Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 11-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1994 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 11-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Орадан уч кун ўтиб, Низомиддин ака ҳайдовчи йигит билан бирга дарвоза олдига келиб тўхташди. Шокир чиқиб, уларни ичкарига бошласа ҳам кўнишмади. Шу вақт Солих ака оиласи билан етиб келди, аёллар ичкарига кириб кетгач, ўғли иккаласи Шокир билан хайрлашди. -Эсон-омон бориб келинглар, онагизга Яратганнинг ўзи шифо берсин! Ханифадан ҳижолат бўлманглар, келинойиси шу ерда туради. Келиним ҳам келиб, хабар олиб туради. – Кейин Низомиддин ака тарафга қараб ундан кетишга изн сўраган бўлди. -Низомиддин ўғлим иккаламиз зарур ишларимиз бор эди, бизга жавоб ҳали кеч учрашамиз. -Майли оғайни сиз ҳижолат бўлмай бораверинг, биз ўзимиз кузатиб қўямиз. Шокиржон энди тезроқ онангизни олиб чиқинг, биз кирсак ҳаяллаб қоламиз. Эртароқ аэропортга жўнаганимиз маъқул. Улар аэропортга келиб тушганларидан сўнг Низомиддин ака Шокирни бағрига босиб хайрлашди, Шокирнинг опаси аввал онаси билан сўнг укаси билан хайрлашди. Поччаси ҳам хайрлашиб, эр-хотин иккаласи уйларига қайтишди.

Ҳайдовчи йигит эса сумкаларни кўтаришиб, аэропортнинг ичкарисигача олиб киришди. Шокир эса онасини ногиронлар аравачасига ўтиргизиб, ҳайдовчининг кетидан юрди. Улар ичкарида хайрлашаркан, ҳайдовчи йигит қўйнидан бир қутича бериб, тайинлади:

-Шокиржон ука, яхши етиб олинглар, Аллоҳ онажонимизга  сиҳатларини қайтариб берсин! Мана бу қутичадаги совғани етиб борганларингиздан кейин Муслимга бериб қўясиз, Низом аканинг номидан ва менинг номимдан салом айтинг! Хўп майли!

   Уч соатлар чамаси парвоз қилганларидан сўнг, таййорада қўнишга тайёргарлик қилиш бошланди. Таййорадан кутиш залига чиқишаётганда бир барваста йигит “Шакир” деб ёзилган ёзув қоғозини кўтариб турганини кўриб қолишди. Шокир бир қўлида аравача, бир қўлида оғир сумкасини кўтариб ўша йигит томонга юра бошлади. Йигит ногиронлар аравасини ва Шокирни кўргач, қўлидаги қоғозни ахлат солинадиган қутига ташлади ва шошиб улар томонга пешвоз чиқди.

-Ассаламу алайкум, Шакир сизми? – ўзи бошқа тил вакили бўлса ҳам, Шокир тушуниши учунми, ёки ўзи ҳоҳлабми гапиришга тушди йигит. – Мен Муслим, Низам ака айтган Муслим!

 -Ва алайкумус-салам, ҳа мен Шокир!  Муслим қалайсан? – қўл бериб кўришди Шокир. – Мана бу Низом аканинг шофёри бериб юборди. Сенга совға!

-Эҳе рахмат, рахмат! Юринглар, ташқарида машина бор! Сумкани менга бер Шакир, сен эса онангни эҳтиёт қилиб, олиб юр! – дея энди ўрис тилида сўзлай бошлади.

   Ташқарига чиққунларига қадар гаплашиб чиқишди. Шокир нафақат ўрис тилини балки яна бошқа учта ажнабий тилни билар эди. Унинг соф ўрисча гаплашганига Муслим аввалида ҳайрон бўлди, кейин эса Низомиддин аканинг Шокир ҳақидаги маълумотларни эслаб, бош ирғаб қўйди.

-Низам ака қандай, соғ-саломат юриптими?

-Ҳа яхши юришипти, сенга салом йўллади. Муслим сен Низомиддин ака билан қандай танишгансан, ҳатто ҳайдовчи акани ҳам танияпсан.

