Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 1-қисм (Адабий – бадиий нашр)

1585 Ko'rilgan Метин қалъа

“МЕТИН ҚАЛЪА” 1-қисм (Адабий – бадиий нашр)

Пешиндан бери осмонни қоплаб турган қора булутлар орасидан асрга яқин момақалдироқнинг гулдираши ва бир неча бор чақмоқнинг чақишидан сўнг ёмғир қатралари томчилаб ёға бошлади. Асрдан кейин эса ёмғир ёғиши ёз фасли бўлсада, худди баҳордаги жала янглиғ тезлашиб туша бошлади. Чопқин дераза – ромларга ҳам урилиб, ёз офтобида қақраб қолган ерлар мазза қилган ёш боладек чанг – чунглардан тозаланди, сув кўпроқ тушган жойлар эса беғубор, силлиқ ва сирпанчиқ ерга айланди. Ханифа токчасига гултувакка ўрнаштирилган гуллар орасидан дераза орқали ёмғир манзарасига тикилганича, қувончли ўй – фикрлар оғушида қўлини иягига қадаганича турарди. Бугун таййорада учишадиган куёви, эрталаб – тонг саҳарда қайнонаси билан хонадонига кириб келишини тасаввуран хаёлидан ўтказди.

Қайнопаси шомга яқин болалари билан келиб, Ханифаларникида тунаб қолишини бояроқ телефонда айтган эди. Уларнинг келишига  ҳозирлик кўрган Ханифага жияни Хадича ҳам югургилаб ёрдам берган бўлди. Ханифа ўзининг беш йиллик куёви билан қурган турмуши, ундан аввалги ўзи учун аянчли ҳисобланган биринчи турмуш машаққатлари ва умри давомида кечган баъзи воқеалар кўз ўнгида гавдаланиб ўтди.                                                                                         

    Ҳозирги куёви Шокир билан эскидан таниш ва бир кўчада яшаган бўлишларига қарамай, унга унча эътибор бермай юрар экан. Мактаб кезларида аъло баҳолар билан ўқиб, мактабнинг аълочилар рўйхатида Шокирнинг бор эканлигини элас билади. Мактабни битиргач уйидан совчилар қадами узилмай қолди. Бири кетса, бири келади. Ниҳоят, ота – онасининг розилиги билан уч – тўрт маҳалла наридаги Ҳошим исмли бир йигитга турмушга узатилди.

   Турмуш қуриш палласига етган бўлишига қарамай Ҳошим, рўзғор ишларига ва рўзғорда зарур нарсаларга бепарво эди. Аммо таом ейишни ҳоҳлаб қолса, уйда нима бор, нима йўқ деб ўтирмасдан “таомни олиб кел!” дея, дўқ урарди. Ханифа унинг дағдағаларидан юрак олдириб қўйгани учун доим ишларни ораста қилиб, онасиникидан топиб – тутиб келган нарсалардан бирон нарса ҳозирлаб қўяр эди. Биринчи бор ҳайдалиб, онасиникига кетган кунги можаро ҳам аввалгидек таом тайёр эмаслигидан бошланди.

   Жамлаб қўйган кир кийимларни тоғорага солиб юваётган Ханифа олдига дарвозани қия очиб, қўли чўнтагида Ҳошим кириб келди. Ханифанинг ён томонидаги супага ўтириб, эснади. Оғиз тишлари, ҳатто кичик тили ҳам ошкор кўринди. Худди балиқ еявериб, тишларини тозалаш учун денгиз қушчаларига ланг очиб берадиган тимсоҳлардек келбат ҳосил қилди. Кейин Ханифага қовоқ уйганича қараб:

 - Нима овқат тайёрладинг! – деди керишиб.                                                                    – Ҳеч нарса тайёрлай олмадим. Уйимизда бир бош пиёздан бошқа нарса йўқ, - деди  оҳистагина Ханифа.                                                                                                                  – Идишлардаги ёғларни силқитиб, озгина бўлса ҳам таом қилмапсанда – деб,  ўрнидан қўзғала бошлади Ҳошим.

