Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 5-қисм (Адабий – бадиий нашр)

2261 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 5-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Шокир онаси айтгандек ўгай дадасининг яхши парвариши ва тарбияси орқали илм эгаси бўлиб улғайди. Мактабни аъло баҳолар билан битиргач, ўқишини олийгоҳда давом эттирди. Ўша ота ҳомийлигида опаси турмушга узатилди, ўзи ҳам уйланди. Аммо умр деганларидек Шокирнинг янги куёвлик палласида Нуриддин оға оламдан кўз юмди. Йигирма йилча қурган Оиша аянинг турмушлари жуда барокотли бўлди. Оиша ая эрининг ўлимидан уч ой ўтмай, бетоб бўлиб ётиб қолди. Шундан бери туриб–туриб оёғининг шишиб, мадорсиз бўлиб қолиш дарди Оиша аяни безовта қилиб туради. Ўғли Шокиржон эса уни олдида доим ҳозиру – нозир. Бегона ўлкага – Туркияга ишлагани боргач, онасини ҳам бирга ола кетиб, у ёқда ҳам шифокорларга кўрсатди, муолажа қилдирди. Қайтиб келишгач эса, мана тўйга тараддуд, Шокиржон ўзи ҳаракат қилиб, қайлиқ излашга уриниб қолган палла... Шокир Низомиддин ака билан йўлиқишгач, унинг хурсандлигидан ва хушнуд кўринишидан иши олдига силжиганини сезди. -Шокиржон Аллоҳнинг Ўзи ишимизни бароридан келтирди. Қизнинг амакисининг ҳам кўнглига яхшилик солиб, маслаҳатимизга кўнган бўлди – деди Низомиддин ака.

– Алҳамду лиллаҳ! Аллоҳнинг Ўзидан бошқа куч – қувват эгаси ва Мададкоримиз йўқ! Солих ака маъқул бўлган бўлсалар тўйни тезлаштираверамиз, Низомиддин ака! Жиянининг розилигини олса бас, зарур ишларни амалга ошириб, тўй кунини белгилаб қўямиз, иншааллоҳ, - деди Шокир.

   -Иншааллоҳ, илоҳим барокатли жуфтлардан бўлишни, солих фарзандлар кўришни сизларга насиб этсин!” – яхши тилак билдирди Низомиддин ака.

   Шокир уйига киргач, Оиша ая Шокирни сўроққа тутди:

   -Ҳой болам, суюнчи хабарми? Солих аканг нима деб, жавоб қилибди?

   -Ҳа ойи! Яхши хабар, рози бўлипти. Энди жиянидан розилик олсалар, тўйга дуо бераверасизда – деди кулиб Шокир.

   -Албатта жияни Ханифа ҳам рози бўлади, болам! Бечора қиз аввалги турмушидан рўшнолик кўрмади. Ҳаётнинг аччиғи ортида ҳам ҳикматлар кўп! Боласидан ажрабди, уйи – жойидан ажрабди. Аммо, амакиси ва келинойиси барака топгурлар сабаб, иймони бус – бутун бўлишига эришди. Тунов куни қўшниларидан бир аёл мендан ҳол – аҳвол сўрагани келган эди. Ўша аёлни айтишича, Ханифа амакисиникига келгандан бери тубдан ўзгариб, яхшигина аёлга айланибди, - дея, уйига келажак келинини мақтагандай бўлди Оиша ая.

     -Опам ҳам ҳар доим телефон қилганда, Ханифа ундоқ, Ханифа бундоқ деб мақтагани, мақтаган.  Ахир одамзотни бунчалик мақтаб бўлмайди–ку ойи?! – деди Шокир.

   -Тўғри айтасан болам, лекин инсонга яхшилик билан гувоҳлик бериш айб эмас! Опангни айтгани мақтов эмас, балки у Ханифанинг бор сифатини айтган холос. Опанг Ханифани яхши танийди, айниқса Ханифанинг келинойисининг баҳоси ҳам тан олинадиган баҳо! У солиха аёл! Шунинг учун опангни ёшлигидан Собирахонга шогирдликка берганман. Ханифа ҳақида опанг шунинг учун яхши маълумот тўплаган! Сенга тинмай “Кел!, Ханифага совчи қўй, ойи тезроқ келинглар” дейишида жон бор–да болам! – деди Оиша ая.

   -Ҳа ойижон, опамни атайлаб Собира опаникига “хуфяликка” га қўйиб кетган экансизда, “Сўққабош укангга жуфт топ”, деб-а. “Собирахоннинг уйига яхши қиз – жувонлар келиб туради. Танла – сарала” деб, тайинлаган экансизда – а? – деди ойисига ҳазил аралаш.

   -Хуфяликми, бошқами менинг ишимга аралашма болам! Ханифани ўзинг кўр, агар рози бўлмасанг , “Ойи менга жуфт танлашда адашибсиз”, дейсан. Опангга ҳам шундай дейсан. Ихтиёринг ўзингда болам, сизлардан солих фарзандлар қолса, ўша энг яхши ютуқ бизга болам. Одам боласининг вафот этганидан сўнг учта етиб борадиган яхшиликлардан бири солих фарзанддир! Сизларнинг дуоларингиз,яхши амалларингиздан қабрга киргач, баҳра олай деяпманда болам! – деб хўрсинди Оиша ая.

