Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 6-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1970 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 6-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Гулбарчинни эртага қишлоққа боришга буюрган Лобар, ўша тунни мижжа қоқмай тонг оттирди.Тушлари алғов-далғов бўлиб, тушида йўргакка ўралган икки ўғил ва бир қиз гўдак жуда ҳам хунук аҳволда чинқирар, гўдакларнинг кичикроғи бўлган қизалоқ гўдакнинг оғзи ваҳимали қимирлар эди. Унинг оғзидан ҳар турли илонлар чиқиб Лобар томонга талпинар, Лобар ҳам ваҳшиёна қичқириб, даҳшатдан қочгани йўл топа олмас эди. Бу қўрқинчли ҳолдан уйғонган Лобарнинг пешона, юзлари терга ботган эди. Анча пайтгача ўша тушдаги ваҳима асоратида ўтирди. Ўрнидан туриб деразани очди. Ташқаридан кирган муздек тонгги ҳаво, унинг машаққатга кўмилган қалбига, оро бахш этгандек бўлди. Аммо туш асорати ич-ичига ўз таъсирини ўтказган эди. -Рохат, о Рохат! -Лаббай опажон – эшикни очиб, Лобарнинг уйида хизматчиликни ўтайдиган ўзидан икки-уч ёш кичик аёл кўринди. -Нозимни чақир! -Хўп бўлади, опажон!

Лобар хонтахта ёнига келиб ўтирди. Уст-боши ҳам кеча қишлоқдан келгани бўйича. У қишлоқ ҳақида ўйлагач, яна тушидаги чақалоқлар гавдаланиб унинг юрагини безовта қила бошлади. Айниқса учинчи гўдакнинг юзини эсласа янада ҳоли ёмонлашарди.

   -Кирсам мумкинми, опа?

   -Кир тезроқ, Нозим! Менга доктор чақир, аҳволим яхшимас ука, бўл тезроқ!

    -Хўп бўлади, ўзингизни эҳтиёт қилинг опа мен тез келаман!

   Нозим чиқиб кетиши билан Рохат кирди ва Лобарнинг орқасига ёстиқлардан баландроқ қилиб қўйди.

   -Опажон орқага ўзингизни эҳтиётлаб ётинг, кеча анча уриниб қолибсиз шекили, туни билан босинқираб чиқдингиз, - ётишига ёрдамлашган бўлди Рохат. Пешонасини ушлаб кўриб: - Иситма ҳам борга ўхшайди опа!

   -Гулбарчин опа қаерда?

   -Кечқурун қишлоққа боришини тайинлаган экансиз. Ниёза иккови тонг саҳарлаб қишлоққа жўнашган!

   -Давлат акани чақиринглар, вақт топиб ишларидан фориғ бўлгач, олдимга келсин, тур ўрнингдан Рохат, сенга айтганни қил! – бошқа гапиришга мажоли қолмади. Шу ётишича, ўйига  яна қишлоқ кела бошлади.

   Учинчи қизалоқ гўдакни эслашга уринди. Ҳа у Рокиъалар туғилган сана Лобар ўша қишлоққа бориб, олдириб юборган фарзанди эди. Қўл-оёқчалари ривожланишга тушган чоғда эди. Ана шу гўдак Лобарнинг учинчи бўлиши мумкин-гўдаги эди. Аввал бошқа ерларда ҳали ўғил-қизлиги ажрамай турган икки гўдакни олдириб ташлаган эди. Учинчи фарзандни нобуд қилган лаҳзаларда қийинчилик не эканини билмас эди. Катта орзулар оғушида маст бўлиб, алдовлар исканжасига ўралган эди.

   Самандар акаси: “Мана шу сафар ҳам ишни мен айтгандек қилиб турсангиз бўлди, кейин сиз она мен эса ота бўлиб фарзандлар боқамиз”, деб қуруқ ваъдалар берган эди. У акажонисининг қўлидаги бойлигу-имкониятнинг кенглигини ўзиники деб адашган эди. У вақтинчалик унинг овунчоғи эди холос. Лобар учинчи фарзандни ўша қишлоқда “йўқ” қилиб, шаҳарга келгач Самандар бошқа аёл билан бошқа шаҳарга кетганининг хабарини эшитиб, ўзининг етти йил оралиғида қуруқ саробга ишониб юрганига амин бўлди.

