Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 5-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1970 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 5-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Лобар шаҳарга етиб боргач Гулбарчин опасини зудлик билан ўзининг олдига чақиртирди. Гулбарчин ундан бир ёки икки ёш катта фарқи бўлган аёл эди. Биров билан сирлашмоқчи бўлса ёки гаплашишни истаса Гулбарчинни излаб топарди. Энди ошиғи олчи бўлганидан бери бир қўнғироқ қилиши билан Гулбарчин “икки оёғини қўлтиқлаб” чопади. Энг сари гапларни гапириб Лобарнинг кайфиятини кўтаришга ҳаракат қиларди. Лобар бирор ишда маслаҳат ташласа гапиради, агар сўрамаса фақат хушомадгўйликка йўғрилган сўзлар билан ялтоқлангани ялтоқланган. Лобар ишлари алғов – далғов пайтларда Гулбарчин опасини шаҳардаги танишининг маъракасида кўриб, таниган. У бутун аёлларни ўзига қаратиб, ваъзхонлик қилар, гоҳ – гоҳида қироат қилиб, дуога қўл очарди. Лобар оз – моз пул

тушса Гулбарчин опасини қидириб, топиб унга атаганларини қўлига тутқазар, ўзининг ҳаққига дуо қилишини илтимос қиларди. Гулбарчин аввалида Лобарга хушламай қаради, чунки уни чақирувчи, тўй маъракаларга олиб кетувчилар жуда  кўп бўлиб, турна қатор бўлиб туришарди. Қолаверса Лобар унга тутқазадиган пул унинг икки кунидан ортиғига етмас эди.

   Кунлар ўтган сайин Лобарнинг тутқазадиган пули кўпая боргач, ўзини унга яқин тутадиган бўлди. Самандарнинг ўрнида иш юритишни бошлабди деб эшитгач Лобар Гулбарчин учун энг аввалги “шахс” эътиборига айланди. Унинг юмуши бор куни барча ишлардан қўлини ювиб, қўлтиғига қўяди.

   Бугунги чақириқни эшитиши биланоқ, ҳаллослаб Лобарникига шошилди. Унинг олдига кириши билан уни бағрига босиб, юз – кўзидан ўпа бошлади.  

   -Айланиб кетай, Лобархонгинам! Қишлоққа яхши бориб келдингизми, кеча сизни кўрган бўлсам ҳам, минг кун кўрмагандекман, тани – жонингиз соғ – саломатми?

   Лобарга бошқаларнинг хушомадгўйликлари ёққанидан зиёда Гулбарчинники жуда ёқиб тушади. Чунки у Гулбарчин опасини таниганида уни хушламаганини  ва менсимаганини биларди. Кейин – кейин унга эътиборли бўла бошлаганини иши юришаётганига тахмин қилар ва уни ўзига қўл қовуштириб туришини истарди. Бугун эса опасининг илиқ сўзлари унинг қулоғига кирмади. Тўти каби такрорлаётган сўзларини бўлиб, унга тикилиб савол берди:

   -Гулбарчин опа, менга айтингчи аёл киши бошига рўмол ташлаб юриши шартми?  Мен билишимча олтмиш ёш ва ундан кейин қарилик гаштини сураётган ёки яқинларингиздан биров қазо топиб қолганда, мотам учунгина ўраши зарур бўлса керак – а?!

   Гулбарчин салом –аликсиз, томдан тараша тушгандек берилган саволдан, қолаверса иффатга хос ҳеч қачон берилмаган бу саволдан турган жойида қотиб қолди. Лобар эса олдидаги ликопчада солиб қўйилган бодомни қарсиллатиб чақиб, нигоҳини опасига қадаб турарди.

   -Энди, энди сиз айтгандек қилгани яхшироқ, ҳозир эса турмушнинг оғир – енгилини кўрмаганлар, ўзларича покдомонликни рўкач қилиб, кийинишадиган бўлиб қолишди.

   -Чет ўлкаларга қиз – келинларни юборишга нима дейсиз, у ҳам мумкин эмасми? Қатор – қатор берилаётган бу саволлар Гулбарчинни талмовсиратиб қўйди. Фақат мақтов айтиб, дуо билангина четланадиган бу аёл Лобарнинг бераётган саволларига жуда ожизлик қиларди.

