Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 13-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1790 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 13-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Орадан олти ойдан ортиқ вақт ўтгач, Шокир ва онаси олдиндан ният қилиб юрган иш амалга ошадиган бўлди. Яъни улар хаж сафарига отланишадиган бўлишди. Сафарга онасининг бетоблиги туфайли бора олмай юришарди, имконият энди шу йилга тўғри келган экан. Ханифа яна ҳижрон синовига рўбарў бўлди. Аммо Ханифа бу гал ҳижронни шодлик билан ўтказди, чунки уйидагилари аввалгидек беморлик сабаблари боис эмас, балки Байтга хаж қилгани кетган эдилар. Собира ая яна ўз қизидек бўлиб қолган Ханифаникига меҳмон бўлиб яшагани келди, иккалалари мазмунли кун ўтказдилар. Шу кунларнинг бирида Собира ая уйига бир-икки соатга бориб келмоқчи бўлиб кетди. Ханифа гулзори ёнидаги салқин сўрига ўтириб, қўлидаги китобни мутолаъа қилаётган эди. Дарвоза томондан йўтал товуши, сўнг эса шарпа товуши эшитилди. Ханифа бошидаги рўмолни тўғрилаб, китобни ёпди. Дарвоза секин очила бошлади. -Опа! Опа ким бор? – ичкарига қадам қўймасдан товуш қилган бўлди Хабиб. – Юр қизим, ичкарига!

-Амма, аммажоним! – дарвозадан ширингина Хадича ёш болачаларга хос шўхлик билан чақириб, кириб кела бошлади.

-Келинглар, жиянчам Хадича, айланай сендан, катта қизалоқ бўлиб қолибсан-ку! – кўп вақтлардан бери кўрмаган жиянининг ўзгарган юз-кўзидан ўпа бошлади Ханифа. –Кел Хабибжон, келиним Санобархон қани?

-Келдим опа, Хадича иккаламиз холос!

-Келинимни нега олиб келмадинглар, энди гиналарини унутса ҳам бўлади. Яқин кунларда иншааллоҳ Хадичам жиянли ҳам бўлиб қолади, - мамнунлик билан кулди Ханифа Хадичанинг иякчаларини меҳрли қўллари билан силади.

-Қизим, қўлингдаги халтачани аммангга узат!

Хадича эркаланиб келиб аммасига қўлидаги халтачани узатди. Унинг ичида рўмол, чиройли қутичаларга солинган зира, қўл узуги бор эди.

-Хабабжон укам-ей нима қиласан шунча нарсаларни олиб келиб, овора бўлиб. Мендан кўра мана жиянимга, келиним Санобарга олиб берганинг  яхши бўларди.

   Хабиб қизига нарироқда ўйнаб туриши лозимлигига ишора қилди. Қизчанинг ўзи ҳам катталардан нарида ўйнагиси келиб турган эканми, дадасининг сўзини эшитибоқ, ҳовлининг четига югургилаб кетди.

-Хадича, ҳов Хадичам аввал таомланиб олмайсанми, кейин ўйнайверасан!

-Опа ҳеч ҳижолат бўлманг, ҳозир сизларникига келишимиздан олдин аэропортдан чиқиб таомланганмиз.

-Аэропортдан чиқиб дейсанми, бировни кузатгани бордиларингми?

-Йўқ опа, ўзимиз келдик, мусофирликдан, - Хабиб опаси билан кўришмай қўйганидан бери бошидан ўтказган қора кунларини бирма-бир сўзлаб берди. –Поччам билан кўришган эдик, аммо мен қаттиқ туриб сизга бизни билдирмай туришлигини илтимос қилган эдим.

-Нега опангдан қаерда юрганингни яширасан укажон, мен сизларга ёмонлик қиламанми?!

-Йўқ ундоқ деманг, сизни кенгфеъл, раҳмдил инсон эканлигингизни ва бировга нисбатан гина сақламаслигингизни яхши биламан-ку опа. Фақат сиз хабардор бўлсангиз мендек опасига тошбағир, бадбахт бўлган қора юрак инсонга безовта бўлмасин, дедим холос. Сиз барибир бизни яхши кўрасиз, минг ёмонлик қилган бўлсак ҳам, бизга айниқса жиянингиз Хадичага ачинишингиз муқаррар эди. Мана Аллоҳга шукр эсон-омон кўришишга насиб бўлдик. Аллоҳнинг ҳикматини қаранки, мен поччам билан кўришган куни, ишдан ҳамкасб шерикларим билан қайтаётган эдим, олдимизга баҳайбат бир машина келиб тўхтади. Ичидан барваста бир йигит тушди ва ҳаммамиз билан кўришиб бўлиб, йигитларга узр айтиб мени йўлни четига тортди:

 “Мен Муслим деган шу ерда яшовчи одамман. Поччанг Шакирнинг яқин дўсти бўламан. Боя иккалангиз скамейкада сўзлашиб ўтирганларингизни кўриб ўтган эдим. Роса гапга берилиб қолган экансизлар, суҳбатларингни бузгим келмади. Мени машинада ўтаётганимни Шакир ҳам сезмади. Сендан ёрдам сўрадими, пулми ё бирон ҳожатини айтдими, сен унинг ердоши бўласанми?”

