Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 9-қисм (Адабий – бадиий нашр)

2181 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 9-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Бир неча кун касалхонада ётган Ханифа аҳволи яхшилангач, уйига қайтди. Аввалгидек гўзал турмуши давом этди. Қайнонаси, куёви билан иноқлигига яна иноқлик қўшилиб, қайнопаси билан муомалалари ҳам жуда самимий эди. У келса, қучоқ очиб кутиб олар, Ханифа уларникига борса ҳам қайнопаси қўйгани жой топа олмас эди. Ханифа қайнопасидан беҳад хурсанд бўларди. Чунки бошқа хонадон, бошқа оилалардаги келин ва қайнопа, қайнсингиллар ўртасидаги муомалалар таранглигидан хабари бор эди. Қайнопаси Оиша аядан тарбия олганлиги барча ишларда яққол билиниб турарди. Қайнонаси каби ундан ҳам ҳеч ёмонлик кўрмади, ёмон сўз эшитмади. Фақатгина йиллар ўтгани сайин бефарзандлик уни қийнарди. Қайси бир аёлнинг қўлида гўдакни кўрса, юраги ғалати бўлар, унинг жажжи қилиқларига шайдо бўлар, бағрига босиб, уни эркалатиб, ўйнатгиси келарди. Бир куни эри ва қайнонасидан рухсат сўраб, онасиникига борди. Келини Санобар қизчасини онасига ташлаб, зарур бир юмуш билан бир жойга кетган экан.Укаси Хабибнинг чақалоғи бўлган қизчани онасининг қўлидан олиб, қучиб, бағрига босди. Эркалатди, юз-кўзларидан ўпди. Хабиб ўзи ўтирган хонадан чиқиб,

опаси билан сўрашишди. Нарироқдаги ошхонага кириб, ўзига пишириб қўйилган таомни ея бошлади. Опасини таомга таклиф қилган эди, унамади. Уйида қорнини тўйдириб олганини айтиб, яна жажжи қизча-жияни Хадичани ўйната бошлади.

-Келинг опа, - совуқроқ сўрашган бўлди, кўчадан кириб келган келини Санобар.

-Келдим, ўзингиз яхшимисиз, жияним ҳам катта қиз бўлиб қолибди. Ўзим олиб кетсам-ми жажжигинамни?!

-Унармикан, сизга кўнмаса керак, - гўё ростдан олиб кетадигандек, хавфсираб гапирди Санобар.

-Аммасига нега унамас экан, дадасини ҳам ўзим кўтариб катта қилганман

    Санобар индамай, эри ўтириб, овқатланаётган ошхонага кирди. Ханифа сўридан, онасининг олдидан туриб, ошхона яқинидаги гулзор ичига кириб, жиянини кўтариб юриб, ошхона ичида келини Санобарнинг укаси Хабибга айтаётган гапларига қулоғи тушиб қолди.

-Нега қизимизни туғмас опангизга бериб, лаллайиб ўтирибсиз. Ҳадеб олиб кетишини айтиб, бошимни оғритгани, оғритган опангизни. Бола керак бўлса, ўзи туғсин. У тенгги аёллар бир қучоқ фарзандлар билан юрипти. Доим қизим Хадичани шу опангиз қўлида кўрсам, кўнглим ғаш бўлади. Қизимга кўз тегиб, бир бало бўлмаса-да.

-Жим, унингни ўчир! Опам эшитса, хафа бўлади. Ахир опам қизимизга амма бўлади-ку нега ичинг тор?

-Мана шундай деб, ҳамиша туғмас опангизни ёнини оласиз, мен сизга бегонаман, мени қилаётган ташвишларим билан сира ишингиз бўлмайди. Қиз сизники ҳам дадаси! Ҳадеб уни туғмас аёлга ушлатиб, зиён етказиб олмайлик дейманда. Туғмаслигидан ташқари, икки турмушидан икки норасидаси нобуд бўлди. Аввалги турмушида туққан бўлса, бу сафаргисида эса ҳатто туғишга ҳам етиб бормади. Фалокат ёқасидаги аёл бу – аёл, боламиз Хадичани эҳтиёт қилиб, кўз қорачимиздек асрашимиз керак.

