Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 2-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1793 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 2-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Ханифа Собира аяларнинг уйига келаркан, уларнинг тарихидан хабардор инсон Собира аяни Ханифаларнинг оиласига ҳеч қачон яхшилик эшигини очадиган аёл деб, ўйламаса керак. Сабаби, Собира ая бу хонадонга эри Солих ака билан кўчиб келгунларига қадар, қайнонасининг уйида овсини, яъни Ханифани онаси билан бир ҳовлида яшар эди. Ханифанинг онаси бўлар – бўлмасга жанжал чиқарар, қайнонасига Собира ая ҳақида бўлмағур сўзлар билан чақимчилик қилиб, ёмон кўрсатарди. Собира ая бу ғавғолардан безор бўлиб , эри Солих ака ишдан қайтган кунларнинг бирида, овсини ва қайнонасининг ғалваларидан нолиб йиғлади. Солих ака нон ушоқларини дастурхондан аста териб, оғзига солди. Уни майда чайнаб, чуқур ўйга толди. Собира ая эса яноқларига оқиб тушган кўз ёшларини артиб, эрининг не дейишини пойлаб, жим ўтирди.

     -Ҳар–бир нафс ўзи қилган ишга жавобгар бўлишида ҳеч қандай шак – шубҳа йўқ! Онамдан ҳаргиз аламзада бўлмагин! У менинг жаннат эшигимдир. Чунки Каъбул – Ахбор исмли аллома айтганларидек: “Луқмон ўз ўғлига: ота – онани жаннатнинг эшикларидан бўлган эшик, деган эканлар. У яхшими, ёмонми мени туққан, мени боқиб катта қилган, йиғлаб ухламаган тунларим бешигим олдида бедор бўлган. Менинг униб – ўсишим онайи зоримни шод қилган. Албатта мен  онамни сенга қилган ишларида оқламоқчи эмасман. Сен унга яхшилик қилишда бардавом бўл! Дуоларингда ўрталаринг ислоҳ бўлишини унутма!

    Овсининг масаласига келсак, у – укамнинг жуфтидир! У – жаҳолат  соҳибаси бўлса, сен – маърифат  соҳибасисан. Ҳар қандай жаҳолат тубанликдир, маърифат  эса юксакликдир. Маърифат кишиси жаҳолат эгаси каби тубан бўлишдан сақланмоғи лозим. Демак, сен ўзингни жаҳолат сари пастлатмагин!  Силайи – рахмга қарши  иш кўриш бизга лойиқ эмас! Собира, ўз номингга  монанд тарзда – сабр ва қаноат қилгин! Ўзинг биласанки, сабр билан етишган нарсага, мол ва куч – қувват орқали етишиб бўлмас! Шундай ораста бўлгинки, овсининг сенга чоҳ ковлаб, ўзи чарчаб толиқсин. Сен унга парво қилма, яхшиликни, чиройли муомалангни  унинг ўзигагина эмас, ҳатто болаларига ҳам қилавер! Ажрингни албатта Аллоҳнинг ўзи беради.

   Собира ая эрининг сўзларини диққат билан эшитар экан, деди:

     -Хақ сўзни айтдингиз, дадаси! Иймонимнинг заифлиги туфайли бу синовни кўтара олмай сабрсизлик қилдим. Китобни ўқиш, тушиниш бошқа, ҳаёт – унинг ичида амал билан тура олиш – бошқа иш эканлигига энди амин бўляпман. Сизга онангиз ва келинингиз ҳақида сўзлаб, дилингизни оғритганим учун узр сўрайман. Сизнинг ўгитларингиз мен учун оламни туҳфа қилганингиздан қадрлироқдир. Агар оламни туҳфа этиб, менга тутқазсангиз уни сарф этиб, адо этишим ва тугатишим мумкин. Ёки оламнинг ўзи қиёмат бўлиши билан вайрон бўлади. Аммо сизнинг насиҳатларингизни  эшитиб, унга амал қилиш ортида, бебаҳо неъмат бўлган – Аллоҳнинг ризоси бордир!

   Собира ая айтган сўзлар Солих акани ҳам қалбига ларза олиб келди. Аёлининг яноқларидаги кўз ёшларни артар экан, шундай солиҳа, сўз гапирилса англай оладиган жуфтни ато этган Аллоҳ Табарока ва Таъолога ич – ичидан хамд ва санолар айтди. Мана шундай равишда оғир дамларни бошидан кечириб, қаноат билан ўтказган эдилар. Аллоҳ сабрларига яраша, унданда зиёда яхшиликлар билан рўшноликлар ато этди.          

   Собира ая Ханифани меҳмонларга қилинажак эҳтиром билан қарши олди ва таёрлаб қўйган хонага жойлаштирди. Пишириб қўйган таомини идишга солиб Ханифа учун таёрлаб қўйган дастурхонга чойнакдаги чой билан олиб келди. Онаси кўрсатмаган илтифотни кўрсатди. Буни бугун келгани учун кўрсатилаётган иззат – икром деб ўйлаган эди. Лекин бу иззат, кунлар ўтсада совумади, балки янги қадрловларга кўмила борди. Ханифа келинойиси Собира аяни бу қадар кенг феълли, очиқ дил, биров билан тез кўнгил топиб кета оладиган меҳрибон аёл эканлигини билмаган экан.Боласини Яратганга топширгани андуҳи, эрининг бевафолик қилиб аро кўчага ташлаб кетган оғриқлари Собира ая муомаласида туманлар орасида кўринмай  қолиб кетган излар сингари бўлди – қолди.