   Муслим кулди, аравача ва сумкани машинасининг орқасига юклади. Машинанинг орқа ўриндиғига Оиша ая, олди ўриндиққа Муслимнинг ёнига Шокир ўтирди. Улар тўғри меҳмонхонага келишди. Муслим машинадан чаққон тушди.

-Шакир сизлар ўтира туринглар, мен ҳозир.

    У меҳмонхонанинг ичидан чиқиб келган икки йигит билан намаларнидир гаплашди. Йигитларнинг бири Муслим билан меҳмонхонага, иккинчиси эса машина тарафга – Шокирларнинг олдига келди.

-Ака юринглар ичкарига, - деб, машинанинг ортидан аввал аравачани Шокирга олиб берди, кейин ўзи сумкани кўтариб уларни бошлаб меҳмонхонага қараб юрди. Эшикдан киришгач, йигит Шокирдан ҳужжатларини сўради ва уларни олгач қабулхонада гаплашиб турган Муслимга тутқазди. Муслим меҳмонхона ишчисига нималарнидир тайинлаб, ўзи ва икки йигит билан Шокирларнинг олдига келди.

-Мана энди, бемалол дам олиб, ҳордиқ чиқаринглар! Шакир мен ҳали кеч келаман, ташқарида ишларинг бўлса айт, эртага онахонни касалхонага жойлаштирамиз. Сен Ахмед сумкани олиб чиқиб, иккинчи қаватдаги Шакирнинг хонасига элтиб қўй, сени ташқарида кутамиз.

   Бояги сумкани олиб кирган йигит, яна сумкани кўтариб тепага кўтарилди.

-Сен онанг билан лифтда чиқинглар, мана лифт!

-Майли Муслим, келганингда кўришармиз!

-Бўпти Шакир, сен дамингни ол йўл юриб ҳоригансан!

Олдидаги йигит билан чуғурашиб, меҳмонхонадан чиқиб кетишди.

-Барака топкур ўрис бола яхши экан, болам. Биз унга бегона бўлсак ҳам ўзининг қадрдонларидек кутиб олиб, бу ерга жойлаштирганини қарасанг! – дея ажабланди Оиша ая.

-Ҳа онажон, бу Аллоҳнинг иродаси, ҳеч бир иш Унинг изнисиз бўлмайди. Бу бола ўрис эмас, кавказлик халқлардан бўлади. Нариги гаплашиб чиқиб кетгани ўрис, сумка кўтаришаётгани эса татарга ўхшайди.

   Улар меҳмонага қулай жойлашишди. Кеч киргач она-бола таомланиб ўтирганда, Муслим келиб Шокирни ташқарига чақирди.

-Агар вақтинг бўлса, онангни олиб чиқ, бизникига меҳмонга борасизлар. Уйимда ота-онам ва хотиним бор, уларга сизларнинг келишларингизни айтганман.

-Сени овора қилиб қўймайлик, шунчалик хизмат қилганингни ўзи етарли Муслим!

-Шакир сен ҳижолат бўлмай, айтганни қил, сизларни пастда кутаман!

    Ҳақиқатан Муслим уйидагиларга меҳмонлар келади деб айтган экан, очиқ чеҳра илиқлик билан кутиб олишди. Муслим, отаси ва Шокир алоҳида уйга киришди, Оиша аяни эса Муслимнинг аёли ва онаси бошқа хонага аравачада етаклаб олиб киришди.

-Низамиддин қандай, Салихчи? – сўради Муслимнинг отаси.

-Шакир! Отам Низам акани ҳам Салих акани ҳам танийди. Улар билан қадрдон бўлиб кетган. Бир сафар улар отамнинг зиёратига, бир сафар отам уларни зиёрат қилгани сизлар томонга бориб турарди. Мана уч йилдан бери отам ҳам бора олмаяпти, улар ҳам биз томонга кела олмаяпти.

-Бизни меҳмонхонага олиб келаётганингда Низомиддин ака билан қандай танишгансан десам индамай, кулиб қўя қолдинг.

