Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 2-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1773 Ko'rilgan Қабоҳатниниг қулаши

“Қабоҳатнинг қулаши” 2-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Рокиъа хонадонига меҳмон бўлиб келганидан уч – тўрт кун ўтгач, Фозилжон жажжи қизалоғини кўтариб, аёли билан Зайнаб хола хонадонига келишди. Аёли ичкари кириб Зайнаб хола ва унинг келини билан кўришиб, сўрашишгач, эри боласи билан келганини Зайнаб холага билдирди. -Ие чақиринг, эмикдош болам Фозилжон келибди –да. Бир пайтлар Абдулбориъ бир ёшли болача эди, Фозилжон туғилиб, онаси қаттиқ бетоб бўлганлиги учун Зайнаб хола эридан изн олиб уни бир ҳафтача эмизган эди. Фозилжон қизчаси билан аёли ортидан Зайнаб хола ўтирган супага яқинлашиб келди. Қизчасини аёлига бериб, қўлини кўксига қўйиб, Зайнаб холага салом берди. -Ассаламу алайкум онажон, тани – жонингиз соғ – саломатми? Янги невара қутлуғ бўлсин! -Ва алайкумус – салом Фозилжон болам, сенга ҳам янги меҳмончанг муборак бўлсин!

-Рахмат, онажон.

-Исм қўйдингми, қизалоғимга – дея онасининг қўлидан Зайнаб хола қизчани ўзига олди. Гўдакни юз – кўзидан ўпди. – Худди неварагинам Рокиъанинг ўзи-я.

-Сажида деб исм қўйдик, - деди ийманибгина Фозилжоннинг аёли.

-Ўғлингиз Абдулбориъ қўйиб берди, онажон – қўшилди Фозилжон.

-Аллоҳга шукрлар бўлсин, ажойиб исм бўлибди, - дея қўлини дуога очди Зайнаб хола. Куёв-қайлиқ ҳам фарзанди ҳаққига қилинаётган дуога қўшилишди.

   Шу тариқа яқин кунлар эътибори билан туғилган Рокиъа ва Сажида бир қишлоқдан, тоғли иқлимнинг ажойиб ҳавосидан нафас олиб, улғая бошлашди. Ақлини танишгандан бошлаб бирга ўйнашади. Зайнаб холанинг қучоғида ўтириб, овқатланишади. Туш пайти Зайнаб холанинг хужрачасида мириқиб ухлашади. Жажжи ва ширин тилчалари билан Зайнаб хола талқин этган калималарни жўр бўлиб такрорлашади.

   Кунлар шу зайлда ўтиб борарди. Сажиданинг уйидагилари қизчаларининг Зайнаб холаникида юриб – туришидан эмас, балки у ерда еб – ичаётганидан ва уларни машаққатга солиб қўймаяптимикан деган хавотирларга тушишар эди. Бунга жавобан Зайнаб хола:

-Ҳеч хавотир олманглар! Ризқ –Роббимиз Аллоҳдандир. Сажида неварам Рокиъа каби кўзимнинг қувончи бўлиб қолди. Икковиси ҳам бир – биридан ажрагиси йўқ. Иложи бўлса, баъзида бир бизникида тунаб қолса ҳам яхши бўларди.

   Бу сўзларни эшитган Рокиъа билан Сажиданинг қувончига қувонч қўшилди.Бир – бирларини бағрига босиб, яна ҳам кўпроқ кўришадиган бўлишганига жуда – жуда хурсанд бўлишди.

   Зайнаб хола невараси Рокиъага қўшиб Сажидани ҳам бирга олиб ётадиган бўлди. Бир қанча ойлар ўтиб, қаҳратонли қиш кунлариниг бирида Зайнаб хола одатига биноан кечанинг учдан бир қисми қолганда уйғонди. Ҳассасига таяниб турмоқчи бўлган эди, Рокиъа уйғониб кетди ва момосига ёрдамлашиб, таҳорат қилдирди. Момоси жойнамозга жойлашиб намоз ўқишни бошлаганда, Рокиъа ҳам таҳорат қилиб, унинг ёнига келиб турди.

   Намозини тугатган Зайнаб хола:

-Ёш болачалар уйқусини бузмай ухлаб, дам олсалар ҳам бўлаверади – ку, қизим – деди.

