Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 10-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1655 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 10-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Солих ака жияни Ханифа билан Шокирни кузатгач, уйининг ичкарисига қайтиб кирди. Ичкарида Низомиддин ака китоб варақлаб ўтирган эди. -Ўғлингиз келиб, кўнгингиз тўлиб ўтиргандирсиз, оғайни?! Мен эрталаб эшитибоқ, асргача бор юмушимни битириб, уйингиз томон келишга шошдим. Ўғлингиз кетганидан бери анча ўзгарибди. Хулқда, юриш-туришда ўз тенгиларига жуда ўрнак бўладиган даражага етибди, Аллоҳ паноҳида асрасин ўғлингизни! -Албатта, фарзандларимдан кўнглим хотиржам, лекин кишининг оиласининг тевараги силлиқ бўлиши – ишнинг ҳаммаси жойида кетаяпти дегани эмас! Мана ўзингиз билгандек, жияним ва Шокиржонлар ҳалигача фарзанд кутмоқда, Шокиржоннинг онаси эса аҳволи жиддий. Доим жияним Ханифага дуо қилиб ўтирар экан бечора. Ўз оёғи билан боса олмайди. Шокиржоннинг оиласида ана ўшандай аҳволиётлар турса, менинг кўнглим тўла ёришиши асло мумкин эмас, Низомиддин.

-Ҳа тўғри айтасиз, Шокиржоннинг онаси ва аёли устидаги ташвишлари бизнинг ҳам ташвишларимиз бўлиши керак. Бечора Шокиржон доим яхшилик устида, билимли йигит эмасми, жуда кўп одамларга маънавий эзгуликлар қилади, университетда берадиган сабоғи тугагач, иқтисодан қийналган хонадон болаларини ўқишларга кириши йўлида уларга махсус курслар ташкил қилиб, уларни ўқитгани енг шимарган. Яна уларга ахлоқларини тузатиш йўлида таълим-тарбия бериб, уларга ўзи намуна бўлади.

-Албатта Шокиржон илму-урфон йўлига ҳаётини фидо қилган кишилардан. Унинг ишлаб топган моли аёли ва онасининг бугунги тирикчилиги ҳамда беморлигига вақтинча малҳам бўлиб туришига етади холос. Менинг фикрим шундайки Низомиддин, бир новвос боққан эдим. Ўшани сотиб, яна машинамнинг биттасини сизга пулласам, Шокиржонга бериб, онаси билан оёғини даволатишга сабабини қилсак. Сизнинг чет элда табиб танишларингиз бор, ўшалар билан телефон орқали боғланиб гаплашиб кўрсангиз, қандай бўларкин?

-Жуда эътиборга молик ишни ўйлабсиз, оғайни. Сизни шундай эзгу ва савобли ишлар топиб туришингизни жуда яхши кўраман-да. Бу чақмоқдек ёниб, ўчадиган оламда ўшандай ажрли ишларни қилишга улгуриб қолмасак, нима қилиб юрибмиз ўзи, мусулмонмиз деб фахрланиб?! Эртагаёқ мен машинангизни олишдан ташқари таййорада бориб келиш чипталарини ва бошқа зарурий эҳтиёжларини ўзим қилиб бераман. Табиблар масаласига келсак, Шокиржонга тунов куни айтган эдим, у ҳижолат бўлиб, кейин гаплашармиз дегандек қилиб қўйган эди, албатта эртага иншааллоҳ улар билан ҳам гаплашиб, бориш кунларигача белгилаб қўяман.

-Барака топинг Низомиддин, ажойиб дўстсиз! Гапимни ҳали адоғига етказмасимдан аввал бир-биримизнинг мақсадимизни тушундик, режалар ҳам битди. Илоҳим онаси ўз оёғи билан юриб, Шокиржон ва оиласи хурсанд бўлиб қолса, жуда соз бўларди. Бир мусулмоннинг қалбига хурсандчилик олиб кириш нақадар улкан савоб!

