Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 4-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1875 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 4-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Шов – шувлар билан келган уч – тўрт машина аввало сокинликни бузди, сўнг мусаффо атроф – муҳитни чангга буркади. Олдидаги машинадан спорт кийимидаги, қора кўзойнак таққан аёлнинг эшигини ёнидан тушган ҳайдовчи очиб қўйди. Орқа машиналардан ҳам бирин – кетин аёллар тушишди. Биринчи аёлнинг олдига тўпланишгач, у аёл уларга қаерга жойлашиш кераклигини қўли билан ишора қилиб кўрсатди ва ўзи қўллари билан керишиб, ҳайдовчига идишдаги шарбатни олиб беришини буюрди. Ҳайдовчи лапанглаб, машинага югурди ва очиб шарбатни келтирди. Аёл идишдаги шарбатни тик турганича сипқориб ичди, идишни тўғри келган томонга улоқтирди. Сўнг чўнтагидан сигарет чиқарди, ҳайдовчи уни кутиб тургандек, унинг қўлидаги сигаретга гугурт тутди. Бу аёл – Лобар эди. Самандар акасининг ишини бир томонга суриб, ўрнига Давлатни қўйгач, иши аввалгидан ҳам юришиб кетди. Одамлардан барибир барча ишларни яшириб бўлмайди. Улар орасида Лобарнинг афсонавий тимсоли даҳшатона тус олган, кимсан Самандардек одамнинг “тагига сув қуйиб”, уни

чираган чинордек йиқитиб юборгани ҳақидаги гап – сўзлар атрофда айланиб юрарди.

   Аммо Рокиъа ва Сажидалар яшаётган бу қишлоқ аҳли бу ишлардан бехабар эдилар. Фақатгина бир пайтлар Лобарга “доя”лик қилган доктор, ўрмон хўжалигида ишловчи етакчи ва шаҳарга иши тушиб турадиган “катталар”гина Лобар ва унинг кирдикорларидан хабардор эди.

   Рокиъа ва Сажида Қуръон тиловатини бўзган, сўнг кўриниб турган инсоний қиёфага, айниқса аёллик латофатига тўғри келмайдиган аёлнинг туришига нафрат билан боқишди. Лобар ҳам ўзига тикилиб турган арча остидаги қизларга кибр билан тикилди.

   Машинадан тушган меҳмонлар сояли ёнбағирликка, каттакон сояли дарахт остига жойлашишди. Улар ичида бир пайтлир Рокиъа ва Сажида туғилганда ишловчи доктор аёл ҳам бор эди. У ҳозир Лобарнинг “туртки” бўлиши натижасида қўшни қишлоқда қуриб битказилган данғаза санаторияга бошлиқ бўлиб қолган. Лобар у томонга юрса барча қатори, қўли кўксида “Лобархон” деб қўйгани жой топа олмайди.

   Лобар қўлидаги сигаретни бир четга улоқтириб, ҳайдовчиларга рухсат берди.

   -Сенларга рухсат, аёл кишилар ичида ўралашмай шаҳарга кетинглар. Кузашимизга яқин сенларга ўзим қўнғироқ қиламан. Сен ўв мана бу ёққа кел! – ёши кичикроқ ҳайдовчини чақирди ва унга буюрди: Анави қоссоб сўйган қўйнинг чиқинди нарсаларини кўмиб қўйиб кет, агар кўппакчанг бўлса анави ичак – човоғини ола кет!

  -Хўп опажон, кўмиб қўяман, лекин кўппагим йўқ!

   -Кўппакни нима қиласан, сен ўзи кўппакка ўхшаб қолибсан – ку, қани бир итга ўхшаб вовиллачи!

   Ҳайдовчи қўлидаги белкурак билан чиқиндиларни ерга кўмаркан, Лобарга қараб, кўзлари ола – кула бўлиб, қўрқувдан қалтирай бошлади. Бошқа ҳайдовчилар эса оғзиларига талқон солгандай машиналарининг рулида мирқ этмай ўтиришар эди. Лобар эса ўрнидан туриб чимирилди, қўлини биқинига қилиб, ўшқирди: - Ўв кўппак, қулоғинг том битганми, сенга вовилла деяпман!

   Ҳайдовчи эса кўмиб бўлиб бўшаган бел куракни ё ерга қўйишини ё дарахтга суяшини билмай, қотиб турарди.

    -Ҳўв Нозим!

  -Лаббай опажон, -  энг орқадаги машинада қоссоб билан чақчақлашиб, бўлаётган ишларни машина ичкарисида кўриб ўтирган Нозим қора илон машинадан сакраб тушди.