   Ханифанинг кўз олди қоронғулашди. Нимадир томоғига тиқилгандек бўлди. “Бу сўзларни келиним, укамнинг хотини – Санобар айтяптими?! Нега жонажон укаси хотинининг олдида бошини ерга эгиб, жим бўлиб ўтириб олди. Қани укалик виждон, қани туғишганлик оқибати?! Шунчалик ёмон аёлманми?! Туғмас бўлсам, болага нима учун зиён заҳмат етади?! Барча яхши-ёмон тақдир Аллоҳдан-ку ахир! Буни бу ярамас келин тушунармиди!”

   Қўлидаги жиянини меҳр аралаш кўз ёши билан бағрига босиб ўпди-да, сўрига қайтиб бориб, ҳеч нарса эшитмагандек, онасига қизалоқни узатди ва кетишга изн сўради. Онасининг уйидан чиқаркан уни на укаси ва на келини ортидан кузатиб чиқишмади. Кўнгли чўкканича уйи томонга бораркан, хаёлидан эри Шокирнинг кечаги куниёқ айтган ҳикматли сўзи ёдига келди.

-Биласизми, Ханифа нега жаннат аҳли беҳуда сўзлар эшитмайди? Чунки жаннат, роҳат-фароғат манзилидир! У ерда кишининг кўнгли ранжийдиган ҳеч нарса бўлмайди. Беҳуда сўзлар – инсонга энг ёмон таъсир қилгувчи иш ҳисобланади. Бу оламда одам боласи ёмон сўзлар эшитишдан ҳоли бўлиши жуда мушкулдир! Аммо жаннатдек зиёфат масканида дилни оғритажак гаплар мутлақо бўлмайди.

   Сўнг эри унга Қуръонда келган ўша мазмундаги оятларни тиловат қилиб берди. Нақадар чиройли тиловат қилади, эржониси Қуръонни! Қалби олам-олам ором олади – у тиловат этган пайтда. Таналар ларзага келиб, руҳий оламни ажойиб, тил ила таъриф қилиб бўлмас ҳол эгаллаб олади. Дунё қийинчиликлари, ҳар-хил изтироблар тарқаб, сакинат-хотиржамлик қалбни ва бутун вужудни қоплайди.

   Ханифа шу тариқа бефарзандлик мусибати билан бирга кўп машаққатларни бошидан кечирди. Онасининг вафоти ҳам унинг қийинчиликларига яна бир насиба бўлиб қўшилди. Айниқса автоҳалокатда икки фарзанди билан ҳалок бўлган опаси Халиманинг айрилиғи уни анча қайғуга солди. Укасиникига энди фақат, силайи рахм эътибори билангина борар, жияни Хадича “Аммам, аммажоним”, деб югуриб келишлари ичини тирнар, уни қучишга, бағрига босишга ботина олмас эди.  Дуо қиларди-да, қайтишга чоғланар эди. Укаси Хабиб, умуман бошқа бир инсонга айланган, ҳатто инсон дейишга арзигулик қиёфада эмас эди. Келини Санобарнинг измига тўла тушиб бўлган, унинг қош-қовоғига қараб иш қиладиган роботга айланган эди. Жиянчаси Ханифа қайтадиган паллада этагига ёпишиб олар, “Кетманг аммажоним, сизни яхши кўраман. Мен билан бирга ўйнанг. Сиз дадамдан ҳам, онамдан ҳам яхшисиз. Қолинг аммажоним” – деб, янги чиқиб улгурган жажжи тилчаси билан ялинарди. Бир куни одатига биноан Ханифа укаларини хабар олгани борган эди, уйи қулфланган ва дарвозага “Уй сотилади”, деб ёзилган эди. У ҳайрон бўлиб ортига қайтди. Бунинг сабабини фақат келинойиси Солиха аядан эшитди...

   Амакиси Солих аканинг ўғли ва келини уйига қайтгани муносабати билан қариндошлар Собира ая хонадонига жамланишди. Анча йиллардан бери энди ўз юртига келган Солих аканинг ўғли Шокирни, келини эса Ханифани илиқлик ва очиқ чеҳра билан қарши олишди. Эркаклар бошқа уйга кириб кетишгач, Ханифа Собира ва қудалари ўтирган хонага амакисининг келини билан бирга кириб боришди. Орадан бироз ўтиб Собира ая ташқарига чиққанидан фойдаланиб, Ханифа унинг ортидан эргашди. Келинойисини ҳоли топиб, пичираб сўради:  

-Келинойи Хабиблардан дарак борми, уйлари берк экан. Амаким хабарлари бўлса керак, уйни сотамиз деб ёзиб қўйишипти.