   Тўғри ўчоқ томонга бордида, ёпиғлиқ идишларнинг устини очиб кўрди. Кўзига бирон нарса илинмади шекили, ликопчалардан бир – иккитасини ёнидаги бетонга уриб, чил – чил синдирди. Испанлар ҳўкиз ўйинидаги қизил матоҳни кўрган ҳўкиздек кўзи қонга тўлди. Энди у кир чайқаётган Ханифа томон юриб бордида, унинг олдидаги тоғарани тепиб, ағдариб юборди. Ханифа уст – боши тоғорадан сачраган совунли сувдан шаллабо бўлди.

   -Мен доим тахқирланаман. Ўз уйимда қорним тўйиб овқат еёлмайман. Бор нарсаларни ҳам онангникига, опангникига ташиб, йўқ қиласан. Баҳонанг таом қилгани, у йўқ, бу йўқ  деб нолийверасан. Сенга ўхшаган бемаза хотинни уриб, мажақлаб ташлаган одам хуморидан чиқади, - дея Ханифанинг сочидан тутди.    Юз – кўзига аямай тарсакилаб, жамланиб турган кир кийимларнинг устига туртиб юборди.

   Ханифа аввалига индамай турган эди. Калтак аламига ҳам қаноат қилар эди. Лекин йўқ нарсаларни “онангникига, опангникига ташиб,  йўқ қиляпсан” деган туҳмат сўз уни чидаб туришига йўл бермади.

   -Уйимизда сичқон торткулик нарсанинг ўзи бўлмаса, нимани онамникига, опамникига ташийман?!  Аслида сизни омборхонадек  қорнингизни тўйғазиш учун мен уялиб, йўқ опкетмайман десам ҳам онам айтмасаям, опам нарсаларидан чегириб бизникига берадику, ахир!

     -Унингни ўчир! Эрга гапириш деса, аждарҳонинг оғзидаги оловидек менга ўт сачратасан! – ўшқирди  Ҳошим.

   Можаро ярим соатча давом этгач, Ҳошим қўшниларнинг ялинишига ҳам эътибор бермай Ханифани уриб, сўккач онасиникига кетишга мажбур қилди. Ханифа қорнидаги норасидага бирон – бир кулфат савдоси тушиб қолмасайди деган хавотир билан нарсаларидан енгилроқ олиб уйига жўнашга мажбур бўлди.

   Ҳошим Ханифанинг кўзи ёригунича ҳолидан хабар олмади. Эшитишича, уйида бор буюмларни унга олиб чиқиб сотиб, бунга олиб чиқиб сотиб, тирикчилик қилишга ўтибди. Туғруқхонадан чиқишига бир кун қолганда, ярим тунда юпун кийинган ҳолда пайдо бўлди. Уч – тўрт ой қорасини кўрсатмаган эр хотини олдида ўзини айбдор ҳис қилгандек, минг кечиримлар сўраб, ўғли билан Ханифани тўғри уйига олиб кетишини изҳор қилди. Ханифа у билан кетишни истамасада, онаси уйида ортиқча юк бўлиб ўтиришини ҳоҳламас эди. Яқинда укаси Хабиб ҳам уйланса, хонадонларига янги келин келади. Шу ўйлар билан эртаси, кетишга туғруқхонадан рухсат берилса, эриникига боришга жазм қилди.

  Ҳошим ўзининг сўзи камон нишонига етиб боргандек етганида жуда хушнуд бўлди. Эртаси куни уйига жўнадилар...

   Бу ислоҳ жараёни узоққа чўзилмади, балки тонгда барглар устига тушган шудринг томчиларидек офтобда тезда силқиб, қуришга тушгандек барбод бўлиш ёқасига келди. Энди Ҳошим хотини Ханифанинг тақинчоқларига чанг солиб, уни боласига у нарса, бу нарса харид қилиш баҳонасида пуллашни одат тусига киргизди. Отасидан ёдгорлик бўлиб қолган зираси ҳам жавондан ғойиб бўлгач, Ханифа чидаб туролмади.

