Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 8-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1670 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 8-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Валийма бўлиб ўтганига бир неча ойлар бўлибдики, Оиша аянинг кичкинагина хонадонида Ханифа янги меҳмондек эмас, балки аввал ҳам бу жойда яшагандек мослашиб, ўзини бемалол, хотиржам сезадиган бўлди. У қайнонаси билан худди ўзининг хонадонидаги яқин одамидек тил топа оладиган ҳолга етди. Иккаласи доим бир-бирини авайлагани авайлаган. Оиша ая дардманд бўлгани боис Ханифа уни эҳтиёт қилса, Ханифанинг бу уйга янгилиги эътибори билан Оиша ая уни эҳтиёт қилади. -Ҳой Ханифахон, куёвингизни келадиган пайти бўлди. Қўлларига сув тайёрланг, ўзингизга оро беринг, менга гирдикапалак бўлишни бас қилинг! Таомимни, чойимни ва зарур муолажа дориларимни ҳам бердингиз. Энди ўзингизга қаранг! -Хўп бўлади ойижон, айтганларингизга албатта улгураман! Таҳоратингизга сув қилиб берай девдимда. -Қўятуринг, аввал куёвингиз келсин, таҳоратни кейинроқ қиламан.

Ханифа уйига кириб, ўзига қараб, сўнг дастурхон ёзиб қайнонасининг ёнига ўтирди.

-Мана ойижон, тайёргарлигим ҳам битди. Нима хизмат бор яна?

-Айланиб кетай келинжонгинамдан-ей, нима мен сизни қул бозордан сотиб олганманми, нуқул “нима хизмат” дейсизда қизим. Нафасингизни ростланг, ўзингизни ҳадеб машаққатга солиб, ишлайверманг!

-Нега машаққатга соларканман ўзимни ойижон, қилаётган ишларим оддий, ёш бола ҳам қиладиган иш-ку.

-Баъзилар ўйлагандек қайнона келинни фақат ишга солиши, унинг хизматидан фойдаланиб, саййидалик қилиши  тўғри иш эмас. Ахир исломдек буюк йўлимиз қул сотиб олган бўлсак ҳам уни оғир ишга буюрмасликка, агар оғир ишга буюрсак ўзимиз қулимизга ёрдам беришимизга чақиради. Ўзимиз кийган кийим ва ўзимиз еган таом билан уни сийлашимиз зарур бўлади. Келин эса қул эмас, фақат бошқа хонадондан келган ҳур инсондир. Демак, қулга қилинажак муомалада киши эҳтиёткор бўлишига чорланар экан, ҳур инсонга муомала янада кўркам бўлмоғи зарур!

-Қани энди ойижон барча қайноналар сиз каби билимга, кенг фикрловларга эга бўла олишса, - деб қайнонасига меҳр билан қаради. Қайнонаси эса, унинг гапига эътибор бермасликка ҳаракат қилиб, сўзида давом этди:

-Оиладаги ким бўлишидан қатъий назар, бир-бирларига зулм қилишдан четланиши керак. Оиладаги ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари белгилаб қўйилган, ҳатто китобимиз бўлмиш Қуръонда мерос масалаларига боғлиқ белгиловлар ҳам қайд этилган. Ким ўзининг ҳаддидан ошиб бировга ортиқча муомала қилса ҳам зулм ва тажовузкорлик қилган бўлади. Менинг билишимча, кўп қайноналар, айниқса куёв болалар келинга нисбатан ўта тажовузкорона иш тутмоқда. Агар келин бетоб бўлиб қолса, дарров боқиб катта қилган онасиникига элтиб қўйишни одат қилишган. На ўша боланинг онаси ва на отаси “Бундай қилма ўғлим, ахир бу қиз сенинг ихтиёрингга ўтган. Унинг барча харажати сенинг зиммангда”, дея олмайди. Буларнинг барчаси ўша келин ва унинг аҳлига зулмдан бошқа нарса эмас!

-Жуда ўринли гапларни айтдингиз, - дея, эшик ёнида қайнона ва келин сўзлашувини эшитиб турган Шокир ичкарига қараб юрди, - Ассаламу алайкум, қандай яхши ўтирибсизларми? Яна ўзга хонадон кишиларининг муаммоси билан бандсизлар шекили-а?

-Ва алайкумус-салам болам, келдингми? Ўзга хонадон муаммоси эмас, барчамизга тааллуқли муаммолар ҳақида гаплашаётган эдик. Элга келган машаққат барчамизники, уни кўриб, билиб туриб кўзимизни юмиб олиш инсофдан эмас, болам.