   Собира ая чуқур оҳ тортди. Қўлидаги ликопчаларни токчага қўяркан, Ханифага ачиниш билан қаради.

-Бугун фарзандларим, сизнинг жиянларингиз келган кунни беғалва ўтказсак яхши бўларди. Шу бемаза келинингизни ростини айтсам келин бўлиб тушганидагина жиним суймаган. Овсиним бечора ҳам келиннинг нобоп эканлигига кўп куйинди, бўлмади. Укангиз бечора хотинига қул бўлган – қолган. Хотин хўжайин, эр пойпатак! Кўнглингизга келмасин, сиз сўрадингиз мен яширмай бўлаётган ишларни очиқ-ойдин айтаверайми?

-Албатта келинойи, мен ўзи сизнинг меҳмонларингиз бўла туриб, безовта қилиб бошингизни қотиряпман. Сиз ҳақдан бошқасини айтмайсиз, онам ўрнида кўраман сизни Собира келинойи.

-Ўнг томонда қўшниларинг бор, Назокатхон. Ўша аёл бизникига баъзида қатнаб туради. Жуда ажойиб, меҳрли аёл. Биласиз мен ҳар ким билан гаплашавермайман. Ўша аёлга келинингиз Санобар: “Опамиз Ханифа энди фарзанд кўрмайди. Туғмас аёлни эри тутиб турмайди, яшаши вақтинча. Уйимизни сотиб узоқроқ жойга бориб яшамасак, эри қўйиб юбориб ажрашиб кетишса, уйимизга келиб, ўтириб олади. Амакисининг ўғли ва келини келаяпти, барибир у ерга энди сиғдиришмайди”, дебди. Амакингизга айтган эдим, укангиз Хабибни чақириб, роса танбеҳ берди. У бечора хотинисиз иш кўра олмайдиган манқурт бўлиб қолибди, лом-мим демай уйига кетган эди. Аёлига амакингизнинг айтган сўзларини оқизмай-томизмай етказибди. Кўч-кўронини йиғиштириб, нариги шаҳарга, онасиникига жўнаб кетишибди. Уйларингиз сотилиб бўпти, янги келажак хонадон сохиби, энди эълонни эшикдан ўчириб ташласа керак. Ханифахон бу дунёнинг ишлари шунақа, улардан хафа бўлманг, нима экишса, ўшани ўришади. Шокиржон жуда яхши ва садоқатли йигит, у сизни тирик экансизлар, сира тарк этмайди.

-Тўғри айтасиз, у номард эркаклардан эмас! Лекин мени унинг ажрашиб кетиши эмас, яқинларим бўлган укам, келинимнинг ҳатти – ҳаракатлари қийнаяпти холос.

-Сизга-ю укаларингиз дунё устидаги ишларда озор-азият етказишмоқда, ахир Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга амакиси Абу Лаҳаб ва келинойиси Умму Жамил пайғамбарлиги устида энг яқин кишилари бўла туриб, зулму-зўравонликлар етказишган-ку Ханифа қизим!

-Нақадар ажойиб далиллар! Сизлардек яқинларим менга тўғри иршодлар бериб, тасалли бўлишларингиз катта бойлик, - деб келинойиси Оиша аянинг бағрига ўзини отди. Худди онасини узоқ вақт кўрмаган қиздек, бўйнига осилиб, тўлиб йиғлай бошлади. – Дунёнинг ҳаммаси Санобарга ўхшаган бетавфиқларга тўлиб кетса ҳам, сиздек ва амакимдек кишиларнинг бўлиши оламни безаб туради. Аллоҳим сизларга барокотли умр, соғ-саломатчиликлар ато этсин! Фарзандларингиздан кўп яхшиликлар кўринглар, бизга айниқса менга қилган яхшиликларингизга Яратган беҳисоб ажрлар берсин!

    Оқшомда куёв-қайлиқ амаки бўлмиш – Солих аканинг хонадонидан қайтишди. Катта кўчанинг йўлакчасида кетишаркан, Шокир Солих ака хонадонида бўлиб ўтган баъзи гапларни гапириб, ўғлини энди биринчи бор кўрганини, Низомиддин аканинг, Солих аканинг мароқли сўзларини ёдига олди.

-Нега жимсиз Ханифа, бирон жойингиз оғрияптими?