   У алданганигагина эмас балки, ёшлигининг энг яхши фасллари барбод бўлиб, шу ёшгача на она бўлмаганига, на оила қуриб бошқалардек эмин-эркин яшай олмаганига ва ўқишни давом этказиб фойдали бир мутахассис бўлмаганига жуда надомат чекди. Унинг қалбида-ю, бутун вужудида алам алангаси ловуллаб ёнар, катта шаҳарда ўзини ёлғиз ҳис қилиб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаган эди ўшанда.

   Самандарнинг шаҳарнинг қоқ марказидан ижарага олиб берган уйнинг муддати тугагач, уй эгаси Лобарга уйни бўшатишни талаб қилди. У бор анжомларини бир чамадонга солиб, поезд вокзали томон юрди. Минг хил ўй, минг хил хаёллар уни ўраб олган эди. У биринчи ўзи келган шаҳарга кетмоқчи бўлди, лекин бу ниятидан қайтди. Чунки у холасининг уйига мана шу аҳволда қуруқ қўл билан боришни истамади. Уч йилдан бери ўзи холасини излаб бормади. Бу уч йил ичида холаси беш-олти марта уни излаб келди. Аммо у Самандар акаси билан ҳали у сафар, ҳали бу сафар ташрифи билан вақт топа олмади. Шаҳарда бўлган кезлари эса, ўрта ҳол хонадондан бўлган холасини Самандар акаси олдида “бу менинг холам” дейишга уялиб, қочиб юрди. Ёшлигида ота-онаси вафот топиб, ўша холасининг қарови билан ўсганини унутди қўйди. Шунинг учун у энди холаси олдига боришни истамади.

   Унинг иккинчи ўйлаган иши – мардикор бозорга чиқиб, бошқа қиз-жувонлар сингари ёлланиб иш қилсаммикан деб ўйлади. Аммо йиллар давомида оқ ювиниб, оқ тарангани, кимсан шаҳарга қўли узунлиги, одамлар юрагига ғулғула солишда манаман деган кишининг маъшуқаси бўлган одамнинг бу ишга бўйни дов бермади.

   Вокзал четидаги ўриндиқда кун ботгунча бир қарорга келмай ўтирди. Шу пайт бетлари чўтир, хунук бир қора йигитча унинг олдига келиб сўради:

   -Опахон сигаретингиз бўлса чектирмайсизми?

   -Менда сигарет йўқ, йўқол нари!

   -Йигитингиз ваъда берган пайтда келмасдан, эрталабдан бери сизни шу ерда ўтиришга мажбур қилган бўлса мендан оласизми аламингизни, опахон!

   Шундоқ ҳам кўргиликлар ичида хорланиб, аламзада бўлиб турган Лобарга ўзидан етти-саккиз ёш кичик йигитчанинг сўзи оғир ботди. Ўрнидан сапчиб турдида, ёқасидан тутиб туриб, бор кучи билан юзига мушт туширди. Йигитча Лобардан бу зарбни кутмаган эди, мувозанатини йўқотиб, орқасига мункиб йиқилди. Секин-аста турмоқчи бўлган эди, Лобар югуриб бориб унинг юзига тепа бошлади. Йигитнинг оғзи-бурни қонга тўлди. Вокзал четидан югуриб келган эркак ва аёллар етиб келгунча яна уни уриб дабдала қилди. Лобар шундай эдики, уни биров куч билан ҳам тўхтата олмади. Фақатгина орқасидан етиб келган миршаб қўлидаги таёқ билан унинг бўйни аралаш бошига ургандагина ўзини йўқотиб ерга йиқилди. Миршабларнинг икки ёрдамчи аёл миршаби уни судраб олиб кетишди.