-Жуда улкан-улкан савоб, ундан ташқари ғамини ва ташвишини аритиш яна савоб! Иншааллоҳ ўша кунларга етказишини Роббимдан сўрайман.

    Эртаси куни Низомиддин ака Шокиржонни излаб университетга келди, у университетнинг асосий корпусида муаллимлар йиғилишида эди. Улар мажлисдан тарқаб, кўча томонга чиқишаркан, Шокиржонни Солих акага қўшни бўлган ҳайдовчи йигит чақирди.

-Шокиржон, мана бу ёққа!

Шокир у йигитга қараб аввалига танимади, кейин ўша томонга юра бошлагач, уни Низомиддин ака билан бирга савдо омборида ишлагани, Солих ака билан ён қўшни эканлиги ёдига тушди.

-Келинг ака, биз томонга йўлингиз тушиб қолибди!

-Шокиржон қўшникуёв қандайсиз, ассаламу алайкум ишларингиз яхшими?! Мажлисда экансиз, Низомиддин ака ҳўв анови йўлнинг нарироғида машинамда сизни кутиб ўтирибдилар. Сизда зарур ишлари бор экан. Сиз ўша томонга бориб Низом ака билан гаплашиб туринг, мен ана бу дўконга кириб, у-бу нарса олишим керак эди, - деб, кўчанинг ён томонидаги дўконга кириб кетди.

   Шокир ҳайдовчи айтган машина томон юрди. Низомиддин ака машинада радиода хабарларни тинглаб ўтирарди. Шокирни кўргач, радиони ўчириб машинадан тушди ва қучоқ очиб кутиб олди.

-Эҳ-ей Шокиржон сизни ишдан қўйиб, безовта қилмадикми? Кеча келин билан уйларингизга яхши етиб олдингизларми, онангизнинг тоблари дурустми?

-Аллоҳга шукр яхши, - таажжубланиб жавоб қайтарди Шокир. Кечагина кўришган Низомиддин ака нега бугун ўзини излаб, ҳатто университетга келганига ҳайрон эди. – Тинчликми Низомиддин ака нима хизмат?!

-Тинчлик Шокиржон тинчлик. Тунов кунги ишни кеча дўстим Солихжон билан ҳам маслаҳат қилдик. Сиз кейин гаплашамиз деганингиздан кейин мен бепарво бўлиб қолибман. Мақсадга кўчсак; онангиз анча йиллардан бери бемор, сизга ишдан таътил олиб, бошқа ердаги табибларга муолажа қилдирсак, дегандик. Мен эрталаб табиб танишларим билан телефон орқали гаплашдим, улар тезроқ келаверишингларни айтганидан сўнг, аэрокассадан мана уч кундан кейинги йўналишга чипталар ҳам олиб қўйдик, - дея иккита чиптани ва унга қўша халтачада пулни Шокирга узатди.

-Ие нима қилганинглар бу?! Менинг онамга сизлар чипта олиб, пул берсаларингиз жуда ғаройиб иш-ку! Мен ўзим ёзги таътилга чиққач, пул жамғараётган эдим, ўша маблағга ўзим олиб бораман, сиз эса табиблар билан гаплашиб, уларга тайинлаб қўйсангиз кифоя! – чипта ва пулларни Низомиддин аканинг қўлларидан нари суриб, кетишга чоғланди.

-Тўхтанг, Шокиржон Аллоҳ ҳаққи, Аллоҳ ризоси учун тўхтанг! – Шокирнинг орқасидан юриб келди Низомиддин ака.

-Жон ака ундай қилманг, менга шу кунгача қилган, мен билган-билмаган ошкор ва  махфий яхшиликларингиз етарли, ўшалар учун ҳам катта рахмат! Бошқа зарур ўринлар бўлса, ўшанга сарф этганингиз маъқулроқ!

