганидек Рокиъани ҳам улар яхши кўришади. Ботир яқин йиллар ичидагина Рокиъа ўзининг туғишган опаси эмаслигини ажратган бўлса, Баҳодир ҳали бери Рокиъа ва Сажидани эгизак деб билиб, муомала қилади.

   -Рокиъа опа нега уйимизга кам келасизлар? Сизлар бўлсаларингиз дуолар ёдлаймиз, қизиқ ҳикоялар эшитамиз, - деди Ботир.

   -Энди кетмайсизла-а? - , дея “р” товушини чиқармай гапга аралашди Баҳодир.

   -Мана олдиларингизда турибмизку, паҳлавончалар! - деди Рокиъа

   -Баҳром укангизни ҳам олиб келдингизми? - сўради Ботир Рокиъадан.

   -Баҳром ҳали ёш, энди бирга киради. Улғайиб, сизлардек катта бўлсин албатта келади. Юринглар мен ва Сажида сизларга пишириқлар олиб қўйганмиз, ўшандан ейсизлар.

   Рокиъа ва Сажида жуда болажон қизлар ҳам бўлган. Улар укаларини жуда яхши кўриш билан бирга, ниҳоятда зарур нарсаларни уларга ўргатишади. Қизиқарли ўйинлар билан уларни овунтиради. Болалар ҳам уларга жуда ўрганиб, кўникиб қолишган. Кеча холалариникига кетаётиб, опаларини эртага келишини эшитиб, роса хурсанд бўлишган. Бугун тонг отгандан бошлаб, уйига шошилишиб холасига хархаша қилишган эди. Энди эса  худди балиқ сувга етишгандек, ўзларини опаларининг ҳузурида бамайлихотир сезишар эди.

- - -