-Тўғри, ойи! Сиз аёллар кўпроқ аёллар ҳақлари ҳақида бош қотиришингизга тўғри келади. Чунки кўп ёмонликларни аёлларнинг ўзи қилмоқда, - деб, Ханифа келтирган сувда қўлини ювди ва сочиқда қўлини артар экан сўзини давом этдира бошлади Шокир. – Аёл ожизалиги аввало аёлларнинг ўзига маълум, лекин шуни била туриб, келинни авайлаб, ёнига олиб қизидек кўришга ҳаракат қилмай, доим унинг айбини ахтаришга, камчилиги топилиб қолгудек бўлса, уни чалиб йиқитишга шошиш аёлларнинг аксарига дилихушлик машғулотига айланиб қолипти. Сиз айтгандек ўша зулмга эртага Қиёмат куни ўшалар қандай жавоб беришади, ана ўшани аёлларга тушунтириш сизларнинг, эрлари ва қайноталарига тушунтириш биз – эр кишиларнинг вазифаси бўлиши керак!

-Ол болам, келингинам меҳр билан қилган таомлардан ол, очиққандирсан болам, шу келингинамга Роббим Хақ Таъоло солих, солиха фарзандлар ато қилсин, менга мурувват билан қараганидан зиёда меҳрга Аллоҳим етказсин қизгинамни, менга қараб улгуриб, сенга ҳам таомлар ҳозирлаб қўйди Ханифахон – дея, боласининг таомланишига завқ билан қараб ўтирарди ойиси.

-Ойи мени Низомиддин ака чақиртирган экан, бориб учраб келай-чи, зарур иши бор шекили, - деб, дуо қилиб ўрнидан қўзғолди Шокир.

-Кўйлагингиз озгина кир бўлганга ўхшаб қолипти, ҳозир озгина тўхтаб туринг, бошқасини олиб чиқаман.

 -Бўпти олиб чиқинг – дея оёқ кийимини кийишга чоғланди Шокир. Ханифа кўйлагини олиб чиқиб, уни кийгизишга ёрдамлашган бўлди. Дарвозанинг олдигача кузатиб бориб, унинг қўлига қоғоз бериб:

 - Яхши бориб келинг, қайтишингизда ойижонимга мана бу зарур нарсаларни ола келинг, - деди.

-Ўзингизгачи, нима олиб келай?

-Менга ҳеч нарса керак эмас, ҳамма нарса бор-ку.

-Балким бирон нарса керакдир?

-Йўқ, сиз эсон-омон келсангиз бўлгани.

   Шокир қоғозга ёзилган нарсаларга кўз югуртираркан аёлининг тўқ қалбли эканлигига яна бир бор ич-ичидан суюнди. Келин бўлиб келганидан бери бирон нарса олиб келинг деб, айтган бўлса ҳам, фақат уй-рўзғоргагина зарур ашёларнигина айтади холос, “ўзингизгачи” деб сўралса, “Сиз эсон-омон бўлсангиз келсангиз бўлгани”, дея жавоб қилади. Бир куни Шокир:

-Бу сўзларингиз ҳозиргина вақтинча айтилаётган бўлса керак-а?! – деб айтган эди, Ханифа шундай дея жавоб берди:

-Ўзимга зарур ашё агар керак бўлиб қолса айтаман, олиб келсангиз сизга ташаккур айтаман, агар олиб келмасангиз сиздан ҳаргиз ўпкаламайман ва сира хафа бўлмайман.

   Аёли шундай деганига қарамай Шокир имконият бўлди дегунича, дўкон-расталардан жуфтига нарсалар харид қилиб олади. Низомиддин аканинг уйидан қайта туриб ҳам онасига қўшиб, Ханифага ҳам нарсалар сотиб олди. Шокир уйи томон юриб, олган нарсаларини яна бир карра кўздан кечирди. Онасининг олдига кирган эди, у ерда Ханифани учратмади.

-Ойи келинингиз қани?

-Сен кетганингдан кейин бирдан ўзини ёмон ҳис қила бошлади, “Хонангизга кириб, бироз дам олинг” деб, айтгандим, хабар олгин болам, нима бўлди экан келинимга.

-Хўп ойи!