   Мен унинг қайнукаси бўлишимни, у мендан ёрдам эмас, менга ёрдам беришини таклиф қилганини айтган эдим, у: “Алхамдулиллаҳ, дўстим ҳожатманд бўлиб қолиб, мендан уялиб айтмай сендан сўраяптимикан, деб ўйлаб қўрққан эдим. Сенга қандай ёрдамни назарда тутди?”

   Мен қизим гаровдалигини, шу ерда ишлаб пул топаётганимни айтган эдим, у: “Нега сен менинг дўстимни қариндоши бўлиб туриб, қийинчиликда юришинг керак?! Сен дўстларингга айт, квартирангга кеч қайтишингни. Ўзинг эса мен билан юр, қўрқма! Ишларингни битирамиз”

   Йигитларга узр-маъзурни айтиб, Муслимнинг баҳайбат машинасига ўтирдим, йигитлар эса ортимиздан анграйганича қолди. Мендан қизим гаровда турган манзилни сўради, мен унга у ерни имконим борича тушунтирдим. Муслим уйни янглишмасдан топиб борди ва ёнида ўтирган йигитга бир нарсаларни тайинлади. У йигит машинадан енгил ирғиб тушди-да, подъездга кириб кетди. Бир пайт қизимни ўзиники қилиб олган аёл билан эрини етаклаб чиқди. Муслимни кўриши биланоқ улар чўчиб кетишди, дами ичига тушиб бир-бирига қарашди.

    “Сенларга судхўрлик қилиша кўрма деб айтганимга неча йил бўлди. Шу ишдан йироқлашинглар деб, каттакон дўконимни юргизишни топширган эдим-ку, нонкўрлар! Қани қизни олиб чиқ!” Аёл бир нима демоқчи эди, Муслим машинадан сапчиб тушди. Унинг важоҳатини кўриб, қўлидаги қизимни ўзлаштирган қоғозни тутди. Муслим у қоғозни аччиқ билан олди-да парча-парча қилиб йиртиб ташлади ва уларга қараб: “Сенлар харом-хариш мол жамғариш ўрнига Яратганга сиғиниб, илтижо қилишсанг, ўзларингга зурриёт ато этади”, деб қаттиқ тегди. Улар шундан сўнг қайта гапиришмади, қизимни олиб чиқиб беришди. Мана Хадичамни эсон-омон олиб келдим. Муслим менга яна янги иш топиб берди ва қизимни аввал сизга ташлаб келишимни, хотинимга асло кўрсатмасликни тайинлади. Поччамга кўрсатган йўл бўйида масжид олдида ошхонаси бор экан, ўша ерда ишлайман энди. Фақат бир нарсани айтмаслигимни илтимос қилди опа.

-Нимани?

-Бу ишларни поччамга айтмаслигимни илтимос қилди.

-Махфий яхшилик қилай дебди-да дўстига.

- Ҳа худди ўшандай, лекин мен сизларга яқин инсон бўла туриб, ўша бегоналарчалик  оқибатли бўла олмадим. Айниқса сиз бир туғишганимга қанча нолойиқликлар қилдим.

 -Бўлди, ука бунча куйинаверма! Санобар қаерларда юрипти экан-а...

-Вафот этди, касалхонада вафот этди!

-Нима дединг, қандай вафот этади, Санобархон-а?!

-Айтишга тил ҳам бормайди-да опа, эшитишимча СПИД дан!

-Астағфируллоҳ, нималар деяпсан Хабибжон?!

-Ўзи босар-тусарини билмай қолган эди дегандим-ку, айшу-ишратларини давомий деб ўйлаган эди. Бир кун ўша разиллик-ифлослиги ёқасидан тутишини хаёлига ҳам келтирмаган эди, мана энди оқибат!

   Дарвоза тарафдан Солих ака ва Собира аянинг кириб келиши уларнинг суҳбатига якун ясади. Хабиб амакиси билан қучоқ очиб кўришди. Ўтган ишларига кечиримлар сўради. Ханифа дастурхон келтириб, амакиси ва укасига нон-чой қўйди. Келинойиси иккови билан уларни – амаки-жиянни ҳоли қолдириб, таом қилишгани ўтиб кетишди. Шу куни амакиси билан  Ханифа опасиникида қолди ва поччаларини хажга кетишганидан хабардор бўлди. Эртаси куни хайрлашиб, қизи Хадичани опасига қолдириб,

-Мен бирон йилдан сўнг қайтаман, қизим сизга қолдираман! Бирон солиҳа келин топиб турсангиз келиб, уй олиб, уйланиб қизимни олиб кетарман, - деб тайинлади Хабиб.

   Ханифа кўзида ёш билан укаси Хабибни кузатиб қолди ва унинг яхши томонга ўзгаргани, ҳамда суюкли жиянчасининг ўзи билан бирга қолиши хурсандчилигига яна хурсандчилик қўшди.

   Эри ва қайнонаси келадиган куни Собира ая ҳам Ханифа билан хайрлашиб, эртага келажаклигини айтиб ўз уйига жўнади. Солих ака эса Ханифанинг қайнопасини эри билан ҳожиларни аэропортдан кутиб олишга боришадиган бўлишди. Ханифа оғир оёқ эмас-ми, қайнопаси билан уйдагина кутиб олишадиган бўлишди.

- - -