     -Бу нима қилган қилиғингиз? Эр деган – ўзи меҳнат қилиб, топиб – тутиб уйига бирор нарса олиб келади. Ана қўшнимиз Дилмурод ака аёлини, фарзандларини бировларги хору – зор қилмай, оқ матоҳга ўрагандек қарайди. Сиз бўлса, туғуруқхонадан олиб чиқишда чақалоқ киядиган бирон нарса олиб бериш ўрнига сарсон кўча кездингиз, болангизга зарур нарсалар олиб келиш баҳонаси билан олган тақинчоқларимнинг пулларини  кўкка совурдингиз. Энди эса уялмасдан мархум отамдан қолган зирани ҳам ғойиб қилипсиз, - дея кўзига ёш олди Ханифа.

   -Нималар деб валдираяпсан, индамаса?!  Дилмурод акангнинг бекаси бўлгинг келиб қопти шекили – а?! Рўзғорини орзу қилиб қопсан?! Зирангни сотган бўлсам, болангга ҳам, сенга ҳам сарфладим. Бир ўзим еб ташлаганим йўқ! Уканг Хабибга тўйона сотиб олдим, - дея оқлай бошлади ўзини Ҳошим.                                                      

   Ханифа йиғлай – йиғлай бу ишни ҳам унутишга ҳаракат қилди.Икки кун ўтгач, ўғли қаттиқ иситмалаб қолди. Кўча бошидаги поликлиникага кўрсатди, бўлмади. Иситма ҳарорати соат сайин кўтарилишдан пасга тушмасди. Ҳошимдан эса кечадан бери дарак йўқ. Хуноби ошган Ханифа боласи бошида парвона. Қўшни аёлнинг маслаҳати билан касалхонага боришди. Тезлик билан қилинган чораларга қарамай, реанимация палатасида норасида ўғли жон берди. Раҳимсиз ота гўдак ерга қўйилгунга қадар дараги бўлмади.

   Ханифа фарзандидан ажрагач, ғамига яна ғам қўшилиб, оиласининг машаққатидан амакиси Солих акага арз этди. Солих ака жияни,  укасидан ёдгорлик бўлган Ханифанинг синиққан кўзларига тикилганича унинг дардларига сукут сақлаб, қулоқ солди. Жияни Ханифа турмуш қурганига кўп йиллар бўлмаган бўлсада, турмуш изтироблари уни анча машаққатга солиб қўйган эди. Солих ака Ханифанинг аввалги низо – можароларига шунчаки ғалва қабилида қараган эди. Аммо кейинги жанжаллар, куёви Ҳошимнинг курак кўтаролмайдиган ҳунарлари анча хунобини келтирган эди. Солих  ака муъмин одамлар сирасидан. Бошқаларга қараганда оқилроқ фикр қилиб, чуқур мулоҳаза юритади. Номига ўзини мусулмон санаган, аслида юриш – туриши, хулқи исломга ёт кимсаларни кўргани кўзи йўқ.

   Жияни Ханифани бир йил давомида бошига жиддий рўмол ташлаб, намозга эгилиб қолишига ҳам сабабчи бўлган. Ханифа ҳам унинг амаки эканлигидангина эмас, балки доно инсон эканлигидан унга дардини тўкиб солган эди.

    -Қани эринг келсин, батафсил гаплашгач, оиланг масаласини ечиб оламиз, узоқ сукунатдан сўнг Солих ака.