   Икковининг гаплашиб турганида кўзини очган Сажида биринчи ҳайронлик билан боқиб турди. Сўнг, момо ва унинг неварасидан ўпкалаган бўлиб деди:

-Нега мени уйғотмай, ўзларингиз туриб олдинглар?

-Дугонанг Рокиъа ҳам ўзи турди, мен намоз ўқиётганимда ёнимга келиб қўшилди. Сизлар бемалол ухлайверсаларингиз ҳам бўларди, жажжи қизалоқчаларим. Ҳозир намоз ёшига ҳам  тўлмагансизлар.

-Момо, бизни ахир оталаримиз тоатда маҳкам бўлсин деб, ўшанга муносиб исм қўйишган – ку. Сиз ибодат қилсангиз, нега биз ухлаб ётишимиз керак, - катталарга хос сўзлади беш ёшлардан ўтаётган Рокиъа.

-Ҳа тўғри, Рокиъа айтгандек биз нега сиз қилаётган ишдан четда қолишимиз керак, - ўрнидан туриб, кўзини ишқаётган Сажида. – Бизни авайламай ҳар қандай яхши иш бўлса ундайверинг, моможон!

-Айланиб кетай, жажжи муслимачаларим, Аллоҳ сизларни хақ ичида жам қилгурлар! Бу тоат нафл ибодат, қизчаларим. Яъни, инсон ўз инон – ихтиёри билан ўқувчи намоздир. Сизларни ҳоҳишларингиз туришни истаса бемалол, ёнимдан жой олаверинглар!

   Сажида суюниб таҳорат олди ва дугонаси ёнига келиб турди. Шу кундан эътиборан дугоналар Зайнаб холанинг барча юмушларида ҳамроҳ бўлганларидек, ибодат этаётган қоронғу тун чоғида ҳам унга қўшилиб тоат этишни бошладилар. Зайнаб хола бу икки мурғак қалбнинг кўксига ҳидоятдек улуғ неъматни ато этиб, тоатларга чанқоқ одамдек талпинадиган қилиб қўйган Аллоҳга хамду – санолар айтарди.

   Чунки, бу оламда йўқми, икки оёғини ҳам қабр тортиб қолган кекса – қарияларки, ҳали – ҳануз бошлари сажда не эканлигини билмайди. Бу дунёда йўқми, солих инсонларнинг жигарпораси бўла туриб, охиратдан кўра бир сиқим дунё илинжида хору – зор бўлаётганлар. Мана шуларни ўйлаб, Зайнаб хола ҳали бу оламни тарк этмасданоқ ўзи ўйламаган бу жажжи “мухлиса”чаларни берилганига суюнар эди.

   Рокиъа ва Сажиданинг ўсмирлик кезлари ҳам жонажон Зайнаб момоларининг бағрида кечди. Улар барча хулқларда момоларидан эслатмалар олиб, хулқланиб тоатларида билмаган нарсаларини сўраб, китоб мутолааси орқали ўрганиб борсалар – да, ички кечинма, ботиний туйғуларда момоларидек бўла олишга қизиқишар ва ўшандай бўлишга интилишар эди.

   Зайнаб хола дунё матоҳларига қизлик кезларида, ҳатто келинлик сарпосига ўраладиган паллаларда ҳам ҳавасманд аёллардан эмасди. Дунё нарсаси эвазига таажжубланишни, фахрланишни ва мақтанишни мутлоқо ёқтирмас эди. Отаси кўп – кўп кўйлаклар сотиб олиб берганда ҳам дугоналарига ҳадя қилиб, ёки қийналган хонадон беваларига инфоқ қилиб юборар эди. Турмуш қурганидан то кексайган палласигача бу одатига содиқ қолди.

   Бундай сахийликларидан яна бирига гувоҳ бўлишган икки дугона момоларини сўроққа тутишди:

   -Момо сиз нега кийимларингизнинг кўпини бериб юборасиз, ахир дадамлар бошқа кимсалар сизни яхши кўриб, сизга тортиқ қилишса нега бировларга инъом қиласиз?

    -Охиратга захира қиламанда, охиратга захира! Мен – ку баъзи либосларни кияман, баъзиларини пуллаб керакли ашёлар сотиб оламан. Ҳеч саҳийликда Оиша онамиз розияллоҳу анҳодек бўла олмаганимдан кўп афсусдаман.