   -Энди, энди... уларни жўнатиш иши билан шуғилланар экансиз, савоб топажак ишни йўлга қўйяпсиз, Лобархон! Ахир у қиз – келинлар нотовонликдан бошини қайси тошга уришни билмай сарсон – саргардон юришса, уларга ҳужжат, чипталар тўғрилаб жўнатиш, мўмай даромадлар топишга йўллаб қўйиш катта иш – ку!

   -Сиз ўшандай деб ўйлайсиз, Гулбарчин опа, аммо баъзилар эса буни қора иш деб билишади. Бу ишнинг ўша томонига ҳам эътибор қаратганмисиз?

   -Энди, энди ким бошқача ўйласа, оғир турмушни бошидан кечирмаган, таннозлар бўлса керак – да.

   -Энди, эндингизни қўйинг Гулбарчин опа! Қуруқ гап эшакка юк дейишади. Энди мақсадга кўчадиган бўлсак, сизни чақирганимнинг боиси шуки, эртага Ниёза билан бирга бугун биз борган қишлоққа тушасизлар. Улар билан сўзлашиб кўринг ва уларга мен қилаётган ишни тўғрилигини тушунтиринг. Чунки улар ўша ерлик аҳолидан. Агар улар кўнишса у ердан одам тўплаб, қиз – жувонларни жўнатишимизга осонлик бўлади. Мабодо улар қаршилик қилса ўша атрофдаги ишимизга ҳалал етади. Ҳозир бориб дам олинг опа, эртага эртароқ жўнайсизлар.

   Гулбарчин Лобардан биринчи гал сўроқ – саволга тутилиши эди, биринчи гал ундан буйруқ оҳангида сўз эшитиб, топшириқ олиши эди. Унинг сўзини бўлишнинг, сўзига қулоқ солмасликнинг иложи йўқ.

   Эртаси куни эрталаб, машина эшиги олдида тўхтади, бомдодни апил – тапил ўқиган Гулбарчин эрига “мен ҳали келарман” қабилида сўз айтган бўлди. Эри ҳам муғомбирона бош эгиб, маъқул дегандек ишора қилди. Аёли топиб – тутиб, рўзғорни “гуркиратиб” юргизгандан сўнг унга мутеъ бўлган эр, эрта – кеч ойнайижаҳон олдида унга тикилгани, тикилган. Зерикса уч – тўртта боқиб қўйган товуқлари ва қўйларини қарайди. Яна бўшаб қолгудек бўлса, шаҳарнинг гавжум бозорларини кезади. Топган – тутган улфатлари билан гурунглашиб, кунни кеч қилиб қайтади. Аёли бирон жойга бормоқчи бўлса “номига” эридан сўраган бўлади. Эр ҳам ноиложликдан бўлса ҳам “рози” бўлади.

   Гулбарчин ҳозир ҳам эридан номига сўралган изн билан кўчага чиқди ва машинанинг орқа ўриндиғига ўтирди. Орқа ўриндиқда кеча қишлоққа бориб, Лобарга Рокиъ ва Сажидани чақириб келишга буюрилган Ниёза сақич чайнаб ўтирарди. Олдида эса кеча кучук бўлиб, вовиллаган ҳайдовчи мунгли тарзда радио эшитиб ўтирарди. Гулбарчин чиқиб жойлашгач машина ўрнидан қўзғалди. Улар беш дақиқача жим кетишди. Кун ёриша бошлаган, лекин қуёш ҳали ўз жамолини уфққа намоён қилмаган эди.

   -Гулбарчин опа, Лобар опамиз нега қишлоқи эчкичаларга қизиқиб қолди? Кеча мени чақиргани юборган эди, улар кўнишмади. Қишлоқдан қайтаётганимизда эса опанинг ўзи уларни анҳор бўйида учратди. Аммо у иккиси опанинг сўзига қулоқ солмади шекили, тезда опанинг олдидан кетиб қолишди. Опа уларга чанг солармикан ёки бирор иш содир этармикан деб, ўйлаган эдим. Аксинча, опа хомуш  тарзда шаҳарга қайтаверди ва сизни чақиртирди. Сизга бирон нарса дедими?