    -Мана бу кўппакни сен олиб келувдинг шекили – а? Нима юмуш бўлса қилаверади, ҳозир машина миниб, ҳайдовчилик қилиб турсин деб айтган эдинг  - а?!

   -Ҳа шундай опажон, нима бўляпти ўзи, қайси юмушни бажариши керак?

   -Вовилла деб айтсам, жим бўлиб турибди – ку бу хумпаринг.

   -Ҳўв кўппак сендан опахонимиз вовиллашни сўраган экан, нега лаллайиб жим турибсан, тез бўл айтганини қил!

   Ҳайдовчининг пешонасидан тери томчилари қатра – қатра бўлиб чиқа бошлади. Минг хижолатчилик ичида Лобардан қўрқибми ёки Нозимдан қўрқибми, қалтираб вовиллай бошлади. Унга қараб гезариб турган Лобарнинг афти ўзгариб, хохолаб кула бошлади. Унга жўр бўлиб, бошқа аёллар ҳам кулишди. Нозимнинг эса қоп – қора чўтир башарасидан кулган – кулмаганлиги билинмас эди. У ҳайдовчи томонга юриб келиб, қўлтиғидан тутди ва машина томонга етаклаб, машинасига чиқишни буюрди. Улар кетгач, Лобар ўзига ажратилган қалин кўрпа – тўшаклар устига ёнбошлади. Иккита келин дарров сочиқни елпиғич қилиб, кун иссиқ бўлмасада Лобарни елпий бошлашди.

   -Бу эркак қурғурлар аслида бизга мутеъ бўлиши керак. Чизган чизиғимиздан, кўрсатган йўлимиздан юриши керак.

   -Лобархон жуда боплаб вовиллатдингизда, ҳалиги йигитни, - кулди ҳалиги доктор аёл.

   -Ҳоҳласам яна юз, икки юз эркак кишини кучук қилишим мумкин. Бир пайтлар эркакларнинг менга қилган зулмлари улардан ўшандай ўч олишга ундайди. Ишни кўзини билмай, лаллайган эркакни кўрсам таъбим хира бўлади, жиғибийроним чиқади. Ҳўв анави арча ёнида ўтирган қизларни чақириб келчи, у қишлоқилар у ерда нима қилиб юрипти экан.

   Ораларидаги ўрта ёшли аёл ўрнидан қўзғалиб, Рокиъалар томонга юрди. Улар китоб ва ашёларини халтачаларига солиб, энди уйларига жўнамоқчи бўлиб туришганида ҳалиги Лобар жўнатган аёл келиб, дағаллик билан деди:

   -Ҳой тоғ эчкичалари, қани ортимдан эргашиб юришчи!

   Рокиъа ва Сажида бир – бирига кулимсираб қарашди – да, Сажида унга бурилиб, гапира бошлади:

    -Ассаламу алайкум, опажон! Бизнинг қишлоғимизга хуш келибсизлар. Биз уйимизга кетмоқчи бўлиб турувдик. Сизлар бемалол дам олиб борарсизлар. Тоғ эчкичаларини эса юқорироққа чиқиб излайверинг, кўзингиз шамғалат бўлиб, бизни инсон қиёфасида эмас, ҳайвон мисоли кўрсатиб берипти.

   Сажида дугонаси Рокиъани қўлтиғидан тутиб, пастга тушиб, уйлари томонга кета бошлашди. Уларнинг хушчақчақ жўнашга тушишганини кўриб, уларни чақиргани келган аёлнинг “капалаги” учиб кетай деди. Чунки Лобар опасининг олдига қуруқ қўл билан қайтиб бориш, нақадар аянчли бўлишини тасаввур қилганми қизлар ортидан шошиб қолди.

    -Ҳой қизчалар, тўхтанглар! Опамиз таклиф қилувдилар, кетиб қолсаларингиз хафа бўлади, юринглар – деб, уларни “сиз” лашга ўтди.

 Рокиъа ва Сажида гапга парво қилмай, йўлларида давом этишди. Лобарнинг олдига қуруқ  қайтган аёл унинг нафрат – ғазабига йўлиқаман деб қўрққан эди. Иш у ўйлагандек бўлгани йўқ.

   -Мен у икки қизни биз томонга келиши даргумон эканлигини сезган эдим. Сен хижолат бўлма, улар билан бугун бўлмаса, бошқа сафар учрашиб қолармиз, - дея сокинлик билан гапирди Лобар.