    -Оиша онамиз сахийликларини албатта биламиз, сизни кўп таъсирлантирган амали қайси момо?

   -“Бир куни сахобалардан бири жуда кўп маблағни Оиша онамиз ҳузурига жўнатган экан. Ўша бойликни Оиша онамиз ҳамма – ҳаммасини бечора – муҳтожларга тақсимлаб бериптилар. Ўша куни рўза тутган эканлар. Ифторликка яқин жорияси “Онажон таомга гўштимиз йўқ – ку”, депти. Шунда онамиз: “Аввалроқ, маблағ ҳузуримизда бор эканлигида гўшт йўқлигини эслатмапсан – да”, деган эканлар”. – Зайнаб хола камзулининг чўнтагидан рўмолчасини олиб, кўзларини артди. Чуқур хўрсинди. Икки дугона момоларининг ички туйғуларига берилиб, тўлиб – тўлиб йиғлагиси келаётган юзига тикилишиб, ўзларининг ҳам қалбларида яхшилик узра аллақандай кечинмалар айланаётганини сезиб туришарди.

   -Бечора Оиша онамиз, - сўзини давом этказа бошлади Зайнаб хола, - Маблағ уйига келганда, бошқаларни ўзидан – да кўп ўйлагани учун ўзларининг уйида нима бор, нима йўқ эканлигига эътибор қаратмаган эканлар. Шунинг учун жорияси ифторга тайёргарлик қилмоқчи бўлиб, гўшт йўқлигини айтганидагина эсларига келган экан.

   Зайнаб хола рўмолчасини икки кўзига тақаганича бирпас туриб қолди. Рўмолчанинг пастки қисми унинг кўз ёш қатралари таъсиридан нам бўлганлиги билина бошлади.

   -Ана сахийлик , ана ҳиммат! Қани менчи уйимдан, ундаги ҳолатлардан Оиша онамиздек бехабарманми?! Аввал ўзимга қарайманми ёки ўзга муҳтожларгами?! Эй Аллоҳим нечун бу оламни қалбимда яхши кўриш камаймайди – а, ўткинчи матоҳларга суқланиш қачон кўтарилади бу бағримдан?!

   Зайнаб момо бировлар олдида йиғлашни мутлоқо хуш кўрмас эди. Уйни ичкаридан беркитиб олиб, ҳўнг – ҳўнг йиғларди кечалари. Дугоналар бундан хабардор бўлишга уриниб, ниҳоят билишни уддалашган ва ўзларига ҳам ўшандай йиғи қатралари келишини орзу этишарди. Мана энди ўзини тута олмай, улар олдида йиғлаб юборган Зайнаб холанинг ҳолатини ва гапларининг  гувоҳи бўлиб ўтиришган Рокиъа ва Сажида ҳам йиғи тўфонига ғарқ бўлишди.

   Зайнаб холанинг маънавий озуқаланиши каби ҳиссиётларга кўника бошлаган дугоналар момоларидан ажралгилари келмасди. Аммо бу оламнинг ўзи, унда истиқомат қилаётган барча жонзотлар мангу эмасдир. Зайнаб холанинг вафоти барчадан кўра Рокиъа ва Сажидага қаттиқ таъсир қилди. Ўн беш ёшни қаршилашга тараддудланаётган бу икки қизалоқ Зайнаб холадан жуда кўп ахлоқ, самарали илм ва маънавий озуқа олишга улгурган эдилар.

   Улар Зайнаб холанинг кулбасида бирга яшашда давом этишди. Саҳар тонг ибодатларини ўтагач, ҳовли жойни йиғиштиришиб, сигирларни соғишади. Ўзларига ажратилган ишларни қойилмақом қилиб бажариб, китоб ва зарур ашёларини қўлтиқлашиб тоғ ёнбағрига чопишади. Мусаффо табиат қўйнида, соя – салқинли арчалар соясида чиройли тиловат билан Қуръон ўқишади. Бири ўқиётганда иккинчиси китобга қараб бир – бирининг қандай ўқиётганлигини текшириш билан бирга, уни мароқ билан тинглашади.

   Бир куни ўша одатларига биноан тиловат билан машғул бўлиб ўтирган эдилар. Олисдан машиналарнинг товуши кела бошлади. Борган сайин машиналар товуши яқинлаша бошлаб, қизларнинг товушларини эшитдирмайдиган даражага етди...

- - -