   -Йўқ, менинг назаримда у қизлар Лобархонга “ақл ўргатишга” уринган кўринади. Уларнинг қишлоғида туриб, жанжал чиқаришни истамаган. Агар каттароқ шаҳарда бўлганда борми, ўша сен айтаётган эчкичаларни ғиб бўйнидан олган бўларди.

   -Тўғри айтасиз, у эчкичалар опа билан бекор ҳазиллашишди. Энди оқибати ёмон бўлади – ёв.

   -Ҳа, шундай! Лобархон ўз ишини пухта қиладиган одам. Ҳали улар унинг тоғарасида кир ювишмабди.

   Ниёза кетаётган қишлоғи хусусида гап очди, шунда Гулбарчин унга деди:

   -Бу қишлоқда Зайнаб деган бир кампир бор эди. Бу ерлик одамлардан ташқари бошқа атрофдаги қишлоқ ва шаҳарлардаги кимсалар ҳам у кампирни иззат – ҳурмат қилишар эди. Лобархон мени кўп шу қишлоқ атрофида дам олишга “ҳозирлик кўрсакми”, деб айтсада, мен ўша кампир мавжудлиги учун Лобархонни “бу ерларга келмай турганингиз маъқул” деб маслаҳат берардим. Лобархон “нимага” деб сўраган эмас, чунки иши бошидан ошиб ётган кимсага дам олиш учун фурсат бўлармиди. Аммо қандай қилиб кеча вақт топиб бу ерларга келганига ҳайронман.

   -Ҳа энди, ишларини саранжомлаб олди, кўп ишларини телефон билангина битирадиган бўлиб қолди. Ҳа айтганча, Зайнаб деган кампир бор эди, деб гапираётган эдингиз. Хўш, нега у кампир борлиги учун Лобар опани келмасликка тарғиб этгансиз?

   -Ниёзахон, у кампир жиддий, эски кампирлардан эди. Бир гапирдими, қайтиб сўзини бузмас эди. Биздек ўзидан ёши кичик аёлларнинг сўзини эътиборига олмас эди. Шу қишлоқлик бир мухлиса танишим бор. Ўшанинг айтишича биздек “ишни” кенг оладиганларни кўргани кўзи йўқ экан.

   -Сиз “ишни” қандай кенг оласиз, опа?

   Гулбарчин Ниёзага шундай ўқрайиб қарадики, Ниёза ҳали бери бу опани бундай важоҳатда кўраман деб ўйламаган эди. Куни кеча Рокиъаларни Лобарга чақириб кела олмаганидан изтиробда қолганидек, Гулбарчиннинг олов уфуриб турган қиёфасини кўргач талвасага тушиб қолди. Ҳайдовчи эса машина ичида нима бўлаётганига сира аҳамият бермай, радио эшитишда давом этар эди. Гулбарчин бироз сукут сақлаб олгач, ҳовуридан тушди.

   -Кенг олиш дегани, бу ҳаёт яшагани берилган синглим. У кампирларга қолса ҳаётдан бизни бўғиб, у ёмон, бу ёмон деб ишни тор олади. Мен эса бу беш кунлик дунёда яшаб, даври – даврон суриш тарафдориман.

   -Нега унда у кампирни бошқалар иззат – ҳурмат қиларди, дедингиз? – қўрқа – писа савол берди Ниёза.

   - Маросимларда тугун, пул олмай, одамларга ўзини тақволи қилиб кўрсатгани учун бўлса керак – да!

   Ҳайдовчи қишлоқнинг бошидаги чинор ёнида машинани тўхтатди. “Биз етиб келдик” дегандек, орқага бир қараб қўйди.

   -Ҳайдовчи ука, яна икки эшик нарироққа ҳайдайсан. Кейин ўнг томондаги кўчага буриласан. Ўша кўчанинг охиридаги эшиклар олдида тўхтайсан. Менинг танишимнинг уйи ўша ерда. Биз Ниёзи билан кириб, нима қилишимиз кераклигини ўша ерда гаплашиб оламиз.