-Унинг тарихи узоқ, Шакир! Ўрни келганда қисқа бўлса ҳам айтиб бераман! Ҳозир қани таомга қара!

-Муслим  ўғлимнинг аввалги ҳатти-ҳарактлари менга маъқул келмас эди. Низамиддин билан танишгач, Муслим ўзгарди, баъзи номаъқул ишларини ташлади. Мени у киши билан танитиргач, мени ҳам анча дунёқарашим ўзгарди. Айниқса Салих билан кўришиб, суҳбатлашгач ҳақиқий дўстларни топгандек бўлдим. Ол Шакир ол, биз паловни сизларники каби ўхшата олмаймиз, лекин ҳаракат қилиб, ўхшатишга интиламиз!

   Улар алламаҳалгача гаплашиб ўтиргач, Шокир кетишга изн сўради. Улар ташқарига чиқишгач, Муслимнинг отаси:

-Шакир сен ҳам суҳбатлашишга мос бола экансан, вақт топиб яна келиб тур, онанг тузалгунича барибир шу ерда бўлар экансан.

-Майли, иншаалоҳ!

    Муслим машинасини юргизиб келиб, Шокирларни олди ва меҳмонхона тарафга жўнади.

-Мен спортга қатнашиб, кикбоксингдан аввал Русия кейин эса Европа ғолиби бўлгач, ҳамқишлоғимиз Шамил деган мафиоз кишининг назарига тушиб қолган эдим, - деб, ўз тарихидан гап бошлади Муслим. – Менинг оилам ҳалол-покиза яшашга мослашган хонадон бўлишига қарамай, мен ёшлик қилиб унинг сўзларига ишондим. Ундан сира қўрққан эмасман, аммо унинг катта шаҳарлардаги обрўси, мўмай топадиган даромадлари мени ўзига мафтун қилган эди. Мен унинг баъзи йигитларига бош бўлиб, катта трассада йўловчи юк машиналарини тўхтатиб, улардан пул ва ашёлар ундирар эдик. Ишимиз равон ўз йўлида кетар эди. Маишатга берилган, босар-тусаримизни билмайдиган қиёфага келган эдик. Одамлар биздан қўрқар, номимиз кишиларнинг қалбига даҳшат олиб келарди. Бир куни ҳар сафаргидек йўловчи машинани тўхтатдик. Мен ўз машинамда оёғимни рулнинг устига чиқариб, сигарет туташтирган эдим. Йигитларимдан бири бир кишини менинг олдимга бошлаб келди. Мен кибр аралаш “Машинангда нима бор, бу ердан қандай ўтиш қоидаларини биласанми”, дедим. Мен учун у вақтда олдимдаги ўлжамнинг ёши катта-кичиклигининг фарқи йўқ эди. У эса бамайлихотир “ Нима борлигини билмоқчи бўлсанг, ўзинг машинангдан туш-да бориб кўр”, деди.

   Шу вақт Муслим машинасини секинлаштирди, улар меҳмонхонага келиб қолишган эди. Шокир Муслимнинг гапига маҳлиё бўлиб, етиб келганларини ҳам сезмаган эди. У онасини жойлаштириб тушгач, меҳмонхонанинг залдаги ўриндиқларига ўтиришиб, суҳбатни давом этказишди.

   “Мен йўлда тўхтатилган одамлардан биринчи гал шундай муомалани кўраётган эдим. Машинамдан сигаретни ўчириб, пастга қандай тушганимни билмайман. Мен унинг каттароқ бир акахонларидан ҳимоя қиладиганлари бормикан, деб ўйлаб қолдим.

-Сен кимингга ишоняпсан ўзи! Нега сен менга отам сингари муомала қилаяпсан? Сендан сўраган нарсамнинг жавобини кутаяпман, нима бор эшак аравангда?

-У биринчидан эшак арава эмас, камаз деган машина, иккинчидан нима бор эканлигини билмоқчи бўлсанг ўз оёғинг билан бориб кўр!

-Ўҳў, сен осмондан келяпсан-ку а, менга гап қайтарадиган даражада юракли одамни ҳали кўрмаган эдим! Кимга ишоняпсан ўзи?!