   Кун бўйи сиқилиш, шаҳарда бесамара юриш орқали вужудга келган санқишлар чарчоғи, қолаверса миршабнинг зарб билан туширган таёғи уни тун бўйи ўрнидан қўзғалмай ётишига сабаб бўлди. У кўзини очганда камера ичида ётганини сезди. Ўрнидан турмоқчи эди, боши айланиб, йиқилиб кетай деди.

   Ярим соатлардан кейин миршаб унинг чамадонини қўлига тутқазиб, қўпол оҳангда:

    -Бор ташқарига чиқ, сени уканг кутяпти. Шунақа ҳам безори келин бўласанми укангни сал қолса ўлдириб қўярдинг. Жанжалингни ўз уйларингда бориб қилмайсанларми?! Келиб-келиб, бизнинг ҳудудда, бўлиб ҳам одам гавжум вокзал ҳудудида урушасанми, исёнчилар!

   Лобар оҳиста юриб, таажжуб ичида ташқарига чиқди. Унинг на опаси-синглиси ва  на ака-укаси бор эди. Ташқарида эса кўзлари кўкарган кечаги йигитча иржайиб, у томонга қараб турарди.

   -Озодлик муборак, опажон!

   -Нари тур қора илон, пачавангни чиқариб ташлайман!

   -Сиз опажон жуда паҳлавон одам экансиз. Ҳали бери бундоқ калтакни эркаклардан ҳам еган эмасман. Ростини айтсам юрагингиз ҳам бутун аёл экансиз. Бундай юрак эркакларда ҳам топилиши амри маҳол. Келинг чамадонингизни кўтаришиб олай!

   -Яқинимга кела кўрма қора илон, бўғиб ташлайман!

   -Жуда яхши ном – “қора илон”! Опажон мен бир сўзли одамман. Мен сизга ёмонлик ҳоҳламайман. Менинг ҳам ҳеч кимим йўқ, фақат ўгай опам бор холос, у онасидан қолган уйда эри билан яшайди. Мен баъзида у ерга бориб тураман, асосан вокзал – менинг ватаним. Шу ёшгача сиздақа беаёв дўппаслаган одамни билмайман. Мен кучли ва қўрқмас кимсаларни эҳтиром қиламан опа.  Мендан бошқа яна қанча одамларни олдингизга яқин йўлатмадингиз кеча. Тонг ёришиб, вақт алламаҳал бўлгунича, ташқарида туриб сизнинг бирон бир яқинингиз келиб, қутқазиб олиб чиқишини кутдим. Қарасам ҳеч ким келмади, кечаги ишлаб топилган даромаддан узатиб сизни қўйиб юборишларини илтимос қилдим. Улар мени вокзал қароқчиси эканлигимдан яхши танишади. Мен бировнинг орқасидан келиб, ҳалигача нажот сўраган эмасман. Мени уриб, дабдала қилган опам бўлади деб, илтимос қилдим. Мана ниҳоят сиз озодликдасиз!

   Лобар унинг сўзларини қунт билан эшитди. Чарчоқ ҳали-бери унинг вужудидан тўла тарқамаган эди. Унинг ўй-фикрларини жамлаб олиб, қаерга бориши не қилиши кераклиги қийнар эди. Қора илон деб атаган йигитча унга қандайдир маънода халоскор бўлиб кўринди. Агар ўзи айтгандек бир сўзли бўлса, менга жуда асқотиши мумкин, деб ўйлади. Қўлидаги чамадонни унга узтиб, деди:

   -Ушла қора илон, агар олиб қочмоқчи бўлсанг, билиб қўй; биринчидан унинг ичида сенга наф берадиган нарса йўқ, иккинчидан ҳеч кимингни йўқлиги ва воқзалда қароқчилигингнинг менга қизиғи йўқ, сени топган еримда бўғиб ташлайман.

   -Опажон мени майда қароқчи деб янглишяпсиз. Мен бировнинг нарсасини олмоқчи бўлсам, тўғри рўпарасига чиқиб, кучим билан оламан, найранг ишлатиб, ғирром билан эмас.