-Сизни шундай қилишингизни билиб, Солихжон бу ишни менга тайинлаган эди. Энди бир гапни эшитинг Шокиржон! Ўгай бўлса ҳам сизни ёшлик чоғларингиздан катта қилиб, таълим ва тарбия берган Нуриддин ака менинг Солих акадан олдинги энг яқин қадрдоним эди. Ёшлари мендан катта бўлса ҳам кичикфеъл, мени ўзига тенг кўрадиган покиза инсон эди. Онангизни сиз Ханифани қадрлаганингиздан кўра қаттиқроқ қадрлар эди. Ўзлари фарзандли бўлмадилар, аммо сизлар сабабли ўксимай, нима ниятлари бўлса сизларнинг келажагингиздан кўрмоқчи бўлганлар. Алхамдулиллаҳ, баъзиларини кўришга муваффақ бўлдилар. Мана ўшандай ниятлари устида ҳозир ҳам сиз меҳнат қилаяпсиз. Бу ишда янада фаол бўлишингиз учун сиз чалғимаслигингиз лозим. Биз қилаётган ишни ҳамма қилавериши мумкин, аммо сизнинг қилажак ишингизни фақат саноқли кишиларгина қилиши мумкин холос. Шунинг учун ва яна ўгай отангиз бўлмиш – Нуриддин ака менга қилган васиятларига биноан мана шу нарсаларни қабул қилишга мажбурсиз!

-Қандай васиятга биноан?!

-Айтдим-ку Нуриддин ака менинг яқин қадрдон акажоним бўлган. У вафот топишидан бир ойча муқаддам, “Менга бирон бир тайинлайдиган ишингиз борми деб”, сўраганимда; “Агар сиздан олдин охиратга сафар қилгудек бўлсам, оиламга қараб туришни сизга васият қиламан”, деган эдилар. У кишининг ўзидан ундан аввалроқ: “Ҳақиқий дўст шундай кимсалари-ки; агар бирлари вафот топса бошқалари унинг хонадон аҳлларининг қирқ йил давомида эҳтиёжларига қараб туради” деган ҳикматли сўзларини эшитган эдим. Шокиржон сиз мен учун Нуриддин акамни эслатиб турувчи шахссиз, менинг сизларга қилаётган туҳфамни қабул қилмасангиз, мен жуда қаттиқ хафа бўламан илтимос, тайёргарлигингизни кўринг, онангизга ҳам айтинг! Аёлингиз Ханифахондан ҳижолат бўлмай қўяверасиз экан. Келинойинглар Собирахон у билан бирга истиқомат қилиб тураркан.

   Шокир Низомиддин аканинг сўзларини рад қила олмай, унинг қўлида турган пул ва чипталарни олишга мажбур бўлди.

-Кетадиган кунингиз эҳтиёт шарт зарур телефон рақамларни ҳам бераман, аслида етиб борганларингизда сизларни аэропортдан Муслим исмли йигит кутиб олиб, меҳмонхонага олиб бориб жойлаштиради. Агар яна камчилик ё бирор юмуш чиқиб қолса уялмай, тортинмай қўнғироқ қилиб айтаверинг.

    Шокир Низомиддин аканинг сўзи тугагач, у билан хайрлашиб кетмоқчи эди, ҳайдовчи йигит келиб, Шокирдан сўради:

-Уйингизга қайтасизми ёки яна қайтиб ишгами?

-Уйга қайтаман!

-Юринг унда биз билан бирга, Низом ака Шокиржонларнинг кўчасида бир одамда ишим бор эди, ўшанга учраб ўтиб кетсак бўладими? Сизнинг вақтингизни олиб қўймайманми?

-Менинг вақтим зиқ эмас, бемалол ишларингни битказиб кетавер, юринг Шокиржон сизларнинг кўчангиз томон билан кетарканмиз!