   -Ойи, ҳали кўп ва барокотли умрлар кўринг, биз эса сизнинг дуоларингизга эҳтиёжимиз бор! Сизларнинг дуоларингиз биз учун, пайғамбарларнинг умматларига қилган дуолари янглиғдир, ойи! – деди Шокир ялинганнома.

   Она – бола суҳбатини эшикдан Шокирнинг опасини кириб келиши бузди. Шокир ўрнидан туриб:

   -Келинг опажон! – елкасини опасига зиёрат учун тута туриб сўрашди.

    Опаси уни елкасидан зиёрат қилгач, онасига юзланди. Уни ўрнидан қўзғатмай, ўтириб юз–кўзидан ўпиб, бағрига босди. Онаси опа–ука кичкиналигиданоқ ўғил – қиз махрамларни кўришиш маданиятини таълим бериб, ўргатган эди. Ажнабий, ғайридинларнинг одатларини суймас, соф инсоний туйғуларни эътибор қилар эди.

   -Келдингми қизим? Куёв болам, болаларинг яхшими?  – деб сўради Оиша ая.

   -Ҳа алҳамду лиллаҳ, ҳаммалари яхши! Сизларга ҳам салом айтишди. Куёв болангиз ҳам, невараларингиз ҳам: “тўйни тезлаштиринглар, бир валийманинг ошидан ейлик”,  деб қолишди – дея, укаси Шокирга кўзининг қири билан қараб қўйди.

   -Опажоним-ей, келсаларингиз доим эшигимиз очиқ! Поччам, жиянларимга тўй бўлмаса ҳам ош қилиб бераверамиз! Сизларга хизмат қилиш – менинг шижоатимга шижоат қўшади, опажоним. Дадамни эслолмасам ҳам, сизни кўрганим замон, марҳум отамни кўргандек бўламан! Сиз менга отамдан ёдгорликсиз, опажоним! – дея тўшакка ўтирди Шокир.

   -Шокиржон-ей, тўй-валийманинг оши бошқа пайтдаги доимий таомлардан фарқи бўладику, ахир! Айнан ўшанга айтишди–да – деб,  яна тўйга киноя қилди опаси.

   Оиша ая қизи ва ўғлининг меҳр тўла сўзлашувига ҳавас билан қараб тўймасди. Уларнинг бир – бирларига бўлган мухаббатлари онайизорнинг ҳатто кўзларига қатра – қатра кўз ёшлари келишига сабаб бўларди.Марҳум эри доим: “Роббана ҳаблана мин азважина ва зурриййатина қуррота аъйун. Важаъална лил – муттақийна имама”, - деб дуо қилар ва Оиша аяга ҳам “шундай қилиб юр” – деб тавсия қиларди. Яна изоҳ бериб айтардики:

   “Ҳаммамизнинг қалбимиз Аллоҳнинг қудрат – қўлидадир. У қалбларни ўзгартиргувчидир. Агар биз Ягона Аллоҳимиздан фарзандларимиздан “кўзимизни қувонтирадиган”ини сўрасак, албатта беради. Аммо биз ўзимиз ҳарчанд уринсак ҳам, фарзандларимизни итоатли, муъмин – мусулмон қила олмаймиз. Ҳаракат, меҳнат қилиб, фақат ёрдам ва нажотни ҳамда фарзандларимизнинг салоҳияти, камолотини Қодир Аллоҳдангина илтижо қилиб, сўраймиз”!

   Марҳум эрининг ўша тавсияларига оғишмай амал қилган Оиша ая йиллар ўтибдики, икки фарзандидан гўзал оқибат кўриб келяпти. Фарзандлари ҳам бир – бирлари билан шу қадар иноқки, бир – бирини икки ҳафта кўрмаса излашга тушишади. Зиёрат қилишда гўё ким ўзар ўйнаётгандек хонадонлари ўртасида елиб – югуришади. Мусофир юртда юрганида ҳам тез – тез қўнғироқлашиб турганининг боиси ўша. Шокирнинг аёли туғруқхонада боласи икковлон қазо бўлганда, энг кўп қайғурган ҳам опаси бўлди. Укасининг бошидан силаб, кўнглини кўтарган, мотам тугагач то ҳозирги кунга қадар келин излаб, укасига ёр саралаб, елиб-югураётган ҳам опасининг ўзидир!

    -Ойижон, келишимдан аввал Собира опага йўлиқдим. Ҳол–аҳвол сўрагач, Ханифани фикри қандай, деб сўрадим. Солих ака Собира опа орқали жиянининг фикрини билмоқчи бўлган экан, Ханифа: “Амаким нима деса, мен ўшанга розиман. Шокир ака ҳақида онаси, опаси ҳақида фақат яхши сўзлар эшитганман. Улар ўзлари мени келин бўлишимга рози бўлсалар бўлгани”, дебди. Шокир Низомиддин акани жўнатган экан. Мен у киши Собира опаларникидан кетган чоғда кириб борипман. Энди тўй куни белгиланса бўлгани–а, укажон? – деди опаси Шокирга.