-Мен Аллоҳдан бошқасига ишониб, ундан ўзгасидан ёрдам ҳам мадад ҳам сўрамайман! Сен ким бўлибсан-ки, менга иш буюрадиган, ишинг ўнггидан келса молимни, пулимни оларсан ёки ошиб борса ўлдириб юборарсан. Менинг тақдиримга нима ёзилган бўлса, кўравераман сен тирранча-кашандадан нажот сўрагандан кўра!

    Унинг сўзлари бошимдан муздек сув қуйгандан ҳам бадтар бўлди. Нима қилишни билмай ҳайрону-лол бўлиб қолдим. Атрофимдаги йигитлар нима қилайлик дегандек менга қараб туришар эди.

-Нега ўйланиб қолдинг, нима олиб келаётганимга қизиқаётган эдинг, бориб кўрмайсанми? Қузғунларга ўхшаб ўтган-кетган йўловчиларга ташланиб, шулар орқали кун ўтказиб, қорниларинга фақат ва фақат олов ёяпсанлар! Ота-онанг борми ўзи сенларнинг, қандай қилиб сенлар топиб бораётган луқмаларни бамайлихотир ейишаяпти?!

   Мен турган жойимда карахт бўлиб қолган эдим. Йигитлардан бири унинг ёқасидан олмоқчи бўлиб у томонга юраётган эди, унга қараб махзун ҳолда дедим:

-Унга тега кўрма, бир дона сочининг туки тўкилса, мендан яхшилик кўрмайсан!

-Муслим, ахир у сен ва биз ҳақимизда жудаям ёмон сўзларни айтди-ку, наҳотки эшитмаган бўлсан?!

-Гапларини сенлардан кўра яхшироқ эшитиб турибман, ҳозир уни қўйиб юборинглар, олиб қўйган нарсаларинг бўлса, қайтариб беринглар!

-Ҳеч нарса ололганимиз йўқ, ўзига жуда пишиқ экан. Нарсаларини оламиз десак, ёнида пичоқ бор экан, бизга пичоқ билан ташланмоқчи бўлди, сўнг унинг қўлини тўрт-бештамиз қайириб, пичоғини олиб ўзини сенинг ёнинга олиб келган эдик.

-Ўша пичоғини ҳам қайтариб бер!

-Бизга яна ташланиб, пичоғида чавақлаб ташласачи?!

-Сен бола кўп вайсадинг, айтганимни қил аблаҳ! – ўшқириб берди Муслим. Унинг важоҳатини кўрган йигитлар пичоқни эгасига қайтаришди, сўнг энди уни етаклаб кетишмоқчи эди, Муслим йўловчини тўхтатиб, унга мулойим гапира бошлади. – Исмингизни ҳам сўраш эсимиздан чиқибди меҳмон?!

-Нафсинг кўйига кириб, нима тортиб олсам экан деб турсанг, қандай менинг меҳмонлигим ёдингга келсин! Мени эмас ўзингни ўйлагин бола, бу қилаётган ишинг сени бу дунёда ҳам, агар тавба қилмасанг охиратингда ҳам кўп хорликларни олиб келади. Бир ўзинг эмас, мана бу “лайча”ларинга ҳам жавоб берасан. Ким ёмонлик устида ҳамтовоқлик қилса, оқибати хайрли бўлмайди.

-Бўлди қилинг меҳмон, менга аввалги сўзларингиз ҳам етарли бўлди! – Муслим йигитлари танимас аҳволга тушган эди. У йигитларига қараб, уларга деди: - Сенлар анави дарахт соясига бориб дам олиб турларинг, мен ҳозир бораман!”

-Шокир энди сен онангниинг олдига кир, сендан хавотир олмасин! Эрталаб келаман, касалхонага онангни жойлаштиргандан сўнг, ўша йўловчи билан кўришгач ва ундан дакки еган қишлоқ ёнига борамиз. Ўша жойга масжид барпо қилганмиз, ёнида дам олиш маскани бор. Гапнинг қолганини кейин айтиб берарман, - деб гапини тўхтатиб, меҳмонхонадан пастги қаватга қараб юра бошлади Муслим.