   Ҳақиқатан Ханифа ўзини ёмон ҳис қилиб, безовта бўлаётган эди. Шокир ўйланиб ўтирмасдан тез ёрдам машинасини чақирди. Доктор аёл келиб кўргач, касалхонага зудлик билан олиб боришлари зарурлигини айтди. Тез ёрдам машинасидаги замбилда Ханифани кўтариб чиқишга Шокир ёрдамлашди. Кейин уйига, онасининг олдига кириб, касалхонага кетаётганини айтди

-Майли бора қол, болам! Илоҳим келинимга Аллоҳимнинг Ўзи шифо берсин, хато-камчиликларига каффорат айласин!

   Шокир тез ёрдам машинасидаги Ханифа жойлаштирилган ўринга яқин ўтирди. Ханифа ҳали ҳам ўзида эмас эди. Улар касалхонага етиб боришгач, доктор опа Шокирга коридорда кутиб туриши лозимлигини айтди. Ноилож қолган Шокир залда у ёқдан бу ёққа юриб, Яратгандан аёлига ёрдам беришини тинмай сўрарди. Ниҳоят ичкаридан чиққан ҳамшира қиз Ханифанинг ҳомиласига зарар етганини, у нобуд бўлганини айтди.

-Ўзи яхшими, кириб кўрсам бўладими?

 -Мен доктор опадан аввал сўраб кўрай, унаса кириб кўраверасиз.

-Тезроқ билинг синглим, илтимос!

-Хўп майли, сиз сабр қилиб кутиб туринг!

   Шокирнинг юраги санчгандек бўлди. Барибир нохуш хабарни эшитиш енгил эмас албатта. У истиржоъ (инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун)ни чин қалбдан айтиб, ўзини овутишга ҳаракат қиларди.

-Киринг ака, аммо елкангизга халат кийиб оласиз хўпми, бўлмасам мени уришади.

    Хижолатчиликка ўралган Шокир деводаги илгичда турган халатлардан бирини олдида, уни елкасига ташлаганича ичкарига шошди. Ханифани аҳволи боягидан ҳам аянчли аҳволда эди. У тинмай йиғларди. Шокирни кўриши билан унинг йиғиси яна тезлашди. Шокир аёлининг яноқларидаги кўз ёшларни артаркан, деди:

-Махзун бўлманг, Ханифа! Албатта ҳар бир машаққат, қийинчилик ортидан енгиллик бордир.

-Норасидамиз ҳалок бўлди, энди мен она бўла олмайман!

-Ундай деманг, норасиданинг тақдирига битилгани шу экан, биз шунга қалбимиздан рози бўлишимиз керак, нолишга ва шикоятга ўрин йўқ.

-Аллоҳимнинг Ўзи менга сабру-қаноат берсин, албатта мусибат етганнинг аввалида сабр этиш жуда мушкул, аммо ажри беҳисоб – деб, оғриқдан яна инграшга тушди.

-Сиз энди бораверинг, биз ўзимиз қараймиз, мен бугун навбатчи врачман, ҳамшира қизларга тайинлайман, тинмай аёлингизнинг ҳолидан хабар олиб туришади. Онангиз ҳам ўзлари ёлғиз қолдилар. Бориб, тинчлик эканлигининг хабарини айтинг. Албатта эрталабгача яхши бўлиб қолади. Бироздан сўнг оғриғи ҳам қолади, ҳижолат бўлмай кетаверинг! – дея Шокирга жавоб берди доктор опа.

   Шокир хомуш ҳолатда уйига қайтди. Онаси ўтирган уйга кириб, бўлган воқеани сўзлаб берди. Онасининг ҳам кўзларидан тирқираб  ёш оқа бошлади. Оиша ая ҳам истиржоъ айтди.

-Биз интиқлик билан кутаётган ишда имтиҳонга йўлиқибмиз болам. Сизлардан кўра кўпроқ мен набирали бўлишга жуда-жуда ошиқаётган эдим. Сен туғилганингдан бери гўдакнинг ҳидини қучишга муяссар бўлмадим болам. Гўдаклар – жаннат райхонларидир. Роббим барчамизга чиройли сабр қилишни ато этсин. Бу ҳаёт жуда ажойиб, болам. Боягина гаплашиб, гурунглашиб шодлик ичида ўтирган хонадонга мусибат тушиши билан синов юборилди. Инсон кўз очиб юмгунича не бўлишини билмайди. Барча махлуқот ҳам шундай. Аллоҳимизнинг тақдирига иймон билан турамиз болам, келиним эсон-омон бўлсин, Роббим унга шифо бергин! – пичирлаб дуо қилишга киришди Оиша ая.

- - -