Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 12-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1773 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 12-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Орадан йигирма кундан ортиқ вақт ўтгач, Оиша аянинг соғлиги тиклана бошлади. Етакловчи кимса қўйиб юборса, ўзи бемалол беш – олти қадам мустақил юра оладиган бўлди. Аввалги шишган жойлари аслига қайтди. Ўғли Шокир ҳар куни эрталаб ва кеч оқшом хабар олгани келади. Оиша ая билан ётган ҳамхоналари унинг ўғлига ҳавас билан қарашади. Чунки бировининг боласи бирон узоқроқ жойга кетгани боис кўргани, хабар олгани кела олмаса, бировининг боласи мутлақо онасини кечган ёки оилали бўлганидан сўнг онаси билан борди – келдини йўққа чиқарган. Оиша ая саводли аёллардан бўлгани учун бу ерлик халқнинг тилини, тарихи –ю адабиётини мукаммал билади. Шунинг учун ким билан бўлсин бемалол уларнинг она тилида мулоқот этгани, савод эгаси боис уни таниб қолганлар ҳурмат – эҳтиром қилишадиган бўлди. Бир – бирлари билан баъзи воқеаларнинг санаси, тарихий шахсларга оид маълумотларда қийналиб қолишса, унга мурожаат қилишади. Шу тарзда касалхонадаги кунлар зерикарсиз ўтди. Бу ҳолни ўғли Шокирга жумладан шундай тушунтирди.

-Илм ҳилватда суҳбатдош, мусофирликда ҳамроҳ бўлади дейилган. Мен буни шу ерда ётган кезларимда, яна бир карра тажрибамдан ўтказдим, болам! Аввалги келган шаҳримиздан кўра бу шаҳар менга анча ёқди. Ўзинг бу бегона шаҳарда зерикиб қолмадингми?

   -Бу шаҳар бегона бўлгани билан бир қанча танишларни кўришга, танимаган кимсалар билан эса яқиндан танишишга муяссар бўлдим. Айниқса Муслим билан яқин дўст бўлиб қолдик!

   -Онасини айтмайсанми, икки – уч кун деганда хабар олгани келади! Бечора бирам суҳбатлашишни яхши кўриб, Қуръон ёдлашга жуда қизиқар экан. Билмаган жойларини сўраб, ўрганиб бораяпти.                                                                                      

–Сиз касалхонадан чиққач, бизни меҳмонга боришимизни тайинлашяпти.                                     

-Иншааллоҳ кейинги ҳафталарга жавоб беришар экан.Тезроқ қайтмасак энди бўлмайди, бечора Ханифа келиним ҳам, қизим ҳам бизни роса кутишаяпти.

   Залдаги эшик томондан Иля кўринди ва у Шокирни имлаб чақирди. Шокир онаси билан хайрлашиб, Илянинг олдига чиқди.

   -Кечаги сафар келганингизда кўриша олмадик, онангизнинг соғлиги яхши! Ўзини жуда яхши ҳис қилаяпти, тушкунлик унга бегона экан. Қани энди барча беморлар онангизга ўхшаб умид билан тура оладиган, ичини еб тугатмайдиган бўлса! 

- Иля сендан миннатдорман! Таътилга чиқсанг, биз томонларга бор, туғилиб ўсган жойларингни кўриб қайтасан.

   -Албатта ҳаракат қиламан! Мен туғилиб ўсган юрт одамлари жуда ажойиб, айниқса биздан олдинги аждодлар яшаган даврларда сизларнинг ота – боболарингиз биз томонли кишиларга жуда катта яхшиликлар қилишган. Уруш паллаларида ўзлари етиштирган дон – дунларини емай, жўнатишган. Бу томондан кўчирилган халқ – элатларни, бошпанасиз қолган одамлар ва етим – есирларни бағриларини очиб кутиб олишган. Шакир сиз ҳадеб меҳмонхонада қолавермай меникига ҳам боринг, Муслим билан бир – икки ўтириб гаплашганимиздан буён бирга ўтирмадик.                                                                            

  -Майли рахмат, кетишимиздан олдин албатта суҳбатлашамиз, энди мен борай, хайр!

   Шокир касалхонадан чиқиб, микроавтобуслар турадиган бекат томонга юра бошлади. Меҳмонхона йўналиши бўйича кетадиган автобус ёнига келаётиб, йўлнинг  четидаги янги қурилаётган бинонинг иккинчи қаватидаги бир таниш йигитга кўзи тушди. Автобусга чиқишни ҳам унутиб, қурилиш бўлаётган бино олдида тўхтади ва таниш учраган йигитга разм солди. Ҳалиги таниш йигит ҳам Шокирнинг келаётганини пайқаб қолганми, бир унга қарайди, бир шерикларига. Икковининг ўртасидаги масофа яқинлашгач, унинг Хабиб эканлиги аниқ бўлди. Ҳа у қайниукаси Хабиб эди!  Хабиб поччасини кўриб, аввалига саросимага тушди, кейин эса иккинчи қаватдан зина орқали Шокир турган томонга тушиб келди.