   Ханифа ўзининг устидан тоғ қулагандек енгил ҳис қилди, аммо қоронғу ерга қўйиб келган болажонисининг ҳижрони кўзига қатра – қатра ёш келишига сабаб бўларди. Солих ака бундай пайтда ўзининг барча ҳавас қилгудек, насиҳатомуз сўзларини виқор ва муъминларга хос салобат билан гапира бошладилар. Бу вақтда Ханифанинг онаси ва укаси Хабиб ҳам ташқаридан уларнинг даврасига кириб қўшилган эди.

   -Қизим! Сенинг болангни ўлими инсоният боласининг биринчи ўлими эмас! Бундан аввал ҳам бир неча оналар ва оталар ўз жигарпораларини ер қаърига қўйганлар. Ўтмишимиз бундай таҳликали кунларнинг кўпига гувоҳ. Айниқса пайғамбар  хонадонини бундай ўлимлар четлаб ўтган эмас. Суюкли кишимиз Мухаммад алайҳис – салом бир неча фарзандларини ўзи ҳаёт кезларидаёқ қабрга топширганлар. Ўғли Иброҳим вафот топганда, кўзларига у зот ҳам ёш олганлар. Сабр қил, қизим!  Албатта сабр қилсанг, Аллоҳ сени ноумид қилмайди! Йўқотган нарсангни ўрнига бошқа нарса ёки унданда афзалроғини беради!

   Ханифа, унинг онаси ва укаси Солих аканинг таъсирчан сўзларига бошларини сарак – сарак қилиб, кўзларидаги ёшларини гоҳ рўмолчада, гоҳ қўлида артиб ўтиришарди.

   -Сизлар яқин йиллар ичида бундай мусибатлардан иккитасини кўрдинглар.Бири укамнинг вафоти бўлса, мана бугун чақалоғимизнинг фироғи ҳам унга шерик бўлди. Бизнинг ишимиз Яъқуб пайғамбар айтгандек “чиройли сабр” қилишдир! Нобоп куёв ҳақига тўхталсак, эшитишимга қараганда у баъзи – бир харом ишлар устида юрар экан. Тўрт – беш киши гувоҳлигида уни беркитиқча қимор ўйнашини билиб, қалбим жуда тирналди. Шунча нарса қаерга ғойиб бўлади десам, бу бадбахт биз билмаган яна қайси кўчаларга сарф этар экан–а! Бундай кўчаларда тентираб юрадиган исқирт билан сени яшатиб қўймайман энди, қизим! Ҳатто ўзинингг биттагина боласини вафот этганини билмаса, қорасини кўрсатмаса! Қандай ота, қандай эр бўлди бу номард?! – дея чуқур хўрсиниб, ерга кўзини қадади.

   Оила аъзолари орасида эса жимлик чуқур томир отган эди.Бу жимликни ташқаридаги Халиманинг йиғиси бузди. Халима Ханифанинг опаси бўлиб, жияни вафотини эшитиб, бошқа шаҳардан, даволанаётган жойидан етиб келган эди. Опа – сингил,  она – қиз унсиз бир –бирларини қучиб йиғладилар. Солих ака жияни Халимага “яхши етиб келдингми?” – дея, Хабиб билан ўринларидан қўзғалиб, Халиманинг эрини қарши олиш учун дарвоза сари юришди...

   Халиманинг эри мусибат аҳлига таъзия изҳор этгач, дафнда бўлолмаганига узр айтди. Божаси Ҳошимни кеча тунда ўзга мамлакатга улфатлари билан жўнаб кетганини хабарини айтгач:

   -Яна бир сўзни телефон орқали айтувди, тил бормаяпти у сўзни айтгани ! – деди.

   -Болам айтган сўзи агар омонат бўлмаса айтинг, нима гап экан?! – деди Солих ака.

  -Ханифага талоқ айтди. Бир ҳафта ичи уйни бўшатиб қўйсин, уйимни сотаман,  деди. Ўғлимга кейин ишлаб,  топиб уй қиларман, девди. Бечора ўғли эса мана бугун охиратга кетди! – дея бошини  қуйи солганича Халиманинг эри.