   -Овқатланадиган жойга бошламайсанми?

   -Аввал мен ҳозирлаб қўйган ўгай онамнинг уйига борайлик, ўша ерда сизга ҳам жой, ҳам таом тайёр!

   Улар юриб кетишди. Вокзалдан унча узоқ бўлмаган бир кулбага киришди. Рохат исмли ҳозирги хизматчиси уларни эшик олдида чиройли қарши олди.

   Рохат Лобарни ичкарига бошлади. Кўзлари кўкарган йигитча эса орқага бурилиб, кўча томонга юра бошлади. Рохатга эса иш тайинлаган бўлди:

   -Рохатой опа меҳмонимизни яхши қаранг, қоринларини тўйдиринг! Мен ҳали “ов”дан сўнг келаман.

   Рохат у тайинламаса ҳам чаққонгина аёл экан, дарров Лобарга дастурхон тузади, ўзининг қозондаги таомидан унга солиб келди.

   -Исмингиз нима, Нозимни роса боплаб урипсиз-да, анчадан бери калтак не эканлигини билмай юрувди. Айниқса аёл кишидан ҳечам мушт ва тепки емаган экан.

   -Ҳозирги йигитчанинг исми Нозимми? Сен ўзинг ким бўласан, бу ерда нима қиляпсан ўзи?

   -Ҳа сиз “қора илон”  деб номлаган йигитча Нозим! Мен Рохатман, Нозимнинг ўгай опаси бўламан. Қора илон деганингиз Нозимга жуда ёқиб тушибди.

   -Ахир унинг яқинлари йўқ эди шекили!

   -Ҳа бир ярим йил аввал онам, яъни Нозимнинг ўгай онаси вафот этган. Мен эса эрим билан шу уйда турамиз. Нозим уйда жуда кам бўлади. Эрталаб поччаси ишга кетаётган пайтда келиб, “меҳмон бор, бирор хафта сиз билан тура турсин, поччам икковимиз вокзалдаги меҳмонхонада турамиз”, деб чиқиб кетган эди.

   -Мендан калтак еганини ким айтди?

   -Куёвим Нозим сизни чиқараётганда телефон қилиб, хабар берган эди.

   -Нозим қандай овга кетди?

   -Вокзалдаги бошқа шаҳардан келган келгиндиларни “тизгини”ни тортгани кетди. Ўшани поччаси иккови “ов” деб аташади.

   -Эринг билан ҳамтовоқ эканда ўгай укажонинг, мени ҳам тунамоқчи бўпти шекили-а кечқурун?

   -Аввалига сизнинг олдингизга ўшандай ниятда борган, аммо сиз уни роса боплаб савалаганингиздан сўнг ниятидан қайтиб, сизни менинг олдимга олиб келмоқчи бўлган. Аммо миршаблар сизни олиб кетишгач, сизни у ердан чиқариш учун эрталабгача пул йиғиши керак бўлган.

   Лобар таомланиб ўтирар экан, кечаги ноумидликлари тарқай бошлади. Янги одамлар, Нозим ва унинг поччасининг қароқчилик билан иш қилиши ўзига қўл келишини ўйлаб, ичига ёруғлик кирди.

   -Мени ҳам поччасига ўхшаб қароқчи қилмоқчи шекили “қора илон”!?

   -Йўқ, ундай эмас! Нозим қойил қолган кишисига ёрдам бергиси келади. Айтдимку сиз уни боплаб урганингиз унга маъқул келган. Сизнинг борар жойингиз йўқ эканлиги унинг раҳмини келишига сабаб бўлган.

   -Менга раҳми келса, нега қолганларни боплаб пулини шилиб кун кечиряпти?

   Рохат гап гапирмай, оғзига талқон солгандай бўлиб қолди. Бўшаган идишларни олиб, ташқарига қўйиб келди. Уй четидаги диванга ўрин ҳозирлаб, Лобарни таклиф қилди. Лобар ҳозирланган ўриндиқда қош қорайгунча ётди. Шом пайти яқинлашгач, ҳовлидан Нозимнинг Рохатга гапираётгани эшитилди. Лобар ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Нозим халталарда олиб келган майда-чуйдаларни ўгай опасининг ёнига қўяр, опаси эса қозон ковлаб, овқат қиларди.