   Иккалалари кўришгач, йўл четидаги скамейкага ўтиришди.

    -Бу ерларда нима қилиб юрибсиз, бола – чақангиз қани?

   -Тақдиримда шу ерларни кўриш бор экан почча, мен ахмоқлик қилиб ўз туғишган опамни қадрига етмай, ахмоқ хотинимнинг измига бўйсундим. Уйимизни сотганимиздан сўнг Санобар янги уй олишга кўнмади. Шу ерга келиб, ишлаб пул топиб, уйимизнинг пулини қўшиб, шу ердан маскан қиламиз деди. Аммо Санобар мен ишга жойлашгач, ношуд аёлларга қўшилиб аввалги уйимизнинг пулини кўкка совурди. Кейин эса судхўрликка пул олиб, бир опасига қизчамизни гаровга қўйди. Ҳозир бечора қизчамиз бировникида – гаровда. Санобарнинг ўзи пул орқасидан қувиб, мен билан ажрашди. Ҳозир эшитишимга қараганда у бузуқ йўлга кириб кетганмиш. Бойвучча акаларини топиб, қизини ҳам унутди. Унинг наздида фарзанди бор аёл гўёки бозори касод аёл ҳисобланармиш. Унда на шарм – ҳаё қолди, на оиласига нисбатан эътибор! Пул жамлаб, қизимни гаровдан қутқазиб оладиган ҳолга етсам, бу ерлардан кетаман. Бу жойларни елкамнинг чуқури кўрсин! Ўз юртимда эплаб бирон вайрона уй бўлса ҳам тиклаб оларман.

   -Ҳўв Хабиб, бўлмайсанми иш вақти валақлаб ўтирмай – деган бақириқ эшитилди қурилиш кетаётган иккинчи қаватдан.

Хабиб чақираётган шериги тарафга қараб, бирпас “тура тур” маъносидаги имо-ишора қилди.

   -Онамни муолажа қилдиргани келган эдик. Келаси ҳафталарга қайтиш ниятимиз бор. Қизингизни қайтариб олиш учун гаровга пул ҳам ортиб қолади.

   -Йўқ почча, мени қийнаманг! Опамнинг ва сизнинг шаънингизга тошлар отилган паллада эр киши бўла туриб, Санобарга қарши жиддий тура олмадим. Унинг орқасидан дайди итдек, юр деса келавердим. Пулларни кўкка совираётганда ҳам уни тўхтата олмадим. Ҳеч вақоси қолмагач, мен билан маслаҳат қилмай қизимни бефарзанд бир опага бериб юборган. Ўзи аслида ҳеч қайси ишда мен билан маслаҳат қилишни ўйлаб ҳам кўрмаган. Қизимни олгани борсам, маълум бир пулни айтиб, “агар шуни тўласанг болангни қайтараман, бўлмаса қиз меники”, деб қизимни ўзининг номига ҳужжатлаштириб қўйган қоғозларни кўрсатди. Бу мен учун лоқайдлигимга, сизларга нисбатан ноинсоф бўлганимга яраша жазо деб, биламан. Сиз ҳам рўзғор тебратаётган одамсиз, менга ачинманг! Худоҳоҳласа ишларим яхши кетяпти. Бир – икки ойдан сўнг қизимни қайтариб олишга имконият бўлади. Сиздан илтимос қиладиган биргина иш бор; ҳозирча Ханифа опамга мени кўрганингизни айтмай турсангиз!

   -Майли Хабибжон, лекин сиз ўзингизни қийнаб сиқилманг! Мени ва опангизнинг сизга ҳеч қандай гина – андуҳларимиз йўқ. Опангизни илтижолари қабул бўлганми, Санобардан қутилибсиз! Опангиз бечора “Менинг укам аёли сабаб боши берк кўчага кириб қолди. Илоҳим ўрталарини яхшилик сари ислоҳ этгин ёки уларнинг ўрталарини ажрат”, деб дуолар қиларди.

   Хабиб юзи қизарганича ўрнидан турди. Афсус – надоматлари сиймосидан билиниб, балқиб турарди. У аввалги ҳолатларига қараганда озиб – тўзиб кетган, жасадида эса ҳорғинлик сезилиб турарди.

   Ниҳоят Оиша аянинг касалхонадан чиқиб, Муслимларникида меҳмон бўлиб, ортларига қайтиш палласи етиб келди. Йўл тадоригини кўриб, Муслимнинг машинасида аэропортга келишди. Улар самимий хайрлашдилар. Ўзлари томондаги аэропортга эса Низомиддин ака билан ҳайдовчи йигит бир машинада, Солих ака, Собира ая ва Ханифа бошқа машинада кутиб олгани келишган эдилар. Шокирнинг опаси эса уларни уйда интизорлик билан кутарди.

- - -