   Ҳайдовчи яна машинани ўт олдириб юргизди ва Гулбарчиннинг айтган ерига келиб тўхтади. Кетма – кет Гулбарчин ва Ниёза машинадан тушишиб, чап томондаги данғиллама ҳовлига бош суқишди.

   -Холдархон, ҳой Холдархон – қичқирди Гулбарчин.

   -Ҳўв мана ҳозир, - ҳовли ичкарисидан қўлларига узуклар тақиб олган ва қошлари чимирилган аёл чиқиб келди.

   -Вой Гулбарчин опа, сизми? Келинг биз томонларга ҳам келадиган кунингиз бор экан – ку? Шаҳарликман деб, таппи ёпиладиган қишлоқни жинингиз суймас эди.

   -Ҳа энди юмуш бўлгандан кейин, борса келмас Қўҳиқофга ҳам борар эканда одам!

   Иккаласи бир – бирини бағрига босиб кўришган бўлди. Холдархон шаҳарлик танишларининг “тўрисида” ўтирадиган Гулбарчинга мухлиса ва ёпишқоқ мижозлардан ҳисобланади. Айниқса Лобарнинг маслаҳатгўйига айлангандан кейин Холдархон Гулбарчиннинг елимига айланди қолди. Доим шаҳарга борса, Гулбарчинга қишлоқдаги нози – неъматлардан олиб боради. Эри авваллари қишлоқда раис, кейин эса ўрмон хўжалигига етакчи бўлиб ишга кирган. Ҳозир қишлоқдаги “ошиғи олчи” хонадон эгалари ҳисобланишади. Холдархон бир оз ҳол – аҳвол сўраган бўлди – да, ошхонаси томонга ўтиб кетди. Келинларига у – бу тайинлаган бўлди ва келинлари билан қайтиб келиб, меҳмонларнинг олдига ўтирди. Келинлари ҳам меҳмонлар билан кўришишгач, чиқиб кетишди.

   Холдархоннинг уйида келди – кетди кўп бўлади шекили, тўшак ва ёстиқлар ораста, дастурхон, ундаги нону қанд – қурслар йиғиштирилмай усти ёпиғлигича турарди. Холдархон дастурхон устини очиб, меҳмонларни унга таклиф қилди. Келини олиб кирган чойнакдаги чойни пиёлага қуяркан, яна гап бошлади:

   -Лобархон юриптими, кеча мен қудам тўй қилиб, қўшни қишлоққа кетган эдим. Хўжайинимга Лобархоннинг йигитлари ўтган ҳафта жой тайёрлаб қўйишини тайинлашган экан. Кеча келиб кетишди деб эшитдим.Мен келинларим билан кеч қайтганимиз учун Лобархонни кузатиб қўйгани ҳам ўта олмадим.

   -Ҳа юрипти, аммо бу қишлоққа келгани бироз ёқмаган кўринади, Холдархон. Бизни Лобархон бир иш юзасидан жўнатган эди. – Холдархон қуйган чойни ола туриб сўзлай бошлади Гулбарчин. – Бу иш шу қишлоққа тааллуқли бўлгани учун, сизни олдингизга келдик. Биз бу қишлоқликларни яхши танимаймиз, сизга эса барчаси маълуму – машҳур.

   -Майли, қандай иш экан – у иш, Лобархон айтган?!

   Гулбарчин пиёлани дастурхон устига қўйиб, чой ичишни бас қилиб, ўзини вазминликка солди. Орада бироз сукунат юзага келди. Сўнг Гулбарчин Рокиъа ва Сажидани қандай қилиб, бу уйга олиб келиш кераклигини Холдархонга айтди. Холдархон:

   -Ўша сиз айтаётган қизларнинг бири Сажида нарироқдаги қўшнимнинг қизи бўлади. Ёшлигидан Зайнаб холаникига олиб бориб беришган. Рокиъа деган яна бири ўша марҳума Зайнаб холанинг невараси бўлади. Келинимнинг кичигига айтаман, у ҳам Зайнаб холаникига турмушга узатилмай олдин қатнаб турар экан. Уларни танийди. Бир муддатга келиб – кетишини илтимос қилади, албатта.