   Шокир Муслимнинг гапи билан бўлиб ростдан онаси ёлғиз қолганини унитибди...

   Эртаси куни шаҳар четроғидаги касалхонага боришди, онасини палатага жойлаштиргач, Муслимни касалхона коридорида кутиб қолди. Бир пайт Муслим кўк халат кийиб олган врач билан чиқиб келди. Улар Шокирнинг олдига келиб тўхтаганларида врач билан Шокир бир – биларига бироз тикилиб қолишди.

   -Иля сенмисан?!

   -Эҳе Шакир, нима қиляпсиз биз томонларда?! (Улар мурожаат қилишаётганда “о” ҳарфини “а” қилиб, яъни Шакир, Низам, Салих деб аташади)

   Муслим иккови бир – бирини таниб, бағрига босишиб кўришга врач билан Шокирга таажжубланиб қолди. Шокир ва Иля ҳол – аҳвол сўрашиб, гурунглашиб кетишди, гўё олдиларида учунчи одам – Муслим йўқдек.

   -Бир – бирларингни танир экансанлар–ку, менинг воситачилигимга бало борми?

   -Муслим, бу – Шакир ахир бизнинг мастер (устамиз) – ку! Мен отам билан бу ерга мактабни битирадиган йили кўчиб келганмиз. Тўққизинчи синфдан то шу ерга кўчиб келгунимизгача Шакир усталик қиладиган спорт клубда кикбоксинг туридан машқлар ўрганганман. Университетдаги сабоқларини олиб, ундан бўшагач биз билан шуғулланар эди. Ўшанда бешинчи курсга ўтган эдингиз – а?! – ўзларини қандай таниш эканлигини таништиришга чоғланиб деди Иля.

   -Ҳа, Иля билан уч йил шуғулландик, онаси бу ерга келишидан аввал қазо қилган эди. Анча ўзгариб кетибсан, сени фақат кўзингдан таниб қолдим, Иля Муромец!

   -Фамилиянг бошқа эди шекили, - ажабланиб сўради Муслим.

   -Эски паҳлавонга ўхшатиб, исмим Иля бўлганлиги учун Шакир мени Иля Муромец дейди.

   -Шакирни спорт устаси эканлигини энди эшитиб турибман.

   -Низам ака айтган шу Шакир бўладими Муслим!

   -Ҳа!

   -Шакир! Отам мен шу касалхонага врач бўлиб келган кунимнинг индинига вафот этган. Сен отамни унча танимасанг керак, лекин у Низам ака билан жуда қалин эди. Отам Муслим билан Низам аканинг ислоҳчиси бўлган.

   -Иля, энди мақсадга кўчсак Шакирнинг онасининг муолажаси қандай бўлади?!

   -Мен профессор Тамара Николаевна билан беморни кўрдик, энди даволаш ишларини бошлаймиз. Оёқларига мадор, қувват керак. Зарур муолажаларни албатта қиламиз.

   -Бўпти сени ишдан қўймайлик, дам олиш кунинг эски танишинг – Шакир билан бирга бўламиз!

   -Майли яхши боринглар, келганингларда кўришармиз, хайр!

   Улар касалхонадан чиқиб тўғри қишлоқ тарафга йўл олишди. Йўлнинг икки чети дарахтзорли ўрмондан иборат бўлиб, ўрмонзор чети кўзга кўринмасди.

   -Иляни таниш чиқиб қолишини, бу ерга келишдан олдин ўйлаб кўрганмидинг?

   -Йўғ–ей, сен билан чиқиб келганда аввалига кимгадир ўхшатдим, яхши назар ташлагандан кейингина танидим. Йиллар ўтиши одамни ўзгаришига анча таъсир қилар экан.

   -Албатта, Шакир тўғри айтасан! Умр ўтган сари аввал ёш болалик, кейин йигитлик аста – секин ўтиб эса қарилик водийсига кириб борганингни  ҳам сезмай  қоласан.

   -Йўловчи киши воқеасини айтаётган эдинг кеча, бугун ҳам давом этдирсанг яхши бўлар эди, Муслим!