   Собира ая қўлига обдаста ва сочиқ олиб эри Солих ака шарпасини билган ҳамоноқ олдига пешвоз чиқди. Қирқ йилки, Собира ая эрига тавозеъ билан муомала қилиб , эшикдан кириб келиши биланоқ очиқ чеҳра билан “яхши келдингизми” дея, кутиб олади. Бу сафар Ханифа келинойисининг қўлидан обдаста ва сочиқни “ҳай – ҳай” лаганига қарамай олди ва амакисининг қўлига  сув қуйди.

   -Барокаллоҳ қизим, барокаллоҳ! Аллоҳ сени гуноҳлардан покиза этсин! – дея қўлини артди амакиси.

   Мусибатдан ҳали ҳануз тўла ўзига келмаган Ханифа супа четига ийманибгина ўтирди. Амакиси тўшакка ўтираркан, юзига фотиха тортди, аёли олдига қўйган таомдан ея бошлади.Собира ая чойнакдан чой қуйиб эрига узатди ва жимликни бузди:

   -Ханифахон сизларни безовта қилиб қийнаб қўяпман, дея хижолат бўляпти. Мен эса: “Нега амакингизнинг хонадонидан хижолат бўласиз, ҳеч тортинманг”, десам ҳам, онамникига кетсаммикан деяпти.

    -Ханифа ҳали ёш, энди йигирма баҳорни қарши олди, холос. Уни устига илман ҳам ёш, ҳали ўқиши керак, ҳаёт не эканлигини, охират, хисоб – китоб нима эканлигини теран тушунишлиги керак, - дея гап бошлади Солих ака. – Уйига бораман дегани билан яқинда укаси уйланади.Янги келин олдида қайнопа ўз иффатида, виқорида тургани яхши. Ҳар куни у ерда, онасиникида бўлиш – одобдан  эмас! Қайнопа – укаси  бор уйга фақат меҳмон бўлиб бориб, меҳмонлик иззатида қайтиши лозим! Яна она олдида турган қиз онага кўп изтироб, қийналишни елкасига юклайди. Онаси бечора кўп қийинчилик кўрган аёл! Ханифанинг шу кунгача кўрган машаққатлари – онасига  жуда етарли! Шунинг учун мен укам хонадонига ортиқча юк, ортиқча машаққатни ҳоҳламайман! Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам амакиси Абу Толиб қийналиб қолган кезда бошқа амакиси Аббос розияллоҳу анҳу билан маслаҳатлашиб Абу Толибнинг болаларини уйларига олиб кетишган. Аббос Жаъфарни, пайғамбаримиз эса Алини олган. Мен Ханифани бахтли бўлишини ҳоҳлайман. У иддаси чиққунига қадар сендан таълим олсин! Ёшлик, бебошлик қилиб ислом таълимларидан анча йироқ бўлиб ўсган. Уйидагилари ҳафсала қилган эмас. Кейин эса, тақдир албатта, яхши ўриндан куёв бўлса узатамиз! Ҳозирги аёлларга қўйса йиллаб турмуш қуришни билмайди, ёки баъзилари идда сақламасдан “ошиқ – маъшуқ” ини топиб кетаверади. Бу ишлар шариатга хилоф! – деб қўлини артди Солих ака.

   Бу ўринда айтилган гап, куёвга узатиш масаласи Ханифага ўринли сўзга ўхшаш бўлмасада, амакисининг хайриҳоҳликдан айтаётган, ҳомийларча насиҳатига бирон нарса дейиши қийин эди.

     -Ҳозирги ёшларнинг аксари турмуш ишидан бехабарлар. Тўйдан олдин сеп тайёрла, уй тайёрла – ишларидан  бўшашмайди. Кейин тўйдан ой ёки йил ўтмасданоқ, хонадонларда ғалва – жанжал гўё ўрмонга ўт кетгандай кетади –гапини  давом этказа бошлади Солих ака. – Диндорини танлагин деб, хадисдан насиҳат қилиб турсангда на йигит, на қиз гап уқади. Ўзларининг сохта хом – хаёлларига, қош – кўзларига қараб жуфт танлаб, ёндим – куйдимни бошлашади. Хонадон катталари ҳам бемаза орзулар оғушида сармастлар холос! Уларга шириндан шакар набиралар, тоза насл унча муҳим эмасдек!

   -Насибахон қўшнимиз ҳам кеча қудаси қилган жанжалдан шикоят этган бўлувди. Тўй олдидан сизлар айтган сўзларга унчалик эътибор бермаган эканмиз, дея хижолат бўлди, - деб эрини сўзига илова қилди Собира ая.

    -Таомлантирган, сувлантирган ва бизларни мусулмонлардан қилиб яратган Аллоҳга хамд бўлсин! – деб, юзига фотиха тортди Солих ака. Бу унинг сўз тугади, дастурхонни йиғиштирсанглар ҳам бўлади, деган ишораси ҳамдир.

   Ханифанинг шу тарзда амакисиникида истиқомати бошланди. У ҳар тонг Собира аядан тахсилни қунт билан ўргана борди. Кунига ҳатто икки – уч маротаба янгилаш ишини ҳам амалга оширадиган бўлди. Солих ака айтганидек ҳаёт ҳақиқатини, унинг ўткинчилигини, фақат эзгу ишларгина инсонни дунё ва охират машаққатларидан халос этишини англай бошлади.

- - -