   Кун ботишига бир соатларча вақт қолгач Лобар “қора илонга” қўнғироқ қилиб, тез етиб келишларини тайинлади. Улар машинада етиб келгач, қишлоқ орасидаги кўчалар билан кетажаклигини билдирди. Улар қишлоқ оралаб қайтишар экан, анҳорда ширқираб оқаётган зилол сувдан баҳри дили очилган Лобар ҳайдовчига йўл четига тўхташни буюрди. Лобар машинадан тушиб, ҳовучлаб сув ичди сўнг сув оқимига   қараб ўйланиб, хаёл суриб қолди. Шу қишлоқда боласини олдиргач, ҳаёти яна ҳам ўзгарганини, бу қишлоққа ўшандан буён энди келганини хаёлидан ўтказди. Шаҳарга кетиш олдидан шу анҳорда юз-кўзини ювган, тўйиб сув ичганини хотирлади. Ўн беш йилча вақт ўтган бўлсада хотиралари бу ерда кечагина бўлганига ишора қиларди.

   Унинг машинаси ортидан, уни кутиб бошқа машиналар қаторлашиб туришар эди. Рокиъа билан Сажиданинг челак кўтариб, Лобардан нарироқда сувга келиши Лобарнинг диққатини тортди. Лобар ўрнидан туриб у иккиси томонга юраркан, машиналарга ўринларидан силжимай, кутиб туришларига ишора қилди.

   Лобар у иккисига яқин келиб, уларга разм солди. Улардаги иффат, ҳаё билан бир – бирига хулқ билан муомала қилиши Лобарнинг ғашига тегди. Улар билан гаплашишни истамасада, иши юзасидан уларга мурожаат қилишни зарур деб билди.

   -Ҳой қизлар, сизлардан бир нарса сўрасам майлими, шу қишлоқдан бўласизлар шекили – а?! – ўзининг ҳолатидан жиғибийрон бўлиб турган Лобар мажбуран уларни “сизлаб” юмшоқроқ гапирган бўлди.

   -Майли сўрайверинг хола, ҳа биз бу қишлоқданмиз.

   -Нега мени хола дейишга тилинг борди сен тирранчаларнинг, ахир мен ҳассага таяниб қолган кампир эмасман – ку, опажон дейишсанг бўлмайдими?! – дея, ғазаб отига мина бошлади Лобар. Ҳозиргина турган ҳолати, шамолдаги япроқдек учди, кетди.

   Рокиъа қўлидаги челакни ерга оҳиста қўйди ва Лобарга қараб, деди:

   -Сизни хола дейишимиз, сизни қариган сифатида таҳқирлаш эмас, балки онамизга опа ёки сингил бўлганни ҳам хола деймиз, ўшандоқ яқин олиб хола деган эдик холос.

   Рокиъанинг сўзи Лобарни озгина бўлсада ҳовуридан туширди. Аммо унинг димоғдорлиги ҳамда эрталабдаги чақириғига хўп деб бормаганлари ёдига тушиб, чимирилиб туриши заррача ўзгармади.

   -Қишлоқларингда четга бориб, ишлаб даромад қилай деган қиз – келинлар борми? Боя ўшани сўраб – суриштириш учун чақиртирсам, онасидан олдин каттайиб қолган қиздек, талтайиб менинг олдимга келишдан юз ўгиришдинг.

   -Опажон биз шошиб турган эдик, онажонимизга сувни тезроқ етказишимиз керак. Чет ерга бориб пул топиб, даромад қилувчилар ҳақида эса бизнинг хабаримиз йўқ! – жавоб қилди Сажида.

Шу кунларгача анча – мунча қиз – келинчаклардан рад жавобини эшитмаган, доим бошлар сарак – сарак қилиниб, қуллуқ қилинишга ўрганган Лобар қизчаларнинг ўзини йўқотмай жиддий туриб, жавоб беришига асабийлашди.

   -Онажонинг кутадими, отажонинг кутадими, мен айтган сўзларга беъэтибор бўлишга иккалангнинг ҳам ҳаққинг йўқ. Мени Лобар деб қўйипти, агар қулоғим тинч, жоним омон бўлсин дейишсанг, яхшилаб тинглаш, икки кундан сўнг боя сенларни чақиргани борган аёл келади. Қишлоқларингда четга бориб ишлайдиган ёки шаҳарга бориб пул топаман деган аёллардан топиб қўясанлар. Агар ўзларинг бормоқчи бўлишсанг ҳам майли. Аммо мана бунақа қилиб юришсанг керак эмас, - Лобар Сажиданинг рўмолини учидан тутиб, силкитган бўлди.