   -Зайнаб холангиз билан ирқингиз келишмас эди, нега унинг ён – атрофидагилардан келин қилиб олдингиз?

   -Зайнаб хола ўтиб кетганидан сўнг келин қилиб олганман.

   -Зайнаб хола вафот этган бўлса ҳам, у ўргатган таълимлар ҳали келинингизнинг бош миясида ғужғон ўйнаётган бўлса керак.

   -Ҳар ҳолда келинимдан ёмонлик кўраётганим йўқ. Яқинда келин бўлиб тушганига қарамай, хизматимизни елиб – югуриб қилади. Айтаётган гаплари ҳам бирам чиройли, бирам сермазмун. Ҳатто хўжайиним “бу келининг анча саводли, хулқли ва уқувли кўринади”, деб айтдилар.

   -Ҳўв Холдархон кўзингизни боғлаб, қайсидир жарли йўлларга сизни солиб қўймасин, бу лақма келинингиз. Шаҳарга анчадан бери менинг олдимда бўлмай қўйиб, миянгиз заҳарланишга қараб кетмоқда шекили – а?!

    Ниёза олдидаги ширинликлардан еб ўтирар экан, Гулбарчин опасининг яна машинадагидек авзойи бузилаётганини кўриб ейишдан тақа – тақ тўхтади. Ҳали Гулбарчинга, ҳали Холдархонга бот – бот қарай бошлади. Холдархон жавобга сўзни яна бошламоқчи бўлиб, оғиз жуфтламоқчи бўлиб турган эди, эшикдан ўша кичкина келини косаларда суюқ овқат келтириб, салом бериб таомларни меҳмонларга узата бошлади.Холдархон сўзини таом томонга буриб меҳмонларга деди:

    -Қани меҳмонлар таомни олинглар! Бомдоддан сўнг шу келиним айлангур, бир мазза таом қилиб берай деб уринган  эди, сизларнинг ризқингизлар ҳам бор экан, қани марҳамат олинглар!

   Холдархон ўрнидан туриб таомларни қўйиб, чиқиб кетаётган келинининг ортидан эргашди.Унга қизларни зудлик билан чақириб келишни буюрди, ўзи меҳмонлар олдига кирмай куёви ва келинлари олдига ошхона тарафга юрди. Гулбарчин чимирилиши тарқамай, ўзи олдига қўйилган косадаги таомни нари сурди. Ниёза эса чапиллатиб таом ичар, Гулбарчинга кўзини қирида қараб қўярди.

   -Опа олмайсизми таом, бирам ширин, бирам мазза бўпти, –  дея косадаги таомни охиригача сипқарди Ниёза.

   -Сенга буюрсин, ол заҳрингга ич! Мен пандавақи келиннинг мағзава таомини ичмайман!

   -Нега заҳрингга дейсиз, ахир бу мағзава эмас, мазали бир таомку – деб Гулбарчиннинг ичмаган таомини иштаҳа билан тушира бошлади Ниёза.

   Гулбарчин бу сафар индамади, аммо авзойи ўзгармаган ҳолда тураверди. Ниёза эса таомни охиригача ичиб, иккови бўшаган идишларни бир – бирига киргизиб қўйди.

   -Бу Холдархон деганларини ўзимиз боб аёл деб ҳисоблардим. Борган сайин бу аёл ҳам пандавақи келинининг ишларини менга мақтаб ётибди. Эй ўргилдим, келинингдан ҳам, ўзингдан ҳам! Агар Лобархон тайинлаган иш бўлмаганда эди, бунинг уйидан зудлик билан чиқиб кетган бўлардим. Зайнаб холаникига қатнаган эканмиш, тавба! Ахир мен бу Холдарга неча бор, менга йўлиққанда Зайнабга ҳам унинг гумашталарига ҳам яқин юрма, бир дастурхонда ўтирма деб тайинлаганим, тайинлаган эди. Наҳотки шунча сўзим бу ажинанинг ўнг қулоғидан кириб, чап қулоғидан чиқиб кетган бўлса! Бу Зайнаб деган ялмоғиз кампир, бирон оят ўқиб пул топишимиздан, уч талоқ берганларга яна яшаса бўлади десак, “асло бўлмайди”, деб қайтаришдан тинмасди. Болани она қорнидан аборт қилиб олдиришни – ю, қиз – жувонларни чет элларга чиқаришдан қайтаргани, қайтарган эди.