   Улар машинага ўтириб жўнаб кетишди. Шокир машинанинг орқа ўриндиғида ўйланганича борар, ҳайдовчининг олдида ўтириб кетаётган Низомиддин ака Шокирга зимдан қараб қўяр, унинг ҳижолатчиликдан қизариб кетган ёноқларига кўзи тушиб, Солих ака билан қилган маслаҳатининг бароридан келганига хурсанд борар эди. Машина Шокирларнинг дарвозаси олдига келиб тўхтади. Шокир уларга миннатдорчилик билдириб, машинадан тушаркан, Низомиддин ака эшигини қия очиб, деди:

-Бўпти Шокиржон, тинч бўлинг! Тайёргарликни бошланг, иншааллоҳ кетадиган кунингиз биз, манави ҳайдовчи акангиз билан сизларни олиб кетгани келамиз. Аэропортга олиб бориб, ўша ерда хайрлашамиз.

-Низомиддин ака сизлар овора бўлманглар. Мен ўзим бирорта дўстимни айтаман, сизлар билан йўл-йўлакай хайрлашиб ўтиб кетаман.

-Биз овора бўлмаймиз, аксинча сизни кузатгач, аэропортни ҳам бир кўриб келамиз, анчадан бери кўрмаган эдик. Айтганча, университет масъулларига қўнғироқ қилиб сизга бориб келгунингизча рухсат бериб туришларини илтимос қилган эдим, рози бўлишди. Эртага борсангиз айтишади.

  Низомиддин аканинг гапини ёнида ўтирган ҳайдовчи йигит ҳам бошини қимирлатиб, маъқуллади.

-Шокиржон сиз ҳеч ҳижолат бўлманг, анчадан бери Низом ака билан шаҳар кезмаган эдик. Сизнинг баҳонангизда бир айланиб келайлик. Мен ҳам ишимдан ҳозир таътил олганман.

     Улар шодон хайрлашиб, кўчанинг бош томонига машинани юргизиб жўнаб кетишди. Шокир ҳовлисига ўйланганича кириб борди, Ханифа Оиша аяни қўлидан суяб сўрига ўткизаётган эди. Шокир улар билан сўрашиб сўрига ўтирди.

-Ойи уч кундан сўнг иккаламиз ўйнаги бошқа бир юртга бориб келамиз, эртага ишдан рухсат олсам бўлгани. Мана таййорага чипта ҳам тайёр!

-Вой нега иккаламиз, Ханифахон қизимчи?! Мен Ханифа келинимсиз ҳеч ёққа бормайман!

-Ойи ажойибсиз-да, ҳазиллашдим ўйнагани эмас, сизни даволатгани – деб Низомиддин ака билан бўлиб ўтган воқеани онаси ва хотинига батафсил айтиб берди.

-Менга кеча Собира келинойим ҳам сўз очгандек бўлувдилар. Лекин бу қадар тез, уч кун ичида бўлишини билмаган эдим.

-Болам Аллоҳимнинг меҳрибонлигини қара-ки, бугун икки хурсандчилик хабарини эшитдим. Бири келинимдан, иккинчиси мана сендан.

-Келингиздан қандай хабар эшитдингиз?

-Бугун эрталаб, сен кетганингдан сўнг дўхтирхонага бориб келгани рухсат сўраган эди Ханифахон. Алхамдулиллаҳ дуоларимиз ижобат бўлганми, Аллоҳим Ханифа қизимда ўзгариш бўлиб, фарзанд аломатлари бошланганини айтишибди.

-Ростдан-а?!

   Ханифа кўзини ерга қаратганича қайнонаси ва эрига қарашга уялиб, мийиғида кулиб турарди.

-Аллоҳга шукрлар бўлсин, болам рост! Мен ҳам иншааллоҳ момо бўладиган бўлдим, энди доим болани соғлом туғилишини, умрини барокотли қилишини унутмай сўрайлик! Айниқса сиз бўлғуси ота-оналар ибодатларинг сўнггида Аллоҳимга ялиниб илтижо қилинглар!

- - -