   -Эй опажон, уйқулар пишдими? Айиқполвон сингари узлуксиз ухлар экансизда-а?

   -Агар мен кўрган ноҳақликларни кўрганингда сен бира тўла ҳалок бўлсанг керак эди. Мени нега бу кулбага жойлаштирдинг, сенга тангачалик фойдам бўлмаса?!

   Нозим Лобарга ҳеч нарса демади, бироқ халталар ичидан нарсаларни олишдан тўхтаб, Рохат томонга бурилиб, унинг кўзларига тикилди. Рохат эса бошини қимирлатган бўлди. Нозим қўлидаги нарсаларни нари суриб, энди жўнамоқчи эди, Лобар уни сўроққа тутди:

   -Сендан сўраяпман, нега мени бу ерга жойлаштирдинг, сенга менинг нима фойдам бор?

   -Сиздан менга заррачалик фойда йўқ, аммо сизга яхшилик қилгим келди холос. Сизни бу ерга жойлаштирмасам қаерга борасиз ахир! Сизни Самандар акани хотини деб эшитганман. Энди у бошқани топиб кетган бўлса, сиз кўчада хорларча қолишингиз яхши эмас опа!

   -Тўхта, тўхта! Мени Самандар аканга қарашли бўлганимни сенга ким айтди?

   -Мен айтдим, Лобар опа мен! Биринчи фарзандингизни олишда доялик қилган мен Рохат бўламан. Ахир мен сизни танидим, аммо сиз мени танимадингиз!

   -Рохат сен доялик қилганмисан, нега энди доя эмас, уй бекаси бўлиб қолдинг?

   -Самандар ака ишни тайинлагач, биз врач аёл билан қилган ишимиз фош бўлиб, бизни ишдан бўшатишган. У Самандар акага ялиниб, қайта ишга тикланди, аммо мен унинг эшигига бош уриб бормадим.

   -Нозим ука, қилган ғамхўрлигинг учун рахмат! Агар менга яхшилик қилишни ҳоҳласанг, мени ҳозир заргарлик дўконига олиб бор, қолган гапни йўлда гаплашамиз.

   -Вой овқатга қовуриб сув қуйдим, тезда пишади. Еб кетинг Лобар опа, кейин борарсиз, - деди Рохат.

   -Сен таомингни қилиб еб туравер, биз тезда қайтамиз, юр Нозим!

   Заргарга етгунича Лобар ўзининг тузаётган режаларини гапириб кетарди. Нозим энди йигирмаларни қарши олаётган кези бўлгани учун баъзи ишларда уддабурон қароқчига ўхшагани билан ғўрлик қиларди. Шунинг учун пачаваси чиққан машинани миниб кета туриб, Лобарнинг режаларига фақат бош ирғаб борарди холос. Орқа ўриндиқда бошлиқлардек келбат хосил қилиб олган, ҳали ўттизларни қораламаган Лобар эса ўзининг мақсадларини баён этарди.

   -Сен ука, кундалик оёғинг тагидаги режангни бажариб юраверма. Агар ишни кенгайтирмоқчи бўлсанг, узоқни ўйлаб иш қилишинг керак. Бунинг учун эса – мен Лобар опанга қулоқ тут ва унга итоат эт! Режа шуки; сен бошқа шаҳарлардан келаётган одамларга ҳужум қилишингни бас қил , аввал уларга бу ерга нимага келганларини синчиклаб бил; агар улар бир юмуш истагида келган бўлса, уларга юмуш топиб берувчи ғамхўр бўлиб, шайкани кенгайтириш пайида бўл.  Айниқса ўзига уддабурон ва чапдаст йигитларни саралаб ол, агар келувчилар ўзларининг қишлоқ, шаҳарларида яна муштими зўрлар бор деса уларни ҳам чақиртиришга эринма! Агар улар ичида қўрқоқ, ландовур ёки сенга бўйин эгишдан бош товлайдиганлари бўлса, ана ўшаларни тунаб, қўлида ва имкониятида бор нарсаларини олиб қўяверасан! Қолган режаларни эса атрофинга эллик нафар мен айтган одамларни йиққанингдан сўнг айтаман! Бу маслаҳат иккимиз орамизда турсин, ўгай опанга ҳам, поччанга ҳам сира айта кўрма, қора илон! Тушундингми ука, менинг гапларимни?