   -Ахир аборт ростан ҳам мумкинмас бўлса кераг – ов, бошқасини аммо билмадим...

   -Овозингни ўчир, сен ҳам пандавақи сўзларни гапирма, - қичқирди Гулбарчин Ниёзага. – Сен нон–тузини тотиб юрган Лобархон ҳам  икки – уч маротаба болаларини олдириб юборган. Ҳали менинг ишим “қора”ми деб сени бўғиб ўлдирмасин, тағин!

   Ниёза боягина машинада сўз сўзлаб изтиробда қолганида, “энди сўзламайман” дея қарор қилган эди. Яна аёл кишилигига бориб, қарорини бузиб Гулбарчиндан дашном эшитиб ўтирибди. Яхшиям Холдархон эшикдан кириб келиб, Ниёзани ёмон аҳволдан қутқазди.

   -Меҳмонлар яхши ўтирибсизларми, хўжайин ишга кетадиган вақт бўлган эди. Шунга у кишини жўнатиб келдим. Мана бу сизга, - деб қутичадаги иккита тақинчоқни узатди Холдархон. –Бири сизга, бири эса Лобархонга! Хўжайиним ҳам кеча тўйда бўлиб қолиб, Лобархон ва унинг йигитларидан хижолатдалар. Ўтган хафтада ўрмончилар мажлисига узоқроқ ўлкага бориб келган эди. Ўша ердан атай сизлар учун тайинлаган эдим. Марҳамат олинг!

   Гулбарчин қути ичидаги қимматбаҳо тақинчоқларга кўзи тушаркан, чеҳраси ўн тўрт кунлик ойдек ёришиб кетди. Ҳозиргина жавраб, ҳақоратлаб турган Холдархонни ўтирган ерида бағрига босиб, юз – кўзидан ўпди.

 –Айланиб кетай, шундай танишим ва яқиним бор эканлигидан бирам шодман, бирам хурсандман!

   Ниёза гапириб юбормаслик учун тишини тишлаб, бўлаётган манзарага таажжубланиш билан қараб турарди.

   Пул, мол – дунё топиш учун тер тўкиб, ёки минг алдовлар билан ҳаракат – меҳнат қилиш мумкин. Ниёза ўз атрофидагиларни доим ҳам тўғри йўл билан пул топишига ишонқирамасада, Гулбарчиннинг ҳам тўғри йўл кўрсатиб, ҳам эгриликка юриши ва бировларга йўл очиб бериши уни ҳайрон қолдирарди. Айниқса ҳозирги воқеага ўхшаш, бир пайтнинг ўзида бир юз билан, озгина вақт ўтмасдан яна бошқа юз билан одамга муомала қилиши унинг хаёлларини тўзитиб юборди.

   Бу доира одамлари учун қаллоблик, алдов, иккиюзламачилик одатий бир ҳол, лекин инсоннинг ички дунёси аталмиш – маънавий жиҳати ҳам бор эмас – ми, гоҳ – гоҳида Лобарнинг ўзи Ниёза сингари номақбул ишларни устида виждонлари қийналиб қолгудек бўлишса, дарҳол Гулбарчинга мурожаат қилишади. Дардларини тўкиб солади, ундан “тозаланишлари” учун маслаҳат сўрашади. У эса уларнинг қалбидан яна ҳам чуқурроқ ўрин олиши учун эса, уларнинг нафси ҳоҳлаган сўзларни айтиб, йўл кўрсатади. Авваллари Лобарнинг олдида Ниёзага чиройли муомала қиладиган Гулбарчин иккаласи ҳоли қолиб, сафар қилганлари чоғда дағалликка ўтди ва биз шоҳиди бўлган муомалаларни Ниёза олдида қилишдан ҳам тап тортмади.

- - -