   -Олинг қўлингизни рўмолимдан, дунё усти тўла мол берилсада иффатимиз ундан устун туради, билдингизми?! Ишлаб топадиган пулларингиз ўзингизга буюрсин, - деди Сажида.

   -Бизга топиб қўй, икки кун вақт деб дўқ – пўписа қилманг, сизнинг важоҳатингиздан югурдакларингиз қўрқаверсин! Бизни қўрқитаман деб, сира овора бўлманг, қочинг йўлимиздан, - деди Рокиъа.

   Лобар бу икки қизга қандай йўл бўшатганини ва улар қандай унинг олдидан ўтиб кетганига ақли бовар қилмай, карахт бўлиб қотганича туриб қолди. Фақатгина Нозимнинг қичқириғи уни ўзига келтирди.

   -Опа, опажон! Ҳой Лобар опа кетамизми ё бирон ишимиз борми бу анҳор бўйида?

   -Ҳозир, намунча шошилмасанг! Борасанда ўша қора тутунга тўладиган шаҳрингга, бу майин ва мусаффо ҳаво йўқ у ерларда, - деб ўзини ҳам, машинада ўтирганларни ҳам хаёлини ҳозирги бўлиб ўтган ишдан чалғитишга уринди. Лекин шаҳарга келгунича, Рокиъа ва Сажиданинг уддабуронлиги унинг хаёлини банд этар, уларнинг дов юраклиги уни лол қолдирган эди.

   Рокиъа билан Сажида ҳеч анҳор бўйига сувга чиқишмас эди. Уй ичидаги қудуқдан сув чиқаришдаги занжирлари узулгани боис, Рокиъанинг отаси Абдулбориъ шаҳарга баъзи анжомлар қатори қудуққа керакли нарсаларни олгани кетган эди. Сажидани кўргани онаси келгач, икки қиз зарурат юзасидан анҳор бўйига чиқишган эди.

   Лобар билан бўлган тўқнашувни улар оналарига билдиришмади. Таом пишгач, Абдулбориънинг хос ҳужрасига таом беришгач, Рокиъа, Сажида ва уларнинг оналари ўтиришиб, таомланишди. Таом палласида Сажиданинг онаси гап бошлади.

   -Бугун қишлоғимизга Лобар исмли “бойвучча” аёл келганмиш. Беш – олтита катта – катта машиналарда мулозимчалари билан тоғ ёнидаги арчазорга келиб ўрнашипти. Қўшнимиз Насим ака ўрмон хўжалигида ишчи эмасми, бир икки кун олдин жой ҳозирлаб қўйиш буюрилган экан шаҳардан у кишига, ўшанинг хотини айтди менга.

   -Ҳа, Лобар деганларини танимас эдим, - гапга аралашди Рокиъанинг онаси, - қўшни қишлоқдаги курортга даволанишга борганимда, ўша ерга келганда, уни казо – казо қилиб кутиб олишди. Диққат билан қарасам Рокиъани туғиб ётганимда боласини олдирган аёл экан. Ўша курортнинг бошлиғи аёл киши бўлиб, ўша аёл бир пайтлар бизнинг қишлоқда туғуруқхонада ишлаган эди.

   Рокиъа ва Сажида Лобар ҳақидаги оналарининг сўзларини тинглаб, бир – бирига қараб кўз уриштириб ўтиришарди. Ўзлари учратган бугунги аёлнинг тафсилотини яқиндан билиш, уларга ҳам қизиқ туюларди.

   -Қўшни аёлнинг айтишича, ўша Лобар исмли аёл – биз унча уни танимасак ҳам, бошқа ерларда, айниқса шаҳарларда чапдастлиги билан танилган танноз аёллардан экан. Эркаклар ҳам унинг олдида қўл қовуштириб, “опа” деб ялтоқланишар экан...

   Сажиданинг онаси ўзи эшитган, билган воқеаларни айтган бўлди. Рокиъанинг онаси, меҳмоннинг сўзини бўлмай эшитди. Сўз ниҳоясига етиб, тугагач у деди:

   -Аёл кишига Аллоҳим берган иффат ва латофат ярашади. Аммо айрим аёллар ўша берилган неъматлар билан кифояланмай, юриш – туришини ўзгартиради. Сиз айтаётган аёл сингари бетамизлар, ўз фарзандларини нобуд қилишгани етмагандек, бошқа хонадон фарзандларига ҳам чанг солиб, уларни қул қилиб пуллашга ўтибди.

- - -