Ханифа опаси Халимадан эрининг кетганлиги ҳақидаги гапларни эшитиб, аламдан бадтар асабийлашди ва йиғлаб, бошқа хонага чиқиб кетди. Унинг ортидан опаси эргашди. Шунда Солих ака келини ва жияни Хабибга:

   -Бўлар иш бўлди. Талоғини берган бўлса майли! Уйини бўшатса, жияним бўшатиб қўяверади. Энди гап бундай; Ханифа бизникида туради. Уни кўрмоқчи бўлган, ҳол – аҳвол сўрамоқчи бўлганлар бизникига боради...

   Мана шу воқеа Ханифанинг аввалги турмуши содир бўлган уйдаги хотималанувчи куни эди. Маълум бўлишича эри Ҳошим уйи устидан пул олиб, уйини аллақачон гаровга қўйган экан.

    Ханифа амакисиникига келгач, дафндан сўнг шошиб уйига қайтган келинойиси Собира ая билан қайта кўришди. Собира ая эри Солих акадек диндор, билимдон бўлиб, аёллар орасида уй тутиш, аҳли фозилалик бобида анча обрў топган аёл ҳисобланади. Кўп оила вакилалари бу аёл насиҳатларига гўё асалари гулларга ошиққандек ошиқадилар. Собира ая қиз–келинларга қуруқ сўз айтиш билангина кифояланадиган билимдонлар сирасидан эмас, балки турмуш ўртоғига итоат этиш, уни қадр этиш, ҳурматлаш ишларида ҳам амалий ибрат бўлиб, тақволи аёллардан бўлишга тиришгани, тиришган. Аёлларга, қиз ва келинларга эрга итоат ҳақида насиҳат қиларкан, кўпроқ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг невараси (қизининг қизи) бўлган солиха, олиманинг сўзларини намуна қилиб айтарди:

   -Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга куёв бўлган – Саъид ибн Мусаййабнинг олима, тақводор қизи; “Сизлар подшоҳларингизга кўрсатаётган иззат-икромларингиздан кўра, эрларимизга кўрсатажак оқибат ва эҳтиромимиз юксакроқдир”, дер эканлар. Чунки, Яратган Роббимиз бизни жуфтларимизга қилинажак итоатларимиз сабабли имтиҳон қилади. Эрларига нонкўр аёллар жаҳаннам аҳлларидирки, аёлларнинг аксари айнан мана шу – нонкўрликлари ортидан дўзах аҳли бўлиши суюкли пайғамбаримиз хадиси шарифларида ўз ифодасини топган.  

   Мана шундай тарбияловлар ортидан Собира ая ўзи бошқаларга дарс ва мактаб эдилар. Доим эрининг эзгуликка хос ишларига ҳамдард бўлишга, Хадича онамиз пайғамбар алайҳис-саломга бор имконияти билан хизматчи  бўлганидек  жонфидо жуфт бўлишга интилар эди. Эрининг жияни Ханифани “бизникида истиқомат қилади”, деган сўзларига “нима учун”, “қачонгача” деб савол бермади ҳам.

   Эрининг сўзига қарши чиқиш нари турсин, уни ўзи изн бермагунча муҳокама қилишга ҳам одатланган эмас. Эрининг тайинлаган ишига бефарқ қарашни жини суймайди. Жаннатдек улуғ маскан, Яратган Аллоҳнинг ризоси ўша камсуқим ва камтар эрининг розилиги ортида эканлигига ишончи комил.