    -Ўша йўловчи киши – Низам ака эди! Биз гаплашиб турган пайтда, ҳозирги Илянинг отаси келиб қолдиб, менга пул тутқазмоқчи бўлган.Илянинг отаси шаҳар бозорида  сизлар тарафдан келган нарсаларни харид қилиб олар экан.  Низам акани эса бу ерга кўчиб келмасдан олдин танир ва бирга олди-берди қилиб туришар, Низам ака унга мева – чева, сабзавотлар етказиб олиб келар экан. Айтган вақтда бозорга Низам ака келавермагач, йўлга тушиб уни қидириб келиб, икковимизнинг ҳалиги ҳолатимиз устидан чиққан. Мени кўрибоқ, талвасага тушиб, Низам акани ва юкни бизнинг қўлимиздан олиб чиқиб кетмоқчи бўлган.

   -Бунга пул бера кўрма! – деган эди Низам ака Илянинг отасига.

    -Нега Низам, ахир ўзингга, юкка зиён етишидан қўрқмайсанми?

   -Йўқ, қўрқмайди – деб мен гапга аралашдим. – Сен пулингни ҳамёнингга солиб, бу ердан туёғингни шиқиллат!  Мен ўзим бу меҳмонни шаҳар бозоригача ўзим олиб бориб қўяман, - дедим.

   У кетгач Низом аканинг машинаси – камазининг олдига ўтирдим ва йигитларга бозорда учрашишимизни айтиб жўнаб кетдик. Унинг қовоғи солинган, менга ҳеч нарса демай, сукут сақлаб кетарди. Мен эса ўзимни анча эркин ҳис қилиб, қўлимдаги ручкани айлантириб кетардим. У рулга эътибор берганича олдига қараб кетар эди. Шаҳарга кираверишида у гапира бошлади.

   -Ў бола, бозорга бориш йўлларини айтиб кет, яна адашиб ўрмон томонга, қароқчилик маконингга қайтиб бориб қолмайлик!

   -Мана шу юкни бизга сотиб кетавермайсизми ака! Бозорнинг ичида бир нечта савдо нуқталаримиз бор!

   -Сенга юкнинг бир грами ҳам тегмайди!

   -Бекорга ташлаб кетинг деётганим йўқ! Анави харидорингиздан кўра кўпроқ берамиз.

    -У билан ваъдамиз бор. Сен агар грамига ўн доллардан қўшиб берсанг ҳам ундан бошқасига сотмайман!

   -Ахир бу ерларга йўл босиб пул топгани келяпсиз – ку?! Нега ортиғи билан берсам ҳам сотмайсиз?!

   -Йўл босиб келган одам, ваъдасини бузиб пул эвазига иймонини сотиши керакми, сенинг наздингда?

   -У ғайри динку, мен эса мусулмон!

   -Биринчидан ғайридин одамга берилган ваъда унинг ғайридинлиги учун бузилмайди. Иккинчидан сен қароқчи бўла туриб, бировларнинг молига тажовузкорлик қила туриб – ўзингни мусулмон деб ҳисоблайсанми? Мусулмон бошқа бир мусулмонга қўли ва тили билан озор етказмаслиги керак – ку?! Муъминнинг моли, қони ва обрўси харом эканлигини наҳотки билмасанг?!

   Шу вақт бозорнинг олдига келиб улгуришган эди. Муслим машинадан сакраб тушди ва айланиб ўтиб Низомиддин аканинг қўлини қаттиқ қисиб туриб сўзлай бошлади.

   -Сиз менинг отам айтадиган сўзларнинг айни ўзини айтдингиз. Ҳатто ундан – да шиддатлироғини эшитдим бугун. Гап бошқа, амал бошқа деганларидек сиз амалий мусулмон эканлигингизга амин бўлдим. Ўзингизни, молингиз ва обрўйингизни ҳимоя қилишда жуда ўткир киши эканлигингизнинг гувоҳи бўлдим. Мен сўз бериб айтаман, энди қароқчилик билан эмас, ислом йўналишига мувофиқ тарзда, тўғри ишларни амалга ошираман!