-Йўқ, Хабибларни қилган ишлари мени чуқур ўйга солиб қўйган эди. Узр, ўша хаёллар билан бўлиб, сўзларингизга қулоқ сола олмадим. Низом ака ҳам келибдими, совчи акангиз?!

-Ҳа совчи акам, Хабибларнинг қайси ишларини айтаяпсиз?

    Ханифа шу кунгача укаси ва келини томонидан бўлаётган ишларни эрига очиқламаган эди. Укасининг оиласи билан оралари ўнгланиб кетишига умид боғлар эди. Энди уларнинг уйни сотиб, бедарак кўчишиб кетгани умидларини пучга чиқарди. Шунинг учун эрига уйига етгунларига қадар бўлиб ўтган воқеаларни батафсилроқ гапириб берди. Шокир аёлининг гапларини тингларкан, Хабиблар ҳақидаги ўйлари чархпалак бўлиб кетди. Уйига етиб келиб, онаси билан сўрашишди, қайнона келинни онасининг хонасида ҳоли қолдириб, ўзларининг хонасига чиққанида ҳам, ўй-фикрида Хабиб ва Санобарлар ғужғон ўйнарди. Ханифа салом бериб кирди, лекин бошқа бир сўз айтмай дарс қиладиган ўриндиққа ўтирди.

-Сиз ҳалиям фарзанд кўришдан ноумидмисиз, табиблар айтган ташхис – туғмас аёл деган фикрни тўғри деб ўйлайсизми?

-Мен ҳаётимда кўрадиган барча ишларнинг яхшисими, ёмоними ҳеч нолимайман. Сизнинг ҳам шундай туришингизга аминман. Санобар айтган ишлар шунчаки сафсата холос, лекин мени ўйга толдирган бошқа масала бор. Мен-ку туғмас бўлсам, шунга рози бўлиб ўтавераман, аммо сиз, ойижонимиз мен сабабли қийноқлар эвазига кун ўтказишингизларнинг нима кераги бор?! Ойижонимни якка қолишлари доим ичимни тирнайди, қанийди фарзандли бўлсам-у, уни катта қилиб, ойижонимга дастёр қилиб, олдида ҳамсуҳбат қилиб қўйсам! Дардлари ўзи етарли ойижонимизга, яна менинг туғмаслигим дардига чипқон бўлмоқда. Доим дуоларида набира сўраганлари, сўраган. – Ханифанинг бошқа гапиришга мажоли етмади. Ўриндиқ олдида турган столга энгашган кўйи кўзларини қўлига яшириб олиб, пиқиллаб йиғлаб юборди. Шокир аёлининг йиғлашига бир нарса демади. Кўнглини бўшатиб олсин дея, сукут сақлаб ўтирди. Ханифанинг йиғиси тўхтаб, бир оз жим ўтиришгач, Шокир унга деди:

-Мен Роббимдан доим фарзанд кўришга етказишини сўрайвераман, мен иншааллоҳ ноумид бўлмайман. Онам ҳам ноумид бўлмасликка қасд қилганлар, сиз йўқлигингизда доим шундай дейдилар. Сизнинг олдингизда фарзанд ҳақида гапиришни ҳозирча бас қилиб турибдилар холос. Менга “Келинимни, Ханифа қизимни ҳеч хафа қилмагин, у биздан кўра улканроқ имтиҳонда турибди. Менга қилаётган хизматини опанг ҳам қила олмаслигини ҳамиша таъкидлаб келади. Биз уни ўкситмаслигимиз керак, балки яхши муомалада бўлишимиз керак!” – деб насиҳатлар қилаяпти. Шундай экан онамдан ҳам кўнглингиз тўқ бўлсин, дуоларимиз иншааллоҳ мустажоб бўлади! Онам йиллар давомида метин қалъа ичра яшадилар ва бизларнинг оилани ҳам метин қалъадек мустаҳкам бўлишини истайдилар.

   Ханифа энди мутлақо эрига қара олмай қолди. Юз-кўзлари жиққа ёшга тўлганидан хижолат ичида ботина олмай, фақат унсиз йиғларди. Шокир уни яна кўнгли бузилганини билиб, танҳоликда яна ҳам кўнгил чигалини ёзиб олсин дея, хонадан ташқарига чиқиб кетди. Юлдузлар тўла самога қаради. Бутун борлиқни туннинг унсиз либоси буркаб олган, узоқлардан итларнинг воввулагани эшитилиб турарди...

- - -