   Ханифа келмасиданоқ шинам хоналардан бирини у учун келишидан олдин ҳозирлаб қўйган эди. Унинг меҳнаткашлигидан, чаққонлигидан бу аёл олтмишга яқинлашиб қолди деса, ишониш мушкул эди. Икки қиз, бир ўғил тарбиялаб вояга етказган, муштипар она эди – у аёл. Қизлари куёвга узатилган, ўғли эса уйланиб, узоқ ўлкадаги  жомеъалардан бирининг  таҳсилини магистирликда давом эттирмоқда. Ўғли уйланган кезларида ўқишини тамомлаган бўлсада, отаси Солих ака “яна ўқисин”, дея тахсилга келини икковини жўнатди. Она қатори Собира ая ўғлини кўзи олдида юришини келини қўлидан чойлар ичиб, ширин – шакар таомлар ейишни орзу этган бўлса ажабмас. Аммо, хонадон етакчисининг гапини, доноликка йўғрилган ечимини инкор қилиб бўлмайди. “Бухорийнинг онажониси ёлғиз боши билан, эрсиз ҳолда Бухорийни ўқитган, етук олим қилишга фидойи  аёл бўлган. Менинг бошимда хўжайиним борку”,  деган ўй – хаёл янада Собира опага далда бўлган эди.

   Қизлари эса икки – уч ҳафтада бир келиб хабар оладилар. Тарбия этган қизлари куёвлари билан ниҳоятда иноқ – иттифоқлар. Куёвлари ҳам тарбияли хонадон фарзандлари. Келганларида доим илм сохиблари бўлган қайнота – қайноналарини қадрлаб, иззат – икром кўрсатишади. “Онамиз қачон изн берсалар борарсизлар.  Уларга хизмат қилиш ва дуоларига интилиш  - биз фарзандларига шараф!” – деб, оғизларидан бол томади.

    Ханифага бу оила мухитининг тутган интизоми жуда таъсирлилиги аввалдан маълум. Аммо ёшлик қилгани  шайтонга қўл келганми, улардек исломий таълимга эга бўлиш учун қалби унча унамас эди.

   Дадаси ўлимидан олдин амакиси Солих акага қарши онаси қилган туҳмати ака – ука хонадонларига низо тушишига сабаб бўлган эди. Ўшанда ҳам Солих ака ёши Ханифанинг дадасидан улуғ бўлишига қарамай, ўзига қилинган туҳматга парво қилмай, укаси ва келинининг адоватига ҳам қарамай ўртасидаги алоқани, силайи – рахмни тиклаш учун қатнаган эди. Шу вақтлар асносида қариндошлик ришталарининг бебаҳо қадрият эканлигидан унчалик хабари йўқ  Ханифалар хонадони уларга қарши ёмон сўз ва ёмон гумонларга борган ва “гўрларига ғишт қалаган” эдилар.

   Аллоҳнинг инояти билан Солих аканинг  силайи-рахм эътибори билан қилган ҳаракатлари наф бериб, укасининг оиласи ўзлари қилган ишларидан уят ва изза бўлишди. Укаси Солих ака ҳузурига келиб акажонисидан минг пушаймон бўлиб, кечирим сўради. Аммо акаси унинг елкасига оҳиста шапатилаб, “Мендан кечирим сўрама, ука акасининг олдида бу қадар мулзам бўлмаслиги керак. Инсон боласи хатодан ҳоли эмас, укажоним!  Барчамиз фақат Аллоҳгагина муҳтожмиз. Сизлар Аллоҳга ибодат қилсангизлар – мана шу мени хурсанд қилади” – деган эди. Ўша кундан бошлаб қариндошлик алоқалари тикланди, ҳатто олдингидан юқорироқ самимийликка кўтарилди. Бироқ Ханифа уларга қариндош дебгина қарар, уларнинг турмушидан андоза олишга ошиқмасди.

   Фақат турмушга чиққач, оғир – енгил кунлар гувоҳи бўлгач, амакиси Солих ака ўгитларига қулоқ тутадиган, рўмол ўрайдиган , намоз ўқийдиган бўлди. Собира ая билан эса салом – аликдан нарига ўтмас, гаплашишни унча хушламас эди. Собира ая ҳам унга бир – икки оғиз сўз сўзлаб кифояланардилар, Ханифага хос гап айтиш ўрни келса амакиси орқали айтишга ўрганган эди.

- - -