    -Сен менга эмас, Яратганга аҳд бер ва тавба қилиб, аҳдингни устидан чиқ!

   -Кейинги сафардан юкни бизга ҳам олиб келинг, иложи бўлса! Бошқа ерлардаги танишларимизга ўтказиб берамиз ҳам.

-Кейинги сафар албатта ўзим келмасам ҳам, ҳайдовчиларимга айтаман олиб келишади. Бу сафар бир ҳайдовчимиз бетоб бўлиб қолганлиги учун ўзим олиб келган эдим.

-Майли, келишдик! Хатоларим учун узр! Кейинги сафар албатта ўзингиз келишга ҳаракат қилинг! Отам билан сизни таништираман, у ҳам сиздек инсонларни яхши кўради. Мен албатта ва албатта ўнгланишга ҳаракат қиламан, менинг ҳаққимга дуо қилинг!

   Шу – шу Низом ака бир неча маротаба ҳайдовчилари билан, бошқа сафар эса ўзи поезд ва таййорада қатнаб турди. Солиҳ акани ҳам олиб келган пайтлари ҳам бўлди. Уларнинг ҳикматли давраларидан баҳраманд бўлдим. Уларни отам билан таништирдим. Отам улар билан танишганимдан, қабиҳ ишларни ташлаганимдан жуда хурсанд бўлди. Ундақа хурсанд бўлганини аввал ҳам кейин ҳам кўрмадим. Сендан қутича ичида совға жўнатган ҳайдовчи йигит ҳам бир неча маротаба келиб мен билан танишига улгурган. Мана Шакир, ўша қароқчилик пайтимизда Низам акани тўхтатган жойимиз!

   Муслим машинасини йўл четидаги тўхташ масканига тўхтатди. Ўзи машинани ёпиб, Шокирнинг олдига келиб, унинг елкасига қоқди.

    -Мана шу тўхташ жойида Низам аканинг камази турган, анави йўл четидаги масжиднинг ўрнида Низам ака мени ўзгаришимга сабаб бўладиган сўзларни гапирган.

   Улар масжид сари юра бошладилар. Масжидда икки ракатдан намоз ўқиб чиқишгач, Муслим Шокирни “Исламская кухня” деган емакхонага бошлади.

   -Низам ака билан танишгач, эски ёмон ҳунарларимни ташлаб, покиза савдо – сотиққа киришдим. Йигитларнинг кўплари ҳам менга қўшилиб, қабиҳликларини ташлашди. Шамил бизнинг ўзгаришимизни эшитиб, бир қанча йигитларини жўнатиб, бизни яна йўлтўсарликка  чақирди. Аммо бизнинг қароримиз қатъий эди. Орада бир қанча дўқ – пўписа, ҳатто отишувгача бордик. Аллоҳнинг ўзи бизни қўллаб, бизга қайта қўл кўтаришмайдиган қилдик. Ишларимиз жуда илдамлади, бошқа шаҳарларда бозорлардан ташқари дўконлар, заводлар сотиб олдик. Бир куни Низом акага биз учрашган ерга “ покиза бир ошхона – емакхона очсак”, десам, “майли сен оч, олдига мен масжид соламан”, деди ва мана бу ҳозир намоз ўқиб чиққан масжидни қуриб берди.

   -Ажойиб масжид бўпти. Йўловчиларга ҳам масжид ҳам ошхона бўлгани жуда дуруст! Манави хоналар нима?

-Кечқурунда толиққанларга деб, Низам ака хоначалар қурдирган, йўлда кўп юргани учун ҳайдрвчиларнинг қадрига етади – да!                                                                           -Ҳа, Низом ака ўзи тарафдаги яхшиликларидан ташқари бу ерларда ҳам сахийликлар қилган экан–да?!                                                                                          –Ҳа Шакир! Низам акадек сахий инсонни ҳали учратмадим. Салих ака эса унга жуда –жуда мос садоқатли ҳамроҳ – дўст экан. Иноқликлари отамни ҳам лол қолдирган. Бўлмаса, отам унча – мунча одамларни одам ўрнида кўрмайди.

- - -