   -Тушундим Лобар опа, мендан ҳотиржам бўлинг! Менинг қўлимни бозғон билан чақиб ташлашсада, оғзимдан бир калима олишлари жуда мушкул, опа! Ўгай опам менга ўз укасидек қарагани учун уни эъзозлайман холос, поччам эса вокзалдаги кичикроқ мехмонхонада ишчи, бу ерга ким келяпти, ким кетяпти менга билиб маълумотларини айтгани учун у билан алоқадаман. Мени у билан боғлайдиган бошқа иш йўқ. Сизнинг режаларингизга келсак, жуда муҳим нарсаларни менга ўргатдингиз. Ҳақиқатан мен фақат бугуним ўтишини ўйлаб иш кўрар эканман. Бу берган маслаҳатларингиз жуда аъло бўлди. Мен сизга сўз бериб айтаманки, Лобар опа, ишларим ўнгидан келиб, юришиб кетса сиз мен учун етакчи бўлиб қолаверасиз. Сизнинг сўзингиздан заррача чиқсам, йигит бошимни ўзим оёғингиз остига ташлайман. Сизга содиқлик билан хизмат қиламан опа!

   Лобар қоронғулик қаъри ичида кулимсираб, ўйлаган ишлари нишонига етиб бораётганидан хурсанд бўларди.

   Улар ўзаро қабоҳат ичра тузилга қора режалар устида аҳдлашишди. Одам болалари ўртасида шайтони лаъиннинг янги ўргамчак уясига илашган тўдага пойдевор қўйила бошлади. Бир инсоннинг қасд ўтида ёниши, Ягона Зотдан сўраб, ишни ўнглаш йўлини тутмасдан, қабоҳат билан ўзи орзу этган йўлга эришиши учун чоғланишига қадам қўйилган эди. Самандардан аламзада бўлган Лобар, ўзининг эгри ўй ва амаллари билан уни чилпарчин қилиш учун енг шимарган эди. Самандар қанчалик қабоҳат ботқоғига ботган бўлса, Лобар унинг қабоҳатидан-да ўтиб тушадиган усулларни ихтиро қила бошлади. Унинг фақат исмидангина аёл эканлиги билинмаса, юриш-туриши ҳатто кийиниши эркакларникидан фарқ қилмас эди.

   Лобар ўша куни Нозим қора илондан “ўчмас” аҳд алангасини қабул қилиб олгач, шаҳар четроғидаги Давлатнинг заргарлик дўконларига бориб тушди. Кеч оқшом бўлсада, у ерда қаланғи-қасанғи кимсалар тентираб юрарди. Заргарлик дўконларининг чироқлари ўчиқ, йўлакдаги катта фонарлар ёқилган ҳолда турар ва дўконларнинг четроғидаги хона ёруғ турарди. Машинадан тушган Лобар Нозимга кўчанинг муюлишига бориб туришини тайинлаб, ўзи эса ёруғ турган хонага кирди. Хонанинг ичи сигарет тутунига тўлган, тўридаги телевизорга тикилганича, айланадиган курсида Давлат ястаниб ўтирар эди. Лобарни кўриши билан у ўрнидан қўзғалди. Хона кираверишидаги қўйилган тўрт курсидан бирига ўтиришни таклиф этди.

   -Келинг Лобар, биз томонларга қайси шамоллар учирди. Самандар акамлар яхшимилар, қани марҳамат!