   -Ҳа албатта - деди ҳижолатчиликдан юзи қизарган Шокир. Ўрнидан туриб, эшик томонга юриб, чиқишга ҳозирлик кўрмоқчи эди, онаси деди:

   -Шокиржон болам, агар опанг айтганларидек улар рози бўлсалар, сенга ҳам маъқул келган бўлса, келаётган жума кунига валимани белгилашга ҳаракат қилгин. Яна Солих аканг ва Низомиддин аканг билан ҳам кенгашиб кўринглар!

   -Хўп бўпти, ойи! – ҳаё аралаш жавоб қила олди Шокир. Онаси ва опасини ҳоли қолдириб, кўчага отланди.

   Солих ака Ханифани раъйини билгач, ишни пайсалга солиб ўтирмади. Дарров кийим – бошини алмаштириб, Низомиддин аканинг уйига жўнади. Баҳор нафаси уриб, ерлардан кўм – кўк майсалар бош чиқариб қолган, тол новдаларидан ҳам янги фасл ўзгаруви билиниб турарди. Бу фаслнинг инсон боласига ёқимли томонларидан яна бири  қалбда яхши ишлар учун умиднинг пайдо бўлишидирки, Солих ака айнан ўша яхши ишлардан бўлган жиянини узатишга қарор қилиб, йўлга чиққан эди.

   Низомиддин аканинг ҳовлисига етиб келгач, кўчада ўйнаб юрган неварасига кўзи тушди.

   -Ҳой бола, Ассаламу алайкум! Бобонг уйдами? – сўради Солих ака.

   - Ва–алайкум ас–салом! Ҳа уйдалар! Тоғажон мен сизга салом бериб улгурмасданоқ, нега сиз менга салом бердингиз?– таажжубланиб сўради болакай.

   -Суюкли пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ёшлари кичикроқ – сендек болачаларга ҳам биринчи бўлиб салом берарканлар. Мен сенга берган саломимга нега ҳайрон бўласан?! – деди Солих  ака.

   Шу пайт худди пойлаб тургандек Низомиддин ака дарвозани очиб, ичкаридан чиқиб келди ва:

   -Солих тоғангга ҳеч ким олдинроқ салом беришга улгура олмаса керак. Доим ҳаммадан олдин салом беришга шошадилар – деб, саломлашиб қўлини Солих акага кўришиш учун чўзди. – Келинг мархабо, хуш келибсиз, қани ичкарига! – деб Солих акани уйига таклиф қилди.

   Иккалалари ичкарига бир – бир кетин кираркан Солих ака ён чўнтагидан боя йўлда келаётиб, дўкондан олган қандчаларнинг уч – тўрт донасини биринчи берилган саломдан таажжубланган болакайга узатди. Болакай қандчани оларкан, Солих акага миннатдорчилик билдирди. Солих ака ана ўшандай ҳамёнида бирон қўлга илингудек нарса бўлсай-ла, кичкинтой ўғил – қизларга бериб юрар ва сахийликни жуда севарди.

   Улар кириб ўтиришгач, болакай аёллар киргизиб юборган дастурхонни келтирди. Низомиддин ака меҳмонга дастурхон ёзди, ташқарига чиқиб, яна бошқа нарсаларни олиб кира бошлаган эди, Солих ака унга гапира бошлади:

    -Сиз оворагарчилик қилмай ўтиринг, мен бояги иш бўйича келганман. Агар иложи бўлса, тўй кунини белгиласак, икки жуфтга дуо қилиб, кетсам яхши бўларди.

   -Хўп майли, чой ичгач, ишни маслаҳат қилаверамиз. Энди биз оддий танишлар эмас, турмуш қураётганларга ҳомий сифатида қуда – анда ҳам бўлдик. Сиздан олдинроқ Шокиржон келиб, агар Солих акалар рози бўлсалар, келаётган жума кунига валимани белгиласак деб айтди. Сиз нима дейсиз? – сўради Низомиддин ака.

    -Ханифа жияним биз рози бўлган келин бўлиб тушишига рози эканлигини келинойисига билдирибди. Шокиржон валиймани қайси кунга деган бўлса, биз ҳам ўшанга қўшиламиз. Энди менга рухсат берсангиз, уйдагиларга бўлган келишувни бориб айтсам – дея кетишга изн сўради Солих ака.

   -Бунча шошилмасангиз, уйдагилар таом ҳозирлашаётган эди. Тамадди қилиб, кейин борардингиз – деб илтимос қилди Низомиддин ака. –Аллоҳ яхшилик билан сизни мукофотласин, иншааллоҳ тўйни қилаверайлик, кейин кўп гаплашармиз – ўрнидан дуо қилиб қўзғалди Солих ака ва Низомиддин ака билан хайрлашиб уйи томонга жўнади.

- - -