   Лобар Давлатнинг тили ёғламалигидан аввал боши осмонга етар эди. Чунки, у ўзига Самандар атрофидаги кўзга кўринган Давлат аксидек кишининг мулозимат билан гапириши ёқар эди. Амма ҳозир кўп нарсани била туриб, Самандар ҳақида сўраган ҳол-аҳволи Лобарни ғижинтирди. Лобар катта ишларни режалаштириб, пинҳоний кураш очгани ёдига тушиб, бу гапларга қизишмасдан, ўзини оғир-вазмин тутиб, бош ирғаб жавоб қилган бўлди.

   -Ҳа рахмат Давлат ака! Самандар акамлар биласиз катта одам, ишлари ҳам катта. Шу билан бирга у киши биз билангина чекланиб қоладиган киши эмас.

   -Тўғри, тўғри Лобар. Хўш бизга нима хизмат?

   -Бир ой муқаддам сизга топширган тақинчоқ ва буюмларимнинг пулини қилдириб берсангиз.

   -Албатта, албатта айтганингиздек қиламиз. Лекин Самандар ака менга тайинлаб кетган бир юмуш ҳам бор.

   Ерга қараб, ўйланиб гапираётган Лобар Давлатнинг сўзидан кейин ярқ этиб унга қаради. Самандар унга нима тайинлагани уни жуда аҳамиятини жалб этган эди. Аммо шошиб уни нима экан деб сўрамади. Давлат акасининг ўзи уни айтмагунича сабр қилишга қарор қилди. Давлат эса сигаретини кулдонга ташлаб, курсида бир-икки у-ёқ, бу ёққа айлантириб Лобарга нигоҳини қадади.

   -Сизни Лобар бу шаҳарда умуман қолдирмаслигимни тайинлади, эшитяпсизми, умуман! Лекин менинг бир режам бор, агар шунга рози бўлсангиз кўчада қолмайсиз деб ўйлайман!

   Боядан бери ўзини-ўзи тутиб турган Лобар ортиқ чидай олмади, ўрнидан туриб, кўзларини чақчайтирганича Давлат акасига қичқира бошлади.

   -Нима учун бу шаҳарда туришим умуман мумкин эмас? Нега кўчада қолар эканман?! Нималар деб валдираяпсиз менга?!

   Кўпни кўрган Давлат Лобарнинг важоҳатига кулимсираганича қараб, курсида айланди. У иккинчи Самандар деса ҳам бўладиган киши эди. Чунки у номига заргарлик дўконларини очиб қўйиб, асосан Самандарнинг бойликларини айлантирадиган, пулига пул қўшилиш тизимларини ишлаб чиқиб, йўлга соладиган энг муҳим киши ҳисобланарди. Шунинг учун у ўзларининг доирасида “Самандар банк” номига эришганди.

   -Лобар ўзингизни тутинг, ўзингизни ушланг, менга деса тақинчоқ ва буюмларингизнинг пулини олиб, ҳоҳлаган ерда яшайвермайсизми. Аммо билиб қўйинг, мен сизга билганимни айтяпман, агар Самандар ака шаҳарга қайтгунича бу шаҳардан қорангизни ўчирмасангиз, ўзингизга қийин бўлади. Мен сизга омонда юришингиз мумкин бўлган ишни айтмоқдаман, холос!

   Лобар бу сўзларга овуниб, ўтириб қолиш нияти йўқ эди. Аммо янги режаларини пухта амалга ошириш учун, Нозим қора илон анча кучга кириб, ишлари юргунига қадар чекиниш зарурлиги унинг миясига ялт этиб урилди. Шунинг учун у Давлатга билдирмай, ўзини ожиз ҳисоблаган одам янглиғ ёнбосган қилиб кўрсата бошлади.

   -Майли, Давлат ака! Иш сиз айтгандек бўла қолсин, нима қилишим керак айтинг ака! Режангиз қандай?

   -Чет ўлкага кетасиз, сизга тақинчоқ-буюмларингизнинг қиймати билан бирга ўн баробар кўп пул бераман, розимисиз?!

- - -